Куни кеча, Мисрда хизмат сафарида бўлиб турган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Миср олийгоҳларида таълим олаётган талабалар ва у ерда меҳнат қилаётган ватандошлар билан мулоқот қилди. Ушбу тадбир Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси ташаббуси билан “Хилтон” меҳмонхонасида ташкил этилди.
Учрашувда муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар, уларнинг мазмун-моҳияти ва келгусидаги режалар хусусида йиғилганларга сўзлаб бердилар. Шунингдек, ҳар бир талаба ва ватандошимизнинг мурожаатига қулоқ тутиб, уларнинг ҳол-аҳволи сўралди ва келгусидаги ишларига муваффақиятлар тиланди.
Мисрдаги ўзбекистонлик талабалар ва ватандошлар мана шундай юксак эътибор ҳамда амалга оширилаётган хайрли ислоҳотлардан чексиз мамнун бўлдилар. Ҳукуматимиз раҳбарияти, она-Ватанимиз ва халқимизга эзгу тилакларни изҳор қилдилар.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
#ta'ziya
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Жиззах шаҳар "Имом Бухорий" жоме масжиди имом-хатиби Маъруфхон домла Ҳошимхоновнинг падари бузруквори Муҳсинхон эшон бобонинг вафоти муносабати билан у кишининг яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Охират сафарига кузатилган отахон эл корига ярайдиган, дину диёнат йўлида хизмат қиладиган фарзанд ва невараларни ўстирдилар, чиройли тарбия қилдилар.
Аллоҳ таоло марҳум отахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин. Ҳақ таоло марҳумнинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Маъруфхон домлага, у кишининг оила аъзолари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Жаноза намози эртага, 27 июль куни соат 09:00 да Самарқанд вилояти, Булунғур туманидаги ўз хонадонида ўқилади.
Манзил локатсияси
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Muslim.uz