Куни кеча, Ўзбекистон делегацияси таркибида Миср давлатида хизмат сафарида бўлиб турган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва ал-Азҳар университети томонидан Шайх Солиҳ Аббос ўртасида “Йўл харитаси” имзолангани ҳақида хабар берган эдик.
Эндиликда, ҳар йили Ўзбекистондаги масжидларда меҳнат қилаётган йигирма нафар имом Миср давлатидаги малака ошириш курсларида таълим олади. Миср давлатида имомлар учун икки ойлик малака ошириш курслари ташкил этилади. Имомларга икки ой давомида ал-Азҳар университетининг фазилатли шайхлари, таниқли уламолари ва етук олимлари томонидан диний фанлар бўйича ўқув машғулотлари олиб борилади.
Малака ошириш курслари сўнгида имомларга Қуръон қироати, тажвид, тафсир, ҳадис, ақида ва фиқҳ бўйича ижоза (махсус сертификат) олиши белгилаб қўйилган.
Миср сафари давом этмоқда.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Покистоннинг “Diplomatic News Agency”, “Islamabad Post”, “News Network Pakistan”, “The World News”, “Infora News” нашрларида Ўзбекистонда бўлиб ўтган I Халқаро Ислом цивилизацияси форуми ҳақида туркум мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Покистон матбуотининг ёзишича, мазкур форум тинчлик, бағрикенглик, маърифат, маданиятлараро ва динлараро мулоқот тамойиллари асосида ташкил этилган. Ушбу йирик тадбирда Ўзбекистоннинг бутун минтақа, ислом ва жаҳон цивилизациясининг шаклланиши ҳамда тараққиётига қўшган ҳиссаси эътироф этилган ҳолда махсус декларация қабул қилинган.
Мазкур декларацияда Ўзбекистон Президентига чуқур миннатдорлик изҳор этилгани, Ўзбекистон етакчиси томонидан 2017 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурилган ташаббуснинг бугунги жамият учун беқиёс аҳамияти эътироф этилган. Ушбу ташаббус ислом цивилизациясининг бой инсонпарварлик меросини қайта тиклаш, илмий жиҳатдан ўрганиш ва кенг тарғиб этишга қаратилган.
Шу билан бирга, мақолада форум иштирокчилари бир овоздан Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси марказининг ташкил этилгани, унинг самарали фаолияти йўлга қўйилгани ва Биринчи Халқаро Ислом цивилизацияси форумининг ўтказилиши мазкур ташаббуснинг амалий ифодаси эканини тасдиқлагани қайд этилган. Бу саъй-ҳаракатлар мусулмон умматининг бебаҳо меросини ўрганиш, асраб-авайлаш ва кенг тарғиб қилиш борасида халқаро ҳамкорликнинг янги даврига асос солгани шубҳасиз.
Декларацияда ислом цивилизацияси меросини ўрганиш, сақлаш ва кенг тарғиб қилиш, халқаро ҳамкорликнинг янги тизимини шакллантириш мақсад қилиб белгиланган. Шу билан бирга, ислом оламидаги нуфузли ташкилотлар ва глобал ташаббусларнинг алоҳида ўрин тутиши қайд этилган.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати