2019 йилнинг 9 февраль куни «Hilol-nashr» нашриёт-матбаа уйида фазилатли ШайхМуҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг рус тилидаги навбатдаги китобларининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тақдимотда МДҲ мамлакатлари, турли хил ташкилотлар, корхоналардан фахрий меҳмонлар, диний ўқув муассасалариинг ўқитувчилари ва талаблари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси вакиллари, маҳаллий ва хорижий ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Тақдимотда таъкидланишича, ҳозирги кунгача чоп этилиб келинаётган ва улардан миллионлаб ўқувчилар, шу жумладан электрон ресурсларнинг фойдаланувчилари фойдаланиб келаётган, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг қаламига мансуб кўплаб фундаментал ва қомусий илмий китоблар уларнинг Ислом дини ва Ватани олдидаги улкан хизмати ҳисобланади.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг китобларини қисқа тарзда мана бундай таърифласа бўлади:
Биринчидан, улар ислом динини унинг ҳақиқий кўринишида тақдим этишга йўналтирилган; уларда маълумотлар дин ҳақидаги билимларни беришдаги омонатга риоя қилган ҳолда, ҳаққоний келтирилган.
Иккинчидан, улар Исломдаги мўътадиллик тамойили – васатийлик руҳида ёзилган.
Учинчидан, уларнинг китобларида исломий тушунчалар объектив тушунтиришлар, китобхонларнинг энг кенг доирасига мўлжалланган, унчалик мураккаб бўлмаган тушунарли ва содда шарҳлар билан баён қилинади. Бу эса, уларнинг китоблари қарама-қаршиликлар ва келишмовчиликларга олиб келиши мумкин бўлган шарт-шароитлар ва нуқтаи назарлардан холи эканлигидан далолат беради.
Тўртинчидан, муаллифнинг китоблари уларнинг аҳли сунна вал жамоа мазҳабига мувофиқ руҳда ёзилганидир.
Бешинчидан, Шайхнинг китобларида таъриф қилинаётган бошқа динларга Исломнинг муносабати мусулмон дунёсининг ҳақиқий юзини акс эттиради – ушбу китоблар диний бағрикенглик ва динлараро тотувлик руҳи билан сингдирилган.
Тадбир чоғида таъкидландики, бизнинг минтақамизни МДҲ мамлакатларининг улкан ҳудуди ўраб турибди, улардаги деярли барча мусулмонлар рус тилида сўзлашишади, ушбу тилни тушунишади, эркин тарзда рус адабиётини мутолаа қилишади. Ушбу улкан ҳудуднинг мусулмонлари ягона ислом мактабининг тарафдорлари ҳисобланишади.
Тақдимотда нутқ сўзлаганларнинг фикрига кўра, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ушбу ҳудуд мусулмонларининг етакчиларидан бири сифатида, мусулмонларда ҳақиқий билимларни олиш имкони бўлиши учун одамларга Исломнинг асосларини тушунтириб бериш, уларга ислом таълимотнинг тўғри талқинини етказишни ўзларининг бурчлари, деб ҳисоблардилар.
Шайх шу ерда, МДҲ мамлакатлари ҳудудида ўсиб, улғайганлари учун бу муҳитда яшар, турмушнинг барча ўзига хос хусусиятлари, менталитети, маҳаллий мусулмонларнинг урф-одатдарини яхши билар ва шунинг учун бизнинг муаммоларимизнинг моҳиятини яхши англар эдилар. Боз устига, бошқа таржималарнинг муаллифларидан фарқли равишда, Шайх чинакам ислом олими, яъни диний уламо эди.
Шайхнинг китоблари бизнинг катта минтақамиз ва давримизнинг шарт-шароитлари ва талабларидан келиб чиқиб ёзилган эди.
Шунинг учун ушбу илмий меросларни рус тилига таржима қилиш талаб қилинарди.
