Аллоҳ таоло қушларга ризқини беради. Лекин қушлар ўша ризқига етиш учун учиши керак.
Голланд мақоли
*****
Ким қўшнисининг уйини бузишга уринса, ўзининг уйи бузилади.
Швейцария мақоли
*****
Агар киши оч бўлса, нонни арпа нони, жавдар нони, буғдой нони деб фарқлаб ўтирмай, еяверади.
*****
Агар табассум қила олмасанг, дўкон очма.
Хитой мақоли
*****
Яхшиликни билмайдиган одамга яхшилик қилишнинг мисоли атиргул суви (гулоб)ни денгизга улоқтиришдир.
Польяк мақоли
*****
Агар бир халқнинг даражасини, савиясини билмоқчи бўлсанг, уларнинг аёлларига назар сол.
Француз мақоли
*****
Қаноатинг – ярим бахтингдир.
Италян мақоли
*****
Танангни жавоҳирлар билан безаганингдан кўра ақлнингни илм билан қуроллантирганинг яхшидир.
Хитой мақоли
*****
Ўзи билан ғурурланиш, ўзидан қойил қолиш жоҳилликнинг боласидир.
Испан мақоли
*****
Совғалар билан озиқланиб турадиган муҳаббат ҳар доим оч қолаверади.
Инглиз мақоли
*****
Муҳаббатингни аёлингга, сирларингни онангга бер.
Ирланд мақоли
*****
Ўғлинг беш ёшга тўлгунича унга амирга қилгандек муомала қил. Кейин ўн йил давомида унга қулга қилгандек муомала қил. Ундан кейин у билан дўстона мулоқотда бўл.
Ҳинд мақоли
*****
Оила аъзоларим менга гапиришни ўргатди. Одамлар эса жим туришни ўргатди.
Чехословак мақоли
*****
Ғазаб – ақл чироғини ўчириб қўядиган кучли шамолдир.
Америка мақоли
*****
Кишиларга ҳадя берадиганлар берган нарсаларини гапирмасликлари керак. Уни олганлар эса, гапириб, эслашлари керак.
Португал мақоли
*****
Катта дарахт мева беришидан кўра кўпроқ соя беради.
Италян мақоли
*****
Эй инсон, ўлимни унутма, чунки у сени унутмайди
Турк мақоли
*****
Ўч олиш лаззати қисқа вақт давом этса, кечириш лаззати умр бўйи давом этади.
Испан мақоли
*****
Муҳаббат ва атир яширина олмайди.
Хитой мақоли
*****
Кимнинг сумкасида пуллари бўлмаса, тилида ипаги бўлсин. Яъни тили ширин бўлсин.
Малайзия мақоли
*****
Ким чиройли аёлга уйланса, иккитадан кўпроқ кўзга муҳтож бўлади.
Инглиз мақоли
*****
Ким ўзи учун қўй бўлишга рози бўлса, уни бўрилар еб қўяди.
Француз мақоли
*****
Фейсбукдаги “Ҳаётнинг нариги юзи” саҳифасидан
Нозимжон Иминжонов таржимаси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Намоз ўқиётган одам саждада иккинчи саждани қилдимми ёки қилмадимми деб шубҳаланиб қолса, қандай йўл тутади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Намоз ўқиётган одам иккинчи саждани қилдимми, йўқми деган шакка борса, қилган қилмаганини аниқлашга ҳаракат қилади. Агар гумони бир томонга кўпроқ бўлса, шунга асосан йўл тутади. Агар аниқ бир тўхтамга кела олмай, иккиланиб қолса, бажармаган деб ҳисобланади ва намознинг қаерига келган бўлса, ўша ерда битта саждани қилиб қўяди ва намоз охирида саждаи саҳв қилади. Бу намоз ичида шак қилишга тегишли. Агар намоздан кейин шундай шакка тушиб, қилган-қилмаганини аниқ билмаса, унга аҳамият бермайди ва намозини қайта ўқимайди. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази