Жорий йилнинг 15 декабрь куни «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан “Мурувват карвони”нинг навбатдаги хайрия юклари Сирдарё вилоятига етказилди.
Ушбу вилоятда ўтказилган хайрия тадбирлари давомида озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечаклар, диний-маърифий китоблар ва бошқа зарурий буюмлар муҳтожлар, кам таъминланган оилалар, масжидларга тарқатилди.
Бунда 20 дона ногиронлик аравачаси, 315 метр аёллар газламаси, 500 кг шакар, 500 литр ёғ, 74 дона Росулуллоҳ рамазонда аудио диски, 296 дона китоблар (Ҳазрати Қусам ибн Аббос-Шоҳизинда, Тафсири Ирфон (19-22 жуз), (22-25 жуз), (26-28 жуз)) ўрин олган.
Маълумот учун, “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан Сирдарё вилоятида истиқомат қилувчи имконияти чекланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш мақсадида жами 73 миллион сўмлик товар-моддий бойликлар беғараз тарқатилди.
"Вақф" хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати
Истиқлолимизнинг 35 йиллик байрами арафасида Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев иштирокида Қувасой шаҳрида хайрия тадбир ўтказилди. Унда 33 та хонадонга озиқ-овқат маҳсулотлари, 43 нафар болажонга эса ўқув қуроллари ва кийим-кечаклар ҳадя қилинди.
Тадбирда фарзандлар учун муносиб шароит яратиш эзгуликнинг энг гўзал кўринишларидан бири экани, бугун ёш авлоднинг билими ва камоли учун қилинган ҳар бир хайрли амал эртанги кун тараққиётига муҳим ҳисса бўлиб қўшилиши таъкидланди.
Бундай тадбирлар, шунингдек, Бувайда туманидаги «Катта маҳалла» масжиди жамоаси томонидан ҳам ташкил этилди. Унда ижтимоий кўмакка муҳтож ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларидан 70 нафарига мактабда таълим олиши учун зарур бўлган ўқув қуроллари тарқатилди. Болажонлар мустақиллик байрами ҳамда бошланажак янги ўқув йили билан муборакбод этилди.
Илм ва ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бундай эзгу ташаббуслар Фарғона шаҳридаги "Хўжамбердибой", Сўх туманидаги "Султон Маҳмуд" масжиди жамоаси томонидан ҳам ташкил этилмоқда.
ЎМИ Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот хизмати