Бугунги энг катта глобал муаммолардан бири — фарзанд тарбияси. Фарзандни чиройли тарбиялаш бандага берилган энг катта бахт десак хато қилмаган бўламиз. Бугун аксарият ота-оналар фарзандларининг тарбиясидан хавотирда. Ҳатто фарзандидан қўрқиб яшайдиган ота-оналар ҳам бор.
Баъзи кекса ота-оналар ноқобил фарзандларини зикр қилиб: «Шуларнинг боридан йўғи яхшийди. Ёшлигида ўлиб қўя қолмаган экан. Катта бўлса роҳатини кўраман, деган эдим, қайтага ташвишларим ҳам катталашиб кетди. Булар мани тириклайин гўрга тиқадиган бўлди. Наҳотки, бир парча этлигидан, катта умидлар билан улғайтирсангу катта бўлгач ўз фарзандинг ўлимингни кутиб яшаса», каби гаплар инсоннинг қалбини оғритади.
Дарҳақиқат, кексаликда ҳар-бир инсон фарзандининг ширин муомаласи, самимий хизмати, меҳрга тўла кўзлари унинг учун ҳамма нарсадан кўра муҳимлигини англаб етади. Лекин, минг афсуски, фарзандни ана шундай гўзал инсон бўлишини фақат Ислом дини таълимотларигина таъминлай олишини, у учун ёшлигидан одоб-ахлоққа кўпроқ эътибор бериш лозимлигини кўпчилик ота-оналар кеч тушуниб етишади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен сизларга гўзал хулқларни тамомила ўргатиш учун Пайғамбар қилиб юборилдим», – деб бежиз айтмаганлар. Ҳамма бахт гўзал ахлоқда. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳеч бир ота-она фарзандига гўзал хулқдан кўра фойдалироқ бирор нарсани мерос қолдира олмайди», деганлар. Фарзандларимиз гўзал хулқли инсон бўлишини, нафақат ўзимизга балки ортимиздан бошқаларга ҳам кўз қувонч бўлиб, бизга раҳмат эшиттириб юришини хоҳлаймизми? Унда уларга, албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни танитайлик!
Ул Зотни олтиндан қиммат ўгитларини фарзандларимизга ўргатайлик! Чин мусулмон бўлишига эътибор қаратайлик. Ислом нажот кемаси, саодат йўли. Уни йўлбошчиси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам. Ким у кемага чиқса, инсонни ҳалок қилувчи ҳаёт муаммоларида ғарқ бўлмайди. Ким бу йўлда юрса ҳаёт зулматларида қолиб хор бўлмайди… Бундан бошқа нажот йўли йўқ.
Фарзандларимиз айниқса, уларга суяниб қолганимизда ҳақиқий тиргак бўлишлари учун суннат билан суғорилган бўлишлари шарт. Йўқса, кексайганда ана ўша фарзандидан дили оғриган, кўзи ёшланган инсонларнинг бирига айланиб қолишимиз мумкин. Бундай бўлишидан ҳаммамизни Аллоҳ асрасин! Аллоҳим ҳаммаларимизга аҳли аёл ва бола-чақаларимиздан кўз қувончини ато этсин!
Манбалар асосида тайёрланди
Расулхон Қориев,
Поп тумани “Ғойиб ёронлар” жоме
масжиди имом-хатиби
Жорий йилнинг 16 сентябрь куни Қашқадарё вилоятида «Инсон қадри улуғланган юртда меҳр ва эътибор ҳар бир хонадонга кириб боради» шиори остида хайрли тадбир ўтказилди.
Мазкур ташаббусга Қашқадарё вилояти ҳокими ўринбосари Фарҳод Кушаков ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили, бош имом-хатиб Раҳматилло домла Усмонов бошчилик қилди.
Тадбир доирасида шаҳар ва туман бош имом-хатиблари ҳудудлардаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган ва бемор фуқароларнинг хонадонларига ташриф буюрдилар.
Самимий мулоқотлар давомида фуқароларнинг ҳол-аҳволи ва эҳтиёжлари ўрганилиб, уларга маънавий далда берилди. Хонадон эгаларига байрамона кайфият улашиш мақсадида озиқ-овқат маҳсулотлари, эҳсон ва совға-саломлар топширилди.
Шунингдек, имом-хатиблар юртдошларимиз билан оила мустаҳкамлиги, ўзаро меҳр-оқибат, сабр-қаноат ҳамда саховатнинг фазилатлари ҳақида диний-маърифий суҳбатлар олиб бордилар. Бу каби хайрия тадбирлари жамиятда ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлашга, одамлар қалбида эртанги кунга ишонч уйғотишга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати