Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Ноябр, 2024   |   22 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:58
Қуёш
07:21
Пешин
12:15
Аср
15:17
Шом
17:01
Хуфтон
18:19
Bismillah
23 Ноябр, 2024, 22 Жумадул аввал, 1446

Жаннат аҳлининг қалбидан суғуриб олинадиган ҳислат

24.01.2019   3843   4 min.
Жаннат аҳлининг қалбидан суғуриб олинадиган ҳислат

Инсон фарзандида мавжуд бўлган салбий ҳислатларнинг энг ёмони бу ўзгаларга нисбатан қалбида кин ва адоват, ҳасад ёки нафрат, бадгумонлик ва ғиллу-ғашликнинг бўлишлигидир. 

Аллоҳ таоло бизларни бир-биримизга нисбатан самимий бўлишга буюриб, қалбимиздан ҳасад ва ғиллу ғашларни чиқариб ташлашга буюради. Бу бежиз эмас албатта. Чунки, бу дунёдаги энг оғир жиноятлар ва катта гуноҳларнинг содир бўлишлигига айнан шу хислатлар сабаб бўлади.

Ҳакимлар айтадилар: “Ҳасаддан сақланинглар! Чунки ҳасад осмонда Аллоҳ таолога осий бўлишга сабаб бўлган биринчи гуноҳдир ва ерда ҳам биринчи осий бўлишга сабаб бўлган гуноҳдир”. Бу сўзнинг маъноси шуки, Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни яратиб, фаришталарни унга сажда қилишга буюрган пайтда иблис алайҳилаъна Одамга ҳасад билан қаради ва сажда қилишдан кибр ила бош тортди. Қолаверса, Одам алайҳиссаломнинг икки ўғли Қобил ва Ҳобилга Аллоҳ таоло қурбонлик қилишга буюрди ва улардан Ҳобилнинг қурбонлигини қабул қилганини билдирди. Шундай сўнг, Қобилнинг қалбида Ҳобилга нисбатан пайдо бўлган ҳасад оҳир-оқибат уни ўлдиришгача олиб борди.

Ҳасаднинг яна бир хатари шуки, у инсоннинг қилган солиҳ амаллари ва яхшиликларининг савоби кетиб қолишига сабаб бўлади. Бу ҳақда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Ҳасаддан сақланинглар. Чунки олов ўтин ёки ўт-ҳашакларни еганидек, ҳасад ҳам яхши амалларни еб қўяди”. (Абу Довуд ривояти) Яъни, ловуллаб ёнаётган оловга тушган ўтин ёки хас-ҳашакларнинг омон қолиши мумкин бўлмаганидек, ҳасад домига тушган кишининг яхшиликлари ҳам  ҳасад сабабли содир бўладиган турли гуноҳлар сабабли ҳабата бўлиб кетаверади.

Ҳасад шундай ҳислатки, у инсонни доимо ғам билан, хафа холатда яшашга мажбур қилади. Муофия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу ўғлига насиҳат қилиб айтади: “Эй ўғилгинам, ҳасаддан сақлангин. Чунки у сенинг душманингга етмасдан, сенинг ўзингга билинади”. Аҳнаф ибн Қайс эса бундай дейди: “Ҳасад қилувчилар учун роҳат йўқдир”.

Ҳасад сабабли инсон қалбида нафрат, ичқоралик ва адоват пайдо бўлади. Ваҳоланки, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни бир-биримизга нисбатан нафратланмасликка, душманлик қилмасликка чақирганлар.

Анас ибн Моликдан (р.а.) ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир-бирингизни ёмон кўрманг. Бир-бирингизга ҳасад қилманг. Бир-бирларингизга орқа ўгириб кетманг. Ҳамда бир-бирларингиздан алоқа узманг. Эй Аллоҳнинг бандалари! Бир-бирларингизга биродар бўлинглар. Мусулмон киши бошқа бир мусулмон билан уч кун гаплашмасдан юриши ҳалол эмас”, дедилар. (Муттафақун алайҳ)

Ҳасад ва нафрат шундай ёмон хислатки, Аллоҳ таоло нафақат нафратланмасликка, балки, мана шу ҳислатни кетказишни сўраб дуо қилишга ҳам буюради. Айтадики: “Улардан кейин келганлар: “Эй Роббимиз! Бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, иймон келтирганларга қалбимизда нафрат (пайдо) қилмагин. Эй Роббимиз, албатта, Сен шафқатли ва меҳрибонсан”, дерлар”. (Ҳашр, 10)

Бошқа оятларда эса Аллоҳ таоло жаннатий бандаларини жаннатдаги ҳолатларини сифатлаб шундай дейди: “Ва кўксиларидан ғиллу – ғашларни чиқариб олдик, остиларидан анҳорлар оқиб турибди...”. ( Аъроф, 43)

Уларнинг дилларидаги ғиллу – ғашларни чиқариб ташладик. Сўриларда бир-бирларига боқиб, дўст бўлган ҳолларида ўлтирурлар ”. (Ҳижр, 47)

Ушбу оятлардан маълум бўладики, инсон қалбида бошқа мусулмонларга нисбатан нафрат, адоват ва ғиллу – ғаштнинг бўлмаслиги, жаннат аҳлига берилган мукофотдан насиба экан.

Демак, ҳар биримиз бу хунук сифатлардан эхтиёт бўлишимиз, ўзга мусулмонларга нисбатан софдил ва самимий бўлишимиз зарур экан. Зеро, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Анас розияллоҳу анҳуга қилган илк насиҳатлари ичида ушбу муборак сўзлар бор эди: “ Эй Анас! Ислом кишисидан биронтасига қалбингда душманлик бўла туриб кундуз ва кечани ўтказмагин. Албатта, бу менинг суннатим ва ким менинг суннатимни ушласа, мени яхши кўрибди ва ким мени яхши кўрса, у мен билан жаннатда бирга бўлади ”.   (Ибн Ҳиббон ривояти)

Тошкент шаҳридаги “Мевазор” масжиди имом-ноиби: Исломов Ёрбек

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Фарзандингизга суннат асосида таълим-тарбия беринг

22.11.2024   2679   1 min.
Фарзандингизга суннат асосида таълим-тарбия беринг

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Фарзандингизнинг сочини тарасангиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Кимнинг сочи бўлса, уни парвариш қилсин”, деганлар, ўша ҳадисга мувофиқ тараб қўйяпман деб айтинг.

 

Ўғилчангизга атир сепсангиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Менга бу дунёдан хушбўйлик, аёллар маҳбуб қилинди. Намоз эса кўз қувончим қилинди”, деганлар, ўша ҳадисга мувофиқ атир суртяпман деб айтинг.

 

Фарзандингиз мактабга кетаётганда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Ким илм талабида йўлга тушса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди”, деган ҳадисларини эслатинг.

 

Фарзандингизга кулиб қараганингизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Биродарингнинг юзига табассум билан боқишинг ҳам садақадир”, деган ҳадисларини эслатинг.

 

Фарзандингизни мақтасангиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Яхши сўз ҳам садақадир”, деганларини эслатинг.

 

Фарзандингизга ёши катта кексаларни ҳурмат қилишни ўргатиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кичикларимизга раҳм шафқат қилмаган, кексаларимизни эъзозламаганлар биздан эмас”, деганларини айтинг.

 

Шу тариқа фарзанд тарбиясини суннат ва сийратга боғлаб, ҳадислар асосида таълим-тарбия беринг.

 

Мақолалар