Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Август, 2026   |   27 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:57
Қуёш
05:27
Пешин
12:30
Аср
17:25
Шом
19:33
Хуфтон
21:02
Bismillah
10 Август, 2026, 27 Сафар, 1448

Очиқ дарс: саждаи саҳвга оид муҳим масалалар

29.11.2018   3029   5 min.
Очиқ дарс: саждаи саҳвга оид муҳим масалалар

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида 2018 йил 27 ноябрь  куни “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси Жўрабоев Ҳабибуллоҳ домланинг 201-гуруҳга фиқҳ фанидан “Саҳв саждаси” мавзуида очиқ дарси бўлиб ўтди.

Жўрабоев Ҳабибуллоҳ домла очиқ дарсда янги мавзуни Бурҳониддин Марғиноний раҳимаҳуллоҳнинг “ал-Ҳидоя” асари ва унинг мўътабар шарҳлари асосида ёритиб берди. Шу билан бирга мавзуга оид ҳар бир фиқҳий масалани ақлий ва нақлий далиллар билан тушунтириб ўтди. Ўқитувчи очиқ дарсда педагогик усуллар ва кўргазмали қуроллардан унумли фойдаланиб, дарсни самарали ташкил этди.

Маълумки ибодатлар, хусусан мусулмон киши зиммасидаги энг буюк ибодат намознинг ҳам ўз фарз, вожиб, суннат ва мустаҳаблари бор. Уларнинг барчасига амал қилган ҳолда намозни адо этиш намозхонга улкан ажрларни тақдим этади. Бироқ ушбу амаллардан биронтасини тарк қилиш ўз даражасига қараб турли ҳукмларни келтириб чиқаради. Масалан намознинг фарзларидан бири  қасдан ёки унутиб тарк этилса, ушбу намозни қайта ўқиш фарз, суннат тарк этилганда намозни қайта ўқиш суннат ҳисобланади. Вожибни тарк қилиш эса бу иккисидан бироз фарқ қилади. Чунки вожиб қасдан тарк этилса, намозни қайта ўқиш вожибдир. Лекин намоздаги вожиб амаллардан бири унутиб қолдирилса ёки тарк этилса, намознинг охирида саждаи саҳв қилиш вожиб бўлади. Қуйида ушбу сажда ҳақидаги баъзи маълумотларни келтириб ўтилади.

“Саҳв” сўзи луғатда “унутиш” маъносини англатади. Намозда маълум бир амаллар унитилса, ундан ҳосил бўлган нуқсонни саҳв саждаси қилиш билан тўғрилаб олиш имкони бор. Бу ҳам ислом енгиллик дини экани ҳамда Аллоҳ таоло мусулмонларга меҳрибонлигининг ёрқин далили ҳисобланади.

Намозда хато қилган одам уни яна қайтариб ўқиб ўтирмай икки марта ортиқча сажда қилиб қўйиш билан уни тўғрилаш ва тузатиш имкони бўлади.

Абу Ҳурайра (р.а) дан ривоят қилинади. “Пайғамбар  соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирортангиз туриб намоз ўқий бошласа, албатта, шайтон келиб уни адаштира бошлайди, ҳаттоки у қанча намоз ўқиганини билмай қолади. Бирингизда  қачон шундай ҳолат рўй берса, ўтирган ҳолида икки марта сажда қилсин” дедилар. Ҳанафий мазҳаби уламолари мана шу ривоятдаги “сажда қилиш”, деган амр эътиборидан саҳв саждасини қилиш вожиб деганлар.

Уламоларимиз яна қўйидагиларни айтадилар: Саждаи саҳв лозим бўлганда уни қилмаган намозхон гуноҳкор бўлади. Аммо намози ботил бўлмайди. Саждаи саҳв имомга ҳам, ёлғиз намоз ўқиётган инсонга ҳам вожиб бўлади. Лекин имомга иқтидо қилиб намоз ўқиётган инсон хатога йўл қўйса, унга саждаи саҳв вожиб бўлмайди. Чунки у ўзича саждаи саҳв қилса, имом қилмаган ишни қилган ҳисобланади. Бу эса ўз имомига хилоф қилишдир.

Агар имом саҳвга йўл қўйса, унга иқтидо қилган шахс ҳам ҳам, иқтидони қачон бошлаганидан қатъи назар, унга қўшилиб саждаи саҳв қилади. Агар ушбу ўринда имом саждаи саҳв қилмаса, муқтадий ҳам қилмайди.

Мавзуга доир баъзи фиқҳий масалалар:

  1. Хато билан саждаи саҳв вожиб бўлиши борасида фарз ва нафл, жума ва ҳайит намозлари баробардир. Бироқ катта жамоат йиғилган жамоатларда фитнани олдини олиш учун саждаи саҳв тарк қилинади. (“Дуррул Мухтор” ва “Раддул Муҳтор”)
  2. Имом шакка тушган ўринларда қавмнинг ҳаракатларини кузатиб ҳолатни тўғрилаб олишда ҳеч шак йўқдир (“Раддул Муҳтор”)
  3. Зам сура ўқимай рукуга кетса, рукудан қайтиб зам сура қилади ва рукуни қайтадан бажаради ҳамда охирида саждаи саҳв қилади.
  4. Аввалги қаъдада ташаҳҳудга “Аллоҳумма солли ала Муҳаммад” сўзини зиёда қилиш билан саждаи саҳв вожиб бўлади (“Фатавои ҳиндийя”)
  5. Биринчи қаъдада ташаҳҳудни такрор ўқиш билан саждаи саҳв вожиб бўлади, иккинчи қаъдада эса йўқ (“Фатавои ҳиндия”)
  6. Намоздаги турли тасбеҳ ва зикрларни, ҳатто ташаҳҳудни жаҳрий ўқиб қўйиш билан саждаи саҳв вожиб бўлмайди (“Раддул Муҳтор” ва “Фатавои ҳиндийя”).

Саҳв саждаси соқит бўладиган ҳоллар:

  1. Агар бомдод намозини ўқиётганда вақт зиқ бўлиб, қуёш чиқиш эҳтимоли бўлса ёки аср намозида вақт кам бўлиб қуёш ботиш эҳтимоли бўлса, саждаи саҳв тарк қилинади.
  2. Агар имом жума ёки ҳайит намозларида саҳвга йўл қўйса, жамоатга ташвиш туғдирмаслак учун саждаи саҳв тарк қилинади.
  3. Имомга иқтидо қилган киши ҳам ўз хатоси учун саждаи саҳв қилмайди, балки имом саждаи саҳв қилса, сажда қилади.
  4. Агар намозхон саҳв саждасини қилаётиб адашса, бу учун саждаи саҳв қилмайди.
  5. Агар саждаи саҳв қилишдан олдин намозни давом эттиришга моне бўладиган амал қилса, гапирса, кулса, қасддан таҳоратини бузса, масжиддан чиқса, саждаи саҳв соқит бўлади.

 

 

 

“Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси  катта ўқитувчиси

Я. Раззақов

 

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Бухорода 600 дан ортиқ абитуриент имтиҳон топширди (фотолавҳа)

10.08.2026   1348   1 min.
Бухорода 600 дан ортиқ абитуриент имтиҳон топширди (фотолавҳа)

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларига 2026-2027 ўқув йили учун кириш тест синовларининг 5-ҳудуд (Бухоро вилояти) бўйича имтиҳон жараёнлари Мир Араб олий мадрасаси биносида бўлиб ўтди.


Мазкур ҳудуд бўйича диний таълим муассасаларига ҳужжат топширган 657 нафар абитуриент тест синовларида иштирок этди.


Имтиҳонларнинг шаффофлиги, адолатлилиги ҳамда тартиб-интизомини таъминлаш мақсадида жараёнларга Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул раҳбарлари, диний таълим муассасалари мутасаддилари, педагог-ўқитувчилар ҳамда ички ишлар ва тиббиёт ходимлари жалб этилди.


Тест синовлари бошланишидан олдин абитуриентларга имтиҳон топшириш тартиби ва баҳолаш мезонлари батафсил тушунтирилди. Барча жараёнлар белгиланган талаб ва қоидаларга мувофиқ, юқори даражада ташкил этилди.


Ташкилотчилар тест жараёнларининг шаффоф ва тартибли ўтишига яқиндан кўмаклашган Бухоро шаҳар ички ишлар органи, соғлиқни сақлаш бошқармаси тиббиёт ходимлари ҳамда диний таълим муассасалари вакилларига ўз миннатдорлигини билдирдилар. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Бухорода 600 дан ортиқ абитуриент имтиҳон топширди (фотолавҳа) Бухорода 600 дан ортиқ абитуриент имтиҳон топширди (фотолавҳа) Бухорода 600 дан ортиқ абитуриент имтиҳон топширди (фотолавҳа) Бухорода 600 дан ортиқ абитуриент имтиҳон топширди (фотолавҳа) Бухорода 600 дан ортиқ абитуриент имтиҳон топширди (фотолавҳа) Бухорода 600 дан ортиқ абитуриент имтиҳон топширди (фотолавҳа) Бухорода 600 дан ортиқ абитуриент имтиҳон топширди (фотолавҳа) Бухорода 600 дан ортиқ абитуриент имтиҳон топширди (фотолавҳа)
Ўзбекистон янгиликлари