Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Июл, 2026   |   25 Муҳаррам, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:16
Қуёш
04:59
Пешин
12:29
Аср
17:41
Шом
20:02
Хуфтон
21:40
Bismillah
10 Июл, 2026, 25 Муҳаррам, 1448

Қарзини қайтармаган гуноҳга ботади

21.07.2023   1704   3 min.
Қарзини қайтармаган гуноҳга ботади

Абдуллоҳ ибн Абу Рабийъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам мендан қирқ минг (дирҳам) қарз олдилар. Кейин у зотга мол келганида уни менга қайтариб бердилар ва: Аллоҳ молингга ва аҳлингга барака берсин. Албатта, қарзнинг мукофоти мақтов ва адо этишдир”, дедилар» (Имом Насоий ривояти).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Исро кечаси жаннат эшигида: “Садақага ўн баробар, қарзга ўн саккиз баробар”, деган ёзувни кўрдим. Жаброил алайҳиссаломга: “Нима учун қарзга садақадан кўпроқ?” дедим. У: “Чунки садақа муҳтожнинг ҳам, беҳожатнинг ҳам қўлига тушаверади, қарз эса, фақат муҳтожга берилади”, деди» (Имом Ибн Можа ривояти).

Ҳақиқатан, муҳтож одамга қарз бериб, мушкулини осон қилиш – улкан савоб. Мўмин киши биродарининг мушкули осон бўлишини кўзлаб қарз беради. Шундай экан, қарз берган одамнинг яхшилигини қадрлаш ва омонатни ўз вақтида эгасига қайтариш лозим.

Афсуски, бугун жамиятимизда қарз олди-бердисига ўта енгил қарайдиганлар кўпайиб кетди: кимдир қайтара олиш-олмаслигини ўйламай қарз олса, кимдир қайтармаслик ниятида олади. Натижада қарз берувчига жабр бўлади. Одамлар ўртасидаги ўзаро ишончга путур етади. Қарз олди-бердисини деб нафақат дўстлик-биродарлик, балки қариндошлик алоқалари ҳам узилиб кетмоқда.

Шундай кишилар борки, ўзларига тўқ бўлатуриб, қарз олишади-да, қайтаришни атайин ортга суришади. Қарз берган кишининг эсидан чиқишини кутишади. Улар ўзларича шу йўл билан қарзларидан қутулмоқчи бўлишади. Баъзилар эса, аввал-бошдан қарзни қайтармаслик ниятида олишади. Қарзни бермаслик учун турли баҳоналарни рўкач қилиб, ўзларини муҳтож кўрсатишади. Охир-оқибат ҳақдор ҳам қарзини кечиб юборишга мажбур бўлади. Улар мана шу йўл билан ўзгаларнинг ҳақини ўзлаштириб олишади.

Баъзида олган қарзларидан тонадиган кимсалар ҳам учраб туради. Улар пулни қайтармаслик учун ҳар қандай ёлғон-яшиқдан тап тортишмайди. Шунинг учун қарз олди-бердисини гувоҳлар ёрдамида ёзиб қайдлаб қўйиш мақсадга мувофиқдир.

Аллоҳ таоло: «Эй иймон келтирганлар! Бир-бирингиздан бирор муддатга қарз олиб, қарз берсангиз, уни ёзиб қўйингиз!» (Бақара сураси, 282-оят), деб марҳамат қилган.

Набий алайҳиссалом марҳамат қиладилар: “Ким қарзини адо қилишни ирода қилиб одамлардан мол олса, Аллоҳ таоло унга тўлаш сабабларини муҳайё қилиб қўяди. Ким талафот етказишни ирода қилиб олса, Аллоҳ унинг ўзига талафот етказади” (Имом Бухорий ривояти).

Бошқа ҳадисда: “Ким одамларнинг молларини (қарзга) олиб, уни қайтаришни ният қилса, Аллоҳ уни адо этишда ёрдам қилади. Ким йўқ қилишни ният қилиб олса, Аллоҳ уни йўқ қилади”, деб огоҳлантирилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Бадавлат кишининг (бировдан қарз олиб, уни қайтармай вақтни) чўзиб юриши зулмдир, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Ҳар бир мўмин ушбу кўрсатмаларни яхши билиб олиши ва уларга оғишмай амал қилиши зарур. Ўзгаларнинг ҳақини ўзлаштиришдан, ишончини суиистеъмол қилишдан эҳтиёт бўлайлик. Албатта, унинг ҳисоб-китоби оғир бўлади.

 Дилмурод СОДИҚОВ

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Миср Вақф ишлари вазири: Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатлари бутун ислом оламида юксак эътироф этилмоқда

09.07.2026   2243   1 min.
Миср Вақф ишлари вазири: Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатлари бутун ислом оламида юксак эътироф этилмоқда

Профессор Усома Саййид Маҳмуд Муҳаммад Азҳарий,
Миср Араб Республикаси Вақф ишлари вазири

— Ўзбекистонда буюк алломаларнинг бой илмий меросини ўрганиш, муқаддас қадамжоларни обод этиш ҳамда ёш авлодни маърифат руҳида тарбиялашга қаратилган саъй-ҳаракатлар бутун ислом оламида юксак эътироф этилмоқда.

Мен вазир бўлсам-да, ўзимни Имом Термизийнинг шогирди деб биламан. Эртага у зотнинг муборак мақбарасини зиёрат қилиш бахтига муяссар бўлишимдан беҳад мамнунман. Бу зиёрат олдидан қалбимда катта ҳаяжон бор.

Шунингдек, Миср Араб Республикаси Президентининг самимий саломлари ва эзгу тилакларини форум иштирокчиларига етказиш мен учун катта шарафдир.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ислом цивилизациясининг бой илмий-маънавий меросини асраб-авайлаш, уни халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш ҳамда илм-маърифатни ривожлантиришга қаратилган ташаббуслари жаҳон ҳамжамияти томонидан юксак баҳоланмоқда.

Бундай эзгу ташаббуслар исломнинг асл инсонпарварлик моҳиятини кенг намоён этиш, халқлар ўртасида ўзаро ҳурмат, бағрикенглик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Дин ишлари бўйича қўмита 
Ахборот хизмати

МАҚОЛА