Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида 2018 йил 27 ноябрь куни “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси Жўрабоев Ҳабибуллоҳ домланинг 201-гуруҳга фиқҳ фанидан “Саҳв саждаси” мавзуида очиқ дарси бўлиб ўтди.
Жўрабоев Ҳабибуллоҳ домла очиқ дарсда янги мавзуни Бурҳониддин Марғиноний раҳимаҳуллоҳнинг “ал-Ҳидоя” асари ва унинг мўътабар шарҳлари асосида ёритиб берди. Шу билан бирга мавзуга оид ҳар бир фиқҳий масалани ақлий ва нақлий далиллар билан тушунтириб ўтди. Ўқитувчи очиқ дарсда педагогик усуллар ва кўргазмали қуроллардан унумли фойдаланиб, дарсни самарали ташкил этди.
Маълумки ибодатлар, хусусан мусулмон киши зиммасидаги энг буюк ибодат намознинг ҳам ўз фарз, вожиб, суннат ва мустаҳаблари бор. Уларнинг барчасига амал қилган ҳолда намозни адо этиш намозхонга улкан ажрларни тақдим этади. Бироқ ушбу амаллардан биронтасини тарк қилиш ўз даражасига қараб турли ҳукмларни келтириб чиқаради. Масалан намознинг фарзларидан бири қасдан ёки унутиб тарк этилса, ушбу намозни қайта ўқиш фарз, суннат тарк этилганда намозни қайта ўқиш суннат ҳисобланади. Вожибни тарк қилиш эса бу иккисидан бироз фарқ қилади. Чунки вожиб қасдан тарк этилса, намозни қайта ўқиш вожибдир. Лекин намоздаги вожиб амаллардан бири унутиб қолдирилса ёки тарк этилса, намознинг охирида саждаи саҳв қилиш вожиб бўлади. Қуйида ушбу сажда ҳақидаги баъзи маълумотларни келтириб ўтилади.
“Саҳв” сўзи луғатда “унутиш” маъносини англатади. Намозда маълум бир амаллар унитилса, ундан ҳосил бўлган нуқсонни саҳв саждаси қилиш билан тўғрилаб олиш имкони бор. Бу ҳам ислом енгиллик дини экани ҳамда Аллоҳ таоло мусулмонларга меҳрибонлигининг ёрқин далили ҳисобланади.
Намозда хато қилган одам уни яна қайтариб ўқиб ўтирмай икки марта ортиқча сажда қилиб қўйиш билан уни тўғрилаш ва тузатиш имкони бўлади.
Абу Ҳурайра (р.а) дан ривоят қилинади. “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирортангиз туриб намоз ўқий бошласа, албатта, шайтон келиб уни адаштира бошлайди, ҳаттоки у қанча намоз ўқиганини билмай қолади. Бирингизда қачон шундай ҳолат рўй берса, ўтирган ҳолида икки марта сажда қилсин” дедилар. Ҳанафий мазҳаби уламолари мана шу ривоятдаги “сажда қилиш”, деган амр эътиборидан саҳв саждасини қилиш вожиб деганлар.
Уламоларимиз яна қўйидагиларни айтадилар: Саждаи саҳв лозим бўлганда уни қилмаган намозхон гуноҳкор бўлади. Аммо намози ботил бўлмайди. Саждаи саҳв имомга ҳам, ёлғиз намоз ўқиётган инсонга ҳам вожиб бўлади. Лекин имомга иқтидо қилиб намоз ўқиётган инсон хатога йўл қўйса, унга саждаи саҳв вожиб бўлмайди. Чунки у ўзича саждаи саҳв қилса, имом қилмаган ишни қилган ҳисобланади. Бу эса ўз имомига хилоф қилишдир.
Агар имом саҳвга йўл қўйса, унга иқтидо қилган шахс ҳам ҳам, иқтидони қачон бошлаганидан қатъи назар, унга қўшилиб саждаи саҳв қилади. Агар ушбу ўринда имом саждаи саҳв қилмаса, муқтадий ҳам қилмайди.
Мавзуга доир баъзи фиқҳий масалалар:
Саҳв саждаси соқит бўладиган ҳоллар:






“Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси катта ўқитувчиси
Я. Раззақов
18 август Тошкентнинг нафақат диний, балки маданий ва илмий мероси тарихида муҳим ўрин тутувчи сана. Қуръони Каримнинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири сифатида эъзозланадиган Усмон Мусҳафи асрлар давомида Марказий Осиё тарихининг турли босқичларига гувоҳ бўлиб келган, хабар бермоқда iccu.uz.
Ушбу нодир қўлёзма йирик ҳажмдаги пергамент варақларга ёзилган бўлиб, матни қадимий Ҳижоз хатида битилган. Мусҳафда ҳозирги араб ёзувидаги нуқта ва ҳаракат белгилари мавжуд эмас. Манбаларда унинг сақланиб қолган қисми 338 ёки 353 варақдан иборат экани ҳақида турли маълумотлар учрайди. Айрим йўқолган пергамент варақлар кейинчалик қоғоз билан алмаштирилган. Қўлёзманинг аниқ санаси хусусида илмий адабиётларда турли қарашлар мавжуд.
Тарихий маълумотларга кўра, Мусҳаф узоқ йиллар Самарқандда сақланган. 1868–1869 йилларда у Санкт-Петербургга олиб кетилган ва Император халқ кутубхонасига топширилган. 1905 йилда қўлёзманинг 50 та факсимиле нусхаси кўчирилган. 1917 йилдаги сиёсий ўзгаришлардан кейин мусулмон уламоларининг талаби билан Мусҳаф аввал Уфага, кейин эса Ўрта Осиёга қайтарилиши жараёни бошланган.
1924 йилда Усмон Мусҳафи Татаристон, Бошқирдистон ва Туркистон уламоларидан ташкил топган махсус кузатувчилар ҳамроҳлигида махсус поезд орқали Уфадан Тошкентга олиб келинди. Тошкентга олиб келинганидан сўнг Мусҳаф бир муддат шаҳардаги масжидлардан бирида сақланди. Кейинчалик унинг асраб-авайланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилди.
1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Мусулмонларнинг IV қурилтойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Усмон Мусҳафининг мусулмонлар ихтиёрига қайтарилгани эълон қилинди. Кейинчалик у Ўзбекистон мусулмонлари идораси ихтиёрига топширилди. Мусҳаф бир муддат Ҳазрати Имом мажмуасидаги «Мўйи Муборак» мадрасаси музей-кутубхонасида махсус шароитда ҳам сақланди.
Усмон Мусҳафининг тарихий ва маданий аҳамияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. 1997 йилда қўлёзма ЮНЕСКОнинг «Memory of the World» — «Жаҳон хотираси» дастури рўйхатига киритилган.
2025 йил 13 ноябрь — Усмон Мусҳафи тарихида яна бир муҳим сана. Айнан шу куни нодир қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келинди. Бугун Қуръон залидаги асосий экспонатлардан бири сифатида алоҳида ўрин эгаллаб, юртимизнинг кўп асрлик диний, илмий ва маънавий меросини намоён этувчи бебаҳо ёдгорлик сифатида тақдим этилган. Шунингдек, Марказда турли даврларда Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва Темурийлар даврида кўчирилган Қуръон нусхаларини ҳам кўриш мумкин. Усмон Мусҳафи тарихи бу фақат бир қўлёзманинг тарихи эмас. Бу асрлар оша сақланган илмий ва маънавий мерос, уни асраб-авайлаган авлодлар хотираси ва Ўзбекистон заминида шаклланган буюк ислом цивилизациясининг узвий давомийлиги ҳақидаги тарихдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати