Ўзбекистон ва Мисрни тарихий-маданий муштараклик, анъанавий дўстлик ҳамда яқин ҳамкорлик бирлаштириб туради. Мовароуннаҳр ва Миср диёрида яшаб ижод қилган улуғ боболаримизнинг ноёб илмий-маърифий мероси бутун мусулмон оламининг бебаҳо бойлигидир. Шу ўринда, Аҳмад Фарғоний бобомизга бўлган Миср халқининг ҳурмат-эҳтироми халқларимиз ўртасидаги азалий дўстликнинг ёрқин рамзига айланган.
Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ Саид Ҳусайн Халил ас-Сисининг 2018 йил 4 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таклифига кўра амалга оширган расмий давлат ташрифи натижасида, Ўзбекистон ва Миср ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, туризм, фан, таълим, маданият, спорт соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга қаратилган ҳукуматлараро ва идоралараро салмоқли ҳужжатлар имзоланди.
Миср Бош имоми – Шайх Аҳмад Муҳаммад Тоййиб бошчилигидаги ал-Азҳар мажмуаси вакилларидан иборат нуфузли делегациянинг Ўзбекистон Президенти қабулида бўлиши, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Ўзбекистон ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриши икки томонлама ҳамкорликнинг янги босқичга кўтарилишига сабаб бўлди.
Айни пайтда, Миср томонининг таклифига кўра, Ўзбекистон ва Мисрдаги диний соҳага оид марказлар ўртасида 2019-2023 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси”да кўзда тутилган келишувларни муҳокама қилиш ҳамда ўзаро мувофиқлаштириб олиш мақсадида Ўзбекистон делегацияси ишчи ташриф билан Қоҳира шаҳрида бўлиб турибди.
Делегация вакилларининг илк учрашуви бир минг икки юз йилдан зиёд вақт мобайнида фаолият кўрсатиб келаётган “Ал-Азҳар” мажмуаси ректори Муҳаммад Ал-Маҳрасовий билан “Йўл харитаси”нинг 2019 йилга мўлжалланган чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган суҳбат билан бошланди.

– Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йили октябрь ойида ал-Азҳар мажмуаси раҳбари шайх Аҳмад Муҳаммад Таййибни қабул қилиб, ўтказган мулоқоти самарали бўлди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай Ал-Азҳар университети ва Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази ва бошқа муассасалар ўртасида таълим ҳамда илмий лойиҳаларни ривожлантириш, диний ходимлар малакасини оширишга қаратилган амалий ишлар бошлаб юборилди, – деди мезбон сифатида суҳбатни бошлаган Ал-Азҳар университети ректори Муҳаммад Ал-Маҳрасовий.
Дарҳақиқат, Миср ва Ўзбекистоннинг ўртасида имзоланган “йўл харитаси” мамлакатларимизнинг илмий, маданий ҳамда диний таълим соҳасидаги салоҳиятнинг янада юксалиши учун улкан аҳамият касб этади. Қолаверса, икки мамлакат ўртасида амалга оширилаётган ишлар маънавий-маърифий соҳа ривожи, диний бағрикенглик, ўзаро ҳамфикрлик ва диний саводхонликнинг юксалишида катта рол ўйнаши шубҳасиз. Ўзбекистон ҳукумати томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар эса бунинг яққол далилидир.

– Ўзбекистон билан алоқаларимиз ривожланиб бораётганидан мамнунмиз. Бу – Ўзбекистон Президенти томонидан олиб борилаётган очиқ ташқи сиёсат, халқаро ҳамжамият билан манфаатли ҳамкорлик, ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашни назарда тутувчи оқилона сиёсат самараси, деб ҳисоблайман, – деди учрашувда Ал-Азҳар мажмуаси раҳбарининг ташқи алоқалар бўйича маслаҳатчиси Абдураҳмон Мусо. – Ўзбекистонга амалга оширган ташрифимиз чоғида мамлакатдаги катта ўзгаришлар, турли миллат ва динга мансуб аҳолининг ўзаро аҳил-иноқ яшаётганини кўрдик.
Барчамизни қувонтирадиган воқеа ҳақида такрор ва такрор айтсак арзийди. Яъни БМТ Бош Ассамблеясида Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси қабул қилингани тарихий воқеадир. Бу Ўзбекистон раҳбариятининг жаҳонда динлараро бағрикенглик, тинчлик-тотувликни таъминлашга қаратилган ҳаракатининг амалий ифодаси саналади.
Ўзбекистон Президентининг ушбу ташаббуси Миср халқининг ҳам бош мақсади ҳисобланади.
Бу сўзларни тинглар экансиз, Ўзбекистонда содир бўлаётган ҳар-бир ижобий ҳодисалар, ўзгаришлар, ислоҳотлар ва янгиликлар жаҳон ҳамжамияти томонидан диққат билан кузатилаётганига, чуқур таҳлил этилиб, ўзининг муносиб баҳосини олаётганига амин бўласиз.
Миср халқига Ўзбекистонни кенгроқ таништириш, юртимизда бўлаётган ўзгаришлар ҳақида маълумот бериш мақсадида Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчихонасида мисрлик сиёсатчилар, экспертлар, олимлар ва журналистлар иштирокида бўлиб ўтган учрашувда ўз фикр-мулоҳазаларини билдирган Миср вакилларининг холис сўзлари ҳам буни тасдиқлайди.
– Ўзбекистон мусулмон дунёсида ўзига хос мавқега эга бўлган муҳим мамлакат ҳисобланади. Бу нафақат аҳоли сони ёки унда жойлашган табаррук зиёратгоҳлар кўплиги, балки жаҳон цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшгани билан ҳам боғлиқ.
Маълумки, Қуръони каримдан кейинги энг ишончли манба саналган “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” тўплами муаллифи Имом Бухорий, буюк олим ва мутафаккир Имом Термизий каби кўплаб алломалар Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан. Биз, мисрликлар IX асрда Мисрга келиб, Нил дарёсининг ўлчов қурилмасини ихтиро қилган ўзбек олими Аҳмад Фарғонийнинг хизматларини юксак қадрлаймиз.
Ўзбекистон иқтисодий жиҳатдан ҳам ўзига хос тараққиёт йўлига эга. Қисқа муддатда мамлакатнинг иқтисодий салоҳияти юксалиб, одамларнинг турмуш шароитлари яхшиланаётгани, ялпи ички маҳсулот кўрсаткичлари ортаётгани Президент Шавкат Мирзиёевнинг оқилона ички ва ташқи сиёсати маҳсулидир, – дейди “Ал-Жумҳурия” газетаси бош муҳаррири ўринбосари Ас-Саид Хани.
Давра суҳбати ва матбуот анжумани кўринишида ўтказилган ушбу тадбирда Ўзбекистон Республикасини 2017-2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг мазмун-моҳияти, Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида олиб борилаётган ички ва ташқи сиёсат, барча соҳаларда кузатилаётган кенг кўламли янгиланиш ва ўзгаришлар, турли йўналишларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида Мисрлик публицист, ёзувчи Муҳаммад Салома шундай деди:
– Ўзбекистон икки ярим йил ичида барча соҳада жуда катта ютуқларни қўлга киритди. Мамлакатдаги ислоҳотлар аҳоли турмушининг ҳамма жабҳасини, жумладан, сиёсий, ижтимоий, маданий, суд-ҳуқуқ, таълим ва диний соҳани бирдек қамраб олаётгани ўта муҳимдир.
Назаримда, Ўзбекистоннинг энг катта ютуғи очиқ ташқи сиёсат юритиб, халқаро майдонда фаол ҳаракат қилаётганидир. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг хорижий давлатларга кўплаб расмий ташрифлари, айниқса, БМТ Бош Ассамблеясида илгари сурган глобал аҳамиятга эга таклифлари Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрўйи тобора ошиб бораётганини англатади.
Миср жамиятида ўз обрў-эътиборига, энг муҳими қатъий нуқтаи-назарига эга бўлган кишилар томонидан бундай баёнотлар кўплаб янграмоқда. Уларни тинглаб, Ўзбекистоннинг хорижлик дўстларидан мамнунлик туясиз.

– Мени Ўзбекистонда рўй бераётган ўзгаришлар жуда қизиқтиради. “Ўзбекистон: Ислом тамаддуни манбалари” номли китоб ёздим. Мақсад – араб китобхонини Ўзбекистон билан яқиндан таништириш. Китоб икки қисмдан иборат. Биринчи қисм Ўзбекистоннинг ислом маданияти ривожига қўшган буюк тарихий ҳиссасини ёритишга бағишланган. Иккинчисида Ўзбекистондан етишиб чиққан турли соҳа олимларининг ҳаёти ва илмий фаолияти ёритиб берилган.
Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг минтақавий муаммоларни ҳал қилишдаги роли тобора ортиб бормоқда. Яқинда Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Владимир Норов Шанхай ҳамкорлик ташкилотидек нуфузли тузилманинг Бош котиби вазифасига киришди. Бу ҳам Ўзбекистоннинг минтақадаги хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашда нақадар муҳим ўринга эга эканини кўрсатиб турибди.
Президент Шавкат Мирзиёев икки ярим йил ичида жуда катта муваффақиятларга эришди. Айниқса, қўшни мамлакатлар билан дўстона алоқаларни ривожлантиришга муваффақ бўлмоқда. Бу минтақада тўпланиб қолган кўплаб муаммоларга ечим топишга олиб келди, – дейди яна бир Мисрлик олим Аҳмад Тарабик.
Миср – Ўзбекистон ҳамкорлиги, айниқса таълим борасида эришилган келишувлар ҳар икки мамлакатнинг узоқ муддатли манфаатларига ва мамлакатларимизнинг ривожланиш жараёнига ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшишига шубҳа йўқ.
Таркибида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий У.Алимов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходими Ж.Нажмиддинов, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори, профессор Ш.Ёвқочев бўлган делегациянинг ишчи ташрифи бугун – 11 январда ўз ниҳоясига етади.
Абдухамид Мухтаров,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
матбуот котиби
Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!
Бугунги таҳликали дунёда халқимиз, айниқса, ёшларга ислом моҳиятини тўғри тушунтириб бериш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ҳар қачонгидан долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу боис, юртимизда диний таълим сифатини янада ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Шавкат МИРЗИЁЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти илк магистрлари таҳсилни тамомлади
Донишмандларнинг “Агар сизнинг режангиз бир йиллик бўлса — шоли экинг. Ўн йиллик бўлса — дарахт ўтқазинг. Агар бир асрлик бўлса — фарзандларингизга таълим-тарбия беринг” деган ҳикматли гапи бор.
Жамият равнақига, Ватан тараққиётига, халқ фаровонлигига таълим-тарбиячалик хизмат қиладиган бошқа бирор феномен бўлмаса керак. Ҳар бир даврнинг ўзига яраша сармоядорлари, тужжорлари бўлган. Лекин уларнинг номлари тарих саҳифаларида жуда кам учрайди, айримлари изсиз йўқ бўлиб кетган. Лекин умрини цивилизациялар тараққиётига бағишлаган мутафаккирлар, қомусий алломалар, маърифат чироғи остида элини буюк орзулар, нурафшон кунлар сари етаклаган миллат ойдинлари, уламоларнинг номлари асрлар оша барҳаётдир.
Президентимиз лавозимига сайланиши биланоқ барча соҳалар қатори диний-маърифий йўналишда ҳам улкан ислоҳотларни бошлаб берди. Бу борада давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони муҳим ҳуқуқий асос бўлди. Ушбу ҳужжатда қатор устувор йўналишлар, хусусан, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ва бошқа диний таълим муассасалари ҳамда илмий-тадқиқот марказлари фаолиятини яхшилаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, диний таълим муассасалари ҳузурида фуқароларга Қуръони каримни ўргатиш бўйича махсус курслар ташкил этиш белгиланган.
Сон эмас, сифат муҳим
Илм даргоҳининг улуғворлиги унинг бинолари ёки талабалари сони билан эмас, балки у ердан етишиб чиқадиган илмли, одобли, Ватани ва миллатига сидқидилдан хизмат қиладиган етук ва салоҳиятли кадрлар билан ўлчанади. Юзлаб учқунлар биргина қуёшнинг зиёсини тўса олмагани сингари чинакам қадр-қиймат сонда эмас, сифатдадир. Янги Ўзбекистонда олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасалари фаолиятида ҳам асосий мезон таълим сифати, илмий салоҳият, маънавий тарбия ва жамиятга муносиб хизмат қиладиган мутахассисларни вояга етказишда.
Мустақилликнинг дастлабки чорак асрида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида 9 та ўрта махсус ислом таълим муассасаси ва Тошкент ислом институти фаолият юритган бўлса, Президентимиз ташаббуси билан 2017 йилда Бухоро шаҳрида Мир Араб олий мадрасаси, 2018 йилда Самарқанд вилоятида Ҳадис илми мактаби, 2020 йилда Термиз шаҳрида Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси, 2024 йилда Имом Термизий номидаги ислом институти ташкил этилди.
Бугунги кунда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида 4 та олий, 10 та ўрта махсус ислом таълим муассасаси (шундан иккитаси аёл-қизларга ихтисослашган) фаолият кўрсатмоқда. Уларда таҳсил олаётган икки ярим мингдан зиёд талабага 500 га яқин профессор-ўқитувчи сабоқ бериб келмоқда.
Диний соҳа ходимларининг асосий қисмини ташкил этадиган имом-хатибларнинг билим ва малакаларини янада ошириш, ўрта махсус диний маълумотга эга имом-хатибларни олий диний маълумотли кадрлар билан алмаштириш мақсадида 2019 йилда Тошкент ислом институтида модул таълим тизими жорий қилинди. Мазкур таълим тизимида 5 йиллик меҳнат стажига эга бўлган имом-хатиблар танлов асосида ўқишга қабул қилиниб, ишдан ажралмаган ҳолда 3 йил давомида таҳсил олади. Бугунги кунга қадар бу таълим йўналиши бўйича 600 дан зиёд имом-хатиб олий маълумотга эга бўлди.
Президентимизнинг 2023 йил июнь ойида Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида берган топшириғи ижроси юзасидан 2024-2025 ўқув йилида таълимнинг узвийлиги ва узлуксизлигини таъминлаш, тор йўналишлар бўйича етук кадрларни тайёрлаш мақсадида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида магистратура мутахассислиги ташкил этилган эди.
Жорий йилда илк 10 битирувчи “Ислом илоҳиёти, фалсафаси ва мотуридийлик таълимоти” ва “Ҳадис илмлари” йўналиши бўйича магистратура мутахассислигини муваффақиятли тамомлади. Яқинда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг катта мажлислар залида магистрларга тантанали равишда диплом топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, вазирлик ва идоралар вакиллари, таниқли уламолар, имом-хатиблар, соҳа фахрийлари, педагог-ўқитувчи ва талабалар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Президент маслаҳатчиси Музаффар Комилов илк битирувчиларни самимий қутлаб, тегишли пул мукофоти сертификатларини ҳар бир магистрга тантанали равишда топширди. Муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари битирувчиларни ўқишини муваффақиятли тамомлагани билан муборакбод этиб, катта тарихий воқеа бўлганини алоҳида таъкидлади. Муфтий ҳазратлари илк магистрларнинг ойлик иш ҳақига Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида 20 фоиз миқдорида устама ҳақ тўлаб берилишини эълон қилди. Битирувчи магистрлар Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг марказий аппарати, Имом Термизий илмий-тадқиқот маркази, олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасаларига ишга тақсимот қилинди.
Тарих такрорланиб туради
Ўзбекистон қадимдан буюк алломалар, улуғ мутафаккирлар юрти сифатида эъзозланади, қадрланади. Тарихда юртимиз алломалари бутун дунёга устозлик қилган, жаҳон илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган.
2024 йил 15-16 октябрь кунлари Тошкент ва Хива шаҳарларида “Ислом — тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида ўтказилган халқаро конференцияда иштирок этган Шайх Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ “Юртингизнинг ҳар қадамида улуғ алломаларнинг хоки бор. Бу замин илм ва уламолар юртидир. Энди сизларнинг вазифангиз ана шу буюк меросни қайта тирилтириш ва дунёга танитишдир”, деган эди. Ҳақиқатан, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврида бутун дунё Ўзбекистонга, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Райҳон Беруний, Муҳаммад ал-Хоразмий, Абу Наср Форобий, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоийларга қандай талпинган бўлса, бугун ҳам Учинчи Ренессанс пойдевори қўйилаётган юртимизга дунё афкор оммасининг қизиқиши тобора ортиб боряпти.
Халқимизда “Тарих такрорланиб туради”, “Оққан дарё оқаверади” каби ажойиб мақоллар, нақллар бор. Чиндан ҳам IX-XII ҳамда XIV-XV асрларда юксак ақлу заковати, теран тафаккури, бой маънавий-маърифий салоҳияти билан бутун дунёни забт этган буюк аждодларимиз сингари бугун янги Ўзбекистонда таҳсил олаётган ёшлар ҳам боболаримизнинг муносиб издоши сифатида тарихни такрорлашга астойдил киришган. Улар орасида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти магистратура йўналишини тамомлаган ўн нафар иқтидорли битирувчи ҳам бор. Уларни Ўзбекистоннинг етук мутахассислари, Президент кадрлари дея баралла айта оламиз. Келгусидаги фаолиятларига Аллоҳ таолодан улкан муваффақиятлар тилаймиз.
Салоҳиддин ШЕРХОНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи
"Янги Ўзбекистон" газетасининг 2026 йил 6 август сонидан