Маънавияти юксак, маърифатли инсон ҳар доим жамиятнинг, давлатнинг бебаҳо бойлиги бўлиб келган. Бундай инсонлар юрт равнақи, жамият тинчлиги, оилалар тотувлигига ўзларининг тажрибалари билан катта ҳисса қўшадилар.
Хабарингиз бор, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 2023 йил 22 декабрь куни Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда муҳтарам Юртбошимиз: "Тарихдан маълум: Ватан ва халқ тақдирига нисбатан таҳдидлар кучайган вазиятда айнан миллат фидойилари – уйғоқ қалбли зиёлилар, шоир ва адиблар, санъат намояндалари, маънавият ва маърифат соҳаси ходимлари жасорат билан майдонга чиққанлар.
Мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги, юксак босқичига кираётган ҳозирги пайтда бизга жадид боболаримиз каби ғарб илм-фан ютуқлари билан бирга, миллий қадриятлар руҳида тарбия топган етук кадрлар сув билан ҳаводек зарур", дея таъкидладилар.
Давлатимиз Раҳбарининг мазкур йиғилишда билдирган фикр-мулозаларидан келиб чиқиб, бугун, 24 январь куни Тошкент вилояти “Маънавият ва маърифат” маркази катта мажлислар залида вилоятда фаолият юритаётган отинойилар учун ўқув семинари ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси раиси Содиқ Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, Тошкент ислом институти ректори Муҳаммадолим Муҳаммадсидиқов ташриф буюрган тадбир жуда самарали бўлди.
Йиғилишда Музаффар Комилов мамлакатимизда диний соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самараси бераётганини алоҳида таъкидлади. Шу билан бирга, адашиб турли оқимлар таъсирига тушиб қолган, қилмишидан чин пушаймон бўлиб, бағрикенглик тамойилига асосан озодликка чиққан аёл-қизлар билан тизимли ишлаш зарурлигини қайд этди.
Бу жараёнда отинойилар ўзларига бириктирилган шахслар билан мунтазам равишда мулоқот қилиши, маҳаллалар, оилалар билан тизимли ишлаши кераклиги таъкидланди.
Ўзбекистон - демократик ҳуқуқий давлат. Юртимизда қонун устувор бўлиши, ҳар қандай ноқонуний диний фаолиятга муросасиз бўлиш муҳим масала экани айтиб ўтилди.
Тадбирда "Бугунги кун отинойиси қандай бўлиши керак?" деган савол ўз жавобини топди.
Сўнгра маърузачилар маъруза-амалиёт тарзида семинарни давом эттирдилар. Отинойилар семинар давомида малакали устозлар томонидан “Ўз жонига қасд қилиш – оғир гуноҳ!”; “Идда ҳақида”; “Аёлларга хос намозга оид муҳим масалалар” каби мавзуларда маърузалар тингладилар.
Семинар маъруза-амалий машғулот тарзида ўтказилганлиги боис, савол-жавоб, дебат усулларидан фойдаланилди. Шу билан бирга, отинойиларнинг мавжуд муаммолар юзасидан берган саволларига жавоблар берилди, фикр-мулоҳаза ва таклифлари тингланди.
Маъруза, амалий машғулот, савол-жавоб, фикр ва тажриба алмашинуви тарзида ўтказилган семинар отинойиларга ҳар жиҳатдан фойдали бўлди.









Тошкент вилояти вакиллиги матбуот хизмати
Бугунги жамиятимизда одоб-ахлоқ жиҳатидан оқсоқликлар кўзга ташланмоқда. Салом бериш, ёрдамга муҳтожларни кўрганда кўмаклашиш, ўзидан катталарга ҳурмат кўрсатиш каби қадриятлар камайиб бораётганини ҳеч ким инкор қилмаса керак. Ҳолбуки, ҳар бир ота-она фарзандининг илмли, солиҳ ва етук инсон бўлиб камол топганини кўришни орзу қилади. Бироқ “ҳолва” деган билан оғиз ширин бўлмайди. Яъни қуруқ орзу-ҳаваснинг ўзи кифоя қилмайди. Балки доимий ва тартибли таълим-тарбия ишига киришиш лозим бўлади. Бу борада жамиятдаги инсонларни уч тоифага бўлиш мумкин:
1. Ўзи ҳам амал қилиб, фарзандини ҳам эзгуликка етаклайдиганлар. Бу тутум дунё ва охират саодатини кўзлаган мўминнинг йўли. Тарбияда энг самарали омил ота-онанинг шахсий намунасидир. Болага, аввало, Аллоҳни танитиш ва солиҳ амаллар билан ўрнак бўлиш лозим. Қуръони каримда таъкидланганидек, иймон келтириб, эзгу амал қилганларга дунёда покиза ҳаёт, охиратда эса абадий жаннат башорати берилган (Наҳл сураси, 97-оят).
2. Ўзи амал қилмай, фарзанди тарбиясига мол-дунё сарфлайдиганлар. Унутманг, пул ҳамма нарсани ҳал қилмайди. Ота-онанинг ўзи диний ва ахлоқий мажбуриятларни бажармаса, панд-насиҳатлари фарзандга таъсир қилмайди. Оилавий муҳитда ота таъминотга, она тарбияга масъул бўлиб, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик бўлиши шарт.
Шунингдек, ота-оналарнинг беҳуда ишлар, масалан, телефонга кўп боғланиб қолиши тарбиядаги энг катта бўшлиқни юзага келтиради. Фарзанд камолоти учун унинг вақтини тўғри тақсимлаш, уйқу ва дарс тартибини доимий назоратда тутиш, тартибни ушлаш лозим. Энг муҳими, хулқ илмдан устун туради: хулқсиз берилган илм инсонни залолатга етаклайди, шу боис фарзандга гўзал ахлоқий тарбия бериб, сўнг илм билан зийнатлаш керак.
3. Ўзи ҳам амал қилмай, фарзандини ҳам бунга чақирмайдиганлар. Бу тоифанинг оқибати хатарлидир. Аллоҳ таоло Тоҳа сурасида бундай марҳамат қилади: “Ким Менинг зикримдан юз ўгирса, албатта, унинг учун танг ҳаёт бўлур...” (124-оят). Мана шу оятнинг ўзиёқ кишини сергак торттириб, бу тоифадан бўлиб қолмасликка ундаши лозим.
Хулоса шуки, фарзанд қалби ва руҳияти илдиз отиши керак бўлган дарахт кўчати кабидир. Унинг илдизини иймон ва тақво мустаҳкамлайди. Шундай экан, ким фарзандлари камолини кўришни истаса, амали ва эътиборини билан шунга ҳаракат қилсин. Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлда бардавом қилиб, зурриётларимиз камолини кўрсатсин.
Азиза РАҲМАТОВА,
Самарқанд тумани бош отинойиси