Бундай объектив заруратдан ташқари, бир қатор субъектив сабаблар ҳам бор эди. Ўша тўқсонинчи йилларда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф китобларини рус тилига таржима қилиш тўғрисидаги илтимослар билан уларга обрўли уламолар, диншунослар, шунингдек маънавият масалалари бўйича мутахассислар мурожаат қилишарди. Таржима тўғрисидаги асосли илтимослар МДҲ мамлакатларининг сиёсатчилари, дипломатлари, турли соҳаларнинг мутахассисларидан келиб тушар эди.
Ўз вақтида кўпчиликнинг қайд этишича, Россия ва бошқа мамлакатларда асосан мўътадил Исломга зид келадиган турли хил исломий оқимлар тарафдорларининг китоблари таржима қилиниб, кенг тарқатилар эди. Ушбу китобларни ўқиётганлар орасида тушунмовчиликлар юзага келарди, қарама-қаршиликлар пайдо бўларди. Шу сабабли вазиятни ўнглаш учун Шайх китобларининг таржималарини чоп этиш зарур эди.
Шуни таъкидлаш лозимки, уларнинг ўзбек тилида чоп этилган биринчи китобларидан кейиноқ Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф асарларини таржима қилишга эҳтиёж пайдо бўлди.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ва уларнинг сафдошлари илк бор ўтган асрнинг 90-йилларида рус тилига муқаддас Қуръоннинг маъноларини таржима қилишга киришишди. Ўрта Осиё мусулмонлари диний идорасининг рус тили бўйича мутахассислари гуруҳи «Тафсири Ҳилол»нинг 29- ва 30- пораларини таржима қилишди. Ушбу икки жилд чоп этилди, уларни кўпчилик ўқиб чиқди ва бу ишни маъқуллашди.
Ўша пайтларда ҳали мамлакатимиздан ташқаридаги катта ҳудуднинг эҳтиёжларини қондириш ва бошқа тилларда китобларни чоп этиш учун ҳали имкониятлар йўқ эди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг ўзбек тилидаги китобларнинг чоп этилиши ва кенг тарқатилиши йўлга қўйилганидан кейин бошқа тилларга китобларни таржима қилишга эътибор қаратиш учун ҳам имконият пайдо бўлди. Жойларда Шайхнинг айрим асарлари мустақил равишда озарбайжон, қозоқ, қирғиз, қўмиқ, тожик, туркман, татар ва рус тилларига таржима қилинаётганлиги тўғрисида хабарлар келиб туша бошлади. Кўпчилик аввалдан Шайхнинг шахсан рухсатларини олишар эди.
Секин-аста Шайх бошчиликларида таржимон ва муҳаррирлар гуруҳи тузилди, уларнинг китоблари рус тилида чоп этила бошланди.
Россия ва МДҲ мамлакатлари ҳудудида билим даражасини ошириш ва зиддиятларни бартараф этишга қаратилган чинакам исломий китобларнинг тарқатилиши, умуман олганда Ислом динининг мустаҳкамланиши, унинг тарафдорлари сони кўпайиши, ушбу тарафдорларнинг бирлиги ва бирдамлигига хизмат қилиши, шунингдек ўз билимларининг етарлича бўлмагани оқибатида Исломнинг васатийлик йўлидан оғганларни тўғри йўлга туриб олишига ёрдам бериши керак эди.
Амалиётнинг кўрсатишича, биринчи рус нашрларининг ўзиёқ Шайх эзгу ишларининг самарасини кўрсатиб бера олди. Буни кўпчилик тан олади.
– Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсинки, бугунги кунда давлат миқёсида буюк олим ва арбоб Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг хотираларига эҳтиром билдирилмоқда, – таъкидлади Шайхнинг ўғиллари Исмоил Муҳаммад Содиқ. – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббусларига кўра Тошкентда, бу ерда, бизнинг ёнимизда, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номи билан аталадиган, маърифат маркази билан биргаликдаги масжид мажмуаси жадал суръатларда бунёд этилмоқда.
Бизнинг шайхимиз ўз ҳаётларини Аллоҳ таолонинг ҳақиқий динига чақириш, пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллоллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларига эргашиш, мусулмонларнинг маърифатли бўлиши, билимларнинг тарқатилиши, ёшларнинг тарбияси, жамиятнинг мустаҳкамланишига бахшида этдилар.
Шайхнинг ишлари давом этмоқда.
Тантанали тадбирда меҳмонларнинг эътиборига рус тилидаги «Тафсири Ҳилол» китобининг ўн жилди ва бугунги кунда долзарблик касб этаётган «Бахтиёр оила» китобининг нашр этилган нусхалари тақдим этилди.












Islom.uz портали таҳририяти
Х асрнинг охири ва ХI асрнинг бошларида Хоразм ва Бухоро илмий муҳитида антик давр юнон фалсафаси ҳамда табиий фанлар меросини қайта кўриб чиқишга бўлган қизиқиш ниҳоятда кучайди. Аристотелнинг “Осмон ва олам ҳақида” ҳамда “Физика” асарларидаги айрим хулосалар ўша давр тадқиқотчилари томонидан сўзсиз ҳақиқат сифатида қабул қилинаётган бир пайтда, тахминан 24–26 ёшлардаги Беруний антик муаллифнинг айрим қарашларини амалий кузатув ва математик мантиқ ёрдамида шубҳа остига олди. Беруний ўз эътирозлари ва саволларини хат орқали Бухорода яшаб ижод қилаётган, ўша вақтда 17–19 ёшларда бўлган Ибн Синога юборди. Ушбу тарихий мулоқотнинг бизгача етиб келган матни Ибн Синонинг Беруний томонидан берилган саволларга қатор жавобларидан иборат. Манбашунос ва шарқшунос Ю.Завадовский ушбу қўлёзма матнини рус тилига ўгирган ва у илк бор 1957 йилда Тошкентда нашр этилган. Кейинчалик, 1973 йилда Беруний таваллудининг 1000 йиллик юбилейи муносабати билан фалсафа фанлари номзоди А.Шарипов томонидан тайёрланган қайта нашрда ушбу ёзишмаларнинг илмий аҳамияти янада аниқроқ ёритилган.
Берунийни Аристотель таълимотидаги баъзи физик қоидаларнинг кузатув ва тажрибага зид келиши алоҳида ташвишга солган эди. Хусусан, “Физика” бўлимига оид саволлар орасида моддаларнинг нур синдириши ва иссиқлик йиғиш хусусиятига оид аниқ тажриба баён қилинади. Хоразмлик олим думалоқ ва шаффоф шиша идишни олиб, уни сув билан тўлдирганда у биллур лупа каби қуёш нурларини бир нуқтага тўплаб, аланга олдириш хусусиятига эга бўлишини кўрсатиб ўтади. Агар ушбу идиш сув ўрнига ҳаво билан тўлдирилса, ҳеч қандай нур йиғилмайди ва олов ҳосил бўлмайди. Беруний Ибн Синога мурожаат қилиб, сувнинг бундай ўзига хос таъсир кўрсатиши сабабини ва нега айнан сув мавжуд бўлганда нурлар тўпланишини сўрайди. Шарқшунос А.Шарипов тадқиқотларида таъкидланганидек, бу каби саволлар Берунийнинг шунчаки назарий мулоҳаза юритмагани, балки аниқ физик ҳодисаларни тажрибада текшириб кўрганини тасдиқлайди.
Ибн Сино Берунийнинг бу саволига жавоб берар экан, сувнинг табиатан тиниқ, зич ва силлиқ жисм эканини, шу сабабли у ўзидан ўтаётган нурни акслантириш ва қайтариш хусусиятига эгалигини тушунтиради. Оптимика масалаларида олимлар ўртасидаги баҳс Платон ва Аристотель мактабларининг қарашларини қиёслаш даражасигача етиб боради. Ибн Сино кўриш жараёни кўздан нур чиқиши орқали юз бермайди деган Аристотель позициясини ҳимоя қилади ва бу борада Платон қарашларидан фарқли ёндашувни илгари суради.
Берунийнинг яна бир эътиборга лойиқ тажрибавий саволи сув ва музнинг зичлиги ҳамда оғирлиги ўртасидаги муносабатга бағишланган. Аристотель назариясига кўра, совуқ ва тошсимон қаттиқ шаклга эга бўлган муз ўз моҳиятига кўра тупроқ элементига яқинроқ бўлиши ва сув тубига чўкиши керак эди. Лекин Беруний амалиётда музнинг сув юзида сузиб юришини кўриб, бу ҳодисанинг физик сабабини сўрайди. Ибн Сино ўз жавобида сув музлаган пайтда унинг таркибида ҳаво зарралари қотиб қолишини ва айнан шу суюқлик ичидаги ҳаво пуфакчалари музни сув тубига чўкишига йўл қўймаслигини таъкидлайди. Ю.Завадовский томонидан ўрганилган ушбу оммавий мунозара ўша давр учун моддаларнинг физик ҳолати ва термодинамика бошланғич тушунчалари бўйича муҳим қадам эди.
Космология ва фазовий геометрия соҳасида ҳам Беруний Аристотель даъволарини жиддий синовдан ўтказади. Аристотель фазода осмон сфераси оғирликка ҳам, енгилликка ҳам эга эмас, чунки у марказга ёки марказдан атрофга ҳаракат қилмайди деб ҳисоблар эди. Беруний эса хаёлий тафаккур нуқтаи назаридан осмон жисми энг оғир жисмлардан бири бўлиши мумкинлигини, унинг марказга тушмаслиги унинг вазнсизлигини англатмаслигини илгари суради. Шунингдек, Беруний фазо шакли борасида ҳам тўхталиб, осмон сфераси мукаммал шарсимон бўлиши шартлиги, у тухумсимон ёки ясмиқсимон шаклда ҳам бўлиши мумкинлигини тахмин қилади. Ибн Сино эса геометрия ва физика далилларини келтириб, агар сфера шарсимон бўлмаса, унинг ҳаракати пайтида бўшлиқ ҳосил бўлиши заруриятини исботлашга уринади.
Аристотелнинг фазода оламнинг ўнг ва чап томонлари ҳақидаги қарашлари ҳам Берунийнинг кескин танқидига учрайди. Аристотель жисмнинг ўнг томони ҳаракат бошланадиган жой деб таъриф бериб, кейинчалик Осмон ҳаракати шарқдан бошланади, демак Шарқ – бу ўнг томон деган хулоса чиқарган эди. Беруний бундай хулоса чиқариш логикада “мантиқий айлана” хатолигига олиб келишини кўрсатиб ўтади. Ибн Сино ўз жавобида Аристотель осмон сферасини тирик жисм сифатида тасаввур қилганини айтиб, антик муаллиф мантиғини ҳимоя қилишга ҳаракат қилади.
Ушбу ёзишмалар матни Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг 2385-рақамли қўлёзмалар фондида сақланиб қолган. Мазкур манбанинг бизгача етиб келишида хатларни кўчириб ёзган фақиҳ Маъсумийнинг хизмати борлиги хат охиридаги қайдларда эслатиб ўтилади. Ю.Завадовский ва А.Шарипов тадқиқотлари шуни кўрсатадики, ХI аср бошидаги бу илмий баҳс нафақат икки мутафаккирнинг шахсий мулоқоти, балки Туронда табиатшунослик фанлари ва кузатув тажрибаларига асосланган янги илмий услуб шаклланганининг тарихий исботидир.
Беруний ва Ибн Сино ўртасидаги ёзишмалар Х-ХI асрларда Хоразм ва Бухорода шаклланган илмий тафаккур даражаси антик давр фалсафасини шунчаки ўзлаштириш билан чекланмай, уни аниқ тажриба ва мантиқий таҳлил воситасида танқидий қайта кўриб чиқиш босқичига кўтарилганини англатади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати