Абдуллоҳ ибн Абу Рабийъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам мендан қирқ минг (дирҳам) қарз олдилар. Кейин у зотга мол келганида уни менга қайтариб бердилар ва: “Аллоҳ молингга ва аҳлингга барака берсин. Албатта, қарзнинг мукофоти мақтов ва адо этишдир”, дедилар» (Имом Насоий ривояти).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Исро кечаси жаннат эшигида: “Садақага ўн баробар, қарзга ўн саккиз баробар”, деган ёзувни кўрдим. Жаброил алайҳиссаломга: “Нима учун қарзга садақадан кўпроқ?” дедим. У: “Чунки садақа муҳтожнинг ҳам, беҳожатнинг ҳам қўлига тушаверади, қарз эса, фақат муҳтожга берилади”, деди» (Имом Ибн Можа ривояти).
Ҳақиқатан, муҳтож одамга қарз бериб, мушкулини осон қилиш – улкан савоб. Мўмин киши биродарининг мушкули осон бўлишини кўзлаб қарз беради. Шундай экан, қарз берган одамнинг яхшилигини қадрлаш ва омонатни ўз вақтида эгасига қайтариш лозим.
Афсуски, бугун жамиятимизда қарз олди-бердисига ўта енгил қарайдиганлар кўпайиб кетди: кимдир қайтара олиш-олмаслигини ўйламай қарз олса, кимдир қайтармаслик ниятида олади. Натижада қарз берувчига жабр бўлади. Одамлар ўртасидаги ўзаро ишончга путур етади. Қарз олди-бердисини деб нафақат дўстлик-биродарлик, балки қариндошлик алоқалари ҳам узилиб кетмоқда.
Шундай кишилар борки, ўзларига тўқ бўлатуриб, қарз олишади-да, қайтаришни атайин ортга суришади. Қарз берган кишининг эсидан чиқишини кутишади. Улар ўзларича шу йўл билан қарзларидан қутулмоқчи бўлишади. Баъзилар эса, аввал-бошдан қарзни қайтармаслик ниятида олишади. Қарзни бермаслик учун турли баҳоналарни рўкач қилиб, ўзларини муҳтож кўрсатишади. Охир-оқибат ҳақдор ҳам қарзини кечиб юборишга мажбур бўлади. Улар мана шу йўл билан ўзгаларнинг ҳақини ўзлаштириб олишади.
Баъзида олган қарзларидан тонадиган кимсалар ҳам учраб туради. Улар пулни қайтармаслик учун ҳар қандай ёлғон-яшиқдан тап тортишмайди. Шунинг учун қарз олди-бердисини гувоҳлар ёрдамида ёзиб қайдлаб қўйиш мақсадга мувофиқдир.
Аллоҳ таоло: «Эй иймон келтирганлар! Бир-бирингиздан бирор муддатга қарз олиб, қарз берсангиз, уни ёзиб қўйингиз!» (Бақара сураси, 282-оят), деб марҳамат қилган.
Набий алайҳиссалом марҳамат қиладилар: “Ким қарзини адо қилишни ирода қилиб одамлардан мол олса, Аллоҳ таоло унга тўлаш сабабларини муҳайё қилиб қўяди. Ким талафот етказишни ирода қилиб олса, Аллоҳ унинг ўзига талафот етказади” (Имом Бухорий ривояти).
Бошқа ҳадисда: “Ким одамларнинг молларини (қарзга) олиб, уни қайтаришни ният қилса, Аллоҳ уни адо этишда ёрдам қилади. Ким йўқ қилишни ният қилиб олса, Аллоҳ уни йўқ қилади”, деб огоҳлантирилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бадавлат кишининг (бировдан қарз олиб, уни қайтармай вақтни) чўзиб юриши зулмдир”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Ҳар бир мўмин ушбу кўрсатмаларни яхши билиб олиши ва уларга оғишмай амал қилиши зарур. Ўзгаларнинг ҳақини ўзлаштиришдан, ишончини суиистеъмол қилишдан эҳтиёт бўлайлик. Албатта, унинг ҳисоб-китоби оғир бўлади.
Дилмурод СОДИҚОВ
Савол: Мен туш кўрдим ва уйғониб Ибни Сириннинг "Тушлар таъбири" китобини кўрсам ёмонроқ чиқди ва сиқилиб қолдим. Туш таъбири масалаларига мусулмон инсон қандай қараши керак?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аввало шуни айтишимиз керакки, Ибн Сирийн раҳимаҳуллоҳга нисбат берилган “Тушлар таъбири” китоби у зотга тегишли эмас. Шунинг учун бу китобни у зотга нисбат бериб бўлмайди. Динимизга кўра тушлар уч хил бўлади:
– Аллоҳ таоло томонидан бўлган, таҳорат билан ётилганда, тонгга яқин кўриладиган, солиҳ тушлар.
– Шайтондан бўлган, аниқ эсда қолмайдиган, кайфиятни туширадиган, алаҳсирашга ўхшаш ёмон тушлар.
– Касбига ёки қизиққан нарсасига тааллуқли тушлар.
Динимизда туш кўрганда нима қилиш кераклиги борасида аниқ тавсиялар келган. Агар рост тушлар шариатга мос келса, амал қилиш мумкин, агар зид келса, қатъий амал қилинмайди. Ёмон туш кўрган киши тушини бировга айтмаслиги ва тушнинг ёмонлигидан Аллоҳ таолодан паноҳ сўраши керак. Бу ҳақида Абдуллоҳ ибн Қатода розияллоҳу анҳу отасидан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рост туш Аллоҳдан, ёмон туш шайтондан. Бирортангиз қўрқинчли туш кўрса, чап томонига туфлаб қўйсин ва тушнинг ёмонлигидан (Аллоҳдан) паноҳ сўрасин. Шунда ёмон туш зарар қилмайди”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Яъни ёмон туш кўрган киши чап томонга енгилгина туфлаб: “Роббим! Кўрган тушимни ёмонлигидан паноҳ сўрайман”, деб қўяди.
Баъзи уламолар имкон бўлса ўрнидан туриб, таҳорат олиб, икки ракат нафл намоз ўқигани ҳамда бироз садақа қилиб қўйгани яна ҳам яхши, дейишган.
Шунингдек, туш инсон тақдирини белгиламайди. Тушга ортиқча баҳо бериб, уни ҳаёт мезонига айлантириш тўғри эмас. Биз динимиз кўрсатмаларига оғишмай амал қилсак, ҳам моддий, ҳам руҳий тарафдан соғлом, иродамиз мустаҳкам бўлади. Валлоҳу аълам!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.