Аввалроқ, Ўзбекистон делегацияси Миср Араб Республикасига жўнаб кетгани ҳақида хабар берган эдик. Сафар доирасида Мисрнинг ал-Азҳар мажмуаси билан диний кадрлар тайёрлаш, уларнинг касб-маҳоратини ошириш, халқаро конференциялар ва семинарлар ўтказишга оид диний-маърифий соҳадаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилиниши кўзда тутилган.
Миср пойтахти Қоҳира шаҳрида Ўзбекистон делегацияси мамлакатимизнинг Мисрдаги элчихонаси билан ҳамкорликда ал-Азҳар мажмуаси раҳбарининг бошланғич ва ўрта таълим бўйича бошқарма бошлиғи Шайх Али ал-Халилий, ал-Азҳар шайхининг маслаҳатчиси профессор Абдураҳмон Мусо ҳамда ал-Азҳар ректори, профессор Муҳаммад Маҳрасовий билан учрашди.
Учрашув доирасида ал-Азҳар мажмуаси ҳамда Ўзбекистондаги диний соҳага оид марказлар ўртасида ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги меморандум лойиҳаси устида муҳокама ўтказилиб, ал-Азҳар ва Ўзбекистондаги диний таълим муассасалари ўртасида талабалар алмашинуви йўлга қўйиш алоҳида қайд қилинди. Келишувга мувофиқ, ҳар йили ўзбекистонлик 25 нафар талаба учун ал-Азҳар томонидан грант ажратилади. Шундан 20 нафар бакалавр босқичи учун 5 нафари эса магистратура босқичи учун ажратилиши белгилаб қуйилди.
Сафар давом этмоқда, хушхабарларни биздан эшитинг.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги шукуҳи кезиб юрган шу кунларда Наманганда эҳтиёжманд ва кўмакка муҳтож оилалар ҳолидан хабар олинмоқда.
“Меҳр-саховат” маърифий тадбири доирасида соҳа ходимлари шаҳардаги 125 та хонадонга ташриф буюриб, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатдилар. “Вақф” хайрия жамоат фонди ҳамда саховатпеша юртдошларимиз ҳамкорлигида кўрсатилган ушбу кўмак кўнгилларга илиқлик, юзларга табассум улашди.
Дилдан кечган самимий суҳбатлар ва кўтарилган дуолар юртимизда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ришталарини янада мустаҳкамлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати