Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Август, 2026   |   13 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:18
Қуёш
05:43
Пешин
12:25
Аср
17:09
Шом
19:10
Хуфтон
20:30
Bismillah
26 Август, 2026, 13 Рабиъул аввал, 1448

01.03.2019 й. Бидъат ва хурофотларга берилмайлик

22.02.2019   9610   16 min.
01.03.2019 й. Бидъат ва хурофотларга берилмайлик

     بسم الله الرحمن الرحيم

 

اَلْحَمْدُ للهِ الَّذِي أَكْمَلَ لَنَا الدِّينَ وَأَتَمَّ عَلَيْنَا النِّعْمَةَ، وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى مُحَمَّدٍ الَّذِي حَذَّرَ أُمَّتَهُ مِنَ الْبِدْعَةِ وَالضَلاَلَةِ، وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ وَمَنْ تَبِعَهُمْ بِإِحْسَانٍ إِلَى يَوْمِ القِيَامَةِ، اَمَّا بَعْدُ

БИДЪАТ ВА ХУРОФОТЛАРГА БЕРИЛМАЙЛИК

Муҳтарам жамоат! Ислом умматига берилган энг катта неъматлардан бири – Аллоҳ таоло уларга динни комил, аҳкомларини тўкис қилиб берганидир.

الْيَوْمَ أَكْمَلْتُ لَكُمْ دِينَكُمْ وَأَتْمَمْتُ عَلَيْكُمْ نِعْمَتِي وَرَضِيْتُ لَكُمُ الْإِسْلاَمَ دِيْنًا

яъни: “Ана, энди бугун, динингизни камолига етказдим, неъматимни тамомила бердим ва сизлар учун Исломни дин бўлишига рози бўлдим” (Моида сураси, 3-оят).

Бизга Аллоҳ таолонинг китоби, пайғамбаримизнинг суннатлари батафсил ҳолда етиб келди. Мана шундай мукаммал динимизга бирор кишининг ўзича янгилик киритиши катта разолатдир. Динда йўқ нарсани “бу иш диндан”, “савоб бўлади”, “қилмаса бўлмайди” деб, унга қўшиш ёки бир нарсани олиб ташлаш  бидъат амал ҳисобланади.

“Бидъат” сўзи луғатда “ўхшаши бўлмаган янги нарсани пайдо қилиш, диний ақийдаларга киритилган ўринсиз ислоҳ” деган маънони билдиради. Истилоҳда эса:

اَلْبِدْعَةُ فِعْلُ مَا لَمْ يُعْهَدْ فِي عَصْرِ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ

“Бидъат – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлмаган нарсани амалга оширишдир”.

Демак, ибодатларда бўлсин, одатларда бўлсин, асри саодатда учрамаган, балки, кейинчалик динда янги пайдо бўлган амаллар бидъат ҳисобланар экан. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

"عَليْكُمْ بِسُنَّتِي وَسُنَّةِ الخُلَفَاءِ الرَّاشِدِيْنَ المَهْدِيِّينَ، عَضُّوا عَلَيْها بالنَّوَاجِذِ، وَإيَّاكُمْ وَمُحْدَثاتِ الأُمُورِ، فإنَّ كُلَّ بِدْعَةٍ ضَلالَةٌ"

(رَوَاهُ الإمام أَبُو دَاوُدَ وَالإمام التِّرْمِذِيُّ)

яъни: “Сизлар менинг ва тўғри йўлда юрувчи, ҳидоят топган хулафоларимнинг йўлини тутиб, уни озиқ тишларингиз билан тишлагандек, маҳкам ушланглар. Динга янгиликлар киритишдан сақланинглар, албатта, ҳар қандай бидъат залолатдир” (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари).

Динга янгилик киритиш, гўёки, Аллоҳ ва унинг Расули билмаган нарсани “мен топдим” деган даъво қилишдир. Ваҳоланки, Ислом Аллоҳ томонидан юборилган мукаммал ва баркамол диндир. Биз мусулмонларнинг вазифамиз –  динимизнинг моҳиятини тўғри англаб етиб, ҳаётимизга татбиқ қилиш ва турли бидъат-хурофотларни пайдо қилмасликдир.

Уламоларимиз бидъатни икки қисмга бўлганлар: бидъати ҳасана (яхши бидъат) ва бидъати саййиа (ёмон бидъат).

Бидъати ҳасана – шариатда асли бўлган амални шу аслга таяниб, уни шакллантириш учун жорий қилинган қўшимча амалларга айтилади. Бунга ҳазрати Умар разияллоҳу анҳунинг ишларини мисол қилиш мумкин. Суннат амал бўлган таровеҳ намозини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам жамоат билан ўқимас эдилар. Ҳазрати Умар эса халифалик даврларида мазкур намозни имомга иқтидо қилиб, жамоат билан ўқишни жорий қилдилар ва: “Қандай яхши бидъат бўлди”, – дедилар.

Шунга биноан диний илмлар ўргатиш учун алоҳида мадрасалар қуриш, китоблар чоп этиш, масжидларга гилам солиш, Расулуллоҳ саллоҳу алайҳи васалламни гўзал сийратларини тарғиб қилиш учун мавлид ўқиш сингари дин асосларига зид бўлмаган амаллар бидъати ҳасана бўлади. Унга амал қилиш жоиз ва у залолатга бошламайди.

Бидъати саййиа эса – шаръий асосга эга бўлмаган бирор амал ёки эътиқодни жорий этишдир. Бундай бидъат айни залолат бўлиб, уни шариатимизда рад этилгандир. Қуйидаги ҳадиси шариф ҳам шунга далолат қилади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

"مَنْ أَحْدَثَ فِي أَمْرِنَا هَذَا مَا لَيْسَ مِنْهُ فَهُوَ رَدٌّ"

(رَوَاهُ الإمام البُخَارِيُّ وَالإمام مُسْلِمٌ)

яъни:  “Ким бизнинг динимизда унда бўлмаган янги нарсани киритса, рад қилинади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳ бундай дейдилар: “Бу – динни сохталаштириб, бузишдан асровчи ҳадислар жумласидан бўлиб, муҳим қоидани ўз ичига олган. Яъни, динга зид ва диннинг далиллари, қоидаларига хилоф бўлган ҳар қандай бидъатни рад қилиш лозим эканлигини ифодалайди. Аммо динга зид бўлмаган, шу билан бирга, унинг асосларига таянган ҳолда кейинчалик динни ҳимоялаш учун жорий қилинган амаллар рад этилмайди”. Бу ҳақда ҳадиси ширифда шундай дейилган:

"مَنْ سَنَّ في الإسْلامِ سُنَّةً حَسَنَةً فَلَهُ أجْرُهَا، وَأجْرُ مَنْ عَمِلَ بِهَا بَعْدَهُ مِنْ غَيرِ أنْ يَنْقُصَ مِنْ أُجُورهمْ شَيءٌ، وَمَنْ سَنَّ في الإسْلامِ سُنَّةً سَيِّئَةً كَانَ عَلَيهِ وِزْرُهَا، وَوِزْرُ مَنْ عَمِلَ بِهَا مِنْ بَعْدِهِ، مِنْ غَيرِ أنْ يَنْقُصَ مِنْ أوْزَارِهمْ شَيءٌ"

(رَوَاهُ الإمام مُسْلِمٌ والإمام التِّرْمِذِىُّ وَالإمام النَّسَائِىُّ وَالإمام ابْنُ مَاجَه)

яъни: “Ким Исломда гўзал одат пайдо қилса ва ундан кейин ўша одатга амал қилинса, унга ўша амалнинг ажри ва унга амал қилганларнинг ажри бўлур. Бунда уларнинг ажридан бирор нарса ноқис қилинмас. Ким Исломда бир ёмон одат пайдо қилса ва ундан кейин ўша одатга амал қилинса, унга ўша одатнинг гуноҳи ва кейинчалик унга амал қилганларнинг гуноҳи бўлур. Бунда уларнинг гуноҳларидан бирор нарса ноқис қилинмас (Имом Муслим, Имом Термизий, Имом Насоий ва Имом Ибн Можалар ривоятлари).

Уламоларимиз бидъати ҳасана ва бидъати саййиа ўртасини ажратиб олиш учун асосий мезон бу – шариатимизнинг умумий қоидаларидир, деганлар. Яъни, Пайғамбар алайҳиссалом даврларида кузатилмаган бирор бир амал ушбу шариат қоидаларига мувофиқ келса, залолатга бошловчи бидъат саналмайди. Аксинча, мақталган, яхши бидъат саналади.

Шариатимизга зид бўлган ёхуд унга асосланмаган ҳар қандай амал ёки эътиқод эса залолатга бошловчи бидъат саналади. Ҳар бир мусулмон айнан ушбу бидъатдан сақланиши лозим бўлади. Ҳадиси шарифларда, саҳоба ва тобеин разияллоҳу анҳумлардан нақл қилинган ривоятларда қораланган ва мусулмонларни ундан қайтарилган одатлар айнан мана шу бидъати саййиа экани муҳаққиқ уламолар томонидан таъкидланган. Жумладан, ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

"أَنَا فَرَطُكُمْ عَلَى الْحَوْضِ، وَلَيُرْفَعَنَّ رِجَالٌ مِنْكُمْ، ثُمَّ لَيُخْتَلَجُنَّ دُونِي، فَأَقُولُ: يَا رَبِّ أَصْحَابى فَيُقَالُ: إِنَّكَ لاَ تَدْرِي مَا أَحْدَثُوا بَعْدَكَ"

( رَوَاهُ الإمام البُخَارِيُّ والإمام مُسْلِمٌ)

 яъни: “Мен (Қиёмат куни) хавзи кавсарга сизлардан биринчи бориб, сизларни кутиб тураман. Ҳузуримда (умматимдан бўлган) кишилар тортиб олинадилар. Мен: “Эй Раббим, булар менинг асҳобларим-ку”, десам, “Сиздан кейин нималар пайдо қилишганини билмайсиз”,дейилади (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Муҳтарам жамоат! Вакт ўтиб, инсонлар дин қонун-қоидаларидан узоқлашган сайин илм сусайиб, жаҳолат ва нодонлик юзага келиши оқибатида турли бидъат-хурофотлар юзага келади. Масалан, ҳозир баъзи жойларда ўтганлар руҳини ёд этиш мақсадида шам-чироқ ёқиш, динда асли йўқ турли маърака-тадбирларни жорий қилиш. Айниқса аёллар ўртасида “Мушкул кушод”, “Биби сешанба” каби тадбирларни ўтказиш ҳам айнан мана шундай бидъатлардан саналади. ушбу хурофотларни динимиздан деб билиниши ва амал қилиниши олди олинмас экан, кун сайин авж олиб бораверади. Машҳур саҳоба Абдуллох ибн Амр ибн Ос разияллоху анху: “Бидъат пайдо бўлса, кун сайин ривожланиб боради. Суннат амалдан чиқарилса, кун сайин узоқлаша бошлайди” – деганлар.

Суфён Саврий рахимаҳуллох: “Бидъат шайтонга гуноҳдан ҳам севиклирокдир. Чунки гуноҳдан тавба қилинади, бидъатчи гуноҳ қилаётганини билмай, унга тавба қилмайди”, – деганлар.

Халқ орасида “иккала ҳайит орасида никоҳланиш жоиз эмас”, “сафар ойида сафар қилиб бўлмайди”, “рўза ойида тухум еб бўлмайди”, “ўлик чиққан хонадонда сумалак, ҳалим пиширилмайди”, “ифторликка ҳамирсиз овқат тайёрлаш лозим”, “мавлид ўқилса, хонадон соҳиблари қатнашмайди”, “балиқ еса, жиғилдони тозаланиб, луқмаси ҳалол бўлади” қабилидаги эътиқодлар ҳам айни қораланган бидъатлар турига мансубдир. Бу каби ирим-сиримларга ишониш, унга “ихлос” билан амал қилиш Аллоҳ таолога яқинлаштирмайди, балки унинг ғазабига олиб боради. Аллоҳ бундан барчамизни асрасин! Шунинг учун ҳам обид зотлардан бири бўлмиш Абу Айюб Сихтиёний рахимахуллох: “Бидъатчи ўз бидъатида канча тиришса, Аллохдан шунча узок бўлади” – деганлар.

Демак, ҳаётимиз давомида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ўрганиб, кундалик ҳаётимизга татбиқ қилишимиз, турли шаръий асосга эга бўлмаган одат ва хурофотлардан сақланишимиз лозим бўлади. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ: “Суннат – Нуҳ алайҳиссаломнинг кемаси кабидир. Унга минган киши нажот топади. Ундан қолиб кетган киши ғарқ бўлади”, – деганлар.

Муҳтарам жамоат! Мавъизамиз давомида жаноза намози ва унга оид баъзи масалалар ҳақида суҳбатлашамиз.

Жаноза намози фарзи кифоя бўлиб, ундан хабардор бўлган кишилардан бир қисми адо этиши билан бошқалардан бу фарз соқит бўлади. Агар ҳеч ким ўқимаса, ҳаммалари гуноҳкор бўладилар. Жаноза намозида иккита фарз бўлиб, бири – тўрт марта такбир айтиш, иккинчиси эса – тик туриб ўқиш. Вожиби – салом беришдир. Сано, салавотлар ва дуо ўқиш эса – суннатдир.

Жаноза намози қуйидагича ўқилади:

Имом маййитнинг кўкраги тўғрисида туриб, бош бармоғини қулоғи юмшоғига теккизиб “Аллоҳу акбар” дейди. Иқтидо қилганлар ҳам шундай қиладилар. Сўнг сано ўқилади:

سُبْحَانَكَ اللَّهُمَّ وَبِحَمْدِكَ وَتَبَارَكَ اسْمُكَ وَتَعَالَى جَدُّكَ وَلَا إِلَهَ غَيْرُكَ

яъни:  “Эй Аллоҳ, Сени пок деб, ҳамд айтиб ёд қиламан, исминг – муборак, мартабанг – улуғдир, Сендан ўзга илоҳ йўқ”.

Санодан сўнг иккинчи такбир айтилади ва бунда, мазҳабимизга кўра, қўл кўтарилмайди. Қўл фақат биринчи такбирда кўтарилади холос. Иккинчи такбирдан сўнг салавот ўқилади:

اَللَّهُمَّ صَلِّ عَلَى مُحَمَّدٍ وَعَلَى آلِ مُحَمَّدٍ، كَمَا صَلَّيْتَ عَلَى إِبْرَاهِيمَ وَعَلَى آلِ إِبْرَاهِيمَ، إِنَّكَ حَمِيدٌ مَجِيدٌ. اَللَّهُمَّ بَارِكْ عَلَى مُحَمَّدٍ وَعَلَى آلِ مُحَمَّدٍ، كَمَا بَارَكْتَ عَلَى إِبْرَاِهِيمَ وَعَلَى آلِ إِبْرَاهِيمَ، إِنَّكَ حَمِيدٌ مَجِيدٌ

яъни: “Эй Аллоҳ, Иброҳим ва унинг оиласига салавот юборганинг каби, Муҳаммад ва у зотнинг оиласига ҳам юборгин. Сен мақтовга лойиқ, буюк Зотсан! Эй Аллоҳ, Иброҳим ва унинг оиласига барака нозил қилганинг каби, Муҳаммад ва у зотнинг оиласига ҳам барака нозил қилгин. Сен мақтовга лойиқ, буюк Зотсан!”.

Салавотдан сўнг учинчи такбир айтилади, ортидан маййитнинг ҳаққига дуо қилинади:

اللَّهُمَّ اغْفِرْ لِـحَيِّنَا، وَمَيِّتِنَا، وشَاهِدِنَا، وَغَائِــبِنَا، وَصَغِيْرِنَا، وَكَبِيرِنَا، وَذَكَرِنَا، وَأُنْثَانَا، اللَّهُمَّ مَنْ أَحْيَيْتَهُ مِنَّا فَأَحْيِهِ عَلَى الْإِسْلَامِ، وَمَنْ تَوَفَّيْتَهُ مِنَّا فَتَوفَّهُ عَلَى الْإِيْمَانِ

яъни: “Эй Аллоҳ, тирикларимизни ҳам, ўтганларимизни ҳам, бу ерда борларимизни ҳам, йўқларимизни ҳам, каттаю кичигимизни ҳам, эркагу аёлларимизни ҳам мағфират қилгин! Эй Аллоҳ, биздан кимни яшатсанг, Исломда яшат, кимни вафот эттирсанг, имонда вафот эттиргин!”.

Маййит балоғатга етмаган ёш бола бўлса, юқоридаги дуонинг ўрнига қуйидаги дуо ўқилади:

اللَّهُمَّ اجْعَلْهُ لَنَا فَرَطًا وَاجْعَلْهُ لَنَا أَجْرًا وَذُخْرًا وَاجْعَلْهُ لَنَا شَافِعًا وَمُشَفَّعًا

яъни: “Эй Аллоҳ, уни  охиратда бизни кутиб оладиган хушхабарчи қил, уни бизга савоб ва захира қил, уни бизга шафоат қилувчи ва шафоати қабул бўлувчи қилгин!”.

Кейин тўртинчи такбир айтилади ва салом берилади.

Жаноза намозига кеч қолган одам ният қилиб, имомнинг такбир айтиши билан намозга қўшилади. Имом салом берганидан кейин нечта такбирга кеч қолган бўлса, такбирларнинг ўзини айтиб қўяди. Бошқа нарсаларни ўқимайди.

Жаноза ўқиш учун албатта таҳорат бўлиши шартдир. Таҳорат қилиб келгунча намозга улгурмайдиган бўлса, жаноза эгасидан бошқалар таяммум қилиб, намоз ўқишлари мумкин бўлади. Жаноза намози асносида имом такбир айтса, иқтидо қилганлар бошини осмон сари кўтармайди, намоз ичида бошни осмон сари кўтариш бидъат ҳисобланади.

Туғилган чақалоқ овоз чиқариб ёки қимирлаб, сўнгра ўлган бўлса, унга исм қўйилади, ювилиб кафанланади ва жаноза ўқиб кўмилади. Ўлик ҳолда туғилган чақалоққа исм қўйилмайди, жаноза ўқилмайди, ювиб, бир матога ўраб кўмилади. Чақалоқнинг тирик туғилгани тўғрисида туққан она ёки туғдирган доянинг гувоҳлиги қабул қилинади. (Фатовои Ҳиндийя ва Бадоиус-саноиъ китобларидан).

Аллоҳ таоло барчамизга динимизнинг кўрсатмаларини мукаммал ўрганиб, унга Ўзи рози бўладиган тарзда амал қилиш бахтини насиб этсин!

ИЛОВА: “Вақф” хайрия жамоат фондининг охирги ҳафтада амалга оширган ишлари ҳақида

  1. “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан Самарқанд вилояти, Нуробод туманида жойлашган “Ҳазрати Довуд” зиёратгоҳига олиб борувчи йўлнинг бир километри текисланиб, жами 12 500 000 (ўн икки миллион беш юз минг) сўмлик таъмирлаш ва шағал ётқизиш ишлари амалга оширилди.
  2. Сирдарё вилоятидаги 150 нафар гапиришида ва эшитишида имконияти чекланган шахсларга ва Самарқанд шаҳридаги Афросиёб маҳалласида яшовчи кам таъминланган оилага жами 3 000 000 (уч миллион) сўмлик хайрия қилинди.
  3. Сурхондарё вилояти, Сариосиё туманидаги Боғи Обод, Себзор ва Эҳтиром маҳаллаларида истиқомат қилаётган 8 минг нафарга яқин аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган жами 70 000 000 (етмиш миллион) сўмлик бир километр ичимлик суви тармоғининг қурилиш-монтаж ишлари якунланиб, мазкур ҳудудларга сув етиб келди ва аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланди.
  4. Жарроҳлик амалиётини ўташ, мавсумий даволаниш, дори-дармон сўраб мурожаат қилган фуқароларга жами 37 000 000 (ўттиз етти миллион) сўмлик хайрия қилинди.

Аллоҳ таоло Расулуллоҳ саллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашувчи, бидъат хурофотлардан сақланувчи, имони мустаҳкам мўминлардан бўлишимизни насиб этсин. Қиёматда Расули акрам алайҳиссаломнинг хавзлари олдида ёруғ юз билан бирга бўлишимизни муяссар айласин! Омин!

 

Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “ДИНИМИЗДА АЁЛ ҚАДРИ” ҳақида бўлади. Жамоатга эълон қилишингизни сўраймиз.

Муҳтарам имом-домла! Бидъат ва унинг моҳиятига оид тўлиқ маълумот олиш учун “Кувайт фиқҳ энциклопедияси” (8-жуз, 21-41-бетлар), Аллома Абдулҳай Лакнавийнинг “Иқоматул ҳужжа” китоби (16-58-бетлар), Аллома Иззиддин ибн Абдуссаломнинг “Қавоидул аҳком” китоби (2-жуз, 208-201-бетлар) ва ундан бошқа мўътабар манбалар билан танишиб чиқишингиз тавсия этилади. 

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Учинчи Ренессанс: тарихий тажрибадан замонавий тараққиётга

18.08.2026   33917   8 min.
Учинчи Ренессанс: тарихий тажрибадан замонавий тараққиётга

Инсоният цивилизацияси тарихида айрим даврлар борки, улар фақат муайян халқ ёки минтақанинг эмас, балки бутун жаҳон тараққиётининг йўналишини белгилаб берган. Ислом цивилизациясининг IX–XV асрлардаги юксалиш даври ана шундай тарихий босқичлардан бири ҳисобланади. Бу даврда илм-фаннинг турли соҳалари бир-биридан ажралмаган ҳолда. ўзаро уйғунликда ривожланди. Математика астрономия билан, тиббиёт фалсафа билан, география математика билан, тилшунослик тарих билан, диний илмлар эса мантиқ ва тафаккур маданияти билан мулоқот қилган. Бугун фанлараро тадқиқот, рақамли гуманитаристика, сунъий интеллект ва комплекс илмий ёндашувлар жаҳон илм-фанининг энг муҳим йўналишларига айланган бир пайтда, ўша тарихий тажриба янада қизиқарли аҳамият касб этмоқда.

Мазкур уйғунлик тасодифий эмас эди. У Қуръони каримда илмга берилган юксак қадр, тафаккурга даъват, инсонни борлиқни англашга чорловчи ғоялар билан мустаҳкамланган илмий дунёқараш маҳсули эди. Шу сабабли ўша давр олимларини бугунги замонавий тушунчалардаги қатъий «мутахассисликлар» доирасига жойлаштириш қийин.

Форобий фалсафа, мантиқ, сиёсат, ахлоқ ва мусиқа назарияси билан шуғулланган. Хоразмий  математика ва астрономия соҳаларида ишлаган. Беруний астрономия, география, геодезия, минералогия, тарих ва этнографияга оид асарлар яратган. Ибн Сино тиббиёт билан бир қаторда фалсафа, мантиқ ва табиий фанлар ҳақида ҳам кенг тадқиқотлар олиб борган. Улуғбек эса давлат бошқаруви, таълим ва астрономик тадқиқотларни бирлаштирган илмий муҳитни шакллантирган. Бу мисолларнинг умумий жиҳати шундаки, билим соҳалари ўртасидаги чегаралар қатъий бўлмаган.

Бугун «интердисциплинар тадқиқот» деб аталадиган ёндашувнинг айрим тамойиллари айнан ана шу интеллектуал анъаналар билан ҳамоҳанг.

Шунингдек, ислом цивилизациясининг интеллектуал меросини фақат табиий ва аниқ фанлар билан чеклаш ҳам тўғри эмас. Чунки диний илмлар соҳасида ҳам манбаларни йиғиш, текшириш, таснифлаш ва баҳолашга қаратилган мураккаб илмий анъаналар шаклланган.

Имом Бухорийнинг ҳадис илмидаги мероси бунга яққол мисол бўла олади. Ҳадисларни саралашда ровийлар ҳақидаги маълумотлар, ривоят занжири ва бошқа мезонлар ўрганилган. Имом Мотуридий эса ақидавий масалаларни ақл ва нақл уйғунлиги асосида таҳлил қилган. Унинг мероси ислом интеллектуал анъанасида ақлий далиллаш ва диний билим ўртасидаги муносабат масаласида муҳим ўрин тутади.

Шу жиҳатдан Ислом цивилизацияси тарихини фақат диний ёки фақат илмий тарих сифатида эмас, кенг интеллектуал жараён сифатида кўриш мумкин.

Ўзбекистонда илгари сурилаётган Учинчи Ренессанс ғояси тарихий илмий меросни замонавий тараққиёт эҳтиёжлари билан боғлашга қаратилган.

Бу ёндашувнинг марказида илм-фан, таълим, инновация, маданият ва маънавиятни ўзаро боғлиқ тизим сифатида ривожлантириш ғояси туради.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳам ана шу концепциянинг муҳим амалий ифодаларидан биридир.

Марказнинг вазифаси фақат тарихий экспонатларни намойиш қилиш билан чекланмайди.

Унинг концепциясида ислом цивилизациясининг илм-фан, таълим, фалсафа, санъат, меъморчилик ва инсонпарварлик соҳаларидаги меросини комплекс равишда ўрганиш ва намойиш этиш ғояси мужассам.

Нафақат музей, балки интеллектуал платформа

Марказни анъанавий музей тушунчаси доирасидагина баҳолаш унинг концепциясини тўлиқ ифодаламайди. Замонавий музей фақат экспонат сақлайдиган жой эмас. У тадқиқот, таълим, рақамлаштириш ва халқаро илмий мулоқот марказига айланиши мумкин. Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази концепциясида ҳам ана шу ёндашув муҳим ўрин тутади.

Қадимий қўлёзма — шунчаки тарихий буюм эмас. У тил, тарих, матншунослик, кодикология, санъат, материалшунослик ва рақамли технологиялар нуқтаи назаридан тадқиқ қилиниши мумкин бўлган мураккаб манба. Археологик меросни ўрганишда эса геоинформацион тизимлар, рақамли моделлаштириш, 3D технологиялар ва бошқа замонавий усуллардан фойдаланиш имкониятлари кенгаймоқда. Шундай қилиб, маданий меросни ўрганишнинг ўзи фанлараро жараёнга айланмоқда.

Ўтмишни сунъий интеллект билан боғлаш

Технологиялар маданий меросни ўрганиш усулларини ҳам ўзгартирмоқда.

Қўлёзмаларни юқори сифатда рақамлаштириш, матнларни электрон базаларга киритиш, сунъий интеллект ёрдамида матнларни таҳлил қилиш, 3D моделлар яратиш ва виртуал муҳитларда тарихий объектларни қайта тиклаш имкониятлари илмий тадқиқотлар учун янги йўналишларни очмоқда.

Бу ерда муҳим нуқта бор. Технология тарихнинг ўрнини босмайди — у тарихни янги авлод учун тушунарли ва тадқиқот учун янада очиқ қилади.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг концепцияси ҳам ўтмишдаги илмий меросни замонавий технологиялар билан боғлашга қаратилган.

Бу ёндашув тарихий билимни архив ва китоблар доирасидан чиқариб, халқаро тадқиқотчилар, талабалар ва кенг жамоатчилик учун очиқ интеллектуал ресурсга айлантириш имконини беради.

«Маърифат билан жаҳолатга қарши»

Ислом цивилизациясининг илмий меросини ўрганишнинг яна бир аҳамияти бор.

Глобал ахборот маконида дин, тарих ва маданият ҳақида турли хил, баъзан бир-бирига зид тасаввурлар юзага келганда тарихий меросни илмий асосда тушунтириш нафақат маданий, балки маърифий аҳамиятга ҳам эга.

Ислом цивилизацияси тарихини фақат диний маросимлар ёки сиёсий воқеалар орқали эмас, балки математика, тиббиёт, астрономия, фалсафа, география, меъморчилик ва бошқа соҳалардаги ютуқлар билан бирга ўрганиш унинг мураккаб ва кўп қиррали табиатини яхшироқ англаш имконини беради.

Шу маънода маърифат тарихий билимни замонавий ахборот муҳитидаги нотўғри талқинларга қарши муҳим воситага айлантириши мумкин.

Ўзбекистоннинг янги халқаро илмий платформаси

Ислом цивилизацияси бир мамлакат ёки бир халқнинг мероси эмас. У Марказий Осиё, Яқин Шарқ, Шимолий Африка, Жанубий Осиё ва бошқа ҳудудларни қамраб олган кенг тарихий ва интеллектуал маконни ифодалайди. Шу сабабли бу меросни ўрганиш ҳам халқаро ҳамкорликни талаб қилади.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази олдидаги муҳим вазифалардан бири ҳам турли мамлакатларнинг олимлари, университетлари, музейлари ва илмий-тадқиқот марказлари ўртасида мулоқотни кучайтиришдан иборат.

Бу Ўзбекистоннинг ўз тарихий меросини дунёга танитиш билан бирга, мамлакатни глобал гуманитар тадқиқотларнинг фаол иштирокчиси сифатида намоён этишига хизмат қилиши мумкин.

Учинчи Ренессанснинг асосий кучи

Учинчи Ренессанс ҳақида гап кетганда, масала фақат янги бинолар қуриш ёки янги муассасалар ташкил этишдан иборат эмас. Асосий савол бошқа: Ўзбекистон ўзининг бой илмий меросини замонавий билим ва инновацияларга қандай айлантира олади? Бу саволнинг жавоби илм-фан, таълим, технология, маданият ва инсон капиталининг бир нуқтада бирлашишини талаб қилади.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг аҳамияти ҳам шу нуқтада намоён бўлади. У тарихий меросни сақлаш билан бирга, уни тадқиқ қилиш, рақамлаштириш, халқаро илмий мулоқотга олиб чиқиш ва янги авлодга етказиш учун платформага айланиши кўзда тутилмоқда.

Шу маънода Марказни ўтмишга бағишланган иншоот эмас, келажакка йўналтирилган интеллектуал инвестиция сифатида баҳолаш мумкин.

Чунки цивилизациянинг ҳақиқий қиймати фақат унинг ўтмишда яратган мероси билан эмас, балки бу мерос янги авлод учун қандай янги билим ва ғояларга айланиши билан ҳам ўлчанади.

Хоразмийнинг ҳисоблаш усулларидан бугунги алгоритмларгача, Берунийнинг комплекс тадқиқотларидан замонавий фанлараро лойиҳаларгача, Улуғбек расадхонасидан рақамли астрономиягача бўлган йўл бир ҳақиқатни кўрсатади: илм тараққиёти чегаралар эмас, мулоқот ва ҳамкорлик орқали тезлашади.

Эҳтимол, Учинчи Ренессанснинг энг муҳим вазифаси ҳам ана шунда — аждодлар яратган билимларни шунчаки эслаш эмас, балки улардан янги билимлар яратиш учун фойдаланиш. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази эса ана шу ғоя атрофида шаклланаётган янги интеллектуал муҳитнинг муҳим платформаларидан биридир.

Муаллиф: Абулфайз Сайидасқаров, iccu.uz

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари