“Аллоҳ адолат ила туриб, албатта, Ундан ўзга илоҳ йўқлигига шоҳидлик берди. Фаришталар ва илм эгалари ҳам. Ундан ўзга илоҳ йўқ. У азиз ва ҳаким зотдир” (Оли Имрон сураси, 18-оят).
Имом Қуртубий роҳматуллоҳи алайҳи айтади: “Ушбу оят илмнинг фазлига, уламоларнинг шарафли эканига далолат қилади. Чунки агар уламолардан кўра шарафлироқ бирор кимса бўлганида эди, Аллоҳ таоло Ўзининг исми ва фаришталарининг исмига уламоларни қўшиб келтиргани каби уларни ҳам қўшиб келтирган бўлар эди.
Илмнинг шарафига Аллоҳ таолонинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга: «ва: «Роббим, илмимни зиёда қилгин», дегин» (Тоҳа сураси,114-оят) деб айтган сўзи ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Албатта уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир” деган сўзлари кифоя қилади.
Тошкент шаҳар “Аҳмаджон қори” жоме масжиди имом ноиби
Қудратуллоҳ Сидиқметов таржимаси
Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Бухоро вилоятида фаолият олиб бораётган имом-хатиб ва имом-ноиблар ўртасида “Қуръон тинчликка буюради” шиори остида Қуръон мусобақаси ўтказилди.
Очилиш маросимида Бухоро вилояти бош имом-хатиби Жобир домла Элов сўзга чиқиб, мазкур маърифий тадбирнинг аҳамияти ҳақида сўзлаб, иштирокчиларга муваффақият тилади.
Мусобақани ўтказишдан кўзланган мақсад диний соҳа ходимларининг Қуръони карим бўйича билим ва маҳоратини янада ошириш, улар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантиришдир.
Беллашувда вилоятнинг туман ва шаҳарларида фаолият юритаётган 10 нафар имом-хатиб ва имом-ноиб иштирок этиб, Қуръони каримни ўқиш ва ёддан билиш борасидаги билим ва маҳоратини намойиш этишди.
Биринчи ўринга Пешку тумани “Чиқирчи” жоме масжиди имом-ноиби Афзал Шавкатов сазовор бўлди. Иккинчи ўрин Бухоро шаҳридаги “Волиди Абдулазизхон” жоме масжиди имом-ноиби Абдувоҳид Акрамовга, учинчи ўрин Жондор тумани “Работўғлон” жоме масжиди имом-хатиби Шуҳрат Шеровга насиб этди.
Ғолибларга диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати