Маълумки, Республикамиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларида бўлгани каби таълим соҳасида ҳам туб ўзгаришлар жараёни кечмоқда. Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги қонуни ва «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури» таълим тизими жумладан, олий таълим муассасалари олдига педагогик кадрларни тайёрлашни тубдан яхшилаш вазифасини қўймоқда.
Китоб шаҳар «Хожа Бухорий» ўрта махсус ислом билим юртида Тошкент ислом институтининг 5 нафар амалиётчи талабалари педагогик амалиёт ўтказиб келмоқдалар.
Албатта, бўлажак ўқитувчиларни тайёрлашнинг муҳим босқичларидан бири педагогик амалиёт саналади. Олий таълим муассасаси аудиториясида эгалланган назарий билимлар, малака ва кўникмалар амалиёт давомида синовдан ўтади, ривожлантирилади. Айнан шу амалиёт жараёнида талабалар ўқувчиларни тарбиялашга, ўқув ва тарбиявий жараёнларни узвий бирликда амалга оширишга, болаларни ғоявий-сиёсий, ақлий, аҳлоқий, меҳнат, жисмоний ҳамда эстетик жиҳатдан тарбиялашнинг бирлигини таъминлашга ўрганадилар.
Билим юртида 21 декабрь куни амалиётчилар раҳбари Тошкент ислом институтининг тиллар кафедраси мудири Шерзод Чўлпонов амалиётчи талабалар билан учрашиб, дарс жараёнларида иштирок этди ва амалиётчи талабаларга ўз таклиф ва тавсияларини берди.
Шунингдек, Шерзод Чўлпонов ва билим юртининг “Талабалар илмий жамияти” аъзолари ўртасида мазмунли суҳбат ташкил этилди. Суҳбатда билим юрти мудири Ў.Ғузаров ҳам иштирок этди. Суҳбат давомида Шерзод Чўлпонов “Талабалар илмий жамияти” аъзолари томонидан бажарилган илмий ишлар билан танишди ҳамда талабаларга илмий изланишда бардавом бўлиб, эл юрт манфаати ва динимиз тараққиёти йўлида астойдил ҳаракат қилишларини тилаб қолди.


Азамат Усмонов
Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Бухоро вилоятида фаолият олиб бораётган имом-хатиб ва имом-ноиблар ўртасида “Қуръон тинчликка буюради” шиори остида Қуръон мусобақаси ўтказилди.
Очилиш маросимида Бухоро вилояти бош имом-хатиби Жобир домла Элов сўзга чиқиб, мазкур маърифий тадбирнинг аҳамияти ҳақида сўзлаб, иштирокчиларга муваффақият тилади.
Мусобақани ўтказишдан кўзланган мақсад диний соҳа ходимларининг Қуръони карим бўйича билим ва маҳоратини янада ошириш, улар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантиришдир.
Беллашувда вилоятнинг туман ва шаҳарларида фаолият юритаётган 10 нафар имом-хатиб ва имом-ноиб иштирок этиб, Қуръони каримни ўқиш ва ёддан билиш борасидаги билим ва маҳоратини намойиш этишди.
Биринчи ўринга Пешку тумани “Чиқирчи” жоме масжиди имом-ноиби Афзал Шавкатов сазовор бўлди. Иккинчи ўрин Бухоро шаҳридаги “Волиди Абдулазизхон” жоме масжиди имом-ноиби Абдувоҳид Акрамовга, учинчи ўрин Жондор тумани “Работўғлон” жоме масжиди имом-хатиби Шуҳрат Шеровга насиб этди.
Ғолибларга диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати