Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчихонасида бўлиб ўтган брифингда шайх Аҳмад Муҳаммад Таййибнинг халқаро ишлар бўйича маслаҳатчиси, элчи Абдураҳмон Муса Миср бош имоми, Ал-Азҳар мажмуаси раҳбарининг Ўзбекистонга ташрифи тарихий муҳим воқеа бўлганини таъқидлади.
- Миср бош имоми анчадан бери ислом илмий ва маданий меросининг рамзи бўлмиш Ўзбекистонга ташриф буюриш, бу ердаги кенг миқёсдаги ислоҳотларга шахсан гувоҳ бўлишни мақсад қилиб юрган эдилар.
Бош имомнинг Ўзбекистонга ташриф дастури расмий учрашувлар ва воқеаларга жуда бой бўлди. Ташриф чоғида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Олий Мажлис Сенати раиси Ниғматилла Йўлдошев, Бош вазир Абдулла Арипов, Диний ишлари бўйича қўмита раҳбарияти, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом ал-Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази раҳбарияти билан учрашувлар бўлиб ўтди.
Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом ал-Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази, Абу Райхон ал-Беруний номидаги шарқшунослик институти фаолияти билан яқиндан танишди, бу ерда ушбу таълим ва илмий муассасалар билан келгуси ўзаро ҳамкорлик бўйича меморандумлар имзоланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларига 2026-2027 ўқув йили учун кириш тест синовларининг 5-ҳудуд (Бухоро вилояти) бўйича имтиҳон жараёнлари Мир Араб олий мадрасаси биносида бўлиб ўтди.
Мазкур ҳудуд бўйича диний таълим муассасаларига ҳужжат топширган 657 нафар абитуриент тест синовларида иштирок этди.
Имтиҳонларнинг шаффофлиги, адолатлилиги ҳамда тартиб-интизомини таъминлаш мақсадида жараёнларга Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул раҳбарлари, диний таълим муассасалари мутасаддилари, педагог-ўқитувчилар ҳамда ички ишлар ва тиббиёт ходимлари жалб этилди.
Тест синовлари бошланишидан олдин абитуриентларга имтиҳон топшириш тартиби ва баҳолаш мезонлари батафсил тушунтирилди. Барча жараёнлар белгиланган талаб ва қоидаларга мувофиқ, юқори даражада ташкил этилди.
Ташкилотчилар тест жараёнларининг шаффоф ва тартибли ўтишига яқиндан кўмаклашган Бухоро шаҳар ички ишлар органи, соғлиқни сақлаш бошқармаси тиббиёт ходимлари ҳамда диний таълим муассасалари вакилларига ўз миннатдорлигини билдирдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати