Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Сентябр, 2026   |   4 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:43
Қуёш
06:03
Пешин
12:18
Аср
16:43
Шом
18:37
Хуфтон
19:52
Bismillah
15 Сентябр, 2026, 4 Рабиъус сони, 1448

Хулқлари Қуръон бўлган зот!

24.11.2018   21804   5 min.
Хулқлари Қуръон бўлган зот!

Рабиъул аввал муборак ойлардан биридир.. Бу ойда пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) таваллуд топганлар. Шунинг учун У зотга умматлик даъвосини қилган ҳар бир мўъмин-мусулмон Расулуллоҳ с.а.внинг сийратларини яна бир бор яхшилаб ўрганмоғи, оила аъзоларига ўргатмоғи ва муҳаббати чексиз эканлигини сўзда, амалда кўрсатмоғи лозим.

Росулуллоҳ с.а.в.да барча яхши сифат ва гўзал ахлоқлар жамланган эди. Шунинг учун у Зот с.а.в. инсонлар учун намуна бўлишга энг ҳақли эдилар. Аллоҳ таоло пайғамбаримиз с.а.в.ни барча мусулмонларга намуна қилиб юборган. Бу ҳақида Аллоҳ таоло ўзининг каломи Қуръони каримнинг “Аҳзоб” сураси 21-оятида бундай эълон қилган: “(Эй, иймон келтирганлар) сизлар учун Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир”.

Ҳар бир мусулмон бажараётган ишида пайғамбари с.а.в.дан ибрат олиши лозим. Ибрат олиш эса у зотнинг хулқларига, сўзларига итоат қилишдир. Бу ҳақида Пайғамбар с.а.в: “Кимда ким пайғамбарга итоат этса, демак у Аллоҳга итоат этибди”. Итоат қилишда у зотни кўриш ёки ҳамсуҳбат бўлиш шарт эмас.

Мўмин банданинг Аллоҳга бўлган муҳаббатининг исботи унинг Пайғамбар с.а.в.га эргашиши билан ўлчанади. Пайғамбар с.а.в.га эргашиш мўмин бандага битмас туганмас бахту саодат олиб келади. Оятда: “…шунда Аллоҳ сизга муҳаббат қилади ва сизнинг гуноҳларингизни мағфират қилади”, мўмин банда учун Аллоҳнинг муҳаббатидан ҳам яхшироқ бахт-саодат борми? Бунинг устига унинг гуноҳларини ҳам мағфират қилиб турса!

Ҳазрати Анас р.а.дан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар с.а.в. шундай марҳамат қилдилар: “Сизлардан бирортангиз, ҳаттоки мен у киши учун ўз отасидан, боласидан ва барча инсонлардан кўра севимлироқ бўлмагунимча, ҳақиқий мўмин бўла олмайди”, дедилар.

Ҳадисда ота ва фарзанд хоссатан зикр этилиши нафсга азизроқ ва нафс истакларидан кўра Пайғамбар с.а.в.ни кўпроқ севишлик талабини таъкидловчи нарса бўлиб келди. Бунда кишида солиҳ амалларга, солиҳ зотларга нисбатан муҳаббат пайдо бўлса, билсинки, бу Аллоҳнинг у бандага берган неъмати. Чунки бу инсон ўзи касб қилиб етишиши қийин иш эдида.

Умуман олганда киши ўзга бир кимсага муҳаббат қўйиши учун маҳбубига нисбатан унга 4 нарса сабаб бўлади.

1. Насабининг олийлиги.

2. Ҳасаб яъни хулқи атвори.

3. Жамолининг гўзаллиги.

4. Камолотга етганлиги.

Биз эътибор берадиган нарса шуки, Аллоҳ таоло мазкур 4 сифатни барчасини Пайғамбар с.а.в.да жамлаб қўйган.

1. Насабларини олий қилиб, ўша замондаги Макканинг энг мансабдорларидан бўлган Бани Ҳошим қабиласидан чиқарган.

2. Хулқларини олий қилиб, ҳатто Ўзи Қуръони каримда: “(Эй, Муҳаммад с.а.в.) Сиз буюк хулқ узрадирсиз”, деб таъриф берган.

3. Жамолларини ҳам ҳуснларини ҳам чиройли қилган. Аслида ҳусн билан жамолнинг ўртасида фарқ бор. Ҳусн шундай нарсаки, инсон бир қарашда ақлини олиб ўзига ром қилишликдир. Кейинчалик кўп қарайвериш билан кўникиб охири билинмай қолади. Масалан Юсуф а.с.нинг ҳуснлари. Жамол эса, киши аввал кўришда ҳайратланади, кейин унга яқин юрган сари муҳаббати ошиб, охири қараб тўймайдиган холатга етиб бораверади. Пайғамбар с.а.в.да ҳусн ҳам жамол ҳам мужассам эди. Кунларинг бирида Пайғамбар с.а.в.нинг аёллари Юсуф а.с. ҳақларида гаплашиб: “Юсуф а.с. жуда ҳам чиройли бўлганларидан ҳатто маҳлиё бўлиб аёллар тўғраётган сабзилари қолиб қўлларини ҳам кесиб юборганларини сезмай қолган эканлара” деб айтиб ҳавасманд бўлишибди. Шунда Пайғамбар с.а.в. у мажлисдан ташқарига чиқиб Аллоҳга “Эй Роббим, юзимдаги пардани мендан кўтаргин!” деб сўраганларида Аллоҳ таоло Пайғамбар с.а.в. юзларидаги 40 пардадан бирини кўтарди. У зот с.а.в. қайтиб ичкарига киришлари билан Ҳадича р.а.нинг кўзлари тушибоқ ҳушларидан кетиб йиқилдилар, чунки Пайғамбар с.а.в.нинг чиройлари ақлини олиб қўйган эди. Кейин Аллоҳ яна пардани қайтариб юзларидаги чиройни тўсиб қўйди. Жамол ҳам берилган эди. Ҳар қандай одам аввал у зотга йўлиққанда ҳайбатларидан қўрқардилар, кейин бўлса Пайғамбар с.а.в.нинг юзларига қараб тўймайдиган бўлишган.

