بسم الله الرحمن الرحيم
Ҳуқуқимиз кафолати
الحَمْدُ للهِ الَّذِي أَمَرَ عِبَادَهُ بِالْعَدْلِ وَالإِحْسَانِ، وَنَهَى عَن البَغْيِ وَالظُّلْمِ وَالعُدْوَانِ، وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى نَبِيِّنَا محمد الَّذِي نَشَرَ العَدْلَ وَالأَمَانَ، وَحَفِظَ كَرَامَةَ الإِنْسَانِ، وَعَلَى أَلِهِ وَأَصْحَابِهِ الكِرَامِ، أَمَّا بَعْدُ
Муҳтарам азизлар! Маълумки, муҳтарам Юртбошимиз бевосита ташаббуслари билан Қорақалпоғистон Республикасида “Имом Эшон Мухаммад” жоме масжиди реконструкция қилиниб, халқимиз ихтиёрига топширилиши, Хоразм вилоятининг Урганч шаҳридаги “Охун бобо” масжидини қайта қурилиши, Қашқадарё вилоятининг Қарши туманидаги “Абу Муин Насафий” мажмуасини тубдан яхшиланиши, Сурхондарё вилоятида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Самарқанд вилоятида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Бухоро вилоятида “Мир Араб” Олий мадрасасининг очилиши, Тошкент шаҳрида Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марказини ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академиясини ташкил этилиши, Қуръони карим мусобақасини юқори даражада ўтказилгани, турли диний мавзулардаги адабиётлар етарли даражада етказиб берилаётгани, албатта бу – диний соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг амалий ифодаси ҳисобланади.
Алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, сўнги йилларда умра зиёрати фақат баҳор фасли ва Рамазон мавсумида ташкил этилган бўлса, фуқароларимизнинг виждон эркинлиги ва диний эътиқодга бўлган конституциявий ҳуқукларини тўлиқ таъминлаш мақсадида жорий йилдан умра сафарини йил давомида амалга ошириш белгиланди. Ҳозирги кунда мазкур топшириқ ижроси тўлиқ таъминланиб, уч мингга яқин зиёратчиларимиз ҳозирги кунга қадар умра амалларини бажариб, мамлакатимизга қайтиб келдилар.
Зиёратчиларимиз учун барча шарт-шароитлар тўлиқ яратилган бўлиб, Мадина шаҳрида беш юлдузли “Пулман Замзам” меҳмонхонаси, Макка шаҳрида эса тўрт юлдузли “Абраж ал-Кисва” меҳмонхонлари ҳизмат кўрсатмоқда.
Эътироф этишимиз лозимки, мазкур ислоҳотлар ҳуқуқимиз кафолатлангани ва эркинлигимиз тўлиқ таъминланаётганлигидан далолатдир.
Бу ютуқларимизнинг барчаси юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва хотиржамлик сабаблидир. Бунда, албатта, юртимизда қабул қилинган халқаро меъёрларга жавоб берадиган Бош Қомусимизнинг ўрни беқиёс.
Мухтарам жамоат! Бош Қомусимизда келтирилган қонун-қоидаларга бўйсуниш, жамият фаровонлиги учун меҳнат қилиш, унинг тинчлиги ва хавфсизлигини сақлашдан бўйин товламаслик – давлатнинг жамият олдидаги ҳақларидан саналади. Аллоҳ таоло Ўзининг Каломида шундай марҳамат қилади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا أَطِيعُوا اللَّهَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ وَأُولِي الْأَمْرِ مِنْكُمْ
яъни: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз! ...” (Нисо сураси, 59-оят).
Ушбу оятдан Аллоҳ ва Унинг Расулининг буйруқларига итоат қилиш билан бирга мусулмонлар ўзларидан бўлган дин ва давлат бошлиқларига ҳам итоат қилишнинг вожиблиги маълум бўлади. Модомики раҳбар ёки ота-оналар гуноҳ ишларга буюрмас эканлар, уларга итоат этиш шаръан вожибдир (Имом Таҳовийнинг “Ақоид”ига қаралсин).
Асосий қомусимизнинг муҳим бўлган бандларида Аллоҳ таоло томонидан берилган улуғ неъмат – инсоннинг ҳаёти дахлсизлиги ва виждон эркинлиги ҳуқуқи ҳақида таъкидланади. Шунингдек, ислом динида оила ва никоҳга катта эътибор қаратилиб, жамиятнинг маънавий ҳолатини яхшилашнинг асосий омили оила дея эътироф этилган бўлиб, қонунимизда ҳам бу борада оила жамиятнинг асосий бўғини экани, жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга экани белгиланган.
Ислом дини кўрсатмаларида ҳам инсонларнинг миллати, ирқига қараб ажратиш қораланади. Бу хусусда Аллоҳ таоло қўйидагича марҳамат қилади:
يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّا خَلَقْنَاكُمْ مِنْ ذَكَرٍ وَأُنْثَى وَجَعَلْنَاكُمْ شُعُوبًا وَقَبَائِلَ لِتَعَارَفُوا إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِنْدَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ إِنَّ اللَّهَ عَلِيمٌ خَبِيرٌ
яъни: “Эй инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Хавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишларингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида мукаррамроғингиз тақводорингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” (Ҳужурот сураси, 13-оят).
Жамиятдаги инсонларнинг ўзаро ҳақ-ҳуқуқ ва мажбуриятларни астойдил адо этиб, жорий қонун-қоидаларга риоя қилиб яшаши ижтимоий адолат қарор топишида муҳим ўрин тутади. Ҳар бир шахс яшаш ҳуқуқига эга эканлиги Қуръони каримнинг кўплаб оятларида баён этилган. Жумладан,
وَلَا تَقْتُلُوا النَّفْسَ الَّتِي حَرَّمَ اللَّهُ إِلَّا بِالْحَقِّ
яъни: “Аллоҳ тақиқлаган жонни ноҳақ қатл қилманг!” (Анъом сураси, 151-оят). Демак, ҳеч кимса бошқани яшаш ҳуқуқидан ноҳақ маҳрум этиши мумкин эмас. Шунингдек, таълим олиш, меҳнат қилиш, даволаниш, эътиқод, мулкка эгалик ҳуқуқлари ҳам динимизда ҳамма учун бирдек кафолатланган. Бош Қомусимизда ҳам айнан мана шу ҳуқуқлар алоҳида моддалар билан кафолатлаб қўйилган.
Динимизда, шунингдек, ҳар бир киши зиммасида ўзи яшаб турган жамият, ундаги одамлар ва ватани олдида бурч, мажбуриятлари борлиги ҳам баён этилган. Қуръони каримда айтилади:
وَاعْبُدُوا اللَّهَ وَلَا تُشْرِكُوا بِهِ شَيْئًا وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا وَبِذِي الْقُرْبَى وَالْيَتَامَى وَالْمَسَاكِينِ وَالْجَارِ ذِي الْقُرْبَى وَالْجَارِ الْجُنُبِ وَالصَّاحِبِ بِالْجَنْبِ وَابْنِ السَّبِيلِ وَمَا مَلَكَتْ أَيْمَانُكُمْ
яъни: “Аллоҳга ибодат қилинг ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманг! Ота-оналарга эса яхшилик қилинг! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшни-ю бегона қўшни, ёнингиздаги хамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)!...” (Нисо сураси, 39-оят).
Ўзбекистонда миллатлараро тинч-тотувлик, турли дин вакиллари ўртасида яхши муносабатлар, бағрикенглик ҳукм сураётган оқилона сиёсат – асосий қонунимиз инсонпарварлик, адолат тамойиллари асосида ишлаб чиқилганини исботидир.
Муҳтарам жамоат! Мамлакатимиз халқи мураккаб тарихий жараённи бошдан кечирди. Барча қийинчилик, жабр-зулм ва адолатсизликларга қарамай, буюк аждодларининг муносиб авлодлари, жаҳонга довруғи кетган машҳур алломаларнинг қонуний ворислари эканини ҳар томонлама исботлади. Аллоҳнинг лутфу карами ила азиз ва муқаддас истиқлолга эришди. Халқимиз нурли келажак сари катта ишонч билан қарамоқда ва улуғ орзуларига етмоқда.
Мустақил она диёримизда яшовчи барча халқлар томонидан якдиллик билан қабул қилинган Асосий Қонунимизда инсон ҳуқуқлари, бурч ва вазифалари каби виждон эркинлиги ҳам алоҳида белгилаб қўйилган.
Қуйидаги оятлар инсоннинг қадр-қиммати нақадар юқори эканлиги, ҳар бир шахснинг ҳақ-ҳуқуқлари Аллоҳ томонидан дахлсиз қилиб белгилангани ва кафолатланганини таъкидлайди:
لَا إِكْرَاهَ فِي الدِّينِ قَدْ تَبَيَّنَ الرُّشْدُ مِنَ الْغَيِّ ...
яъни: “Динда мажбурлаш йўқ, тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди…” (Бақара сураси, 256-оят).
Демак, ҳар бир шахс ўз виждони ва эътиқодидан келиб чиққан ҳолда бирор динни ўз ихтиёри билан танлаши, бунда ҳеч қандай зўравонлик бўлмаслиги лозим.
Бу ҳам Конституциямизда ўз аксини топган: “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динига эътиқод қилиш ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди” (31-модда).
Бундан ташқари, ислом дини азалдан оила ва никоҳга катта эътибор қаратиб келган. Насл-насабни сақлаш, жамиятнинг маънавий ҳолатини яхшилашнинг асосий омили оила дея эътироф этилган.
Конституциянинг 63-моддасида ҳам оилага алоҳида тўхталиб ўтилади: “Оила – жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга”.
Шунингдек, шариатимизда ота-онанинг фарзанди олдида учта бурчи борлиги айтилади. Чиройли исм қўйиш, гўзал хулқ-атворли этиб тарбиялаш ва вояга етгач, агар ўғил бола бўлса, солиҳа қизга уйлантириш, қиз бўлса – имон-эътиқодли мусулмонга турмушга беришдир. Бу борада ҳам ислом динимизнинг қарашларига Асосий Қомусимиз ҳамоҳанг.
“Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар” (64-модда).
Қуръони каримда шундай дейилади:
وَعَلَى الْمَوْلُودِ لَهُ رِزْقُهُنَّ وَكِسْوَتُهُنَّ ...
яъни: “...Уларни меъёрида озиқлантириш ва кийинтириш отанинг зиммасидадир...” (Бақара сураси, 233-оят).
Ана шундай ҳамоҳанглик Конституциянинг деярли барча моддаларида сезилиб туради. Унда Ўзбекистон ҳудудида яшовчи ҳар бир фуқаронинг манфаатлари, ҳуқуқ ва бурчлари қонун асосида белгилаб қўйилган. Асосий Қонунимиз Ўзбекистон фуқаросининг миллати, ирқи ва динидан қатъи назар тенг ҳуқуқли деб билади.
Муҳтарам жамоат! Хулоса қилиб айтганда, кишилик жамиятида қонунларнинг аҳамияти жуда ҳам катта. Дарҳақиқат, адолатли қонунлар халқ фаровонлиги ҳамда дунё ва охират ободлигининг асосидир. Демак, муқаддас ислом динимиз қонун-қоидаларига риоя қилиш билан бирга давлатимиз қонунларида қайд этилган инсонпарварлик ғояларига ҳам риоя қилишимиз зарур бўлади.
Илова: Муҳтарам жамоат! Мавъизамиз давомида баъзи оилавий муносабатлар ҳақида суҳбатлашамиз.
Аёлларга гўзал муомала қилиш динимизда буюрилган амаллардандир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:
وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ فَإِنْ كَرِهْتُمُوهُنَّ فَعَسَى أَنْ تَكْرَهُوا شَيْئًا وَيَجْعَلَ اللَّهُ فِيهِ خَيْرًا كَثِيرًا...
яъни: ...Улар (аёллар) билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин (Нисо сураси, 19-оят).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам аҳли оилага гўзал муомалада бўлиш кишининг имони комил эканини намоён этадиган, инсонийлигини кўрсатадиган мезон дея уқтириб, шундай деганлар:
أَكْمَلُ الْمُؤْمِنِيْنَ إِيْمَانًا أَحْسَنُهُمْ خُلُقًا، وَخِيَارُكُمْ خِيَارُكُمْ لِنِسَائِهمْ
яъни: “Мўминларнинг имони комилроғи – хулқи гўзалроғидир. Сизларнинг яхшиларингиз – ўз аёлларига яхши бўлганларидир” (Имом Термизий ривояти).
Демак, шариатимизнинг мезонига кўра, киши ошна-оғайниси, ҳамкасблари, раҳбар-хўжайинлари, қариндош-уруғи, маҳалла-кўйи ҳамда ота-онаси билан яхши муносабатда бўлишининг ўзи билан энг яхши инсон бўла олмас экан, балки ўз аҳлига яхши бўлган киши одамларнинг энг яхшиси ҳисобланар экан. Ҳақиқатан ҳам киши қўл остидаги, ўзидан қуйи, заиф одамларга, ўзига қарам бўлганларга бўлган муносабат унинг ҳақиқий ахлоқини намоён қилади. Шунинг учун Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аҳли оиласига яхши бўлган кишини “одамларнинг энг яхшиси” демоқдалар.
БМТ маълумотларига кўра, ўтган йили дунё бўйича 87 мингга яқин хотин-қиз ўлдирилган. Улардан 50 минг нафари уйдаги зўравонлик қурбони бўлган. Маълумотларга кўра, дунёда уй зўравонлиги сони ошган. Хусусан, 2017 йилда яқинлари ёки қариндошлари зўравонлиги оқибатида ҳаётдан кўз юмган аёллар сони 58 фоизни ташкил этди.
Албатта, бу ҳолатлар динимиз томонидан қаттиқ қораланади. Лекин, афсуски, мазкур мудҳиш ҳодисалар мусулмонлар истиқомат қиладиган ҳудудларда ҳам кузатилган.
Маълумки, киши ўз никоҳидаги аёлига яхши муомалада бўлишидан ташқари, унинг емоқ-ичмоғи, кийим-кечаги ва турар-жойи билан таъминлаши эрлик вазифасидан ҳисобланади. Бу ҳақда Аллох таоло Бақара сурасида бундай дейди:
وَعلَى الْمَوْلُودِ لَهُ رِزْقُهُنَّ وَكِسْوَتُهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ…
яъни: “У(она)ларни маъруф ила едириб, кийинтириш отанинг зиммасидадир” (Бақара сураси, 233‑оят).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларнинг нафақаларига бефарқ бўлмасликка ундаб, уларга берилган ҳар бир луқмада савоб борлигини биз умматларга билдирганлар:
إِذَا أَنْفَقَ الرَّجُلُ عَلَى أَهْلِهِ نفقَةً يحتَسبُها فَهِي لَهُ صدقَةٌ
(متفقٌ عَلَيهِ)
яъни: “Киши ўзининг аҳли аёлига савоб умидида нафақа қилса, бу унинг учун садақадир” (Муттафақун алайҳ).
Афсуски, ҳозирги кунда баъзи эрлар ўз зиммасидаги вазифаларини унутиб, ўз зиммасида бўлган нафақаи рўзғорга бепарволик қилмоқда. Натижада аёллар турли йўллар орқали ўзининг нозик хилқатига муносиб бўлмаган касблар билан машғул бўлиши, ҳатто мардикор бозорига чиқиб, пул топиш ҳолатлари учрамоқда. Бунданда ачинарлиси – баъзи аёллар чет элларга бориб, қанчадан-қанча машаққатларни бошидан ўтказиб, динимиз ва ўзбекчилигимизга тўғри келмайдиган йўллар билан пул топишга уринмоқда.
Очиғини айтганда, ҳозирги баъзи одамлар оилавий тутумда, эр-хотин муносабатларида, муомала ва юриш-туришда ота-боболаримиз тутган йўлга, миллий ва диний қадриятларимизга зид бўлган йўлни тутмоқдалар. Қаердаги шариатимиз ва миллийлигимизга зид бўлган оилавий муносабатларни ўзларига намуна қилиб, турли муаммоларга дуч келмоқдалар. Аслида эса мусулмон киши учун Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилавий муносабатлари ва тутган йўллари ҳар тарафлама етарли намунадир! Унда севги-муҳаббат, меҳр-оқибат, ахлоқ-одоб, таълим-тарбия ва барча гўзал хислатлар ўз ифодасини топгандир.
Аллоҳ таоло халқимиз ҳаётини бундан ҳам фаровон айласин! Юртимизни турли хилдаги самовий ва арозий офату балолардан ҳифзу ҳимоясида сақлаб, барчамизни Ўзи рози бўладиган амаллар билан яшаб ўтмоғимизга муяссар қилсин! Омин!
Муҳтарам имом-домла! Ушбу мавзуни ёритишда Имом Насафийнинг “Мадорикут-танзил” ва Абу Лайс Самарқандийнинг “Баҳрул-улум” номли тафсирлари ҳамда ундан бошқа мўътабар манбаларга мурожаат қилган ҳолда атрофлича баён қилиб беришингиз сўралади.
Барчамизга маълумки, ҳар бир ота-она ўз фарзандларининг истиқболи, бахт-саодати ва келажакда мустақил ҳаёт кечириб, жисмоний ва руҳий жиҳатдан баркамол авлод бўлиб етишишини ният қилади. Мана шу мақсадларга етишишда Ислом динининг том маънодаги улуғвор таълимотига амал қилиш муҳим аҳамиятга эга. Ислом динида болаларни ҳали мурғаклигиданоқ гўзал ахлоқ ва одобга ўргатиб бориш тавсия этилади.
Динимизда ёшларни асосан ростгўйлик, ваъдага вафо, омонатдорлик, каттага ҳурмат, кичикка иззат, ўзгаларга меҳр-оқибатли бўлиш каби фазилатлар соҳиби қилиб вояга етказишга катта аҳамият қаратилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида бундай деганлар: “Ота ўз боласига чиройли одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди” (Имом Термизий ривояти).
Тарбия инсон камолотининг асосидир. Бизда фарзанд тарбияси ҳар бир оила учун асосий вазифа бўлиб келган. Ҳозирда ҳам ёшлар тарбиясига, уларнинг сифатли билим олишларига давлатимиз миқёсида катта аҳамият берилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ёшлар билан учрашувда шундай таъкидлаган эдилар: “Менинг энг катта ташвишим, мақсадим — ёшлар тарбияси. Биз олган марралар учун билимли авлод керак. Бунинг учун ҳамма шароитларни яратишга ҳаракат қиляпмиз. Сизлар эса вақтнинг қадрига етиб, бор имкониятни ишга солиб, ўқишингиз керак. Олган билимингиз, ўрганган касб-ҳунарингиз келажакда сизларга қанот бўлади”.
Бугунги кунда давлатимиз томонидан ёшларни қўллаб-қувватлашга, уларни ақлан ва маънан етук авлод бўлиб етишишига катта эътибор қаратилмоқда.
Ислом дини таълимотида ёшларни ақлан тарбия қилиш ҳам муҳим масала саналади. Бунда уларни манфаатли илм соҳиби қилиб тарбиялаш, фикрий ва илмий жиҳатдан етук инсон қилиб камолга етказиш назарда тутилади. Ислом динида илм деганда диний ҳам дунёвий илмлар тушунилади. Диний илм инсоннинг руҳий ҳаёти, унинг эътиқодига оид бўлиб, охирати учун зарур бўлса, дунёвий илм унинг жисмоний ҳаёти, дунё ободлиги учун зарурдир.
Ислом таълимотларига жону дили билан амал қилган аждодларимиз, буюк бобокалонларимиз ҳам шариат, ҳам тариқат ва ҳам илм-фан соҳасида бутун дунёга ўрнак бўлганлар.
Буюк шоир ва мутафаккир Низомиддин Алишер Навоий ҳазратлари ёзганидек, “Китоб – беминнат устоз, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи”.
Инсон дунёда яшар экан, ўз ҳаётини гўзал ўтказишга ҳаракат қилади. Турмушнинг фаровон бўлиши, жамиятнинг тараққий этиши эса фақат илм-фан билан бўлади. Қаерда илм-фан ривож топса, ўша ерда тарққиёт бор. Илм-фаннинг ривожи эса илм эгалари – олимлар билан бўлади.
Ислом дини мусулмонларни доимо илмга ундаган. Чунки инсон шахсиятини илмдан бошқа ҳеч нарса тўғри йўлга сола олмайди, тараққиётга ҳам эриштира олмайди.
«Билимли инсон қуёшга ўхшайди, кирган жойини ёритади».
Ҳа, илм қоронғуликларни ёритувчи машъаладир. Қоронғуликда қолган ҳар бир киши унга муҳтож. Юксак поғоналарга илм нарвони билан чиқилади. Тараққий этишни ва камолот топишни истасак илмнинг этагини маҳкам ушлайлик.
Шундай экан, биз мусулмонлар ўз фарзандларимизни бугунги кун талаблари асосида тарбиялашимиз, уларни замонавий илм ва касб-ҳунарга йўналтиришга бор кучимизни сарфлашимиз лозим. Шунда фарзандларимиз хориж мамлакатларига ишлаш учун “қора ишчи” бўлиб эмас, балки мутахассис сифатида борадилар.
Сўнгги йилларда Юртбошимиз томонларидан ёшларни замонавий касб-ҳунарлар ва чет тилига ўргатиш бўйича илгари сурилган “1000 дастурчи”, “Икки тил, бир касб” лойиҳаларидан ҳам айнан шу эзгу мақсад кўзланган...
Албатта, мусулмон инсон ўзга инсонларга аввало ўзининг юксак ахлоқи билан намуна бўлиши керак. Зеро, инсонлар хулқи гўзал кишини яхши кўрадилар. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Исломга чақиришни бошлаганларида қариндошларини “Эй Бани Фиҳр, эй Бани Адий” деб чақирдилар. Барча тўпланди, уйидан чиқишга имкони бўлмаган кишилар нима бўлаётганини билиб келиш учун одам жўнатдилар. Расулуллоҳ алайҳиссалоту васаллам: “Агар мен сизларга мана бу тоғ этагидаги водийда отлиқлар устингизга бостириб келишга тайёр турибди, деб хабар берсам, менга ишонасизларми?”, дедилар. Улар: “Сизнинг бирор марта ёлғон гапирганингизни билмаймиз, Сизга ишонамиз”, дейишди. Шундан кейин у зот ўзларини Пайғамбар қилиб юборилганларини айтдилар.
Бу ўринда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар эканларини турли ҳужжат ва мўъжизалар орқали исботлаш билан эълон қилмадилар. Балки, энг аввало уларга ўзларининг ахлоқлари ҳақида савол бериб, ўзларининг ростгўй эканликларини тасдиқлатиб олдилар. Бундан кўриниб турибдики, мусулмон киши ўзга кишиларга энг аввало амали, хулқи ва одоби билан намуна бўлиши керак экан.
Киши ҳусни хулқли бўлиши учун аҳли илм ва солиҳ зотларни суҳбатларидан баҳраманд бўлиши ва уларни одоб ахлоқларидан ўзига намуна олиши ҳам айни муддаодир. Бу ҳақда Ибн Ваҳб раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар: “Имом Моликнинг илмларидан кўра, у зотнинг одобларидан ўрганганимиз кўпроқ бўлди”.
Демак, ҳусни хулқ ва одоб кишида ўз-ўзидан шаклланиб қолмас экан. Балки уни илм аҳли билан ҳамсуҳбат бўлиш, улардан илм олиш билан бирга одоб-ахлоқларини ўрганиш билан касб қилинар экан. Ушбу хислат ўтган салафи солиҳларимизнинг гўзал одатларидан бўлган.
Жунайд Бағдодий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Гарчи инсоннинг илми ва амали оз бўлса ҳам, тўртта нарса уни юқори даражаларга кўтаради: Ҳилимлик, тавозеълик, сахийлик ва ҳусни хулқдир. Ҳусни хулқ имоннинг комиллигидир”.
Луқмони Ҳакимнинг ўғли отасига: “Эй отажон, инсон учун қайси хислат яхшироқ?” деди. Отаси: “Дин”, деб жавоб берди. “Агар хислат иккита бўлса-чи?” деб сўради. Отаси: “Дин ва мол”, деди. “Агар учта бўлса-чи?” деди ўғли. Отаси: “Дин, мол ва ҳаё”, деди. Ўғил: “Агар тўртта бўлса-чи?” деди.
Отаси: “Дин, мол, ҳаё ва чиройли хулқ”, деди. “Агар бешта бўлса-чи?” деди ўғли. Отаси: “Дин, мол, ҳаё, чиройли хулқ ва сахийлик”, деб жавоб берди. Ўғил яна: “Олтита бўлса-чи?” деб ҳам сўраган эди, Луқмони Ҳаким: “Эй ўғлим, агар инсонда мана шу беш хислат жамланса, у покиза, тақводор, Аллоҳга дўст ва шайтондан узоқ бўлади” деб жавоб қилди. Мана шу бешта хислатлар борлиги ҳам мўминлик сифатларидандир.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтадилар: “Албатта, банда чиройли хулқи билан жаннатда олий мақомга етади, гарчи (нафл) ибодатини кўп қилса ҳам”.
Инсон ёмон хулқи билан бошқа инсонларни кўнглига озор берадиган бўлса, ўша хулқи туфайли қилган яхшиликлари ҳам бекор бўлади.
Киши илмга қанча муҳтож бўлса, гўзал хулққа ва одобга ҳам шунча муҳтождир. Зеро, илм, гўзал хулқ ва одоб инсонни камолотга етказувчи икки қанотдир. Ахлоқи комил, бир-бирига меҳрибон ва мададкор жамият бахтли ва фаровон жамиятдир.
Фарзандларимиз илм-маърифатли бўлишида энг катта масъул биз ота-оналар эканимизни зинҳор зинҳор унутмайлик. Фарзандим илмли, одобли, касб-ҳунарга эга бўлиб, ҳаётда ўз ўрнини топиб, оиласига, ватанига, муборак динига хизмат қиладиган, орзу-ҳавасларингизни рўёбга чиқарадиган инсон бўлсин десак, ҳаётда турли кераксиз, ортиқча ҳою-ҳавасларга берилиб кетмасдан, уларнинг эҳтиёжи учун энг зарурий бадиий, илмий, танлаган касбига оид, дунё ва охиратига манфаат берадиган китоблар, дарсликлар олиб беришга эринмайлик. Албатта, олиб бериб, уларни хурсанд қилиб, қўллаб-қувватлаб, шу китобларни бирга ўқийлик ёки ўқишини албатта назорат қилиб турайлик.
Муҳаммад Қуддус АБДУЛМАННОН,
Хўжаобод тумани “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби.