Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламнинг зуҳдлари дунёнинг фонийлигини, унинг тезда ўтиб кетишини, озуқаси озлигини ва умрининг қисқалигини билган кишининг зуҳди эди.
Охиратнинг боқийлигини, Аллоҳ таоло унда валийларига доимий неъматларини тайёрлаб қўйганлигини, буюк ажр борлиги ва унда абадий қолиш борлигини билган кишининг зуҳди эди.
Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламга дунёдан фойдаланиш кенг қилиб қўйилган бўлсада, мабодо тоғларни тилло ва кумуш бўлишини хоҳлаганларида, улар тилло ва кумуш бўлиши мумкин бўлсада, дунёдан нафас тўхтаб қолмаслиги учун етарли бўлган, ташвишу оғирликларни кетказадиган миқдордан бошқасини рад этдилар, зуҳд ва камсуқумликни афзал кўрдилар
У зот гоҳида оч юрар, ойлаб уйларида қозон осилмас, баъзи кунлар давомида очликни қондирадиган даражада хурмо ҳам топилмай, оч юрар эдилар.
У зот ҳеч бир вақт кетма-кет уч кунгача арпанинг унидан бўлган нондан қорнилари тўймаган. Кўпинча сутнинг ўзи билан кифояланар, токи Аллоҳга йўлиққунларича бир кун тўқ ва бир кун оч бўлар эдилар.
У зот бўйранинг устида ётар эдилар ва ёнбошларида бўйранинг изи қолар эди. Очликдан қорниларига тош боғлаб олар ва кўпинча саҳобалар у зотнинг юзларидан очликларини билиб олишар эдилар.
У зотнинг уйлари лойдан, ичи тор ва шифти паст эди. Бир куни совутларини гаровга қўйиб, бир яҳудийдан ўттиз соъ арпа олиб турдилар. Кўпинча кўйлак ва изор билан кифояланар эдилар. Ҳеч бир вақт таомни пешхон (овқатланиш столи)да емаганлар. Кўпинча саҳобалар Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламга таом юборар эдилар. Буларнинг барчаси нафсларини дунё кирларидан асраш, динини ҳимоя қилиш ва Роббисининг ҳузуридаги ажрнинг комил бўлиб қолишлиги ҳамда Мавлосининг “Ва тезда Роббинг сенга ато қиладир ва сен рози бўлурсан” (Зуҳо сураси 5-оят) деган ваъдаси у зотга рўёбга чиқиши учун эди.
У зот молларни шу қадар тақсимлаб берар эдиларки, ҳатто ўзларига бир дирҳам қолмас эди. Туя, мол ва қўйларни саҳобалар ва бошқаларга шу даражада бўлиб берар эдиларки, ўзларида на туя, на мол ва на қўй қолар эди. Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Агар менда Тиҳома чуқурларининг дарахтлари мислича мол дунёим бўлганида уни тақсимлаб берар эдим. Сўнг сизлар мени бахил, ёлғончи ва қўрқоқ, иродасиз деб билмасдиларингиз”.
Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам қаср бино қилмадилар, мол-дунё йиғмадилар, у зотнинг хазиналари ҳам, меваси ейиладиган боғлари ҳам бўлмаган. У зот ўзларидан сўнг боғ ва экинзор ҳам қолдирмадилар. У зот дедилар: “Биз мерос қолдирмаймиз, бизнинг қолдирган нарсамиз садақадир”. (Бухорий ривояти 3093-ҳадис). У зот доимо сўзлари ва амаллари билан мусулмонларни дунёда зуҳдга ҳамда охиратга тайёрланиш ва бунинг учун амал қилишга даъват этар эдилар.
У зотга подшоҳлик билан бирга расул бўлиш ёки оддий инсон бўлиб расул бўлиш ихтиёри берилганда, у зот оддий инсон бўлиб расул бўлишни ихтиёр қилганлар.
У зот алайҳиссаломнинг дунёдаги зуҳдларининг яна бир кўриниши, ул зоти бобаракотнинг сахийликларидир. Ҳеч қачон сўровчини қайтармас ва тўсмас эдилар. Дунё Аллоҳ таолонинг наздида чивиннинг қанотичалик арзимас ва баробар эмас, деганлар. Ҳадисда: “Дунёда ғариб ёки бир онлик ўтиб кетувчи каби бўл”, деганлар. (Бухорий ривояти 6416-ҳадис)
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зуҳд борасида яна шундай марҳамат қилганлар: "Дунёда зоҳид бўл, Аллоҳ сени яхши кўради. Инсонлар ҳузурида зоҳид бўл, инсонлар сени яхши кўришади".
Манбалар асосида Юнусобод тумани
“Кулол-Қўрғон” жомеъ масжиди имом-хатиби
Абдураҳмонов Яҳё тайёрлади
Иорданиянинг нуфузли “Jordan News Agency” (Petra) ахборот агентлиги ҳамда “Hala Ahbar” нашрида 24–29 август кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ ва кашфиётлар” мавзусидаги халқаро медиафорумга бағишланган мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Агентликда ёзилишича, мазкур йирик халқаро тадбир Ўзбекистоннинг жаҳон медиа ҳамжамияти билан алоқаларини янада кенгайтириш, журналистлар ва соҳа мутахассислари ўртасида тажриба алмашишни ривожлантириши билан аҳамиятлидир.
Шу билан бирга, форум давомида ислом цивилизациясининг бой илмий-маърифий ва маданий меросини замонавий медиа воситалари орқали кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилади.
Форумнинг асосий тадбирлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилади. Унда хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари, халқаро экспертлар ҳамда медиа соҳаси мутахассислари иштирок этади.
Нашрлар форум дастурининг мазмун-моҳиятига алоҳида эътибор қаратган. Хусусан, тадбир доирасида ялпи мажлислар, ихтисослаштирилган медиа-кўргазмалар, матбуот брифинглари ва икки томонлама учрашувлар ташкил этилади.
Мунозараларда ҳужжатли фильмлар яратиш, тарихий хотирани асраш ва ёритиш, нашриёт лойиҳаларини ривожлантириш, замонавий технологиялардан медиа соҳасида самарали фойдаланиш ҳамда халқаро медиа лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинади.
Нашрнинг қайд этишича, тадбирнинг муҳим жиҳатларидан бири – Ўзбекистонлик талабалар учун халқаро медиа соҳасининг тажрибали мутахассислари иштирокида амалий мастер-класслар ўтказилишидир. Бу машғулотлар замонавий журналистика, медиамаҳсулотлар яратиш ва халқаро ахборот маконида самарали фаолият юритиш бўйича билим ва кўникмаларни оширишга хизмат қилади.
Иордания ОАВда форум доирасида иштирокчилар учун Самарқанд шаҳрига сафар ҳам режалаштирилгани қайд этилган. Хорижий журналистлар Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилиб, Самарқанднинг бой тарихий-маданий мероси билан танишадилар. Тошкент шаҳрида эса халқаро ОАВ вакиллари учун махсус медиатур ташкил этилади.
Бундай сафарлар форум иштирокчиларига Ўзбекистоннинг нафақат замонавий тараққиёти, балки унинг жаҳон цивилизацияси тарихидаги ўрни, илмий-маърифий анъаналари ва бой маданий мероси ҳақида бевосита тасаввур ҳосил қилиш имконини беради.
Мақолаларда халқаро медиафорумнинг 28 август куни якуний ялпи мажлис ва расмий ёпилиш маросими билан якунланиши ҳам маълум қилинган. Хорижий меҳмонлар Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тадбирларда ҳам иштирок этади.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати