Ислом динимизда илмга қаттиқ эътибор берилган ва унга тарғиб этилган. Илм ўрганиш ҳар бир мусулмон эркак ва муслима аёлга фарз деб эълон қилинган.
Инсон ҳаётда тўғри йўлни илм орқали топа олади.
Буюк ватандошимиз Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг “Илмдан бошқа нажот йўқ” деган гапларида улкан маъно бор.
Илм – сарф этилгани сари тугамайдиган, аксинча ошиб, мустаҳкамланиб борадиган ноёб неъматдир. Молу дунё эса ишлатилгани сари тугаб бораверади.
Қуръони Каримда Аллоҳ таоло иймонли олимларнинг мартабаларини баланд қилишини, Ўзидан бандалари орасида олимлар кўпроқ қўрқишини айтган.
Ҳадиси шарифларда илм ўргатувчиларнинг ҳаққига ҳамма нарса, ҳатто денгиздаги балиқлар, инидаги чумолилар ҳам истиғфор айтиши таъкидланган.
Банда ибодатини ҳам фақат илм асосида адо этади. Чунки қандай намоз ўқиш, қандай рўза тутиш, қандай закот бериш ва қандай ҳаж қилиш илм орқали ўрганилади.
Олимлар, муаллимларнинг мартабалари бу дунёда ҳам, охиратда ҳам баланд бўлади.
Энди юқоридаги расмга изоҳ берсак: бу автобус Мексикада бўлиб, унинг ярми мактаб автобуси кўринишида, ярми эса қамоқхона автобуси кўринишида бўялган. Ёнига “Таълим бошланган жойда зўравонлик, безорилик тугайди” деб ёзиб қўйилган.
Нозимжон Иминжонов
حدثنا العباس الدوري نا يعلى بن عبيد نا موسى هو الجهني عن مصعب بن سعد عن أبيه قال: جاء أعرابي النبي صلى الله عليه وعلى آله وسلم فقال: يا رسول الله: علمني كلاما أقوله قال :”قل لا إله إلا الله وحده لا شريك له الله أكبر كبيرا والحمد لله كثيرا وسبحان الله رب العالمين لا حول ولا قوة إلا بالله العزيز الحكيم“. قال: هؤلاء لربي فما لي قال: قل: اللهم اغفر لي وارحمني واهدني وارزقني.
Мусъаб ибн Саъд отасидан ривоят қилади: “Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи ва ъалаа олиҳи васалламнинг олдиларига келиб: “Эй, Аллоҳнинг Расули, менга бир калимани ўргатинг, мен уни айтиб юрай”, деди.
“Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, Аллоҳу акбар кабийро, валҳамдулиллааҳи касийро, субҳааналлоҳи Роббил ъааламийн, лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллааҳил ъазийзил ҳакийм”, деб айт! дедилар.
У: “Булар Аллоҳ учун, мен учунчи?” деди. “Аллоҳуммағфирлий, варҳамний, ваҳдиний, варзуқний”, дегин”, деб айтдилар”.
Калима ва дуонинг маъноси: Ёлғиз Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Унинг шериги йўқ. Аллоҳ буюкдир, энг буюкдир, Аллоҳга кўп ҳамд бўлсин. Оламлар Робби пок деб ёд этаман. Куч ҳам, қувват ҳам фақат Азизу Ҳаким Аллоҳ биландир.
Аллоҳим, мени мағфират қил, менга раҳм қил, мени ҳидоятга бошла ва менга ризқ бергин.
Абу Саид Ҳайсам ибн Кулайб Шошийнинг
“Муснади Шоший” асаридан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси