Аввалроқ, қўлёзмалар фондига эга бўлган Туркия давлатидаги йирик кутубхоналар, илмий тадқиқот марказлари ва музейларнинг тажрибаларини ўрганиш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим мудирлари Муҳаммад Аюбхон Ҳомидов ва Камолиддин Маҳкамов хизмат сафари билан ушбу мамлакатга ташриф буюрганлари ҳақида хабар берган эдик.
Жорий йилнинг 21 январь куни Диний идора мутахассислари Топкапи Саройига Истанбул муфтийлиги вакиллари ҳамроҳлигида ташриф буюрдилар. У ерда Топкапи Саройи кутубхонасининг ходими Гоксел Эрдоған ва Топкапи Саройи қўлёзмалар кутубхонаси ходими Рамазан Актемур билан учрашув ўтказилди.
Сарой кутубхона ходими кутубхонадаги қўлёзмалар фонди, китобларнинг сақланиш ҳолати ва баъзи қадимий мусҳафларнинг факсимил нусҳалари билан таништирди. Учрашувда нодир қўлёзмаларни сақлаш, уларга ишлов бериш масалалари юзасидан муҳокама ўтказилди.
Ўзбекистон делегацияси томонидан Топкапи Саройи кутубхонасига Ҳазрати имом ва ЎМИ фотосуратлари тўплами ҳадя қилинди.
Ташриф тафсилотларини бизнинг порталимизда кузатиб боринг.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги муносабати билан турли соҳалар вакиллари фахрий унвонлар, орденлар ва медаллар билан мукофотландилар.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Камилов Музаффар Муратович "Дўстлик" ордени билан, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Абдухаликов Фирдавс Фридунович «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан, мазкур академиянинг "Араб тили ва адабиёти ал-Азҳар" кафедраси профессори Исломов Зоҳиджон Маҳмудович «Имом Бухорий» ордени билан ва академия ҳузуридаги "Зиё" медиа маркази директори Мухтаров Абдухамид Абдуахатович "Шуҳрат" медали билан тақдирландилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси доимий ҳамкор ташкилотларимиз раҳбарлари ва устозларни мазкур юксак мукофотлар билан муборакбод этиб, Аллоҳ таолодан мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги ва муборак динимиз ривожи йўлидаги фаолиятларида янгидан-янги муваффақиятлар тилаймиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати