Ўтаётган йилни сарҳисоб этиш, иш фаолиятни таҳлил қилиш, режалар тузиб, келгуси йил учун мустаҳкам пойдевор тайёрлаш яхши анъанага айланган. Ҳар бир йилнинг ўзига хос номда аталиши эса давлатимиз тараққиётининг муҳим асоси бўлмоқда.
Муҳтарам Президентимиз раҳнамоликларида Қуръон мусобақалари билан бошланган 2018 йил қут-баракали ўтди, Аллоҳ таолонинг неъматлари бисёр бўлди. Юртбошимизнинг диний-маърифий соҳани такомиллаштириш тўғрисидаги бир қатор фармон ва қарорлари асосида:
– Халқаро ислом академияси таъсис этилди;
– Халқаро Ислом цивилизация маркази ташкил этилди;
– “Вақф” хайрия жамоат фонди тузилди;
– Ҳадис илми мактаби номли олий диний таълим муассаси иш бошлади;
– масжид-мадрасаларни давлат рўйхатидан ўтказишда бир қатор имтиёз ва енгилликлар берилди;
– 13 та янги масжид очилди, 39 таси янгидан қурилди, 100 га яқини капитал таъмирланди;
– Ҳаж қилувчилар сони 7200 дан ошди, умра сафарига чекланмаган миқдорда зиёратчилар бориши мумкин бўлди;
– Рамазон ойида 1149 та масжидда хатми Қуръон ўтказилди;
– “Қуръони карим ва тажвид” ҳамда “Араб тили” курслари ташкил этилди, бундан элу халқимиз жуда ҳам мамнун бўлди.
Диний соҳада амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларни бутун дунё ҳамжамияти эътироф этмоқда. АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонда диний эркинлик йўлидаги ишларни тан олди. БМТ сессиясида Ўзбекистон ташаббуси билан “Маърифат ва диний бағрикенглик” номли муҳим ҳужжат қабул қилинди.
Юртимиз уламолари халқаро анжуманларда муносиб иштирок этди. Саудия Арабистони, Франция, Испания, Россия, Туркия ва бошқа кўплаб давлатлар мезбонлик қилган нуфузли халқаро тадбирларда вакилларимиз муваффақиятли қатнашди.
Ислом олами билан алоқалар мустаҳкамланиб, мусулмон дунёсининг энг мўътабар уламолари ўлкамизга ташриф буюришди. Азҳари шариф шайхи Аҳмад Тоййиб, йирик муҳаддис Муҳаммад Аввома ва тариқат пешвоси Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий каби зотларнинг ташрифи ўзгача файз бахш этди.
2018 йил 28 декабрдаги Президентимиз Мурожаатномасидан келиб чиқсак, 2019 йилни – “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб эълон қилиниши мамлакатимизда тобора куч-қувватга тўлиб бораётган ислоҳотларнинг давоми бўлади. Бошқача айтганда, келгуси йил жамиятимиз ҳаётида инвестиция ва ижтимоий соҳадаги ривожланиш янги босқичига кўтарилади, иншо Аллоҳ.
Ушбу йўналишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳам ўзининг муносиб ҳиссасини қўшишга тайёргарлик кўрмоқда. Хусусан, “Вақф” хайрия жамоат фонди аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларини қўллаб-қувватлаш билан бир қаторда жамиятни ижтимоий ривожлантириш лойиҳаларини ҳам ҳаётга тадбиқ этишни ўз олдига мақсад қилган. Сармоядорлар билан ҳам ҳамкорлик ўрнатишни назарда тутган.
Юқорида қайд этилганлар 2018 йилдаги кенг кўламли ишларнинг мухтасар баёни эди. Аллоҳ таоло мана шундай неъматларини янада бардавом айласин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси узоқ йиллар диний соҳада фаолият юритган Нуруллоҳ домла Мирзаҳмедовнинг падари бузрукворлари Рихситилла ҳожи отанинг вафоти муносабати билан у кишининг яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Охират сафарига кузатилган отахон эл корига ярайдиган, дину диёнат йўлида хизмат қиладиган фарзанд ва невараларни ўстирдилар, чиройли тарбия қилдилар.
Аллоҳ таоло марҳум отахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин. Ҳақ таоло марҳум отахоннинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Нуруллоҳ домла Мирзаҳмедовга, у кишининг оила аъзолари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Жаноза бугун пешин намозидан сўнг пойтахтимиздаги Имоми Бухорий жоме масжидида ўқилади.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси