Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бир муддат ваҳий келмай қолди. Бундан Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ташвишга тушиб маҳзун бўлдилар. Мушриклар: “Муҳаммаднинг Раббиси унга ғазаб қилди, уни тарк этди”, дедилар. Шунда Аллоҳ таоло Зуҳо сурасини нозил қилди (Абул Баракот Насафий. “Мадорику ат-танзил ва ҳақоиқу ат-таъвил”).
Қасамёд этурман чошгоҳ вақти билан ва (ўз зулмати билан атрофни) қоплаб турган тун биланки. Чошгоҳ вақти қуёш кўтарилаётган пайт, кундузнинг бошланишидир.
“(ўз зулмати билан атрофни) қоплаб турган тун”дан мурод одамлар ва турли овозларлардан ҳоли бўлган сокинлик, сукунат қамраб олган кечадир.
(эй, Муҳаммад!) Роббингиз Сиздан воз кечгани ҳам йўқ, ёмон кўриб қолгани ҳам йўқ! Чошгоҳ ва тун билан қасамки, эй Муҳаммад, Парвардигорингиз Сизни пайғамбарликка танлаганидан сўнг тарк этгани йўқ, сизни яхши кўрганидан кейин ғазаб ҳам қилгани йўқ.
Бу оят мушрикларнинг “Роббиси уни ташлаб қўйди”, деган сўзларига раддиядир (Шайх Муҳаммад Али Собуний. “Софватут тафасийр”).
Албатта, Сиз учун охират (саодати) дунё (фароғати)дан яхшироқдир. Яқинда Раббингиз Сизга (шундай неъматларни) ато этурки, Сиз, албатта, (ундан) рози бўлурсиз.
Ўткинчи дунёдан охират диёри, жаннат ва ундаги боқий неъматлар яхшироқдир. Чунки Аллоҳ таоло охиратда сизга жаннат ва ундаги ҳавзи Кавсарни, қиёматда умматингизни шафоат қилиш мақоми (мақоми маҳмуд)ни тайёрлаб қўйган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бошқа оятда бундай марҳамат қилади: “Шоядки, Роббингиз Сизни (Қиёмат кунида) мақтовли (шафоат қиладиган) мақомда тирилтирса” (Исро сураси, 79-оят).
Мақоми маҳмуд бу Қиёмат кунида Пайғамбаримиз алайҳиссаломга ато этиладиган буюк шафоат мақомидир. Қиёмат кунида умматларини шафоат қиладилар. Расулулоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳар бир пайғамбарнинг қабул бўладиган дуоси бор. Мен дуоимни умматимга шафоат қилиш учун охиратга олиб қўйдим” деганлар (Имом Бухорий ривояти).
(Эй, Муҳаммад! Раббингиз) Сизни етим ҳолда топиб, бошпана бермадими?! Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) она қорнидаликларидаёқ оталаридан, олти ёшларида оналаридан айрилдилар. Аллоҳ таоло у зотнинг боболари қалбига чексиз меҳр-шафқат ҳиссини солди. Боболари Абдулмутталиб вафотидан сўнг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) амакилари Абу Толибнинг қарамоғида қолдилар. Узоқ йиллар Абу Толиб у зотни ҳимоя қилди. Буларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг ҳикмати ва инояти билан бўлди.
Яна Сизни гумроҳ (ғофил) ҳолда топиб, (тўғри йўлга) ҳидоят қилиб қўймадими?!
Аллоҳ таоло Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ваҳий юбориб, у зотга шариатни билдирди ва Қуръондан таълим берди. Аллоҳ таоло бошқа оятда бундай марҳамат қилади: “Агар (Биз) Сизни (ҳақ йўлда) собитқадам қилмаганимизда...” (Исро сураси, 74-оят).
Ҳодий (Ҳидоят қилувчи) – Аллоҳ таолонинг сифатларидан бири бўлиб, У Зот Ўзи хоҳлаган кимсани фазли ила ҳидоят қилади. “Аллоҳ кимни ҳидоят қилса, бас, ўша ҳидоят топувчидир. Кимни йўлдан оздирса, бас, улар учун Ундан ўзга дўстларни топа олмассиз, уларни Қиёмат кунида юзтубан ҳолларида кўр, соқов, кар қилиб тирилтирурмиз” (Исро сураси, 97-оят).
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳ таолодан ҳидоятни яъни тўғри йўлда собитқадамликни сўраб: “Аллоҳим! Мен Сендан ҳидоятни, иффатни, беҳожатликни сўрайман”, деб дуо қилардилар (Имом Муслим ривояти).
Сизни камбағал ҳолда топиб, (Хадичага уйланишинингиз туфайли) бой қилиб қўймадими?! Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Хадича бинти Хувайлид (розияллоҳу анҳо)нинг тижорат карвонларига бошчилик қилганлари ва кейинчалик у аёлни никоҳларига олганларидан кейин бой-бадавлат кишилардан бирига айландилар.
Аллоҳ таоло у зотни моддий тарафдан тўкис қилиб қўйди ва қаноатли қилди. Дунёнинг ўткинчи матоҳларига берилмадилар. Чин бойликни нафс хотиржамлигида деб билдилар. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бойлик мол-дунёнинг кўплигида эмас. Балки нафс тўқлигидир”, дедилар (Имом Муслим, Имом Термизий ривояти).
Бас, энди Сиз (ҳам) етимга қаҳр қилманг! Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг етимликда вояга етишларининг катта ҳикмат бор эди. У зот етимликни ҳис этганлари учун ҳам уларга нисбатан меҳрибон, ҳамиша етимпарвар бўлдилар ва бошқаларни ҳам шунга тарғиб этдилар. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мен ва етимни ўз қарамоғига олган киши жаннатда мана шундай ёнма-ён турамиз” – деб кўрсаткич ва ўрта бармоқлари орасини очиб кўрсатдилар” (Имом Бухорий ривояти).
Соил (гадо)ни эса (малол олиб) жеркиманг! Бирор нарса сўраб келган тиланчини ҳайдаманг, унга мулойим бўлинг. Эҳсон, ҳадя беринг ёки чиройли муомала билан ортига қайтаринг.
Шунингдек, илм ўрганиш мақсадида бирор савол сўраб келганни ҳайдаманг, унга ўртагинг (Абул Баракот Насафий. “Мадорику ат-танзил ва ҳақоиқу ат-таъвил”).
Раббингизнинг (Сизга ато этган барча) неъмати ҳақида эса (одамларга) сўзланг! Аллоҳ таоло берган неъматлар ҳақида гапириш шукрнинг бир кўринишидир. Чунки банда ўзига етган инъом ёлғиз Аллоҳ таолонинг фазли билан эканига ишонади ва эътироф этади.
Анас ибн Башир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) минбарда туриб: “Ким озига шукр қилмаса, кўпига ҳам шукр қилмайди. Ким одамларга шукр қилмаса, Аллоҳга ҳам шукр қилмайди. Аллоҳнинг неъматлари ҳақида гапириш шукрдир. Уни тарк қилиш куфрдир. Жамоат раҳматдир”, дедилар” (Имом Байҳақий ривояти).
Абу Ражо (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Имрон ибн Ҳусайн (розияллоҳу анҳу)ни қўлида шойидан бўлган чойшабни олиб кетаётганини кўрдим. Илгари уни бу ҳолда ҳеч кўрмаган эдим. Шунда у: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таоло бир бандасига бирор неъматни берса, ўша бандасида берган неъматини асари кўриниб туришини яхши кўради”, деганларини эшитганман», деди (Имом Абу Мансур Мотуридий. “Таъвилату аҳлис-сунна”).
Аллоҳ таоло барчамизни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га чин уммат бўлиб, у зотнинг гўзал ахлоқларидан ўрнак олиб яшашимизни насиб қилсин!
Шайх Муҳаммад Али Собунийнинг “Софватут тафасийр”,
Абул Баракот Насафийнинг “Мадорику ат-танзил ва ҳақоиқу ат-таъвил”,
Имом Абу Мансур Мотуридийнинг “Таъвилату аҳлис-сунна” асари асосида
Даврон НУРМУҲАММАД
тайёрлади
- 59وَدُنْيَانَا حَدِيثٌ وَالْهَيُولَى عَدِيمُ الْكَوْنِ فَاسْمَعْ بِاجْتِذَالِ
Маънолар таржимаси: Дунёмиз йўқдан бор қилингандир ва “ҳайуло” эса бўлмаган нарсадир (буни сен) шодлик билан эшитгин.
Назмий баёни:
Дунёмиз яратилган, “ҳайуло” эса,
Шодлик-ла эшитгин бўлмаган нарса.
Луғатлар изоҳи:
وَدُنْيَانَا – мубтадо, музоф музофун илайҳ. Бу калимадан Алоҳ таолодан бошқа мавжудотлар кўзда тутилган.
حَدِيثٌ – хабар. “Ҳодис” луғатда “янги”, “яқинда бор бўлган” маъноларига тўғри келади. Дунё йўқдан бор қилингани учун унга нисбатан шу калима ишлатилади. فُعْلَى вазни музаккар ва муаннисликда тенг ишлатилгани учун хабар музаккар шаклда келтирилган.
وَ – “ибтидоия” маъносида келган.
الْهَيُولَى – ушбу калима ташдидли қилиб هَيُّولَى деб ҳам ўқилади. Бу калима, аслида, юнонча сўз бўлиб, “асл”, “асос” ва “модда” каби маъноларни англатади. Жумҳур файласуфлар ҳайулони “қадим жавҳар” ёки “бирлашиш ва ажралишни қабул қилувчи қадим нарса”, деб ҳисоблашган.
عَدِيمُ – хабар, музоф. Луғатда “номавжуд” маъносига тўғри келади.
الْكَوْنِ – музофун илайҳ. Луғатда “мавжуд” маъносига тўғри келади.
اسْمَعْ – амр феъли. Фоили зоҳир келтирилмаслиги вожиб бўлган замирдир.
بِ – “мусоҳаба” (бирга бўлиш) маъносидаги жор ҳарфи.
اجْتِذَالِ – “шодланиш”, “хурсанд бўлиш” маъноларини англатади. Жор мажрур اسْمَعْ га мутааллиқ.
Матн шарҳи:
Баъзи жоҳил файласуфлар ҳайуло ҳар бир нарсанинг аслидир, яъни бутун олам ҳайуло деб аталадиган бирламчи моддадан вужудга келган, уни биров яратмаган, деган фикрни илгари суришган. Ушбу байт ўша жоҳилларнинг даъволарига раддия сифатида ёзилган. Уларнинг “илмий” даъволари мусулмонлар томонидан кескин рад этилган. Чунки бу гапни айтаётган киши оламни қадим, яъни у ўз-ўзидан бор бўлган деяётган ва Аллоҳ таолонинг бутун борлиқни Ўзи яратгани тўғрисидаги хабарларини инкор этаётган бўлади. Бундай инкор этиш эса очиқ-ойдин куфр ҳисобланади. Ҳақиқий мўмин киши эса барча нарсаларни Аллоҳ таоло йўқдан бор қилган, деган тушунчада бўлади.
Ўший раҳматуллоҳи алайҳ ушбу “бирламчи модда” тўғрисида қандай эътиқодда бўлиш лозимлигини қисқагина қилиб “ҳайуло – бўлмаган нарса” дея баён қилган. Қуръони каримда осмонлару ердагиларнинг ҳаммаси истаса ҳам, истамаса ҳам, Аллоҳ таолонинг белгилаб қўйган қонунларига бўйсуниб яшашларини, борлиқдаги бирор нарса ўз-ўзидан бор бўлиб қолмаганини, балки барча нарсаларнинг яратувчиси Аллоҳ эканлиги баён қилинган:
“Осмонлар ва Ердаги барча жонзот ва уларнинг соялари хоҳ ихтиёрий, хоҳ мажбуран, эртаю кеч саждани Аллоҳга қиладилар. (Эй Муҳаммад!) Айтинг: “Осмонлар ва Ернинг Парвардигори ким?” (яна ўзингиз) “Аллоҳ”, – деб жавоб қилинг! “Бас, Уни қўйиб, ўзларига на фойда ва на зарар етказишга қодир бўлмайдиган (бут ва санам)ларни дўст тутдингизми?” – денг! Яна айтинг: “Кўр (гумроҳ) билан кўрувчи (ҳидоят топган киши) баробар бўлурми? Ёки зулматлар билан нур баробар бўлурми?” Ё улар Аллоҳга Унинг яратиши каби ярата оладиган бутларни шерик қилиб олишган ва улар ҳам яратганлар-у, сўнгра уларга (икки) яратиш ўхшаш бўлиб қолдими?! Айтинг: “Аллоҳ барча нарсанинг яратувчисидир ва У Танҳо ва Ғолибдир”[1].
Яъни осмон ва ер аҳлларининг барчалари истасалар ҳам, истамасалар ҳам ёлғиз Аллоҳ таолога бўйсунишдан ўзга чоралари йўқ. Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳ ушбу оят ҳақида: “Мўмин киши Аллоҳ таолога ўз ихтиёри билан бўйсунган ҳолда сажда қилади, кофир эса даҳшатга тушган ва чорасиз қолганида мажбуран сажда қилади”, – деган.
Шунингдек, уларнинг соялари ҳам куннинг аввалида ва охирида сажда қилади. Ушбу оятда коинотдаги барча мавжудотни, ҳатто одамларнинг сояларини ҳам Ўзига сажда қилишга бўйсундириб қўйган Зотнинг буюклиги хабари берилган. Ояти кариманинг давомида “Кўр (гумроҳ) билан кўрувчи (ҳидоят топган киши) баробар бўлурми?”, – дейилган. Бу ерда кўзи кўрдан кофир киши, кўрувчидан эса мўмин киши ирода қилинган. Зулматлардан залолат йўллари, нурдан эса ҳидоят ирода қилинган. Умумий маъноси шуки, кўзи кўр билан кўрувчи, зулматлар билан нур баробар бўлмагани каби, ҳақиқат зиёсини кўрадиган мўмин киши билан, бу зиёни кўра олмайдиган кофир ҳам ҳеч қачон баробар бўла олмайди. Шунга кўра шариатда берилган хабарларни тасдиқлаш ҳақиқат зиёсини кўриш, бу хабарларни инкор қилиш эса ушбу зиёни кўра олмасликдир.
Кейинги мавзу:
Жаннат ва дўзахнинг яратиб қўйилгани баёни