Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Август, 2026   |   7 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:10
Қуёш
05:37
Пешин
12:26
Аср
17:15
Шом
19:19
Хуфтон
20:41
Bismillah
20 Август, 2026, 7 Рабиъул аввал, 1448

Аллоҳ таърифлаган зот

21.11.2018   17232   9 min.
Аллоҳ таърифлаган зот

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Батаҳқиқ, сизларга ўзингиздан бўлган, сизнинг машаққат чекишингиз унинг учун оғир бўлган, сизнинг (саодатга етишингизга) ташна, мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган Пайғамбар келди(Тавба сураси, 128-оят).

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни асосий сифатларидан бир нечтасини зикр қилиб, у зотни янада яхшироқ танишимиз учун хитоб қиляпти.

1) Батаҳқиқ, сизларга ўзингиздан бўлган.... яъни, ўз ичингиздан чиққан, кўз олдингизда улғайган, худди сизлар каби инсон фарзандидан бўлган, сизлар каби еб-ичадиган, ухлаб дам оладиган, бозорларда юрадиган, хурсандчилик ва машаққат таъмини биладиган, барча инсоний ҳислатларга эга бўлган кишини Пайғамбар қилиб юбордик.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло инсонларни огоҳлантириш ва ҳаққа чақириш учун ер юзига қанча Пайғамбар юборган бўлса, уларнинг барчасини шу инсонларнинг жинсидан танлаб олган. Бу ҳам беҳикмат эмас, албатта. Чунки Пайғамбарлар инсонларни ҳаққа даъват қиладиган кишилардир. Ҳақ эса ҳар бир даврда кишиларга оғир ва машаққатга ўхшаб кўринади. Агар Пайғамбар фаришталар ёки инсон жинсидан бошқа бўлган махлуқотлардан бўлганда, даъватга ижобат этишдан бош тортганлар ўзларига яна баҳоналар топишиб: “Албатта, бу Пайғамбар биз каби одам эмас. Унинг тоқати етган нарсага бизнинг тоқатимиз етмайди”, деган гапларга ўхшаш баҳоналар топардилар.

Шунинг учун Аллоҳ таоло бундай баҳоналарга узр қолдирмаслик учун барча Пайғамбарларни, хусусан Муҳаммад алайҳиссаломни ҳам инсон фарзандидан танлаб олди.  Бироқ, ҳидоятдан бош тортган кишилар ўзларига тасалли бериш учун бошқа бир баҳонани топдилар. “Улар: “Бу не Пайғамбарки, таом еб, бозорда юрадир?! Унга бир фаришта туширилса эди, у билан огоҳлантирувчи бўлар эди(Фурқон сураси, 7-оят) дедилар.

Аллоҳ таоло уларнинг бу сўзларини беҳудалигини билдириб Муҳаммад алайҳиссаломга бундай хитоб қилди: “Биз сендан олдин юборган Пайғамбарларимиз ҳам, албатта, таом ер ва бозорларда юрар эдилар. Баъзиларингизни баъзиларингизга синов қилдик. Сабр қиласизлармикин?! Бизга учрашдан умидсиз бўлганлар, бизга фаришталар туширилса ёки, Роббимизни кўрсак эди, дерлар. Батаҳқиқ, улар ўзларидан кетдилар ва катта туғён-ла туғён қилдилар(Фурқон сураси, 20-21 – оятлар).

Аслида, ҳидоятга келишни истаганлар учун Пайғамбарнинг қайси жинс вакилидан бўлиши ёки ким бўлиши муҳим эмас эди. Бироқ, ҳавойи нафсига қаттиқ боғланиб қолган бу кимсалар баҳона излардилар холос. Биз билмаган нарсаларни билувчи Роббимиз барча Пайғамбарлар қаторида Муҳаммад алайҳиссаломни ҳам худди биз каби инсон фарзандидан танлади. Бу ҳақда Қуръони каримнинг бошқа оятида бундай дейилади: "Сен: "Мен ҳам сизларга ўхшаган башарман...." деб айт”, дейилади (Каҳф сураси, 110-оят)

2) ...сизнинг машаққат чекишингиз унинг учун оғир бўлган,... яъни, сизларнинг дунё ва охират ҳаётидаги машшаққатингиз, қийинчиликингиз унинг ҳам қалбига ҳафалик киритадиган Расул келди.

Бу сифат ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нақадар ғамхўр зот бўлганларини билдиради. У зот инсонларни дунёда ҳам, қабрда ҳам, охиратда ҳам машаққат чекмаслигини чин дилдан истар эдилар. У зотнинг ҳар бир амаллари, гап-сўзлари, ҳаттоки, ибодатлари ҳам енгиллик асосида эди. Енгиллик у зотнинг суннатларидан эди.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Уч кишидан иборат гуруҳ Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари уйларига у зотнинг ибодатлари ҳақида сўраб келди. Бас, уларга (бу ҳақда) хабар берилганида худди у(ибодат)ни оз санагандай бўлдилар. Шунда улар: “Биз қаёқда-ю,  Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қаёқдалар, у зотнинг аввалги ва охирги гуноҳлари мағфират қилинган”, дедилар. Улардан бири: “Мен тунларни намоз ўқиш билан ўтказаман”, деди. Бошқаси эса: “Мен доимо рўза тутаман, оғзим очиқ юрмайман”, деди. Яна бошқа бири: “Мен аёллардан четланаман, абадул-абад уйланмайман”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг олдига келиб: “Шундоқ, шундоқ, деган сизларми?! Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳдан энг қўрқувчи ва энг тақводорингизман. Лекин рўза ҳам тутаман, оғзим ҳам очиқ бўлади. Намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам. Аёлларга уйланаман ҳам. Бас, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас”, дедилар (Муттафақун алайҳ).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар умматимга ёки одамларга машаққат бўлмаганида, ҳар бир намозда мисвок ишлатишни буюрар эдим”, дедилар. (Муттафақун алайҳ)

Таровеҳ намози ҳақидаги воқеани эслайлик. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаларнинг бирида масжидда намоз ўқидилар. Одамлар ҳам у зотга қўшилиб намоз ўқишди. Келгуси куни ҳам намоз ўқигандилар, одамлар кўпайиб кетди. Сўнгра одамлар учинчи ёки тўртинчи куни ҳам тўпландилар. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ҳузурига чиқмадилар.  Тонг отганида у зот: Сизлар бажарган нарсани кўрдим. (таровеҳ) намози фарз бўлиб қолишидан хавотирга тушганим  мени сизларнинг олдингизга чиқишдан ман қилиб қўйди”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларига назар солсак, бундай воқеаларнинг кўпини кўришимиз мумкин. У зот умматларига машаққат бўлиб қолишидан чўчиб ўзлари учун яхши кўрган амалларини тарк қилганлар. Инсонларни ибодатда машаққатга тушишлигига рози бўлмаган зот ҳаргиз дунё ва охират ҳаётида машаққат чекишларига рози бўлмайдилар.

3) ...сизнинг (саодатга етишингизга) ташна, яъни, сизларни  охиратдаги аламли азоблардан қутулиб, абадий саодат бўлган жаннатга, ундаги беҳисоб неъматларга, Аллоҳ таолонинг розилигига, дийдорига етишингиз учун, ниҳоятда ҳарис бўлган Набий келди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг катта мақсадлари инсонларни абадий саодатга етишлари, дунё ва охират хорлигидан омонда бўлиши эди.

Кунларнинг бирида у зот бундай дедилар: “Мен билан сизларнинг ҳолатингизни бир мисол билан тушунтирай.  Бир киши кечқурун ўт ёқди. Аланга баландлаб теваракни ёритгач, атрофдаги парвоналар ва ҳар хил ҳашоротлар ўзларини алангага ура бошлади. Ҳалиги киши уларни қутқариш учун алангадан узоқлаштиришга уринади,  лекин улар алангага кириш учун тиришишади ва кишидан устун келишади... Мен-у  сизларнинг мисолингиз мана шудир. Мен сизларнинг камарларингизга ёпишиб алангадан узоқлаштириш учун: " Алангага кирманглар, бу ёққа келинглар!... Алангага кирманглар, бу ёққа келинглар!... дейман, сизлар бўлсаларинг, мендан устун келиб, қўлимдан чиқиб кетяпсизлар ва алангага шўнғияпсизлар" (Саодат асри қиссалари, 4-китоб. Аҳмад Лутфий)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йигирма уч йил давомида инсонларни Аллоҳнинг Каломи ила огоҳлантириб, “Алангага кирманглар, бу ёққа келинглар!”... дея чорлаган бўлсалар, у зот  вафотларидан сўнг ҳам то қиёматга қадар ўз суннатлари ва  ҳадислари ила жаннат сари, абадий саодат сари чорлайверадилар.

4) ...мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган Пайғамбар келди. Бу оятни эса ортиқча шархлашга ҳожат йўқ. У зотнинг меҳрибонликлари бутун оламларга эди. Бу оламда яшаб турган инсон фарзандидан тортиб  кичик бир хашоратларгача, ҳайвонларга-ю набототларга меҳрибон эдилар. У зот нафақат тирикларга, балки ўликларга ҳам марҳамат қилардилар. У зот ҳаттоки кофирни ўлигини таҳқирлашга ҳам рухсат бермасдилар. У зот ҳайвонларни юзига уришдан, уларни эрмак учун боқишдан, уларга озор беришдан қайтарар эдилар. Хоссатан мусулмонларга нисбатан ниҳоятда меҳрибон ва марҳаматли эдилар. У зот мусулмонни ранжитишни, уни ёмон кўришни, ғийбат қилишни, молига ва жонига, обрўсига ҳам тажовуз қилишдан қайтарардилар. У зотнинг меҳрибонликлари шу қадар эдики, ҳаттоки, вафот этиб кетган одамни ортидан ёмон гап гапиришга рухсат бермагандилар.

У зот ҳақида гапириш мароқли. У зотни эслаш инсонга ҳузур беради. У зотни таърифлаш учун эса на қоғозимиз ва на сиёҳимиз етади. Аслида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни таърифларини, тавсифларини Роббимизнинг Ўзи келтирган. Бизни эса у зотни яхши кўришга буюрган.  У зотни яхши кўришнинг аломати эса фақатгина у кишига эргашишлик, у зот яхши кўрган нарсаларни яхши кўриб, у зот ёмон кўрган нарсалардан четланишлик билан бўлади. Бундан бошқаси эса ёлғон муҳаббат, оддий даъво бўлади, холос. Уламолар айтганларидек: “Ҳабибинг ёқтирмаган нарсани яхши кўришинг муҳаббатинг рост эмаслигини билдиради”.

Аллоҳ таоло барчамизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муносиб уммат бўлиш бахтини насиб қилсин. Гарчи у зотни бу дунёда кўриш насиб қилмаган бўлса-да, абадий ҳаётда бирга бўлишдек неъмат билан сийласин. Омин.

Ёрбек ИСЛОМОВ

Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби.

 

Сийрат ва ислом тарихи
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Иордания ОАВ: Тошкентда Ислом цивилизациясига бағишланган халқаро медиафорум ўтказилади

19.08.2026   33709   2 min.
Иордания ОАВ: Тошкентда Ислом цивилизациясига бағишланган халқаро медиафорум ўтказилади

Иорданиянинг нуфузли “Jordan News Agency” (Petra) ахборот агентлиги ҳамда “Hala Ahbar” нашрида 24–29 август кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ ва кашфиётлар” мавзусидаги халқаро медиафорумга бағишланган мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Агентликда ёзилишича, мазкур йирик халқаро тадбир Ўзбекистоннинг жаҳон медиа ҳамжамияти билан алоқаларини янада кенгайтириш, журналистлар ва соҳа мутахассислари ўртасида тажриба алмашишни ривожлантириши билан аҳамиятлидир.

Шу билан бирга, форум давомида ислом цивилизациясининг бой илмий-маърифий ва маданий меросини замонавий медиа воситалари орқали кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилади.

Форумнинг асосий тадбирлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилади. Унда хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари, халқаро экспертлар ҳамда медиа соҳаси мутахассислари иштирок этади.

Нашрлар форум дастурининг мазмун-моҳиятига алоҳида эътибор қаратган. Хусусан, тадбир доирасида ялпи мажлислар, ихтисослаштирилган медиа-кўргазмалар, матбуот брифинглари ва икки томонлама учрашувлар ташкил этилади.

Мунозараларда ҳужжатли фильмлар яратиш, тарихий хотирани асраш ва ёритиш, нашриёт лойиҳаларини ривожлантириш, замонавий технологиялардан медиа соҳасида самарали фойдаланиш ҳамда халқаро медиа лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинади.

Нашрнинг қайд этишича, тадбирнинг муҳим жиҳатларидан бири – Ўзбекистонлик талабалар учун халқаро медиа соҳасининг тажрибали мутахассислари иштирокида амалий мастер-класслар ўтказилишидир. Бу машғулотлар замонавий журналистика, медиамаҳсулотлар яратиш ва халқаро ахборот маконида самарали фаолият юритиш бўйича билим ва кўникмаларни оширишга хизмат қилади.

Иордания ОАВда форум доирасида иштирокчилар учун Самарқанд шаҳрига сафар ҳам режалаштирилгани қайд этилган. Хорижий журналистлар Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилиб, Самарқанднинг бой тарихий-маданий мероси билан танишадилар. Тошкент шаҳрида эса халқаро ОАВ вакиллари учун махсус медиатур ташкил этилади.

Бундай сафарлар форум иштирокчиларига Ўзбекистоннинг нафақат замонавий тараққиёти, балки унинг жаҳон цивилизацияси тарихидаги ўрни, илмий-маърифий анъаналари ва бой маданий мероси ҳақида бевосита тасаввур ҳосил қилиш имконини беради.

Мақолаларда халқаро медиафорумнинг 28 август куни якуний ялпи мажлис ва расмий ёпилиш маросими билан якунланиши ҳам маълум қилинган. Хорижий меҳмонлар Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тадбирларда ҳам иштирок этади.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари