Инсон фарзандида мавжуд бўлган салбий ҳислатларнинг энг ёмони бу ўзгаларга нисбатан қалбида кин ва адоват, ҳасад ёки нафрат, бадгумонлик ва ғиллу-ғашликнинг бўлишлигидир.
Аллоҳ таоло бизларни бир-биримизга нисбатан самимий бўлишга буюриб, қалбимиздан ҳасад ва ғиллу ғашларни чиқариб ташлашга буюради. Бу бежиз эмас албатта. Чунки, бу дунёдаги энг оғир жиноятлар ва катта гуноҳларнинг содир бўлишлигига айнан шу хислатлар сабаб бўлади.
Ҳакимлар айтадилар: “Ҳасаддан сақланинглар! Чунки ҳасад осмонда Аллоҳ таолога осий бўлишга сабаб бўлган биринчи гуноҳдир ва ерда ҳам биринчи осий бўлишга сабаб бўлган гуноҳдир”. Бу сўзнинг маъноси шуки, Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни яратиб, фаришталарни унга сажда қилишга буюрган пайтда иблис алайҳилаъна Одамга ҳасад билан қаради ва сажда қилишдан кибр ила бош тортди. Қолаверса, Одам алайҳиссаломнинг икки ўғли Қобил ва Ҳобилга Аллоҳ таоло қурбонлик қилишга буюрди ва улардан Ҳобилнинг қурбонлигини қабул қилганини билдирди. Шундай сўнг, Қобилнинг қалбида Ҳобилга нисбатан пайдо бўлган ҳасад оҳир-оқибат уни ўлдиришгача олиб борди.
Ҳасаднинг яна бир хатари шуки, у инсоннинг қилган солиҳ амаллари ва яхшиликларининг савоби кетиб қолишига сабаб бўлади. Бу ҳақда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Ҳасаддан сақланинглар. Чунки олов ўтин ёки ўт-ҳашакларни еганидек, ҳасад ҳам яхши амалларни еб қўяди”. (Абу Довуд ривояти) Яъни, ловуллаб ёнаётган оловга тушган ўтин ёки хас-ҳашакларнинг омон қолиши мумкин бўлмаганидек, ҳасад домига тушган кишининг яхшиликлари ҳам ҳасад сабабли содир бўладиган турли гуноҳлар сабабли ҳабата бўлиб кетаверади.
Ҳасад шундай ҳислатки, у инсонни доимо ғам билан, хафа холатда яшашга мажбур қилади. Муофия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу ўғлига насиҳат қилиб айтади: “Эй ўғилгинам, ҳасаддан сақлангин. Чунки у сенинг душманингга етмасдан, сенинг ўзингга билинади”. Аҳнаф ибн Қайс эса бундай дейди: “Ҳасад қилувчилар учун роҳат йўқдир”.
Ҳасад сабабли инсон қалбида нафрат, ичқоралик ва адоват пайдо бўлади. Ваҳоланки, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни бир-биримизга нисбатан нафратланмасликка, душманлик қилмасликка чақирганлар.
Анас ибн Моликдан (р.а.) ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир-бирингизни ёмон кўрманг. Бир-бирингизга ҳасад қилманг. Бир-бирларингизга орқа ўгириб кетманг. Ҳамда бир-бирларингиздан алоқа узманг. Эй Аллоҳнинг бандалари! Бир-бирларингизга биродар бўлинглар. Мусулмон киши бошқа бир мусулмон билан уч кун гаплашмасдан юриши ҳалол эмас”, дедилар. (Муттафақун алайҳ)
Ҳасад ва нафрат шундай ёмон хислатки, Аллоҳ таоло нафақат нафратланмасликка, балки, мана шу ҳислатни кетказишни сўраб дуо қилишга ҳам буюради. Айтадики: “Улардан кейин келганлар: “Эй Роббимиз! Бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, иймон келтирганларга қалбимизда нафрат (пайдо) қилмагин. Эй Роббимиз, албатта, Сен шафқатли ва меҳрибонсан”, дерлар”. (Ҳашр, 10)
Бошқа оятларда эса Аллоҳ таоло жаннатий бандаларини жаннатдаги ҳолатларини сифатлаб шундай дейди: “Ва кўксиларидан ғиллу – ғашларни чиқариб олдик, остиларидан анҳорлар оқиб турибди...”. ( Аъроф, 43)
“ Уларнинг дилларидаги ғиллу – ғашларни чиқариб ташладик. Сўриларда бир-бирларига боқиб, дўст бўлган ҳолларида ўлтирурлар ”. (Ҳижр, 47)
Ушбу оятлардан маълум бўладики, инсон қалбида бошқа мусулмонларга нисбатан нафрат, адоват ва ғиллу – ғаштнинг бўлмаслиги, жаннат аҳлига берилган мукофотдан насиба экан.
Демак, ҳар биримиз бу хунук сифатлардан эхтиёт бўлишимиз, ўзга мусулмонларга нисбатан софдил ва самимий бўлишимиз зарур экан. Зеро, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Анас розияллоҳу анҳуга қилган илк насиҳатлари ичида ушбу муборак сўзлар бор эди: “ Эй Анас! Ислом кишисидан биронтасига қалбингда душманлик бўла туриб кундуз ва кечани ўтказмагин. Албатта, бу менинг суннатим ва ким менинг суннатимни ушласа, мени яхши кўрибди ва ким мени яхши кўрса, у мен билан жаннатда бирга бўлади ”. (Ибн Ҳиббон ривояти)
Тошкент шаҳридаги “Мевазор” масжиди имом-ноиби: Исломов Ёрбек
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу ўлдирилганларидан кейин мусулмонлар ҳазрати Алий розияллоҳу анҳуни ўзларига раҳбар қилиб сайладилар. У киши буни рад этдилар, лекин саҳобалар маҳкам туриб олишди. Улар ўзлари кириб қолган боши берк кўчадан чиқишлари учун Алий розияллоҳу анҳунинг раҳбарлиги зарурлигини яхши билишар эди. Мадинаи мунавварадаги аҳвол жуда ҳам оғирлашган, йўлдан озганлар ушбу шаҳарга эга чиқиб олишган эди. Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу ўзлари қизиқмасалар ҳам, халифаликни қабул қилиб олдилар.
Имом Табарий Муҳаммад ибн Ҳанафийядан ривоят қиладилар: «Усмон розияллоҳу анҳу ўлдирилганида, отам билан бирга уйда эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари келиб, ҳазрати Алий розияллоҳу анҳуга: «Бу киши (яъни Усмон розияллоҳу анҳу) ўлдирилди. Одамларга имом (раҳбар) лозим. Бугунги кунда бу ишга сиздан кўра ҳақли одам йўқ. Сиздан аввал Исломга кирган ҳам, сиздан кўра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқин ҳам йўқ», дедилар.
Ҳазрати Алий: «Ундай қилманглар. Мен учун вазир бўлганим амир бўлганимдан яхшидир», деди.
Одамлар: «Аллоҳга қасамки, сизга байъат қилмасдан қўймаймиз», дейишди.
Ҳазрати Алий: «Ундай бўлса, масжидда. Менга байъат махфий бўлмаслиги, фақат мусулмонларнинг розилиги билан бўлиши керак», деди. У киши масжидга кирганида муҳожирлар кириб байъат қилишди. Сўнг бошқалар байъат қилишди».
Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга халифа сифатида ҳижрий 35 йил 25 зулҳижжа, жума куни байъат қилинди. Бу вақтда Ислом оламида фитна денгиз тўлқинидек мавж уриб турар эди.
Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу жуда ҳам қатъият ва жазм билан иш тутадиган, салобатли ва ҳақ йўлда шиддатли зот эдилар. У киши ўзларига байъат қилинганидан кейин дарҳол иккита фармон чиқардилар. Бу фармонларнинг иккови ҳам жуда қатъият билан чиқарилган фармонлар эди:
– Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу қўйган айрим волийларни ишдан олиш. Уларнинг кўпчилиги Бану Умайядан эдилар.
Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу қуйидаги волийларни тайин қилдилар:
Усмон ибн Ҳунайфни Басрага;
Умора ибн Шиҳобни Куфага;
Убайдуллоҳ ибн Масъудни Яманга;
Қайс ибн Саъд ибн Убодани Мисрга;
Саҳл ибн Ҳунайфни Шомга...
Тайин қилинган мазкур волийларнинг ишлари турлича бўлиб чиқди. Бундан ихтилоф кучайиб бораётгани кўринарди.
– Иккинчи фармон ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу ўз яқинларига Байтулмолдан берган совғалар ва суюрғолларни қайтариб олиш ҳақида эди.
У зотнинг бу тасарруфларидан сўнг Бану Умайя қабиласи аъзолари у кишига қарши бош кўтариб, байъат қилмасликка ўтишди. Бу ишнинг бошида Шомнинг волийси Муовия ибн Абу Суфён турар эди.
Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг давридан буён Шомнинг волийси бўлиб келар эди. У киши ўз ишини аъло даражада бажарар, ўз аҳолиси ичида жуда катта обрўга эга эди. Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳуга ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ўлдирилганлари ва ҳазрати Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг халифа бўлганлари ҳақидаги хабар етганда, у киши янги халифага байъат қилмади. Бунинг бир неча сабаби бор эди.
1. Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ўлимларида ҳазрати Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг ҳам айблари бор деб тушунар эди.
2. У киши Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг лашкари ичида фитначиларнинг борлигини ҳам айб ҳисоблар эди.
3. Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу бу ишларни бир ёқлик қилиб, орани очиб олмай туриб тоатни вожиб қилувчи байъат қилишга қўл урмади.
Бошқа Ислом юртларининг барча аҳолиси ҳазрати Алий розияллоҳу анҳуга байъат қилдилар ва у ерларда иш ўз маромида кетди.
«Ислом тарихи» биринчи жузи асосида тайёрланди