Баъзан инсон ҳаётида турли хил синовларга йўлиқади. Масалан: деҳқон деҳқончилигидан, тижоратчи тижоратидан ва яна бошқа бир инсон касби ила қийин аҳволга рўбарў бўлиши, уйи ёниб кетиши ёки ўғри тушиб хеч вақосиз қолиши мумкин. Бундай ҳолларда киши нима қилишини билмай, ғам-ғуссага тушиб қолади. Бу Аллоҳнинг синови албатта.
Шунда инсон бу ҳолатдан чиқиш йўлларини излайди, ҳаракат қилади. Бироқ, йўл топа олмагач, бирор-бир яқин дўсти, қариндоши ёки қўшнисидан маълум муддатга қарз сўрашга мажбур бўлади.
Хўп бундай пайтда қарз олувчи ва қарз берувчи нималарга эътибор бериши керак?
Келинг аввало қарз берувчи ҳақида билиб олсак!
Қарз берувчи шуни яхши билсинки, аввало Аллоҳ таоло унга қарз берадиган даражада дунё берибди ва агар қарз берса, қарз бериб туриш ила бир инсоннинг оғирини енгил қилишга сабабчи қилибди ҳамда қарз бергани учун улкан ажрларга эга бўлишни насиб қилибди.
Ҳадисларни умум қилиб айтганда, қарз бериб, бир инсоннинг оғирини енгил қилса, Аллоҳ таоло қиёматда унинг оғирини енгил қилиши, қарз бериб турувчига қарздор қарзини бергунича ҳар куни учун садақа қилувчининг савоби берилиши, қарз бериш ила ердагиларга раҳм қилгани учун унга осмондагилар раҳм қилиши, агар қарзни қарздордан кечиб юборса, Аллоҳ унинг гуноҳларини кечиб юбориши каби бир қанча қарз берувчига бериладиган фазллар бор.
Демак, қарз берувчи ушбу ниятлар ила қарз берса, унга улкан ажрлар берилар экан.
Энди қарз олувчига таъаллуқли бўлган масалаларни билиб олсак!
Аввало инсон Аллоҳ таолодан ҳаётида қарздор бўлиб қолишидан паноҳ сўрамоғи лозим. Зотан ҳадисда айтилинганидек, қарздор инсон қарзини ўз вақтида адо қила олмагач кўп ёлғон гапиради ва ваъда қилса хилоф қилади.
Агар инсон қарз олишга мажбур бўлиб қолсаю, уни албатта қайтариш нияти билан олса, Аллоҳ таоло унга қарзини адо қилишда ёрдам беради. Агар мақсади қайтиб бермаслик, чув тушириш, синдириш ва эгасини оғир аҳволга тушириш бўлса, Аллоҳ таоло унинг дунёсига талофат беради ва унинг ўзини бундан баттар ҳолатга тушириб қўяди.
Мақсади бузуқ бўлган қарз олувчилар шуни билсинким, ҳадисларда агар инсон қарзини узмасдан вафот этса, унинг номидан ҳам ҳеч ким қарзни адо қилмаса, у икки ўртада қолиши, ҳатто шаҳид одам ҳам қарзини узмаган бўлса, уни фақатгина қарзи жаннатдан тўсиб туради, дейилади.
Аллоҳ таоло барча қарз берувиларга бу дунё ва охиратда улкан ажрлар берсин. Қарз олганларга эса, касбларига барака берсину, қарзларини тезда адо қилишга Ўзи ёрдамчи бўлсин. Қарз бериб, қарздорларга нисбатан раҳм қилиб вақтини яна чўзиб турганлар ёки кечиб юборганларга Аллоҳ аолонинг ўзи раҳм қилсин.
Манбалар асосида Тошкент Ислом институти ўқитувчиси Абдураҳманов Яҳё
Инсонга меҳр кўрсатиш, муҳтожнинг ҳолидан хабар олиш, беморга тасалли бериш ва эҳтиёжмандларга кўмак қўлини чўзиш халқимиз маънавиятининг азалий фазилатларидандир. Ислом таълимотида ҳам саховат, меҳр-оқибат ва инсон қадрини улуғлаш энг улуғ амаллардан бири сифатида эътироф этилган. Чунки бир инсоннинг кўнглини кўтариш, унинг қалбига умид ва ишонч бағишлаш жамиятда меҳр-муҳаббат, ҳамжиҳатлик ва тотувликни мустаҳкамлайди.
Шу эзгу қадриятларни ҳаётга татбиқ этиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш ва юртдошларимиз қалбида меҳр-шафқат туйғуларини янада кучайтириш мақсадида 2026 йил 13 август куни Самарқанд вилояти Ургут туманида кенг кўламли маънавий-маърифий ҳамда хайр-саховат тадбирлари ўтказилди.
Мазкур хайрли тадбирларда Самарқанд вилояти бош имом-хатиби вазифасини вақтинча бажарувчи Нурсултонхон домла Абдуманнонов, вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Саттаров, ВАҚФ хайрия жамоат фонди Самарқанд вилояти филиали раҳбари Ёқубжон домла Мансуров, унинг ўринбосари А.Султонов, шаҳар ва туман бош имом-хатиблари, «Ҳаж–2026» зиёратчилари, маҳалла фаоллари ва нуронийлар иштирок этдилар.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилган ушбу хайрли акция доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган ва боқувчисидан айрилган 300 та оила ҳолидан хабар олинди. Уларнинг хонадонларига ташриф буюрилиб, турмуш шароитлари ўрганилди, оилаларга зарур озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.
Ташрифлар давомида бемор ва кексаларнинг ҳолидан хабар олиниб, улар билан самимий суҳбатлар ўтказилди. Уларнинг ҳаққига шифо, хонадонларига файзу барака, юртимизга тинчлик-хотиржамлик тилаб дуолар қилинди. Зеро, муҳтожнинг кўнглини кўтариш ва уни ёлғиз эмаслигини ҳис эттириш ҳам инсонпарварликнинг юксак кўринишидир.
Шу билан бирга, ҳаётида турли ижтимоий қийинчиликларга дуч келган ҳамда ёт ғоялар таъсирига тушиб қолиш хавфи мавжуд бўлган айрим фуқаролар билан якка тартибда мулоқотлар ташкил этилди. Суҳбатларда соф эътиқод, оила муқаддаслиги, фарзанд тарбияси, ҳалол меҳнат, Ватанга садоқат, миллий ва диний қадриятларга ҳурмат, шунингдек, турли бузғунчи ғояларга нисбатан маънавий иммунитетни мустаҳкамлаш масалалари ҳаётий мисоллар асосида тушунтирилди.
Тадбирлар доирасида Ургут туманидаги жоме масжидларда пешин намозидан сўнг маънавий-маърифий учрашувлар ҳам ўтказилди. Уларда меҳр-оқибат, қўни-қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва диний қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш, оила тинчлигини асраш, жамиятда ўзаро ҳурмат ва аҳиллик муҳитини қарор топтириш каби долзарб мавзулар атрофлича ёритилди.
Учрашувлар якунида мамлакатимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, Ватанимиз равнақи ва ёш авлоднинг илмли, одобли ҳамда ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етиши ҳақида хайрли дуолар қилинди.
Бугун юртимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятда меҳр-саховат ва ўзаро ғамхўрлик муҳитини қарор топтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ургут туманида ўтказилган мазкур хайрли тадбирлар ҳам ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилиб, аҳоли ўртасида ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва инсонпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлади.
Меҳр бор жойда ишонч, саховат бор жойда барака, инсон қадри улуғланган жамиятда эса тинчлик ва фаровонлик қарор топади. Ана шундай эзгу амаллар халқимиз ўртасидаги бирдамлик ришталарини мустаҳкамлаб, юртимизнинг янада обод ва файзли бўлишига хизмат қилади.
Самарқанд вилояти вакиллиги матбуот хизмати