Бугун, Ўзбекистон Республикаси Ҳаж делегацияси Саудия Арабистони Подшоҳлигига жўнаб кетди. Саудия Арабистони Ҳаж ишлари вазири Солиҳ Бантин таклифига асосан, «Ҳаж–2019» мавсумининг ташкилий ишларини келишиб олиш мақсадида, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Жасур Акрамов бошчилигидаги делегация бугун Саудия Арабистонига йўл олди.
Сафар давомида Ўзбекистон Ҳаж делегацияси ва Саудия Арабистони Ҳаж ишлари вазирлиги ва мутасадди ташкилотлар ўртасида «Ҳаж–2019» мавсумининг ташкилий ишлари ўзаро кўриб чиқилади. Шу мақсадда Маккаи мукаррама, Мадинаи мунаввара ва Жидда шаҳарларида жорий йил ҳаж мавсумида ўзбекистонлик ҳожиларга хизмат қилувчи идоралар ва муассасалар раҳбарлари билан келишувлар амалга оширилади.
Сафар давомидаги янгиликлар ва хушхабарларни энг биринчи бизнинг сайтимизда кузатинг.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан аҳоли билан йўлга қўйилган очиқ ва самимий мулоқот тизими фуқароларнинг мурожаатларини атрофлича ўрганиш ҳамда уларга тезкор ечим топишда муҳим омил бўлмоқда.
12 август куни Диний идора раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов навбатдаги фуқаролар қабулини ўтказиб, юртдошларимизнинг арз, таклиф ва мурожаатларини тингладилар. Юзма-юз суҳбат жараёнида масжидлар ҳолати ва фаолияти, имом-хатиблар иши, Ҳаж ва Умра зиёратларини ташкил этиш, оилавий муносабатларни тартибга солиш ҳамда моддий ёрдам кўрсатишга оид кўплаб масалалар чуқур таҳлил қилиниб, уларнинг аксарияти жойида ижобий ҳал этилди.
Эслатиб ўтамиз, бу каби қабуллар ва фуқаролар билан мулоқот тадбирлари Диний идоранинг ҳудудий вакилликлари ҳамда юртимиздаги барча жоме масжидларда ҳар ҳафтанинг чоршанба куни имом-хатиблар томонидан ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати