Аллоҳ таоло ҳар биримизнинг қалбимиздаги ниятларимизни билгувчи Зот. Ҳар биримиз қилган эзгу амалларимизни Аллоҳ даргоҳида ҳусни мақбул бўлишини истаймиз.
Маслаҳат сўраб келган келинчак кўринишидан саросимада эканлиги билиниб турарди. “Гапни нимадан бошлашни ҳам билмайман? Оиладагилар бирин кетин касал бўла бошлашди. Турмуш ўртоғимнинг иши ҳам юришмай қолди, шунинг учун қайнонам уйга дам солдиргани одам олиб келдилар. Оналарининг бу ишларидан ўғиллари норози бўлсалар ҳам, индамадилар.
Хонадонимизни кўздан кечирган ҳалиги одам “Хонадонингиз юк босиб кетибди, яхшилаб дам солиш керак. Қора қўчқор олиб келиб, сўйиб, қонини уйнинг дераза ромларига сурасизлар деб”, кўрсатма бериб кетди. Қайнонам қўчқор олиб келтирдилар, сўйиб, қонини ҳамма дераза ромларга суриб чиқдик. Турмуш ўртоғим ҳам, мен ҳам қаршилик қилолмадик. Аммо ўша кундан бошлаб, кўнглимиз ғаш, ибодатларимиз ҳам сустлашгандек, фарзандларим инжиқ бўлиб қоляпти”, деб келинчак гапини тугатди.
Бундай вақтда нима қилиш керак? Орамизда ҳали ҳануз ширк амалларни қиладиганлар топилади.
Ўша синглимизга “Аввало бундай ишлар шариатга хилоф эканлигини катталарга тушунтирасиз. Уйга боргандан кейин, дераза ромларига сурилган қон изларини кимёвий тозалаш воситаси билан тозалаш зарур. Қон таркибида жуда кўплаб микроб, вируслар бўлади. Ёзнинг иссиқ палласи пашша ва чивинлар кўпаядиган вақт. Қон эса бундай ҳашаротларнинг севимли озуқаси. Бу ҳолат биргина сизнинг хонадонингиз эмас, балки атрофдагиларга ҳам ўта хавфлидир. Ҳар қандай мушкулларни бартараф этишни эса ёлғиз Аллоҳ таолодан сўралади. Ибодатларингизда маҳкам бўлинг!” деб насиҳат қилдик.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:
“Мен жинлар ва инсонларни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим”. (Ваз-Заариёт: 56)
Шунга ўхшаш воқеани ўқиган эдим. Ибодатда, илмдан хабари бор бир йигит янги уйга кўчиб ўтгандан кейин ғайритабиий ҳолатлар ҳақида сўраш учун олимлардан бирининг олдига боради. У киши Қуръон оятларини ўқиш кераклигини айтади. Бир неча кун ўтгандан кейин йигит олимнинг олдига келади. Шунда олим “Сиз қандайдир шариатга хилоф иш қилган бўлсангиз керак. Агар ўшани эслаб, ундан тавба қилсангизгина бу нотинчлик барҳам топиши мумкин", деди.
Шунда йигит “Бир иш қилмоқчи бўлганимда, ибодатли ўртоқларимдан бири уни шариатга зидлигини айтди. Мен, ахир бу урф-одат, отам қилган, деб уйнинг қурилиши битиш арафасида одатимизга кўра, бир қўйни томга олиб чиқиб, уни янги қурилган бино ғиштларига қонини оқизиш учун ўша ерда сўйдик”, деди. Шунда олим бошини қимирлатиб: “Уйингиздаги барча нотинчликларнинг сабаби шу. Энди чин дилдан Аллоҳга юзланиб тавба қилинг”, деди.
Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда шундай марҳамат қилади:
«Қулим менга ширк келтирмаса, ҳузуримга бир дунё гуноҳ билан келса ҳам, уни бир дунё мағфират билан қарши олгайман» (Табароний Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).
Аллоҳ таоло барчаларимизни фақат Ўзигагина ибодат қиладиган, мушкулотларимизни бартараф этишини Ўзидангина сўрайдиган солиҳ бандалари қаторида қилсин.
Мунира АБУБАКИРОВА
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Доктор Мустафо Маҳмуднинг «Шубҳадан имон сари саёҳатим» китобидаги «Масиҳ Дажжол» (المسيح الدجال) боби анъаний диний қарашлардан фарқли ўлароқ, ушбу тушунчага рамзий ва фалсафий маъно юклайди. Муаллиф Дажжолни шунчаки бир шахс эмас, балки маълум бир дунёқараш ва давр руҳи сифатида таҳлил қилади.
Масиҳ Дажжол
Биз Дажжол ҳақида гапирганда, кўз олдимизга афсонавий бир маҳлуқ келади. Бироқ, агар биз унинг сифатларига теранроқ назар солсак, Дажжол бу - "Материал дунёнинг илоҳийлаштирилиши" эканини англаймиз.
Дажжолнинг бир кўзи кўр, деб тасвирланади. Бу жуда рамзий маънога эга: у борлиққа фақат бир кўз билан — моддият кўзи билан қарайди. У фақат кўринадиган, ушланадиган ва ўлчанадиган нарсаларга ишонади. Унинг руҳий дунёни кўрадиган "иккинчи кўзи" кўрдир.
Дажжол бу - моддият фитнаси
Дажжол замонида у одамларга жаннат ва дўзахни таклиф қилади, дейилади. Унинг "жаннати" — бу чексиз истеъмол, моддий роҳатлар ва шаҳватлардир. Унинг "дўзахи" эса — моддий маҳрумият ва қашшоқликдир. Бугунги куннинг реклама ва истеъмол маданияти худди шу ишни қилаётган йўқми? Инсонни фақат моддий етишмовчилик билан қўрқитиб, уни маънавиятдан узиб қўйиш — Дажжолнинг асосий қуролидир.
Фан ва сеҳр
Дажжол ўликларни тирилтиради, ердан хазиналарни чиқаради ва булутларга буйруқ беради, деб айтилган. Агар бугунги илмий тараққиётга назар солсак, фан худди шу "мўъжизаларни" кўрсатмоқда. Лекин бу фан агар имонсиз ва ахлоқсиз бўлса, у Дажжолга хизмат қиладиган сеҳрга айланади. У инсонни Ер юзининг "худоси" деб эълон қилади ва уни Охиратдан чалғитади.
Дажжолнинг пешонасидаги ёзув
Ривоятларда унинг пешонасига "Кофир" деб ёзилган бўлиши ва уни фақат мўминлар ўқий олиши айтилади. Бу дегани, Дажжол ўзини жуда жозибали, маданиятли ва илғор қилиб кўрсатади. Уни тил билан эмас, балки қалб билан таниш керак. Кимнинг қалбида имон нури бўлса, у материал дунёнинг бу алдамчи ялтироқлиги ортидаги маънавий ҳалокатни кўра олади.
Дажжолга қарши нажот
Дажжол фитнасидан нажот топиш — бу борлиққа икки кўз билан қарашдир. Ҳам илм (моддият), ҳам имон (руҳият) кўзи билан. Фақат моддиятга берилиш инсонни "бир кўзли" Дажжолга айлантиради. Ҳақиқий мўмин эса дунёни ислоҳ қилади, лекин унга қалбини бермайди.
Хулоса
Мустафо Маҳмуд учун Дажжол — бу руҳиятдан мосуво бўлган, фақат ерга, қоринга ва нафсга боғланган "Материал Цивилизация"нинг тимсолидир. Унга қарши кураш — қурол билан эмас, балки қалбни имон ва маърифат билан тўлдириш орқали бўлади.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