Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Июл, 2026   |   25 Муҳаррам, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:16
Қуёш
04:59
Пешин
12:29
Аср
17:41
Шом
20:02
Хуфтон
21:40
Bismillah
10 Июл, 2026, 25 Муҳаррам, 1448

Уҳуд тоғидан ҳам оғирроқ

13.12.2018   14917   1 min.
Уҳуд тоғидан ҳам оғирроқ

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга кетаётган эдилар. Бир дарахт ёнидан ўтаётганларида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига дарахга чиқиб, мисвок учун шохидан олиб тушишни амр қилдилар. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу дарҳол дарахтга чиқа бошладилар.

Буюк саҳобий вазни енгил, ихчам ва озғин киши эдилар. Шохни синдираётганларида шамол эсиб, у кишининг кийимларинининг этагини кўтариб юбориб, натижада болдирлари бироз очилиб қолди. Болдир жуда ҳам ингичка эди. Бу ҳолни кузатиб турган пастдагилар кулиб юборишди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Нима учун куляпсизлар?! Болдири ингичкалиги учунми?! Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, бу (болдир)лар (охиратдаги) тарозуда Уҳуддан ҳам оғирроқ бўлади” деб марҳамат қилдилар.

Ҳа азизлар, гоҳида бир кишининг ёки бир нарсанинг ҳақиқати сиз кўриб, эшитиб турганингиздек бўлмайди.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу жуссалари кичик инсон бўлсалар ҳам илмда, фиқҳда у кишига етадигани бўлмаган. Ҳатто ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудек зот ҳам у кишининг илмларига ҳавас қилганлар. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Мадинадаги саноқли фақиҳ саҳобалардан бири эдилар.

Юқоридаги воқеада севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам охиратдаги мезонда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг икки оёқларининг оғирлиги Мадинадаги Уҳуд тоғидан ҳам оғирроқ вазн босишининг хабарини бермоқдалар. 

 

“Вазиятларни бошқариш санъати” китобидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

Сийрат ва ислом тарихи
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Салим ал-Малик: Ўзбекистон Имом Бухорий меросини асрашда юксак масъулият кўрсатмоқда

09.07.2026   2309   1 min.
Салим ал-Малик: Ўзбекистон Имом Бухорий меросини асрашда юксак масъулият кўрсатмоқда

Салим ал-Малик
Ислом олами таълим, фан ва маданият ташкилоти
 (ИCEСCО) Бош директори

—  Ўзбекистон Республикаси ва ИCEСCО ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тарихий анжуман оддий тантана эмас. Бу — Имом Бухорийнинг буюк илмий меросини асраш, унинг ҳаққоний моҳиятини жаҳон жамоатчилигига етказиш, шунингдек, мусулмон умматининг маънавий ўзлиги ва цивилизацион меросини муҳофаза қилиш йўлидаги юксак масъулият ифодасидир. Ишонаманки, бу конференция ҳақиқатни илм билан ҳимоя қилишнинг ёрқин намунаси сифатида тарихда муносиб ўрин эгаллайди.

Биринчидан, ҳадиси шариф илмига бағишланган халқаро илмий конференцияни ҳар йили турли ислом мамлакатларида муайян мавзулар асосида мунтазам ўтказишни таклиф этаман. Бу илм аҳлининг ўзаро тажриба алмашиши, янги тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ва халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Иккинчидан, ҳадис илмини ривожлантириш, мазкур соҳадаги фундаментал тадқиқотларни рағбатлантириш ҳамда ёш олимларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳар йили нуфузли халқаро мукофот таъсис этишни таклиф қиламан.

Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон раҳбариятига, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёев жанобларига ушбу халқаро конференцияни ташкил этиш ташаббуси учун самимий миннатдорлигимни изҳор этаман.

Икки йил аввал муҳтарам Президент билан учрашганимизда у киши Имом Бухорий меросига бағишланган йирик халқаро конференция ўтказиш нияти ҳақида сўз юритган эдилар. Бугун эса ана шу эзгу ғоя Самарқанднинг муқаддас заминида амалда рўёбга чиққанини кўриб турганимиз барчамиз учун катта мамнуният ва қувонч бағишлайди.

Ушбу анжуман Имом Бухорий меросини чуқур ўрганиш, унинг илмий аҳамиятини кенг тарғиб этиш ва инсониятнинг умумий маънавий тараққиётига хизмат қиладиган янги халқаро ташаббусларга мустаҳкам пойдевор бўлишига ишонаман.

Дин ишлари бўйича қўмита 
Ахборот хизмати

МАҚОЛА