«Инсонга зарар етганда, ётган ҳолда, ё ўтириб ёки тик туриб ҳам Бизга илтижо қилади. Ундан зарарини кетказганимизда эса, гўё етган зараридан Бизга дуо қилмагандек кетаверади. Мана шу тарзда исрофчи (тажовузкор)ларга ўз қилмишлари зийнатли (чиройли) қилиб қўйилди» (Юнус, 12).
«Инсонга зарар етганда, ётган ҳолда, ё ўтириб ёки тик туриб ҳам Бизга илтижо қилади…»
Абу Лайс Самарқандий тафсирида: “Агар бандага касаллик, камбағаллик ва бало каби ёмон кўрадиган нарсалари тегса, банда ётган ҳолида ҳам Аллоҳга илтижо қилади. Касали енгилроқ бўлса ўтирган ҳолида дуо қилади, агар касаллигидан асорати қолган бўлса, юриб турганда ҳам дуо қилади”, деган.
Маҳмуд Замахшарий оят тафсирида: «Бу оятда дуо қилувчининг уч ҳолатини айтиб ўтишдан нима фойда дейилса, мен айтаманки, бунинг маъноси “Зарар кўрган инсон токи ўша зарари йўқолмагунча Яратганга дуою илтижо қилишдан тўхтамайди. У бизга ҳар қанақа ҳолатида ҳам, тура олмай ётиб қолганда, тик тура олмай ўтириб қолганда ёки тик тура олади-ю, аммо юришга тоқати йўқ бўлса ва баъзиси эса тўшакка “михланиб” қолиб ётганда ҳам дуо қилаверади. Бу билан банда ўзига енгиллик ва соғлиқ сўрайди ва мусибатни ўзидан даф қилишга ҳаракат қилади».
«Ундан зарарини кетказганимизда эса, гўё етган зараридан Бизга дуо қилмагандек кетаверади. Мана шу тарзда исрофчиларга ўз қилмишлари зийнатли қилиб қўйилди».
Фахриддин Розий тафсирида бундай дейилади: “Бу оятда бало, мусибат тушганда инсон сабрсиз бўлиши, роҳат-фароғатда бўлганда оз шукр қилиши баён қилинган. Агар инсон бошига бирор ташвиш тушса, уни ўзидан узоқлаштиришини, мусибатни неъматга алмаштиришини Аллоҳ таолодан сўраб жидду жаҳд билан туриб, ўтириб, ётиб зорланиб дуо қилади. Агар Аллоҳ ундан мусибатни даф этиб омонлик ва офият берса, шукрдан юз ўгиради. Бошига тушган у мусибатни эсламайди ва неъматлар қадрини билмайди. Худди бошига тушган мусибатни кетказиш учун дуо қилмаган инсондек бўлиб олади. Ақлли инсон бало-мусибатга сабр қилиши, ҳузур-ҳаловат ва неъматларга эришганда шукр қилиши вожиб бўлади. Киши қийинчилик вақтида дуоси қабул бўлиши учун роҳат-фароғатда бўлган вақтида кўп зорланиши ва дуо қилиши керак.
Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Хурсандчилик кунларида Аллоҳни танисанг, қийин кунларда Аллоҳ сени танийди”» (Ҳоким, Найсабурий).
Абу Дардо (розияллоҳу анҳу): “Аллоҳ таолога хурсандчилик кунларингда дуо қилгин, қийин кунларингда қилган
дуоингни қабул қилади”, дедилар.
Суҳайб (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Мўмин кишининг ҳолига ажабланасан. Аллоҳ унга нимани қазо қилса, яхшилик бўлади. Агар унга ғам етса, сабр қилади, бу унга яхшилик бўлади. Агар унга хурсандчилик етса шукр қилади, бу ҳам унга яхшилик бўлади. Бу ҳолат мўминдан бошқага бўлмайди”» (Имом Муслим).
Абу Мансур Мотуридий, Абу Лайс Самарқандий,
Маҳмуд Замахшарий, Ибн Касир,
Олусий ва Қуртубий тафсирлари асосида
Бадриддин САДРИДДИН ўғли
тайёрлади.
Андижон вилояти Жалақудуқ туманидаги Қиличмозор қишлоғида Қутайба ибн Муслим (р.а.) номи билан аталувчи зиёратгоҳ ва мақбара бор. Тарихчи Муҳаммад Наршаҳийнинг “Бухоро тарихи” асарида “Қутайбанинг қабри Фарғона (водий)да машҳур бўлиб, “Работи сароханг” деган жойда “Кох” деб аталадиган (ҳозирги Қиличмозор) бир қишлоқда. Одамлар зиёрат учун ҳамиша у ерга бориб турадилар” деб ёзилган.
Турли тарихий манбааларда келтирилган ривоятларга кўра, бутун Мовароуннаҳрни бўйинсудирган Қутайба ибн Муслим (р.а.) Фарғонанинг Работи Сарҳанг деган жойида оташпараст шоҳлардан Ку Лунж аскарлари зарбасига дош бера олмай тўхтаб қолади. Мустаҳкам қўрғонни қамал қилиб ҳам душманни енга олмайди. Ислом саркардаси туну кун ибодат қилиб, намозларида Аллоҳдан синоат кўрсатишини сўраб дуо қилади. Яратганнинг қудрати ила мўъжиза юз беради. Оташпарастлар шохининг қизи малика Султонбегим қалбини очади. Қиз тушида кўрган, юзидан нур ёғилиб турган оқсоқолнинг даъвати ила имон келтиради. Муслима Султонбегим иймон келтирар экан, Аллоҳ йўлида мислсиз жасорат кўрсатади. Ўз отаси, ўз эътиқодига қарши чиқиб, мусулмонларга ғалаба олиб келувчи ягона йўл – қалъага ичимлик суви келувчи яширин сув йўлини кўрсатиб беради. Сув беркитилади. Сувсизликдан оташпарастлар таслим бўлади. Қутайба (р.а) иймон келтириб, ўз халқини исломга даъват этган маликага уйланади ва учта фарзанд кўради.
Тарихий маълумотларга кўра, Қутайба ибн Муслим (р.а.) (660 - 715) йирик ислом фотиҳларидан бўлиб, ҳарбий саркарда, тажрибали лашкарбоши эди. Милодий 706 йилда халифа Юсуф Ҳажжож Абдумалик ибн Марвон фармони билан Хуросон амири лавозимига тайинланган ва унга Мовароуннаҳрни фатҳ этиш вазифаси юклатилган. Қутайба (р.а.) 706-713 йилларда тўлиқ ғалаба қилиб, ўлкага ислом динини олиб кирди ва унинг мустаҳкамлиги учун улкан замин яратди.
Айрим манбаларда келтирилишича, Соҳибқирон Амир Темур Қутайба (р.а.) дафн этилган жойни муқаддас билиб, буюк ислом саркардасининг қабри устига Самарқанддан меъмор жўнатиб, кўркам ва маҳобатли мақбара қурдирган. Бу мақбара 1935 – 1936 йилларда бузиб ташланган.
1975 – 1978 йилларда Андижон вилояти раҳбари бўлиб ишлаган Бектош Раҳимов ташаббуси хароба ҳолга келиб қолган мақбара миллий меъморчилик анъаналари асосида қайта қурилган. Икки хонали мақбаранинг асосий хонаси ташқаридан квадрат асосида бўлиб, ичкариси саккиз бурчакли, томонлари чуқур меҳробсимон равоқлар билан кўтарилиб, диаметри 5,5 метрли гумбаз билан ёпилган, гумбаз ўртасида эса қабр жойлашган бўлиб, мақбара ғарбидаги даҳлиз зиёратчилар учун мўлжалланган.
Бугунги кунга келиб, ушбу маскан одамлар кўп келадиган гавжум зиёратгоҳга айланган. Бу ерда бир неча йилдан буён қурилиш, ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Зиёратгоҳ мажмуасининг қурилиши, ободонлаштириш ишларида Жалақудуқ туманидаги корхона, ташкилотлар, фермер хўжаликлари, тадбиркорлар, қўйингки, жуда кўп саховатпеша инсонлар яқиндан ёрдам бермоқда. Ислом тарихи саҳифаларидан муносиб ўрин олган улуғ зот номи билан аталувчи мазкур зиёратгоҳ 2006 йилда тарихий ва маданий мерос объекти, зиёратгоҳ сифатида давлат муҳофазасига олинган.
Кейинги йилларда вилоят, туман ҳокимликлари, сахий инсонлар кўмагида зиёратгоҳни кенгайтириш, ободонлаштириш борасида катта ҳажмдаги қурилиш, ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Шу кунларда мажмуа таркибидаги биноларнинг сўнгги пардозлаш ишлари якунига етмоқда. Пардозлаш ишлари андижонлик, қўқонлик ҳамда Бухородан келган моҳир усталар томонидан бажарилди. Зиёратгоҳ мажмуаси бутунлай янгича қиёфага келтирилиб, зиёратчилар учун барча қулайликлар яратилади.
Махсус лойиҳа асосида барпо этилган зиёратгоҳ ҳудудида икки қаватли беш минг намозхонга мўлжалланган масжид, айланасига музей, кутубхона ва зиёратчилар учун алоҳида хоналар қурилди. Бундан ташқари, аёллар учун алоҳида таҳоратхона ва намозхона ҳам барпо этилди.
Мажмуа ўртасида жойлашган қабр устига баландлиги 20 метр бўлган гумбаз, гумбазнинг тўрт томонида зиёратчилар учун ўзига хос кўринишга эга соябонлар, мақбарадан унча узоқ бўлмаган жойга, тарихий, замонавий кўриниш уйғунлашган ландшафт асосида шаршара барпо этилди.
Зиёратгоҳга олиб кирадиган катта йўл бошига арка - “Роботи сарханг”, яъни, аркали махсус катта дарвоза қурилди. Яқин йиллар ичида Қутайба ибн Муслим (р.а.) бу зиёратгоҳ меҳмонлар ва зиёратчилар билан гавжум энг обод масканга айланади.
Қутайба ибн Муслим (р.а.) зиёратгоҳи мажмуасига нафақат юртимиздан, балки яқин ва узоқ хорижий давлатлардан ҳам меҳмонлар, сайёҳлар тез-тез келиб туради. Шу йилнинг ўзида зиёратгоҳга Афғонистон, Индонезия, Ҳиндистон, Покистон, Хитой давлатларидан, шунингдек, қўшни Қирғизистон ва Тожикистондан юзлаб зиёратчилар ташриф буюрмоқда.
– Зиёратгоҳ мажмуаси қурилиши, ободонлаштириш ишлари билан бир қаторда, Қутайба ибн Муслим ҳаёти, фаолияти, унинг номи билан аталувчи зиёратгоҳ тарихи, бу ерда барпо этилаётган мажмуа, унинг аҳамияти ҳақида юртдошларимиз, кенг жамоатчилик, айниқса, ёш авлодга кенгроқ маълумотлар бериш мақсадида қатор китоблар чоп этилди, – дейди “Жалақудуқ ҳаёти” газетаси муҳаррири Шукурилло Хайитохунов. – Жумладан, ҳозирга қадар “Қутайба ибн Муслим”, “Қутайба ибн Муслим зиёратгоҳи”, “Қутайба ибн Муслим зиёратгоҳи мўъжизалари” “Султон ойим зиёратгоҳи””, “Журъат ва жасорат”, “Қўмондон” сингари қатор китоблар чоп этилди. Ушбу китоблар қирғиз, рус ва инглиз тилларига таржима қилинди.
Мазкур китоблар Ислом оламининг улуғ ва машҳур зотларидан бири Қутайба ибн Муслим, унинг номи билан аталувчи зиёратгоҳ ва зиёратгоҳ мажмуасини тарғиб этиш билан бирга, келувчилар, хорижий сайёҳларга кенг маълумотлар беради. Қолаверса, юртдошларимиз, айниқса, ёш авлод қалбида қадим тарихимизга, юртимиз заминида яшаб ўтган улуғ зотларга бўлган ҳурмат, юртдан фахрланиш туйғуларини янада мустаҳкамлайди.
Муаллиф: Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА мухбири
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати