Бугун, 9 январь куни Ўзбекистон делегацияси таркибида Миср давлатида хизмат сафарида бўлиб турган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ал-Азҳар Шайхи Аҳмад Муҳаммад Тоййиб жаноблари билан учрашди. Мулоқотда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Рустам Қосимов, Ўзбекистон Халқаро ислом академияси ректори Шуҳрат Ёвқочев ва ал-Азҳар мажмуасининг йирик уламолари иштирок этдилар.
Учрашувда Ўзбекистонда амалга оширилаётган диний-маърифий соҳадаги улкан ислоҳотлар ҳақида маълумотлар тақдим этилди. Шунингдек, Ўзбекистон ва Миср давлатлари ўртасидаги диний-маърифий соҳадаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот якунида томонлар ал-Азҳар мажмуаси ҳамда Ўзбекистондаги диний соҳага оид марказлар ўртасида ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги “Йўл харитаси” имзоладилар.
Эришилган келишувларнинг мазмун-моҳияти тўғрисида сайтимиз орқали ёритиб борамиз.
Миср сафари давом этмоқда.



Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бирлашган Араб Амирликларида хизмат сафарида бўлиб турган Ўзбекистон имом-хатиблари учун давлатчилик, бағрикенглик ва замонавий диний-ижтимоий ёндашувлар мавзусида навбатдаги илмий-амалий машғулот бўлиб ўтди.
Учрашувда БААнинг тараққиёт йўли, қонун устуворлиги ва "васатийя" (ўрталик) тамойилининг жамият тинчлигидаги ўрни алоҳида эътироф этилди. Мамлакатда 200 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари аҳил-иноқ истиқомат қилаётгани таъкидланиб, инсон қадри ва ўзаро ҳурмат муҳим омил эканига эътибор қаратилди.
Ўз навбатида, БАА вакиллари Ўзбекистоннинг бой цивилизацияси ва дунё тамаддунига ҳисса қўшган буюк алломаларимиз хизматини юксак эҳтиром билан ёдга олишди. Тингловчиларнинг таъкидлашича, машғулотларда масжидларда маърузаларни проектор ва интерактив тақдимотлар орқали кўргазмали етказиш тажрибаси, шунингдек, имом-хатибларнинг жамият ҳаётидаги фаол ўрни кўрсатиб берилди.
Шунингдек, тадбирда БАА раҳбариятининг дунё бўйлаб амалга ошираётган инсонпарварлик ва хайрия лойиҳалари ҳақида атрофлича сўз юритилиб, бу каби манфаатли илмий сафарларни ташкил этган давлатимиз Раҳбари ва соҳа мутасаддиларига миннатдорлик билдирилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати