Ўтган 27 январь куни Миср давлатида хизмат сафарида бўлиб турган Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим мудирлари Муҳаммад Аюбхон домла Ҳомидов ва Камолиддин Маҳкамов Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси вакиллари ҳамрохлигида Искандария шаҳридаги “Искандария” кутубхонаси фаолияти билан яқиндан танишиб, бой тажрибаларни ўзлаштирдилар.
Маълум бўлишича, Искандария кутубхонасида 2 млн. 310 мингдан зиёд қўлёзма, тошбосма ва бошқа асарлар мавжуд. Кутубхона қўлёзмалар маркази мудири Мидҳат Ийса, қўлёзмаларни таъмирлаш бўлими бошлиғи Воил Муҳаммад Иброҳим ва қадимий асарларга кимёвий ишлов бериш бўлими бошлиғи Ҳусом ад-Дийб билан мулоқотлар ўтказилиб, фойдали маълумотларни қўлга киритилди.
Учрашувларда мисрлик мутахассислар ўзбекистонлик масъул ходимларга қўлёзма ва тошбосма асарларни сақлаш, кимёвий текширувлар ўтказиш, китобларни таъмирлаш, қўлёзма ва тошбосма асарлардан электрон нусха олиш ҳамда фойдаланиш тартиблари ҳақида батафсил гапириб бердилар.
28 январь куни эса мутахассисларимиз Қоҳира шаҳридаги Миллий кутубхона ва Давлат бош архиви фаолияти билан яқиндан танишдилар. Ушбу фондда “Усмон Мусҳафи” ҳамда қўлёзма ва тошбосма асарлар сақланар экан. Кутубхона ходимлари ўзбекистонлик мутахассисларга қўлёзма ва тошбосма асарларнинг сақланиши, кимёвий ишловлар бериш, китобларни таъмирлаш босқичлари ва нодир асарлар учун махсус қоғозлар тайёрлаш тартиблари ҳақида атрофлича маълумотлар бердилар.
Миср сафари давом этмоқда
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Cавол: Намозларни уйда жамоат бўлиб ўқиш билан масжидда жамоат билан ўқишнинг фарқи борми ёки савоби бир хил бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бир хил бўлмайди. Сабаби масжидга боришнинг фазилати ҳақида кўплаб ҳадислар келган. Киши уйида жамоат бўлиб ўқишда жамоатга бериладиган савобга эришса, масжидга борганда жамоатга бериладиган савоблар билан бирга масжидга бориш ажру савобига ҳам эга бўлади. Зеро, ихлос билан уйидан покланиб, намозни адо қилиш учун йўлга чиққан кишининг бир қадам ташлаши билан хатоси ўчирилса, яна бошқаси билан даражаси кўтарилади (“Саҳиҳи Муслим” ва “Фатовои Қозихон” китоблари). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.