Бугун, 28 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Хоразм вилоятига сафарлари давомида Урганч шаҳридаги “Имом Фахриддин ар-Розий” ўрта махсус ислом билим юрти фаолияти билан танишиб, устоз ва талабалар билан мулоқот қилдилар. Муфтий ҳазратлари талабаларнинг мутахассислик фанлари ҳисобланган “Ақида”, “Фиқҳ”, “Қуръони карим”, “Ҳадис” бўйича билимларини синовдан ўтказдилар. Айниқса, талабаларнинг Қуръони карим, ҳадиси шарифларни ҳифз қилиш қобилиятлари ва арабча матнларни мутолаа қилиш салоҳиятларига алоҳида аҳамият қаратдилар.
Ташриф доирасида барча мударрис ва талабалар билан муфтий ҳазратлари суҳбат ўтказиб, юртимиздаги тинчлик ва осойишталикнинг қадрига етиш, диний ва дунёвий илмларни мустаҳкам эгаллаш, келгусида халқимиз ва динимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиш зарурлигини таъкидладилар. Айниқса бугунги кунда дин номидан жиноят қилаётган тоифаларга қарши курашиш учун ақида илмини пухта ўрганиш ва уларнинг нотўғри даъволарида раддия бериш қобилиятига эга бўлиш энг долзарб вазифалардан эканини алоҳида қайд этдилар.
Муфтий ҳазрат сўзларида давом этиб, ушбу билим даргоҳидаги меҳнат қилаётган мударрислардан ва таълим олаётган талабалардан хурсанд эканларини билдириб, уларнинг келажакда забардаст олиму уламолар бўлиб етишишларини Яратган Парвардигордан сўраб, дуою ҳайрлар қилдилар.
Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳомийлигида 2018 йил апрель ойида туғма юрак хасталиги билан Тошкент кардиология марказида амалиёт қилиниб, ҳозирда билим юртининг 4-курсида таълим олаётган талаба Пармонов Бобошер билан учрашиб, унинг соғлиги ва ўқишлари бўйича суҳбатлашиб, келгусидаги ўқиш ва ишларида муваффақиятлар тиладилар.
Муфтий ҳазрат билим юртидаги талабалар ва устозлар учун яратилган шароитлар, ўқув хоналари, кутубхона ва ётоқхонадаги шароитлар билан танишиб чиқдилар.
Хоразм вилояти сафари давом этмоқда.








Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллик байрами арафасида Қорақалпоғистон Республикаси бўйича меҳр-оқибат, оқибат ва хайр-саховат марафонлари янгича суръат ва кенг ёйилмоқда. Инсон қадрини улуғлашни бош мақсад қилган ушбу эзгу ташаббуслар юртимиздаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга, ёлғиз ва боқувчисини йўқотган фарзандларимизга меҳр улашишга қаратилган.
"Вақф" хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон бўлими томонидан "Имом эшон Муҳаммад" жоме масжидида ёлғиз ва боқувчисини йўқотган фарзандларимиз учун мактаб формаси ва ўқув қуролларини бериш тадбири ўтказилди.
Кўнгилларга умид, юракларга қувонч таратган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари Алишер Алланиязов, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Баҳрамаддин домла Разов ва "Вақф" хайрия жамоат фонди раиси А.Жоловшиевлар иштирок этиб, 35 болага мактаб формалари ва байрам совғаларини тантанали тарзда топширди.
Бундай ғамхўрлик тадбири фарзандларимизнинг кўзларида қувонч учқунини ёқиб, кўнгилларида чексиз фахр туйғусини уйғотди.
"Инсон қадри улуғланган, меҳр-оқибат устувор бўлган юртда доимо тараққиёт ва барака бўлади."
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти