Куни кеча, Ўзбекистон делегацияси таркибида Миср давлатида хизмат сафарида бўлиб турган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва ал-Азҳар университети томонидан Шайх Солиҳ Аббос ўртасида “Йўл харитаси” имзолангани ҳақида хабар берган эдик.
Эндиликда, ҳар йили Ўзбекистондаги масжидларда меҳнат қилаётган йигирма нафар имом Миср давлатидаги малака ошириш курсларида таълим олади. Миср давлатида имомлар учун икки ойлик малака ошириш курслари ташкил этилади. Имомларга икки ой давомида ал-Азҳар университетининг фазилатли шайхлари, таниқли уламолари ва етук олимлари томонидан диний фанлар бўйича ўқув машғулотлари олиб борилади.
Малака ошириш курслари сўнгида имомларга Қуръон қироати, тажвид, тафсир, ҳадис, ақида ва фиқҳ бўйича ижоза (махсус сертификат) олиши белгилаб қўйилган.
Миср сафари давом этмоқда.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
"Ислом цивилизацияси: тинчлик, бағрикенглик ва маърифат йўли" I Халқаро ислом форуми доирасида юртимизга ташриф буюрган Ироқдаги Имом Аъзам Нўмон ибн Собит университети доктори Фаҳмий Аҳмад Абдураҳмон Қаззоз Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига келди.
Марказ директори Шовосил Зиёдов меҳмонни дастлаб Имом Бухорий музейи фаолияти, олим ва тадқиқотчилар учун яратилган шарт-шароит ва имкониятлар билан таништириб, алломанинг илмий сафарлари ва бугунги кунда юртимиз фондларида сақланаётган асарларининг нусхалари ҳақида сўзлаб берди. Хусусан, Имом Бухорийнинг Боғдодда имтиҳон қилиниши акс этган экспозиция меҳмонда катта таассурот қолдирди.
Марказ кутубхонаси билан танишув давомида ироқлик олим ўзининг йиллар давомида ёзган 20 га яқин китобини Марказ фондига тақдим этди. Мавзулари ранг-баранг бўлган бу асарлар фиқҳ, ақида ва ҳадисларга бағишланган бўлиб, айримларида ёт унсурларнинг бузғунчи ғоялари асоссизлиги ва фақат ғаразли мақсадлар хизмат қилиши очиб берилган.
Мулоқот давомида ҳамкорликда Имом Бухорий ҳаёти ва илмий меросини тадқиқ қилиш, олимларимиз изланишларининг натижаларини ўзбек ва араб тилларида нашр этиш, Марказ илмий ходимлари билан биргаликда қўшма илмий лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳамда халқаро семинарлар ташкил этиш истиқболлари ҳақида фикр алмашилди.
Эслатиб ўтамиз: доктор Фаҳмий Аҳмад Ироқда Zoom дастури орқали минглаб талабаларга ҳадис илмлари ва "Ал-Жомеʼ ас-саҳиҳ" асари бўйича "Хатмул кутуб" асосида сабоқ бериб келади.
Учрашув якунида меҳмон Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳолади. Марказ раҳбарияти томонидан олимга Имом Бухорийнинг ўзбек тилига таржима қилинган "Халқу афъолил ибод" асари туҳфа этилди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати