Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
18 Сентябр, 2026   |   7 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:47
Қуёш
06:06
Пешин
12:17
Аср
16:38
Шом
18:32
Хуфтон
19:47
Bismillah
18 Сентябр, 2026, 7 Рабиъус сони, 1448

Анорнинг шифобахш хусусияти

19.02.2019   26408   4 min.
Анорнинг шифобахш хусусияти

Анор қадим замонлардан шифобахшлиги билан эъзозланиб, меваларнинг султони ҳисобланган.      Анорнинг юзлаб турлари мавжуд бўлиб, меваси таркибида органик кислоталар, витаминлар, шунингдек микробларни йўқ қилувчи моддалар мавжуд. Анорнинг асосан пояси, шохи, гули, илдиз пўстлоғи ва меваси даво сифатида қўлланилади.

 Ўрта асрда Европалик табиблар анор шарбатидан асабларни тинчлантиришда фойдаланганлар.

Хитой табобатида анор гулларидан тайёрланган дамлама ичбуруғ, тишларнинг қимирлаб қолиши ва тушиб кетишиниyu олдини олишда фойдаланилган. Анор гулларининг қуритилган кукуни турли жароҳатларга ишлатилган.

Ҳинд табиби Бухан анор дарахтининг илдизидан лентасимон гижжаларни  йўқотишда фойдаланган.

ХАЛҚ ТАБОБАТИДА:

Қондаги гемоглобин миқдорини ошириш учун – ярим пиёла анор, хом лавлаги, қизил сабзи шарбатига бир ош қошиқ асал солиб аралаштириб наҳорга ичилади.

  • Хафақон касаллигида – аччиқ ва нордон анорнинг сувини тенг миқдорда олиб, 15 кун 3 маҳал 50 граммдан ичилади.
  • Қувват бўлиши учун – аччиқ анор сувини 10 кун 3 маҳал оч ҳолда 50 граммдан ичилади.
  • Кўздаги ҳарорат ва кундузи кўрмай қолишликка – ширин ва аччиқ анорни сувини асал билан қўшиб, бир неча кун офтобга қўйилади.
  • Қувватлантирувчи сифатида – анор шарбати радиактив моддалар ва компьютер билан ишлайдиганларга, операциядан кейин қувват бўлиши учун тавсия этилади.
  • Ангинада, стоматитда, гингивит ва бошқа оғиз бўшлиғи хасталикларида – анор пўстидан тайёрланган дамлама ёки меваси шарбати билан оғиз чайилса самарали даволайди.
  • Ҳомиладор аёлларда – анор мевасидан ейишлари туғилажак болада юрак хасталиклари, бош мия нуқсонларининг олдини олади.
  • Асабийлашишда, хавотир, уйқусизликда – анор меваси орасидаги пардани қуритиб гиёҳли чойга қўшиб ичилса, ёрдам беради.

Анорнинг хосиятлари

Ширин анор эрур ҳўл-совуқ ҳар вақт

Бу сўзга табиблар сўзидир ҳужжат

Аччиғидан сафро бўлур тору-мор

Ундан ёмон хилтлар туғилмас зинҳор,

Асал билан қўшиб агар ширинин

Ярага суркалса – йўқотар барин,

Чарчоқ, қулоқ оғриқ, оғиз яраси,

Меъда иллати ҳам кетар барчаси

Аччиғи сийдикни ҳайдайди кўпроқ,

Майҳуши наздимда яна яхшироқ,

Аччиғи зарардир еса томоққа,

Йўтал бўлса – шошмас эл ҳам емоққа,

Аччиқ, ширин яна ул майхуш анор,

Ҳафақон ҳайдовчи хосиятга ёр.

 

Анор гулининг хосиятлари

Гапирсам анор гулидан – совуқ-

Биринчи ўринда, иккинчи қуруқ,

Тиш милкин доимо қилур мустаҳкам,

Қон туфлаш дардини даф этар ҳар дам

Ичак ярасига ундан наф етар

Яра-чақаларни яна даф этар.

 

Ширин анор

Ширин анор сувини шиша ичига солиб,

Қайнаб чиққунча офтоб тиғига тутгин уни

Сўнг чўп билан кўзингга ўша сувдан суркасанг,

Кўз қичишни йўқотиб, кўпайтирар нурини.

“Табобат дурдоналаридан”

 

*****

Оғиз ичра пишган бир дона анор,

Мингталаб хом сувдан яхшидир минг бор.

Хусрав Деҳлавий

*****

Тўкди заҳмидин бағир қонини ҳижрон нолиши,

Ўйлаким сиқмоқ ила эл сув оқизгай нордин

Навоий

*****

 

 

Мунира АБУБАКИРОВА

Табобат
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Тарихни англаган авлод — келажакни бунёд этади

17.09.2026   35291   4 min.
Тарихни англаган авлод — келажакни бунёд этади

Илмга қизиқиш, аввало, манбага мурожаат қилишдан бошланади. Тарихни чуқур англаш эса уни китоб, қўлёзма ва ишончли илмий манбалар орқали ўрганишни талаб этади. Янги ўқув йилини янги билим ва катта мақсадлар билан бошлаган Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг 1 босқич талабалари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрдилар, хабар бермоқда iccu.uz.

Талабалар ташрифни, дастлаб Марказнинг кутубхонаси билан танишишдан бошлади.

Бу ерда улар илмий изланиш учун муҳим бўлган адабиётлар, тарихий манбалар ва турли йўналишлардаги илмий нашрлар билан танишди. Кутубхона нафақат китоблар жамланган маскан, балки тадқиқотчи учун зарур бўлган билим ва манбаларни бир жойга жамловчи муҳим илмий-маърифий макон сифатида намоён бўлди.

Айниқса, ислом тарихи, маданияти, илм-фани ва аждодларимизнинг илмий меросини ўрганаётган ёшлар учун бундай муҳитнинг аҳамияти катта. Чунки аудиторияда ўрганилган билимни мустаҳкамлаш, мавзу бўйича қўшимча маълумот излаш ва илмий изланиш олиб боришда манба билан ишлаш кўникмаси муҳим ўрин тутади.

Мазкур ташриф ёшлар учун навбатдаги экскурсия эмас, балки тарих, илм-фан ва миллий ўзлик билан бевосита юзма-юз келиш имконини берган муҳим маърифий учрашув бўлди.

Институтнинг бўлажак исломшунослари Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилган Марказнинг бой экспозициялари орқали Ўзбекистон ҳудудида қадимдан шаклланган цивилизация жараёнлари, ислом маданиятининг ривожланиши, буюк алломаларимизнинг илмий мероси ҳамда аждодларимизнинг жаҳон тамаддунига қўшган беқиёс ҳиссаси билан яқиндан танишдилар.

Марказнинг Исломдан аввалги давр, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс, илм-фан ва маърифат тараққиётига бағишланган экспозициялари талабалар эътиборини тортди.

Тарихий манбалар, ноёб қўлёзмалар, қадимий ашёлар ва замонавий музей технологиялари уйғунлиги орқали намойиш этилган маълумотлар ёшларнинг ўтмиш ҳақидаги тасаввурларини янада бойитди.

Бу ерда улар Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Мансур Мотуридий каби буюк аждодларимизнинг илмий ва маънавий мероси билан боғлиқ маълумотларни кўздан кечирдилар.

Айниқса, бир вақтлар шу заминларда яратилган илмий кашфиётлар бугунги замонавий фанларнинг шаклланишида қандай аҳамият касб этгани талабалар учун қизиқарли бўлди.

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида таҳсил олаётган ёшлар учун бундай масканнинг аҳамияти, табиийки, янада катта. Чунки улар ўзлари ўрганаётган диний-илмий мероснинг тарихий илдизларини нафақат китоблардан, балки Марказ экспозицияларида бевосита кўриш имконига эга бўлдилар.

Талабаларнинг фикрича, Марказдаги энг муҳим жиҳатлардан бири — тарихнинг оддий саналар ва воқеалар кетма-кетлиги сифатида эмас, балки илм-фан, тафаккур ва инсоният тараққиёти билан боғлиқ яхлит жараён сифатида намойиш этилганидир.

“Бу ерда аждодларимизнинг илм-фанга қўшган ҳиссасини кўриб, улар билан фахрланиш туйғуси янада кучайди. Айниқса, ислом дини ривожи билан бирга илм-маърифат ҳам юксалиб борганини кўриш биз учун жуда катта таассурот қолдирди”, — дейди институтнинг 1-босқич талабаларидан бири.

Ёшлар Марказнинг кутубхона фаолияти билан ҳам танишдилар. Бу ерда жамланган илмий адабиётлар, тарихий манбалар ва тадқиқотлар бўлажак мутахассисларнинг келгусидаги таълим ва илмий изланишлари учун муҳим манба бўлиши таъкидланди.

Ташриф давомида талабалар учун Марказнинг фақат тарихий меросни намойиш этувчи маскан эмас, балки илмий изланиш, маърифат ва замонавий тафаккур уйғунлашган муҳим платформа эканлиги янада яққол намоён бўлди.

Талабалар Марказ билан танишиш жараёнида ўзлари таҳсил олаётган соҳа — исломшуносликнинг қанчалик катта илмий мерос ва тарихий масъулият билан боғлиқлигини ҳам чуқурроқ ҳис этдилар.

Шу маънода, янги ўқув йилининг дастлабки кунларида ташкил этилган мазкур ташриф талабалар учун янги билимлар сари ташланган муҳим қадам бўлди.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказидаги ушбу маърифий ташриф эса бўлажак исломшунослар учун янги ўқув йилини тарих сабоқлари, илмга қизиқиш ва катта мақсадлар билан бошлашга хизмат қилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари