Аллоҳ чин тавба қилувчи бандаларини яхши кўради: “Албатта, Аллоҳ (шунгача билмай йўл қўйган хатоларидан) чин тавба қилувчиларни ва обдон покланиб юрувчиларни севади” (Бақара сураси, 222-оят).
Чин тавба қандай бўлади?
Чин тавба дилдан пушаймон бўлиш, тил билан мағфират сўраш, гуноҳдан воз кечиш ва унга бошқа қайтмасликка аҳд қилиш билан бўлади.
Аллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашувчи бандаларини яхши кўради: Айтинг (эй Муҳаммад!): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир” (Оли Имрон сураси, 31-оят).
Набий алайҳиссаломга эргашиш нима дегани?
Набий алайҳиссаломга эргашиш у зот келтирган шариат кўрсатмаларига итоат этиш деганидир.
Аллоҳ тақво қилувчи бандаларини яхши кўради: “Аслида эса, ким (Аллоҳ) аҳдига вафо қилса ва тақволи бўлса, албатта, Аллоҳ (бу каби) тақводорларни севади” (Оли Имрон сураси, 31-оят).
Тақво нима?
Тақво – тиканзорда яланг оёқ ўзингизни тикандан сақлаб юрганингиздек гуноҳ ва маъсиятлардан ҳам эҳтиёт, узоқ бўлишингиздир.
Аллоҳ яхшилик қилувчи бандаларини яхши кўради: “Албатта, Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севади” (Моида сураси, 13-оят).
Эзгулик нима?
Эзгулик бу яхшиликдир. Ҳар бир савобли иш – яхшилик.
Аллоҳ адолатли бандаларини яхши кўради: “Агар ҳукм қилсангиз, ўрталарида адолат билан ҳукм қилинг! Албатта, Аллоҳ одилларни севади” (Моида сураси, 42-оят).
Аллоҳ ҳар бир ишни гўзал бажарувчи бандаларини яхши кўради: “(Барча ишларни) чиройли қилингиз. Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради” (Оли Имрон сураси, 195-оят).
Аллоҳ сабрли бандаларини яхши кўради: “Аллоҳ (эса) сабрлиларни севар” (Оли Имрон сураси, 146-оят).
Сабр нима?
- Тоат-ибодатларни адо этишда сабр.
- Гуноҳлардан тийилишда сабр.
- Мусибатга сабр.
Аллоҳ таваккул қилувчи бандаларини яхши кўради: “(Бирор ишга) азму қарор қилсангиз, Аллоҳга таваккул қилинг, зеро, Аллоҳ таваккул қилувчиларни севар” (Оли Имрон сураси, 159-оят).
Даврон НУРМУҲАММАД
Маккада Қуръони каримни ёд олиш, ўқиш ва шарҳлаш бўйича 46-халқаро танлов бошланди.
ИҚНА "Saudi Gazette" нашрига таяниб хабар беришича, пайшанба куни Маккада Қуръони каримни ёд олиш, ўқиш ва шарҳлаш бўйича қирол Абдулазиз номидаги 46-халқаро танлов бошланди.
Олтинчи рабиулаввалга (19 августга тўғри келади) қадар давом этадиган мусобақада 133 мамлакатдан жами 334 нафар эркак ва аёллар иштирок этмоқда, бу ушбу мусобақа тарихидаги энг катта вакилликдир.
Мусобақанинг мақсади "мусулмон ёшларни Қуръони Каримни ёд олиш, англаш ва мушоҳада қилишга ундаш, шунингдек, ҳалол рақобатни яратишдан иборат."
Танлов бешта тоифани ўз ичига олади ва умумий совринлар миқдори 10 260 000 Саудия риалини ташкил этади - бу танлов таъсис этилганидан бери энг юқори соврин жамғармаси.
Аввалроқ ушбу мусобақада Ўзбекистон шарафини қуйидагилар ҳимоя қилиши хабар қилинганди:
Муҳаммадаброр қори Юнусхонов («Мир Араб» ўрта махсус ислом билим юрти талабаси) — (Тўлиқ Қуръон ҳифзи);
Муҳаммадамин қори Олимжонов («Саййид Муҳйиддин махдум» ўрта махсус ислом билим юрти талабаси) — (15 пора ҳифзи);
Зилолахон Фарҳодова (Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти талабаси) — (Тўлиқ Қуръон ҳифзи);
Мухтасархон Муҳаммаджонова («Хадичаи Кубро» аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти талабаси) — (15 пора ҳифзи).
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати