Шариатимизда бахиллик қораланган бўлиб, ёмон одат ҳисобланади. Ҳақиқий бахил молу дунёсини қизғанган киши эмас, балки салом-аликни қизғанган кишидир. Баъзи инсонлар табиатида молу давлатни яхши кўришлик жуда кучли бўлади. Уни қизғанади асрайди, бировга берса, ажралиб қолишдан, ёки тугаб қолишдан чўчиб туради. Расулуллох соллаллоҳу алайҳи васалламдан "Мўмин бахил бўладими?" дея сўралганда, "Ҳа, бахил бўлиши мумкин", дея жавоб берганлар.
Аммо молу мулкини қизғанганидан ҳам ёмонроқ бахиллик бировга тинчлик тилаб саломлашишни қизғанган киши ҳисобланар экан. Абу Ҳурайра розияллоху анхудан ривоят қилинган бир ҳадиси шарифда, Набий соллаллоху алайхи васаллам "Инсонларнинг энг бахили салом беришга бахиллик қилганидир. Савобдан насибасиз киши саломга алик олмаганидир. Гар сен билан биродаринг орасига гина тушиб қолса, сен ундан олдин салом беришга қодир бўлсанг, шуни қил", деганлар (Имом Бухорий).
Бу ривоятда машҳур саҳобий Абу Ҳурайрани бизларга қилган буюк насиҳатлари келмокда. Салом беришни ўзига эп кўрмаган одам дунёдаги энг бахил одам сифатида баҳоланар, ҳаттоки бойлигини, давлатини қизғангандан ҳам ёмонроқ ҳисобланар экан. Аллоҳ Таоло барчамизни бундай бахилликдан асрасин!
Н.Имамов
Хонақоҳ жоме масжиди имом хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бадавлат инсонларнинг бири айтади: "Мени алоҳида ҳиссиётлар бошқармайди. Чунки мен дунёдаги энг бадавлат инсонман. Оддий ҳаётда, кичик бир уйда аёлим билан яшайман. Спиртли ичимликлар ичмайман, чекмайман. Суратлари газеталарни тўлдириб юборган, соҳиллардаги қасрларда яшайдиган, ҳаётлари шовқин суронли бўлган ва никоҳлари гўзал қизлар билан бўладиган миллиардерлар ҳаётига ошиқ бўлмайман. Уларнинг бу никоҳлари одатда эвазига миллионлаб доллар бериладиган ажралиш билан тугайди.
Ўз ишимни севаман, у билан бахтлиман. Кўпинча иш жойимда ейиш учун таомимни олиб кетаман. Қўлимга миллион доллар тушиб қолишини тасаввур қилсам хаёлларимни шодлик қуршаб олмайди, аммо она шаҳримнинг ривожланишига гўзал кўчалар қуриш билан ҳисса қўшаётганимни ўйласам шодланиб кетаман. У бугун мен қураётган йўллар билан дунёнинг энг гўзал шаҳарларидан бири бўлаётганидан хурсанд бўламан. Қисқа қилиб айтганда менинг бахтим ишимни мукаммал адо этишимдадир".
Шуъла: Афсус-надомат кемани денгиз чуқурликларидан чиқара олмайди.
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан