Машҳур саҳобалардан Зубайр ибн Аввом ибн Ҳувайлид Асадий Қурайший розияллоҳу анҳунинг насаби Пайғамбаримиз Соллаллоҳу алайҳи васаллам насаблари билан Килобда туташади. У Хадича онамиз розияллоҳу анҳу сингари Бани Асад уруғидан. Пайғамбаримиз Соллаллоҳу алайҳи васаллам аммалари София бинти Абдулмутталиб розияллоҳу анҳонинг ўғли бўлган.
Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳ “Тобақотул Кубро” асарида София бинти Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳо ўғли Зубайрга қаттиққўллик билан тарбия бераётганини кўриб одамлар: “Ахир уни жуда қийнаб юбординг”, деганларида: “Мен уни пишисин, қатъиятли бўлсин дейман”, деб айтганини келтирган.
Йиллар ўтиб, онанинг орзуси ушалди. Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу баланд бўйли, ўта чидамли бўлиб вояга етди. Унда вафодорлик, бирсўзлик, сахийлик каби фазилатлар мужассам эди. Бир куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унинг қўлидан тутиб: “Ҳар бир пайғамбарнинг хос ёрдамчиси бўлган, менинг хос ёрдамчим Зубайр ибн Аввомдир” деб марҳамат қилдилар (Имом Ҳоким).
Зубайр розияллоҳу анҳу олдинига фақирона ҳаёт кечирди. Аёли Асмо розияллоҳу анҳо уй ишларидан ташқари чорва боқиш, ўтин териш кабилар билан турмуш ўртоғига ёрдамлашди. Кейинроқ Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу тижорат билан шуғулланиб, бойиб кетди. Аммо сахийлиги туфайли уйида бирор нарса турмаган. Катта маблағ тушса, уйигача етиб бормай, йўлдаёқ одамларга тарқатиб юборарди.
Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қилади: «Пайғамбаримиз Соллаллоҳу алайҳи васаллам Зубайрнинг уйида чироқ ёниб турганини кўрдилар ва “Эй Оиша, Асмо фарзандли бўлганга ўхшайди. Унга исм қўймай туринглар. Мен ўзим қўяман”, дедилар. У зот чақалоқни Абдуллоҳ деб атадилар ва хурмо билан танглайини кўтардилар”» (Имом Термизий).
Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу маслаҳат олган олти саҳоба, “аҳли шўро”нинг бири Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу бўлган.
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг замонига келиб Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу энг кўзга кўринган арбобларидан бирига айланди.
Зубайр ибн Аввом Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан бир лаҳза ҳам ажрамади. Доимо хизматларида бўлиб, буюрилган ишни сидқидилдан адо этарди. У киши Пайғамбаримиз Соллаллоҳу алайҳи васалламдан жами ўттиз саккизта ҳадис ривоят қилди. Ҳижрий ўттиз тўртинчи санада (милодий 656) Басрада вафот этди.
Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти
4-курс талабаси маърупов Ойбек
Манбалар асосида тайёрлади
Самарқанднинг юраги бўлган Регистон майдони ҳудудидаги Шайбонийхон ва унинг сулоласи дафн этилган маскан зиёратгоҳга айлантирилади.
Регистон мажмуаси раҳбари Хонқул Самаровнинг сўзларига кўра,1960–1962-йилларда ҳозирги Ислом Каримов кўчасини кенгайтириш, ободонлаштириш ишлари жараёнида мазкур дахма шу ҳудудда бўлган Шайбонийхон мадрасаси ҳовлисидан Регистон майдонига – Тиллакори ва Шердор мадрасалари ёнига кўчирилган.
“Маълумки, мазкур ҳудуд Амир Темур бобомиз даврида Самарқанд шаҳрининг энг муҳим марказларидан бири бўлган, бу ҳудудда кўплаб мадраса ва масжидлар бунёд этилган. Жумладан, Амир Темур масжиди ва унинг рўпарасида Бибихоним мадрасаси қад ростлаган. Кейинчалик Мирзо Улуғбек бобомиз томонидан улкан мадраса қурилган. Балки Шайбонийхон ҳам ана шу улуғвор мадраса ва масжидларга ҳавас қилиб, уларнинг ёнида мадраса қургандир. Чунки, тарихий манбалардан биламизки, Муҳаммад Шайбонийхон ҳам улуғ ҳукмдор бўлиш билан бирга илм-маърифат ҳомийси, илмли инсон ва ижодкор сифатида Самарқандда улкан бунёдкорлик ишларини амалга оширган, кўплаб масжид ва мадрасалар қурдирган. Амир Темурдан кейин қудратли давлат ташкил этиб, унинг чегараларини кенгайтирган, обод қилган”, дейди Регистон мажмуаси раҳбари.
Тарихий манбаларда Шайбонийхон 1510-йилда Эрон шоҳи Исмоил Сафавий билан бўлган жангда ҳалок бўлгач, унинг бошсиз танаси Самарқандга келтирилиб, Баланд Суфага дафн қилингани ёзилган.
Баланд Суфа ўз вақтида Шайбонийхон мадрасасида бўлган ва кейинчалик (1960–1962-йилларда) ўз ҳолича Регистон ҳудудига кўчирилган дахмадир.
Хонқул Самаровнинг қўшимча қилишича, шу пайтгача Муҳаммад Шайбонийхон шахсига муносабат ортидан бу жойга ҳам етарли даражада эътибор қаратилмаган.
Шунингдек, у олтмиш йилдан ортиқ вақтдан буён ушбу ҳудудда турган бу зиёратгоҳ ҳақида оддий одамлар, ҳатто кўпчилик тарихчиларда ҳам ма'лумот ё'қлигини, бунга сабаб эса ҳудудда ҳеч қандай кўргазмали восита ёки ёзув мавжуд эмаслигини таъкидлайди.
“Йиллар давомида халқимиз онгига Бобур ижобий, Шайбонийхон салбий шахс сифатида сингдирилди. Аслида эса давлатчилик тарихимиз, қолаверса, адабиётимиз ривожида бу икки буюк бобомизнинг ҳам ўз муносиб ўрни, ҳиссаси бор. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ўзи ҳам “Бобурнома”да бу зотнинг номи ҳақида тўхталиб, “Шайбоқ”, яъни “куч-қудратли” деган таъриф берган. Шайбонийхон ва шайбонийлар томонидан Самарқандда, умуман, ушбу минтақада катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилгани ҳақида тарихий манбаларда кўплаб маълумотлар учрайди. Масалан, Шайбонийхон бир неча босқичли ўқитиш тизими жорий этиб, барча илмлардан хабардор бўлиш учун бола 26-йил таълим олиши керак, деб ҳисоблаган. Икки йиллик мактаб таълимидан сўнг ҳар бири 8-йилдан иборат уч босқичли мадраса таълимини олиш зарур бўлган”, дея маълумот беради Регистон мажмуаси раҳбари Хонқул Самаров.
Маълумот учун, Шайбонийхон кучли саркарда, ҳукмдор бўлиш билан бирга ижодкор сифатида нафис ғазал ва рубоийлар, достонлар ёзган. Жумладан, “Баҳр-ул худо” номли достони ва ўғли валиаҳд Темур султонга аталган панд-насиҳатлардан иборат китоби мавжудлиги қайд этилади.
Тарихий манбаларда келтирилишича, у бобоси Абулхайрхон вафотидан кейин пароканда бўлиб кетган қабилаларни бирлаштириб, кўчманчи ўзбеклар давлатини қайта тиклаган. Мовароуннаҳр, Хоразм ва Хуросонни эгаллаб, қудратли давлат барпо қилган. Муҳаммад Шайбонийхон бутун минтақани ягона бир марказ – Самарқанд қўл остида бирлаштирган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати