Ёшларнинг илм олишига муносиб ҳисса қўшган устоз – Малика опа Нормуҳамедова 2018 йил 23 декабрь куни вафот этди.
Малика опа Нормуҳамедова 1944 йил Тошкент шаҳрида зиёли оилада таваллуд топган. 1966 йил Тошкент давлат университети ва 1997 йил Тошкент ислом институтини тамомлаган, педагогика фанлари номзоди эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида кўп йиллар самарали хизмат қилган устоз 1993 йил Тошкент шаҳридаги Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юртининг ташкил этилишига улкан ҳисса қўшган. Шу билан бирга Тошкент ислом институтида аёл-қизларни ҳам таълим олиши учун жуда кўп ташаббус кўрсатган.
Устоз Малика опа 1993-2009 йилларда Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юртида мудира вазифасида ишлаб, қизларнинг яхши таълим-тарбия олишига тинмай ҳаракат қилган. Устознинг билим юртига меҳри бўлакча бўлгани сабабли нафақага чиққандан кейин ҳам турли тадбирларда дуолари ва эзгу тилаклари билан мадраса фаолиятида ҳамнафас бўлди.
Ҳақ таоло Малика опанинг охиратларини обод айласин. Устознинг оила аъзоларига, яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз. Аллоҳ таоло устозни Ўз мағфиратига дохил қилсин, фарзанду набираларига сабру жамил бериб, сабрларига ажру мукофотлар ато этсин.
Нозима ИБРОҲИМОВА,
билим юрти мудираси
Бугун, 30 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Наманганга сафарлари давомида вилоят вакиллигининг янги биноси очилиш маросимида иштирок этдилар.
Муфтий ҳазратлари вакиллик ходимлари ва ҳудуддаги диний соҳа вакилларини янги бино билан муборакбод этиб, бундай замонавий шароитлар ва диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар Президентимизнинг соҳага қаратаётган алоҳида эътибори натижаси эканини таъкидладилар.
Шунингдек, Шайх ҳазратлари бугун имом-хатиблар моддий ва маънавий қўллаб-қувватланиб, вакилликларга алоҳида эътибор қаратилаётгани, 100 нафар Президент ҳожиси муборак сафарга юборилганини алоҳида эътироф этдилар. Сўнг ушбу эътибор ва имкониятларнинг қадрига етиб, янада фидокорлик билан меҳнат қилиш зарурлигини уқтирдилар.
Тадбирда сўзга чиққан сенатор, “Нуроний” жамғармаси Наманган вилояти бўлими раиси Икромхон Нажмиддинов вакиллик аҳлини янги бино билан қутлаб, яратилган бундай муҳташам шароитлар Юртбошимиз томонидан диний-маърифий соҳада олиб борилаётган эзгу ислоҳотларнинг узвий давоми эканини алоҳида таъкидлади.
Йиғилиш давомида Диний идоранинг Наманган вилоят вакиллиги янги биносини барпо этишда алоҳида жонбозлик ва фидокорлик кўрсатган мутасаддилар ташаккурнома билан тақдирланди. Шунингдек, Муфтий ҳазратлари томонидан вилоят вакиллигига автомашина совға қилинди. Ушбу хайрли ишга ҳисса қўшган мутасаддилар ҳамда ҳомийлар ҳақига дуо қилинди.
Сафар асносида Муфтий ҳазратлари ва меҳмонлар вакиллик ходимларининг муносиб фаолият юритиши учун яратилган замонавий шарт-шароитлар ва қулайликларни кўздан кечириб, амалга оширилган бунёдкорлик ишларидан мамнун бўлдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати