Бу хонадонда кўп марта меҳмон бўлганман. Соҳибаси Розия момо оқила, ҳожатмандларнинг ҳақини адо этадиган аёл эди. У боғлару полизлардан олинган ҳосилни кўпчилик билан баҳам кўрарди. Меваю сабзавотнинг энг сарасини биринчи бўлиб фарзанди кўпларга тарқатиларди.
Момо тарвуз, қовун, қовоқларнинг яхшиларини ҳассаси билан кўрсатиб, қўшнининг ҳаққи эканлигини таъкидларди. Олинган ҳосилларнинг баракаси кейинги йил ҳосил бўлгунча етарди. Розия момо “Ўзингга нимани раво кўрсанг, бошқаларга ҳам шуни раво кўргин” деган сўзларни кўп такрорларди.
Орада бир муддат боролмай қолдим, шунда Розия момонинг вафот этганларини эшитдим. Йиллар ўтиб, яна шу хонадонга йўлим тушганида кўнглим оғриб қайтдим. Розия момо ҳаётлик пайтида гуркираб турган мевали дарахтларга касаллик тегиб, боғдан файз кетган эди. Бунинг асл моҳиятини кейинроқ тушундим.
Момонинг икки ўғиллари бўлиб, момо катта ўғиллари билан бирга яшарди. Қайнонасининг вафотидан кейин катта келин: “Нега энди меҳнатни биз қилиб, роҳатини бошқалар кўриши керак. Ўзимиз ҳам катта рўзғор, ортганини сотамиз”, деб, қўни-қўшниларга яроқсиз, қурт тушган меваларни чиқарадиган бўлибди. Кейинчалик қўшничилик ҳаққини қилишни ҳам унутибди. Кўп ўтмай боғ ўз тароватини йўқота бошлабди, мевалар майдалашиб, кўпига касаллик тушиб, дарахтлар қуриб кетибди. Полиз экинлари эса парвариш етарли бўлишига қарамасдан, қурт тушиб, ичидан ириб кета бошлабди.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:
Эй, имон келтирганлар! Ўз қўл меҳнатингиз ва Биз сизлар учун ердан чиқарган нарсаларнинг яхшиларидан эҳсон қилингиз! Ўзингиз фақат кўзингизни чирт юмибгина оладиган даражадаги ёмон нарсаларни (эҳсон қилишга) танламангиз! Шунингдек, билингизки, албатта, Аллоҳ ғаний ва мақтовга лойиқ зотдир (Бақара, 167-оят).
Аллоҳ таоло ҳар бир инсонга мол-дунё беради ва уни қандай йўлларга сарф-харажат қилишини синаб кўради. Қўлидаги молу давлатини Аллоҳ таоло берганлигини иқрор қилиб, ундан мискин ва фақирларга ҳам насиба ажратган кишиларнинг молига барака беради ва уни янада зиёда қилади. Аксинча, давлатманд бўлатуриб, закот ва садақа бермаслик, фақир ва мискинларнинг ҳаққини ажратмаслик эса, шариатимизда бахиллик деб аталади ва у қаттиқ қораланади.
Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир (Оли Имрон, 92-оят).
Мўмин бахил бўлмайди. Инфоқ-эҳсон қилмай, бахиллик билан тўпланган мол-дунё охиратда шармандаликка сабаб бўлиши ҳақида Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради:
“Аллоҳнинг фазли билан берган нарсаси (бойлиги)дан бахиллик қилувчилар буни ўзларига яхши деб ҳисобламасинлар! Асло! Бу улар учун ёмондир. Қиёмат куни бахиллик қилган нарсалари (ўз бўйинларига) бўйинтуруқ қилиб илиб қўйилади...” (Оли Имрон сураси, 180-оят).
Бахиллик инсонлар орасида ҳасад ва бир-бирини кўра олмаслик каби иллатларнинг юзага келишига сабаб бўлади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида: “Бахилликдан сақланинглар, чунки у сиздан олдин ўтганларнинг ҳалокатга йўлиқишига сабаб бўлган. Бахиллик уларни бир-бирларининг қонини тўкишга, ҳаром нарсаларни ҳалол дейишга олиб борган”, - деб марҳамат қилганлар (Имом Муслим ривояти).
Менга қадрдон Розия момонинг ўгитларини, тутумларини олмаган, хонадоннинг файзини кеткизган келиннинг қилмишлари бахилликнинг бу дунёдаёқ ёмон оқибатларга олиб келишини англатарди...
Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси
Мунира АБУБАКИРОВА
Ҳаёт йўлларида юрар эканмиз, турли характердаги инсонларга дуч келамиз. Айниқса, катта йўллар, тиғиз ҳаракат ва машина рули ортидаги муҳит ҳайдовчидан нафақат чаққонликни, балки мустаҳкам асаб ва юксак сабр-тоқатни ҳам талаб қилади.
Йўлдаги синов ва биргина ҳадис
Олтмиш ёшларга бориб қолган, бироз жаҳлдор бўлса-да, дилкаш, кўнгли аскияга мойил қадрдон танишларимдан бири ҳайдовчилик касби ортидан умр ўтказиб келмоқда. Кўпчиликнинг оғирини енгил қилиб келаётган бу инсоннинг исми Собир. Аммо исмига монанд сабри сал камроқ.
Кунларнинг бирида унинг машинасида кетарканман, кутилмаганда йўлдаги бошқа ҳайдовчининг бепарволиги сабаб Собир ака сўкиниб юборди. Ғазаби бироз босилгач, унга Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ғазабнинг ёмон оқибатлари ҳақидаги муборак ҳадисларидан бирини секингина эслатиб ўтдим. Ўша пайтда у киши ҳеч қандай муносабат билдирмади: эҳтимол, ҳали жаҳлдан тўлиқ тушмагандир. Манзилга етиб, одатдагидай самимий хайрлашдик.
Орадан вақт ўтиб кўришганимизда Собир ака ўтган воқеани илиқлик билан эслади. Ҳайдовчига айтган сўзларидан кейин қаттиқ эзилганини, мен эслатган ҳадис унинг учун катта ибрат бўлганини яширмади. Ҳозир ҳам ғазаби тошганда ўша суҳбат эсига тушиб, ўзини дарҳол қўлга олишини айтади. Ўзидан анча ёши кичик инсонни омма олдида “устоз” деб иззатлаши, айтилган биргина насиҳатдан етарли хулоса чиқара олгани унинг нақадар соф ва олийжаноб қалб эгаси эканини кўрсатади.
Ҳиссиёт жиловидаги ҳақиқатлар
“Ғазаб умри калта ақлсизликдир”. Буюк алломалар бежиз бундай демаганлар. Ҳаётимизда тилга ва қўлга эрк бермаслик, ҳиссиётларни жиловлай олмаслик оқибатида қанчадан-қанча оилалар бузилиб кетгани, яқин қариндош-уруғлар ва қадрдон дўстларнинг ораси узилиб қолгани аччиқ ҳақиқатдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: "Ё Расулуллоҳ, менга бир насиҳат қилинг”, деган саҳобаларга У зот қисқа ва лўнда қилиб: “Ғазабланма”, деб жавоб берганлар.
Бу бежиз эмас, чунки ғазаб инсоннинг ақл-идрокини ўғирлайди, обрўсига путур етказади ва кейинчалик тузатиб бўлмас хатоларга етаклайди.
Ҳар қандай вазиятда ҳам инсонлигимизни, ақл ва тафаккур соҳиби эканлигимизни унутмаслигимиз лозим. Қачонки, жаҳлимиз чиқса, ақлимиз қочмаслиги керак. Сўнгги пушаймондан кўра, лаҳзалик жаҳлни ичга ютиб, сокинликни сақлаш ҳар доим яхшироқ натижа беради. Унутманг, тинчлик ва хотиржамлик – энг буюк бойликдир.
Муаллиф: Анвар Эрмаматов, "Зарафшон" нашри.