4. Камолотлари ҳар жиҳатдан берилган эди. Илм-маърифатда, тақвода, ибодатда етук эдилар. Пайғамбар с.а.в. пурмаъно ва гўзал ҳикматлар билан хосланган эдилар. Араб лаҳжаларини яхши билар ва ҳар бир қабила аҳолисига улар лаҳжасида хитоб қилар, уларнинг тилларида сўзлар эдилар.

Пайғамбар с.а.в. бу дунёга келишлари биз умматлари учун бир намуна, андоза сифатидадирлар. Ҳазрати Оиша р.а. айтадилар: “Росулуллоҳ с.а.в.нинг хулқлари Қуръон эди”. (Имом Муслим ривояти).

Гўёки Аллоҳ таоло: “Эй Муҳаммад с.а.в. уммати, сиз ҳам мана пайғамбарингиз каби бўлсангиз нажотга эришасизлар, Қуръонга мана бундай амал қилишингиз керак. Қуръондаги хулқларни яхшисига амал қилмоқчи бўлсангиз, мана Қуръондаги одобларни амалга оширган зотни сийрати сиз учун катта дастур, амалий бажарувчиси”, деган маънода Пайғамбар с.а.в.ни Қуръоний хулқ билан юборди.

Демак, Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в га уммат бўлган кишиларнинг хулқлари, одоб-ахлоқлари, юриш-туришлари, сўзлари, қўйинки барча жиҳатда У зотга эргашган бўлиш керак. Тилда Расулуллоҳга иймон келтириб, амалда тескари бўлиб туриш комил мўъминлик сифатларидан эмас.

 

Ўткирхон МАҲМУДОВ,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юртининг

ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари.


ЎМИ Матбуот хизмати

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ҳолид Ал-Фадли: Ўзбекистоннинг илмий ва маънавий мероси бутун ислом олами учун улкан бойликдир

02.09.2026   53732   2 min.
Ҳолид Ал-Фадли: Ўзбекистоннинг илмий ва маънавий мероси бутун ислом олами учун улкан бойликдир

Кувайт университети Тил маркази директори, доктор Ҳолид Ал-Фадли мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Дунё” АА орқали юртдошларимизга ўзининг самимий табриги ва эзгу тилакларини йўллади.

– Мустақилликнинг 35 йиллик байрами муносабати билан яқин дўст ва қардош Ўзбекистон халқини чин дилдан самимий муборакбод этаман. Ўзбекистонлик барча биродарларимизга юксак тараққиёт, фаровонлик, тинчлик-хотиржамлик ва янги муваффақиятлар тилайман.

Биз Ўзбекистон билан азалдан мустаҳкам дўстлик, ўзаро ҳурмат ва самимий меҳр-оқибат ришталарига эгамиз. Ушбу муборак заминдан кўплаб буюк ва машҳур ислом уламолари етишиб чиққан. Бу бебаҳо илмий ва маънавий мерос нафақат Ўзбекистон, балки бутун ислом олами учун улкан бойлик ҳисобланади.

Кувайт университети ва Ўзбекистоннинг етакчи олий таълим муассасалари ўртасида яқин ва самарали ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилганидан мамнунмиз. Кўп йиллардан буён ўзбекистонлик талабалар юртимизда, хусусан, Кувайт университетида араб тили ва маданиятимиз бўйича ўз билимини ошириб келмоқда. Улар бир ўқув йили давомида, яъни уч семестр мобайнида араб тилини пухта ўрганиш билан бирга, Кувайт маданияти, тарихи ва жамияти билан яқиндан танишиш имконига эга бўлмоқда.

Ўзбек талабалари билан мулоқотлар давомида уларнинг таълим ва илмга жуда катта қизиқиш ҳамда иштиёқ билан ёндашишига алоҳида эътибор қаратдим. Улар нафақат араб тилини ўрганиш, балки бошқа халқнинг маданияти, санъати, иқтисодиёти ва ривожланиш тенденцияларини чуқур англашга интилаётгани қувонарли.

Араблар ва ўзбек халқи ўртасида асрлар давомида шаклланган чуқур тарихий, илмий ва маънавий алоқалар мавжуд. Мен ушбу дўстона ва қардошлик ришталари келгусида янада мустаҳкамланиб, янги мазмун билан бойишини истайман. Бу борада халқаро конференциялар ўтказиш, қўшма илмий тадқиқотларни йўлга қўйиш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини кенгайтириш муҳим аҳамият касб этади.

Кувайтдаги Ўзбекистон элчихонаси томонидан билдирилаётган ташаббус ва таклифларни қўллаб-қувватлаш, уларни амалга оширишга янада катта эътибор қаратиш зарур. Биз ҳам икки мамлакат ўртасидаги таълим, илм-фан ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш учун янги имкониятлар ва истиқболли ташаббусларни амалга оширишдан манфаатдормиз.

Яна бир бор, қардош Ўзбекистон халқини Мустақилликнинг 35 йиллик қутлуғ байрами билан қутлайман. Аллоҳ таоло қардош Ўзбекистон диёрига тинчлик-хотиржамлик, фаровонлик, тараққиёт ва улкан муваффақиятлар ато этсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари