Ҳазрат Навоий ўз ижоди учун танлаган тил ўзбек тили бўлгани эътиборидан ўзбек шоири, ўзбек шеърияти мулкининг султони ҳисобланади. Аммо у кишининг асарларининг асл манбаларига назар солинса, уларнинг булоғини суриштирилса, «Навоий – буюк Ислом шоири» экани аниқ равшан бўлади.
Шоирнинг обрўси шу қадар юқори эдики, ҳунармандлар ўз маҳсулотларининг бозоргир бўлиши учун Навоийнинг номи билан атар эдилар.
Навоийнинг қулоғи оғриб қолади ва рўмол боғлаб юради. Буни кўрган Ҳирот аёллари рўмолларини қийшайтириб ўраб, бу усулни “Нози Алишерий” деб атайдилар.
Ҳусайн Бойқаро Алишер Навоийни шундай улуғлайди:
Эрур сўз мулкининг қаҳрамони,
Эрур гар чин десанг — соҳибқирони.
Ҳазратнинг деярли барча асарларида ояту-ҳадисларнинг, айниқса ислом тасаввуфининг, исломий ҳикматнинг ифори шундоқ уфуриб туради.
Мовароуннаҳр маданий-маънавий муҳитида Алишер Навоий Қуръон илмлари, жумладан тафсир илмини ривожлантириш мақсадида мазкур соҳага ўз даврининг етук олим ва муфассирларини жалб қилган ҳамда уларга ҳомийлик ҳам килганлар.
Ҳазрат Навоий ўз асарларида Қуръони каримдан ҳам кенг фойдаланган. Унинг “Хамса”, “Ситтаи зарурия”, “Насойим ал-муҳаббат”, “Тарихи анбиё ва ҳукамо”, “Сирож ал-муслимин” каби асарларида, умуман назм ва насрдаги ёзма меросида ислом масалалари бўйича кўп ҳолларда Қуръон оятларига асосланган мулоҳазалар баён қилинганини кўриш мумкин.
Ҳусайн Воиз Кошифийнинг илмий фаолиятига назар соладиган бўлсак, у зотнинг қаламига мансуб “Жавоҳир ат-тафсир” ва “Мавоҳиби Алийя” асарлари бевосита Алишер Навоийнинг таклифи ва ҳомийлиги остида ёзилган.
Навоий катта мулкдор бўлиб, бойлик ва унга кишининг муносабати қандай бўлишини ўз ҳаётларида кўрсатиб бердилар.Ўзларига тегишли боғлар экин майдонлари ва дўконлардан катта миқдорда даромад олганлар ва бу даромадларнинг деярли ҳаммасини инсонпарварлик, халқпарварлик ва ободончилик мақсадларига сарфлаган.
Макоримул ахлоқда Хондамир ҳазрат Навоий қурдирган иншаотларни келтиради. Жумладан 40 дан ошиқ работлар, 30 га яқин ҳовузлар, 20 дан ортиқ кўприк, 9 та ҳаммом,
Навоий Қуръони карим таъсири борасида «Тарихи анбиё ва ҳукамо» асарини ёзган. Одам атодан тортиб, Нуҳ, Исо, Яъқуб, Сулаймон, Юсуф, Довуд ва бошқа пайғамбарлар ҳақида маълумотлар берилади.
Навоий Қуръони карим таъсирида «Сирож-ул муслимин» номли китоб ёзади. Бу китобда шариат аҳкомларини, Аллоҳнинг саккиз сифатини англатганидан сўнг, Ислом асосларини назмда баён этади.
Ҳазрат Навоий бутун ҳаёти ва ижодини Қуръон оятлари, ҳадислар асосига қурган комил мусулмоннинг ибратли намунасидир.
Шоир ҳамиша Қуръон ўқишни ва унга амал қилишни комилликнинг асосий шарти деб тушунади.
Олам эли ичра гар гадо, гар шоҳ эрур,
Не дардки, ул кўнгли аро ҳамроҳ эрур.
Қуръонни тиловат этсун ар огоҳ эрур,
Эл кўнглига чун даво Каломуллоҳ эрур.
Навоий уч марта ҳаж сафарига отланган. Икки марта шоҳ турли баҳоналар билан рухсат бермагач, учинчи марта юзма-юз айтишга андиша қилган ҳолларида гапларини хат орқали баён қилади. Ҳусайн Бойқаро ҳам Навоийга хат орқали жавоб беради.
Жумладан, бундай дейди:
«Сиз Хуросонда турар экансиз, ҳар қандай илтимосингиз бўлса, ҳурмат билан қабул қилинади. Мен шуни жуда аниқ биламанки, агар бу давлат сизнинг шарофатли вужудингиздан ҳоли бўлса, айрим шахслар ва халқ орасидаги ўзбошимчалик аҳвол ихтилофга айланиб кетади».
Унинг қувваи ҳофизаси жуда кучли эди. Шоир болалигида Қуръондан ташқари Фаридуддин Атторнинг «Мантиқут тайр» достонини ҳам ёд олган. Навоий йигитлик чоғлари 50 минг байт ғазални ёд билган.
Шоир ижодида Қуръон ва ҳадис ифодаси.
وَنُنزلُ مِنَ الْقُرْآنِ مَا هُوَ شِفَاءٌ وَرَحْمَةٌ لِلْمُؤْمِنِينَ وَلا يَزِيدُ الظَّالِمِينَ إِلا خَسَارًا } الإسراء: 82
Бил, кўнгулга истасанг шифони ўқумоқ,
Ким келди кўнгул шифоси они ўқумоқ,
Абдурраҳмон Жомий раҳматуллоҳи алайҳ форс тилида «Арбаъин» тузиб, унда фазилатли амалларга доир қирқта ҳадисни шеърий тўртликлар билан таржима қилган. Кейинроқ у кишининг хос шогирди, мумтоз шоир Мир Алишер Навоий ҳам устоз йўлидан бориб, ўзининг «Арбаъин» асарини битган.
Унинг энг кўзга кўринган асари, шубҳасиз, «Арбаъин» китобидир.
عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «الْمُسْلِمُ مَنْ سَلِمَ الْمُسْلِمُونَ مِنْ لِسَانِهِ وَيَدِهِ». مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мусулмонлар унинг тили ва қўлидан омонда бўлган киши мусулмондир», дедилар».
Шоир ёзади:
Ким мусулмонлиғ айласа даъво,
Чин эмас гар фидо қилур жонлар.
Ул мусулмондурурки, солимдур.
Тилию илгидин мусулмонлар.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «وَالْكَلِمَةُ الطَّيِّبَةُ صَدَقَةٌ». مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ва яхши сўз ҳам садақадир », дедилар».
Шоир ёзади:
Яхши сўз бирла ҳожат аҳлин сўр,
Бермасанг яхши тўъмадин нафақа.
Не учунким Расул қавли билан
Яхши сўз бордур ўйлаким садақа.
Хулоса шулки,
Аристотель, Суқрот, Афлотун, Софокл ўз ижодлари сабаб она тилларини Оврўпада мумтоз қилдилар.
Шарқ оламида форс-тожик адабий тилини Фирдавсий, Низомий, Жомий каби достоннавислар, Саъдий Шерозий, Хўжа Ҳофиз каби ғазалнавислар, Фаридиддин Аттор каби тасаввуф устозлари мумтозлик даражасига кўтарган эдилар.
Туркийзабон адабиётда эса «Насойим ул-муҳаббат», «Маҳбуб ул-қулуб», «Муҳокамат ул-луғатайн» каба асарларни ёзилиши билан Ҳазрат Алишер Навоий ўзбек тилини мумтозлик чўққиларига олиб чиқдилар. Ҳаттоки иш юритишга оид юридик тилнинг мумтоз намунасини биринчи бўлиб Алишер Навоий «Вақфия» асарида шакллантириб бердилар.
Мумтозлик — чиндан ҳам мисли йўқ нодир бир афзалиятки, ғарб адабиётларидаги «классика» деган тушунчаси мос келади.
Аристотель ва Платон каби қадимги юнон алломаларининг асарлари ўз ватанларида йўқолиб кетади. Классик юнон тили янги Грецияда истеъмолдан чиқди. Классик лотин тили ҳам «ўлик» тилга айланади, фақат илм-фан ва тиббиётда терминлари қолди халос.
Бизнинг мумтозадабиётимизнинг нодир дурдоналари шукрлар бўлсинки қўлимизда. Бугун уни асраб авайлаш баробарида китобхон ҳалқимизга етказишимиз зарур.
2011 йилда Ғофур Ғулом нашриётидан ўн жилдлик тўлиқ тўплами чиқди. Лекин бу борада ишларимиз кўламини кенгайтиришимиз керак. Айнан шу тўлиқ тўпламни тўлалигича электрон кўринишда ҳам интернет тармоғига жойлаштириш муҳим ишларимиздан.
Бир гуруҳ адабиётшунос олимлар Алишер Навоий қомусий луғати устида самарали меҳнат қилдилар.
Навоий «Хамса»сининг ёзилганига беш юз йилдан ортиқ вақт ўтди. Шу асрлар давомида унинг айтганлари чиндан ҳам эл-юртга марғуб, кўнгилларга маҳбуб бўлди.
Деганимни улусқа марғуб эт!
Ёзғонимни кўнгулга маҳбуб эт!
Навоий асарларида ёр, дилдор, дилбар, гулрў- Аллоҳ ва унинг расули
Жом-орифнинг қалби.
Майхона -ҳонақоҳ ёки пир ҳузури.
Мастлик -Аллоҳ ва унинг расулига ошиқлиқ ва шу муҳаббат ила ҳузурланиш.
Фейсбук ижтимоий тармоғида бир гуруҳ ёшлар ҳазрат Навоийнинг уйланмаганлари ҳақида бахс юритмоқдалар. Шу масалада тортишганларини кўрдим. Ҳатто нолойиқ фикрлар билдирилган. Уларнинг ичида масалага ҳазил билан қараганлар ҳам учради.
Ёки «Келмади» ғазали остидаги комментларни ўқисангиз ачинасиз. Ҳатто баъзи адабиётшунослар “гулрў келмади” ни кўз ёшим келмади деб талқин қилибдилар
Кеча келгумдур дебон Ул сарви гулрў келмади,
Кўзларимга кеча тонг Отгунча уйқу келмади.
Демак бугун Навоийни чин маънода англаш даври келди.
Раҳимберди Раҳмонов, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби
Бугуннинг гапи
“Уч хонали хонадонимни таъмирлатиш учун икки ой муддатга келишиб уста туширгандим, олти ойда зўрға чала-чулпа қилиб ишини тугатди...”
“Усталар нега бунақа-а? Уйини таъмирлатиб, усталардан розиман, деган одамни учратмадим...”
“Кўпчилиги одамга фириб беради: ишни вақтида бажармайди, таъмир ишлари тугагач, бошида келишилган нархдан икки баробар кўп маблағ сўрайди...”
Юқоридаги гаплар – уйини, хонадонини таъмирлатиб, усталардан куйган кишиларнинг дод-фарёдлари.
Бугунги кунда жамиятда айрим усталарнинг ўз ишини виждонан бажармаслиги, сифатсиз материаллар ишлатиши, вақтни чўзиши ёки турли найранглар билан буюртмачини алдаши, афсуски, кўпчиликни ташвишга солиш баробарида шу касб эгаларига нисбатан ишончнинг сусайишига ёки бутунлай йўқолишига олиб келяпти.
Яхши ниятда уйини, хонадонини таъмирлатмоқчи бўлган киши уста ишлатган танишларидан сўраб-суриштириши тайин. Яқинда мен ҳам хонадонимни таъмирлатмоқчи бўлиб уста изладим. Таниш-билишлардан, дўстларимдан сўрасам, ярмидан кўпи усталардан нолиди. Бу ҳолат нафақат молиявий зарар, айни пайтда инсонлар ўртасидаги ишончнинг йўқолишига ҳам сабаб бўлмяптими?!
Ислом таълимотида ҳалол меҳнат, омонатдорлик ва ростгўйлик юксак фазилат экани таъкидланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Дарҳақиқат, Аллоҳ омонатни ўз эгаларига топширишингиз ва одамлар ўртасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишингизга буюрар. Албатта, Аллоҳ сизларга яхшигина насиҳат қилур. Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи Зотдир” (Нисо сураси, 58-оят).
Усталик – яхши касб. Уста омонатдор бўлса, одамларнинг ҳожатини раво қилади, кўпга фойдаси тегади. Буюртмачи ўз молини, маблағини устага ишониб топширади. Уста шу ишончни оқлаши, ишни пухта ва виждонан бажариши шарт.
Уй – инсоннинг бошпанаси. Унинг ҳар бир ғишти эзгу ният билан қўйилади, ҳар бир девори умид билан кўтарилади. Аммо, афсуски, баъзан айрим усталар иморат қуриш ёки таъмирлашда найранг қиладилар. Уста ташқи томондан деворни силлиқ сувайди, аммо ичидаги ёриқларни беркитади. Бўёқнинг ялтироғи кўзни қувнатади, лекин ортидаги нуқсон вақт ўтиши билан кўзга ташланади.
Янги таъмирланган хонадондан ҳали бўёқ ҳиди кетмай туриб шифтда ёриқлар пайдо бўлади, эшиклар қийшайиб қолади, пол эса ғичирлаб иморат эгасининг асабини бузади. Буюртмачи устага берган маблағига ичи ачийди.
Баъзи усталар сифатли қурилиш материали олиш учун берилган пулга арзон маҳсулот сотиб олади. Қолган маблағни эса “меҳнат ҳақим” деб ўмаради. Цементга қумни ортиқча қўшади, темир ёки арматурани ингичкароғига алмаштиради, мис симлар ўрнига альюминини тортади.
Яна шундай усталар ҳам борки, бир ҳафтада тугатишга келишилган ишни бир ойгача чўзади. Баҳона ҳам тайёр: “Материал келмади”, “Ёрдамчим бетоб бўлиб қолди”, “Эртага тугатиб берамиз” ва ҳоказо.
Энг ёмони, устанинг қўлидан чиққан уй бир йил ўтар-ўтмас яна таъмирга муҳтож бўлиб қолади. Бу ҳунар эмас, ҳийладир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бизни алдаса, биздан эмас”, деганлар (Имом Муслим ривояти). Бу ҳадис ҳар қандай соҳадаги фирибгарликни қамраб олади. Агар уста арзон ёки сифатсиз материални қимматбаҳо деб кўрсатса, ишни атайлаб чала бажарса ёки кейин яна таъмирга муҳтож бўладиган қилиб ишласа, бу алдамчиликдан, фирибгарликдан бошқа нарса эмас. Афсуски, бугун кўпчилик усталар ҳийла ва найрангни касб қилиб олганлар. Бунинг оқибатида на ўзлари барака топадилар, на буюртмачи уларга берган маблағига рози бўлади.
Ҳақиқий уста, ўз ишини виждонан қиладиган киши бошқача бўлади. У ҳар бир ишини бекаму кўст бажаради. Чунки у одамлардан яширган нуқсонни, албатта, Аллоҳ таоло кўриб, билиб туришини яхши англайди. Ундай усталар ўзларига Аллоҳ таолонинг: “Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради” (Бақара сураси, 195) оятини ҳамда Набий алайҳиссаломнинг: “Аллоҳ таоло ўз ишини чиройли, пухта қиладиган кишини яхши кўради” (Имом Табароний ривояти), деган муборак ҳадисларини ўзларига шиор қилиб олган бўладилар. Лекин, афсуски, ҳозир бундай усталарни топиш амримаҳол. Борлари ҳам “қўлма-қўл”.
Омонатдор усталар қурган уйлар, йиллар ўтса ҳам, яхшилик билан эсланади. Уларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилинади. Биргина мисол, бизнинг Сангижумон қишлоғимиздаги кўп уйларни пачирлик уста Турдимурод бобо (Аллоҳ маконини жаннат қилсин!) қурган. Ўша пайтларда (1960–1990 йиллар) вассажуфт қилинган шифтларга устанинг иморатни қуриб битирган санасини битиш анъана бўлган. Ҳар сафар қишлоққа бориб уйга кирсам, уста бобонинг “имзоси”га кўзиб тушади ва Қуръони карим оятларидан тиловат қилиб, у кишининг руҳларига бағишлайман.
Бугун баъзи усталарнинг ишни келишилган муддатда тугатмаслиги; сифатсиз қурилиш материалларидан фойдаланиши; нархни асоссиз ошириши; камчиликларни яшириши; бир неча ой ўтиб яна таъмир қилишга мажбур бўладиган даражада иш тутиши катта гуноҳдир. Бундай хатти-ҳаракатлар оқибатида буюртмачи моддий зарар кўради, асабийлашади, вақт йўқотади ва энг ачинарлиси, одамлар ўртасидаги ишонч сусаяди.
Ҳалол ризқнинг баракаси унинг кўплигида эмас, балки поклигидадир. Алдамчилик билан, ҳийла-найранг ишлатиб топилган маблағ фойда бўлиб кўринса-да, унда барака бўлмайди. Шунинг учун ҳар бир уста ўз қўли билан топаётган ризқининг ҳалоллиги ҳақида ўйлаши, ҳар бир мих, ҳар бир ғишт, ҳар бир сим ёки ҳар бир таъмир учун қиёмат куни ҳисоб берилишини унутмаслиги керак.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ:
Ўттиз фоиз ҳақиқий усталар бор. Улар ўз касби билан фахрланади. Гуруҳлари бор, шогирдлари, устозлари бор. Ҳаммасини қойиллатиб, асбоб-анжомларини чиройли қилиб қўйишган. Шартнопмани тузади, вақтида ишга келади, белгиланган муддатда қурилишни ёки таъмир ишларини тугатади, иш ҳақини олиб кетади. Буюртмачи ҳам рози, уста ҳам рози. Бундай кишиларнинг ишида унум, барака бўлади. Топган пуллари баракали бўлади.
Ҳақиқий уста фақат қурилиш ёки таъмирлашни эмас, балки одамларнинг ишончини ҳам қозонади. Виждон билан қилинган ҳар бир иш ибодатга айланади. Алдамчилик ва найранг билан бажарилган иш эса вақтинчалик фойда келтирса ҳам, дунёда обрўни тўкади, ризқ қийилишига сабаб бўлади, охиратда эса жавобгарликни келтиради.
Толибжон НИЗОМ