Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
29 Август, 2026   |   16 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:22
Қуёш
05:46
Пешин
12:24
Аср
17:05
Шом
19:05
Хуфтон
20:25
Bismillah
29 Август, 2026, 16 Рабиъул аввал, 1448

23.11.2018 й. Тақво фазилати

16.11.2018   9550   13 min.
23.11.2018 й. Тақво фазилати

بسم الله الرحمن الرحيم

ТАҚВО ФАЗИЛАТИ

الحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي قَالَ فِي كِتَابِهِ الْحَكِيمِ "إِنَّ اَكْرَمَكُمْ عِنْدَ اللهِ أَتْقَاكُم" وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى رَسُولِهِ الْكَرِيمِ الَّذِي كَانَ يَقُولُ "وَاللهِ إِنِي أَخْشَاكُمْ لِلَّهِ وَأَتْقَاكُمْ لَهُ" وَعَلَى آلِهِ وَأَصْحَابِهِ أَجْمَعِينَ.

Муҳтарам азизлар! Бандани Аллоҳ таолога яқинлаштирадиган, уни Аллоҳ таолонинг ҳузурида ҳурмат топишига сабаб бўладиган энг улуғ фазилат,  бу – тақводир. Қуръони каримнинг бир юз етмиш бешта ўрнида “тақво” ҳақида сўз юритилган. “Тақво” арабча сўз бўлиб, “сақланмоқ”, “эҳтиёт бўлмоқ” маъноларини англатади. Шариатимизда эса, киши Аллоҳ таолонинг азобидан сақланиши учун,  ўзини каттаю кичик гуноҳ ва маъсиятлардан тийиши тақво дейилади. 

Аллоҳ таоло қадимда ўтган барча умматларни, шунингдек, биз уммати муҳаммадияни ҳам тақвога буюрган. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади:

  وَلِلَّهِ مَا فِي السَّمَاوَاتِ وَمَا فِي الْأَرْضِ وَلَقَدْ وَصَّيْنَا الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ مِنْ قَبْلِكُمْ وَإِيَّاكُمْ أَنِ اتَّقُوا اللَّهَ وَإِنْ تَكْفُرُوا فَإِنَّ لِلَّهِ مَا فِي السَّمَاوَاتِ وَمَا فِي الْأَرْضِ وَكَانَ اللَّهُ غَنِيًّا حَمِيدًا

(سورة النساء/131آية)

яъни: “Осмонлар ва Ердаги нарсалар Аллоҳникидир. Сизлардан олдинги Китоб берилганларга ва сизларга ҳам, Аллоҳдан қўрқингиз, деб амр қилганмиз. Агар куфрни ихтиёр этсангиз, бас, албатта, осмонлару Ердаги нарсалар Аллоҳникидир. Аллоҳ беҳожат ва ҳамд эгасидир” (Нисо сураси, 131-оят).

 Қуръони каримнинг жуда кўп оятларида Аллоҳ таоло ўзининг бой экани, бирор нарсага ҳожати тушмаслиги, балки унга бошқаларнинг эҳтиёжи доимо тушиб туришини таъкидлайди. Тақво ва ибодатларга буюриши ҳам Ўзининг эҳтиёжи сабабли эмас, балки инсонлар манфаати учундир. Бутун дунё аҳли ёппасига куфрга ўтиб кетган тақдирда ҳам, Унга ҳеч қандай зарар етмайди.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам биз умматларини тақвога буюрганлар ва айни пайтда Ўзлари бизларнинг ичимизда энг тақводор зот эканларини таъкидлаб:

وَاللهِ إِنِي أَخْشَاكُمْ لِلَّهِ  وَأَتْقَاكُمْ لَهُ

(رَوَاهُ الْاِمَامُ الْبُخَارِيُّ)

яъни: “Аллоҳга қасамки, Мен сизлардан кўра Аллоҳдан қўрқувчироқ ва тақводорроқман”, – деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Абу Зар ва Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

إتَّقِ اللهَ حَيْثُمَا كُنْتَ وَأَتْبِعِ السَّيِّئَةَ الْحَسَنَةَ تَمْحُهَا وَخَالِقِ النَّاسَ بِخُلُقٍ حَسَنٍ

(رَوَاهُ الْإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ وَالْإِمَامُ أَحَمَدُ وَالْإِمَامُ الدَّارِمِيُّ).

яъни: “Қаерда бўлсанг ҳам, тақво қилгин, агар бирорта гуноҳ қилсанг албатта, унинг кетидан бирор савобли ишни қилгинки, қилган гуноҳингни ўчириб юборсин, инсонларга чиройли хулқ билан муомала қилгин” (Имом Термизий, Имом Аҳмад ва Имом Доримий ривоят қилган).

         Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:

أَلْإِسْلَامُ عَلَانِيَةٌ  وَالْإِيْمَانُ فِي الْقَلْبِ ثُمَّ يُشِيرُ بِيَدِهِ إِلَى صَدْرِهِ: أَلتَّقْوَى هَاهُنَا  أَلتَّقْوَى هَاهُنَا

(رَوَاهُ الْإِمَامُ ابْنُ أَبِي شَيْبَةَ)

яъни: “Ислом ошкорадир, имон эса қалбдадир”, – дедилар. Сўнгра қўллари билан кўксиларига ишора қилиб: “Тақво мана бу жойдадир, тақво мана бу жойдадир”, – дедилар (Имом Ибн Абу Шайба ривояти). Ушбу ҳадисдан шуни англаш мумкинки, ислом динида буюрилган амалларни қилган кишини “мусулмон” дейилади. Имон – қалб амали бўлгани учун уни Аллоҳга ҳавола қилинади. Тақво – инсоннинг ботиний ҳолатики, уни зоҳирига қараб тақводор ёки тақводор эмаслигини аниқлаб бўлмайди. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида шундай деганлар:

إِنَّ اللهَ لَا يَنْظُرُ إِلَى صُوَرِكُمْ وَأَمْوَالِكُمْ وَلَكِنْ يَنْظُرُ إِلَى قُلُوبِكُمْ وَأَعْمَالِكُمْ

 (رَوَاهُ الْإِمَامُ مُسْلِمٌ)

яъни: “Албатта, Аллоҳ таоло сизларнинг суратларингизга ҳам, мол-давлатингизга ҳам қарамайди, балки қалбингизга ва амалларингизга қарайди” (Имом Муслим ривояти).

Муҳтарам жамоат! Тақво қилишнинг фазилатлари ва фойдалари жуда ҳам бисёр бўлиб, Қуръони каримда уларнинг бир қанчалари зикр этиб ўтилган. Жумладан:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا إِنْ تَتَّقُوا اللَّهَ يَجْعَلْ لَكُمْ فُرْقَانًا وَيُكَفِّرْ عَنْكُمْ سَيِّئَاتِكُمْ وَيَغْفِرْ لَكُمْ وَاللَّهُ ذُو الْفَضْلِ الْعَظِيمِ.

яъни: “Эй, имон келтирганлар! Агар Аллоҳдан қўрқсангиз, сизлар учун (ҳақ билан ноҳақликни) ажрим этувчи (ёрдам)ни берур ва гуноҳларингиздан ўтиб, сизларни мағфират қилур. Аллоҳ улкан фазл соҳибидир (Анфол сураси, 29-оят).

Тақводор бандага ҳар қандай танг ҳолатдан чиқиш йўллари осон қилиб қўйилади, унга ризқ эшиклари ҳам ланг очилади. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилган:

وَمَنْ يَتَّقِ اللَّهَ يَجْعَلْ لَهُ مَخْرَجًا وَيَرْزُقْهُ مِنْ حَيْثُ لَا يَحْتَسِبُ

(سورة الطلاق/3-2 آية)

яъни: “Кимки Аллоҳга тақво қилса, У унга (ташвишлардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилур. Яна, уни ўзи ўйламаган жойдан ризқлантирур (Талоқ сураси, 2-3-оятлар).

Тақво туфайли осмонлару ердан баракотлар ёғилиб, халқлар фаровон ҳаёт кечиришларига муяссар бўладилар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

وَلَوْ أَنَّ أَهْلَ الْقُرَى آَمَنُوا وَاتَّقَوْا لَفَتَحْنَا عَلَيْهِمْ بَرَكَاتٍ مِنَ السَّمَاءِ وَالْأَرْضِ

(سورة الأعراف/96 آية)

яъни: “Агарда (мазкур) юртларнинг аҳолиси имон келтирган ва тақво қилганларида эди, улар устига осмонлар ва Ердан баракотлар (эшиклари)ни очиб юборган бўлур эдик” (Аъроф сураси, 96-оят). Бу оятда катта ибрат бордир. Аллоҳ таоло бандаларидан жуда кўп ва оғир нарсани талаб қилмади. Имон келтириб, ширк ва гуноҳлардан ўзларини тийсалар, бас. Шу ишлари эвазига еру осмондан баракот ато этаман, деб ваъда қилмоқда. Бу шарт ва мукофот ваъдаси то қиёматгача дунёга келиб кетувчи барча бандаларга ҳам тегишлидир.

Тақво туфайли банданинг қилган ибодат ва барча солиҳ амаллари Аллоҳ таолонинг ҳузурида мақбул бўлади. Қуръони каримда шундай дейилган:

إِنَّمَا يَتَقَبَّلُ اللَّهُ مِنَ الْمُتَّقِينَ

(سورة المائدة /27 آية)

яъни: Аллоҳ аслида тақволи кишилардан қабул қилур(Моида сураси, 27-оят). Буюк саҳобийлардан бири бўлмиш Абу Дардо разияллоҳу анҳу шундай деганлар: “Агар Аллоҳ таоло менинг бир вақт намозимни қабул қилганини аниқ билганимда эди, менга бу дунёдаги ҳамма нарсадан ҳам севимли иш бўлган бўлур эди, чунки Аллоҳ таоло: Аллоҳ аслида тақволи кишилардан қабул қилур, – деган”.

Юқорида айтганимиздек, тақво бандани наинки Аллоҳ таолога яқинлаштиради, Аллоҳ таоло тақводор бандалар билан биргадир. Бу ҳақда Қуръони каримда:

وَاتَّقُوا اللَّهَ وَاعْلَمُوا أَنَّ اللَّهَ مَعَ الْمُتَّقِينَ

(سورة البقرة /194 آية)

яъни: “Аллоҳга тақво қилингиз ва билингизки, албатта, Аллоҳ тақводорлар билан биргадир”, – дейилган (Бақара сураси,194-оят).

Шунинг учун Аллоҳ таоло биз мўмин-мусулмон бандаларини тақвога буюриб:

 يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ حَقَّ تُقَاتِهِ وَلَا تَمُوتُنَّ إِلَّا وَأَنْتُمْ مُسْلِمُونَ

(سورة آل عمران /102 آية)

яъни: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳдан чинакам қўрқув билан қўрқингиз ва мусулмон бўлмай дунёдан ўтмангиз!” – деб марҳамат қилган (Оли Имрон сураси, 102-оят).

Муҳтарам жамоат! Мавъизамизнинг давомида ҳозирги кунда баъзи бир  ислом динидан хабари йўқ тоифалар томонидан нотўғри талқин қилиниб, айрим ёшларни адашишига сабаб бўлаётган жиҳод тушунчаси ҳақида маълумот бериб ўтамиз.

 Жиҳод тушунчасини яхши англамай туриб, уни ҳаётга тадбиқ этиш қурбонларнинг хунига зомин бўлишдан ташқари кўпдан-кўп хатарли натижалар келтириб чиқаришини унутмаслик керак. Шунинг учун “жиҳод” сўзига қисқача изоҳ беришликни лозим топдик.

 Жиҳод сўзи араб тилидан таржима қилинганда “жидду жаҳд қилмоқ”, “ҳаракат қилмоқ”, “интилмоқ” каби маъноларни ифодалайди. Дастлаб “жиҳод” дейилганида Исломни ҳимоя қилиш ва ёйиш учун кураш тушунилган. Бу сўзнинг истилоҳий маъноси “душмандан ҳимояланишда қўли, тили  ёки моли билан курашишдир”. Умумий қилиб айтсак, жиҳод нафсга, шайтонга, босқинчиликка ва барча ёвузликларга қарши курашишдир.

Макка даврида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг: “(Эй Муҳаммад), Раббингизнинг йўлига (динига) ҳикмат ва чиройли насиҳат билан  даъват қилинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг” (Наҳл сураси, 125 оят) деган кўрсатмаси асосида фаолият олиб борганлар.

Макка мушрикларининг зулми кучайганидан сўнг динни сақлаш учун улар билан жанг қилишга рухсат берилди. Зеро, ўша пайтда мусулмонларга  қарши бўлган Макка мушриклари Ислом динини ва мусулмонларни йўқ қилиш мақсадида амалий ҳаракатларини олиб бораётган эдилар.

Агар “жиҳод” ислом давлатини қуриш учун ёки инсонларни динга киришга мажбурлаш учун жорий этилганида эди, Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари бу борада намуна кўрсатган бўлур эдилар. Яъни, у зот биринчи бўлиб Маккадаги мушрикларнинг катталари билан урушган, Ислом давлатини барпо этиш учун жиҳод эълон қилган бўлардилар.

Бироқ, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай йўл тутмадилар. Аксинча, мусулмон жамиятини асраб қолиш мақсадида унинг ҳимояси учун жиҳодга чиққанлар.

Жиҳод  масаласида ғулувга кетишнинг ислом дини таълимотига зид экани ҳадислар, уламоларнинг асарлари ва фатволарида муфассал баён қилингандир. Жумладан: Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: “Бир киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга: “Мен жиҳодда қатнашмоқчиман”, – деди. У зот: “Ота-онанг борми?”, – деб сўрадилар. “Ҳа”, – деб жавоб қилди у киши. Шунда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уларнинг ҳузурига бориб, ёрдам бер, хизматини қил! Шу сенинг жиҳодингдир”, –  дедилар”.

Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу шундай деганлар: “Жиҳод тўрт хилдир: Амри маъруф (яхши ишларга буюриш), нахйи мункар (гуноҳ, ёмон ишлардан қайтариш), ўзининг зарарига бўлса ҳам рост сўзлаш ва фосиқ кишининг масхара қилишига чидаб туриш”.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: “Мусулмонларнинг афзали тилидан ва қўлидан мусулмонларга озор етмайдиганидир. Мўминларнинг афзали эса, хушхулқлироғидир. Муҳожирларнинг афзали Аллоҳ қайтарган нарсалардан ўзини йироқ тутувчидир. Жиҳоднинг афзали эса, Аллоҳ йўлида ўз нафси ва ҳавосига қарши қилинадиган жангдир”.

Шунга кўра, Биз халқимизни, хусусан мустақил ҳаётни бошлаётган ёшларимизни юртимиз, халқимизга дўст бўлмаган, сохта ғоялар билан ҳали ҳаётий тажрибага эга бўлмаган ўсмирларимизни оиласи ва Ватанидан айириб олиб, ўз манфаатлари йўлида қурбон қилишдек вайронкор мақсадларга эга кучлар борлигидан огоҳлантиришимиз лозим саналади.

Экстремистик оқимлар ўз сафига янги шахсларни жалб этишда интернет ва ижтимоий тармоқлардан кенг фойдаланмоқда.

Аслида эса, ёшларни ўз сафига чорлаётган, ўзини “мужоҳид” деб танитаётган кимсалар тинч аҳолини қатл этмоқда, аёл-қизларни хўрлаб, номусларига тажовуз қилмоқда. Норасида болаларни ўлдирмоқда. Уй-жойлар, мактаб ва кутубхоналар, қишлоғу-шаҳарларни бузиб, мўйсафид отахон, муштипар оналар, норасида гўдакларни  кўчаларда саргардон қилмоқда.

Огоҳ бўлиш керакки, ўз юртига, оиласига хиёнат қилганларнинг икки дунёси ҳам куйиб кетади. Ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Қиёмат куни ҳар бир хиёнаткор учун бу дунёда қилган хоинлиги учун шармисор қилувчи байроқ ўрнатиб қўйилади”, деб айтганларини эшитдим”.

Экстремистлар ёшларни ўзига жалб қилишда “ҳижрат”, “жиҳод” ва “шаҳидлик” тушунчаларини нотўғри талқин этиб, улардан фойдаланадилар.

Холбуки, жиҳод тушунчасининг бузиб талқин этилиши оқибатида, ислом динида оғир гуноҳ саналган бегуноҳ инсонларнинг қонини тўкиш, ноҳақ одам ўлдириш, тинч аҳолига озор бериш каби манфур ишлар амалга оширилмоқда.

Аллоҳ таоло барчамизни муттақий бандаларидан айлаб, дунё ва охиратимизни обод қиладиган солиҳ амалларга муваффақ қилсин! Омин!

 Муҳтарам имом-домла! Масжидларда намоз вақтига қатъий риоя этиб, хусусан, жума намозини белгиланган вақтдан ўтказмаган ҳолда адо этишингиз ва жума иш куни бўлгани учун намозхонларни кўп ушланиб қолишларига йўл қўймаслигингиз тавсия этилади!

 

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз беш йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи

28.08.2026   13451   18 min.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз беш йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи

(2026 йил 28 август, Тошкент ш.)

 

Ассалому алайкум, қадрли ватандошлар!

Ҳурматли меҳмонлар!

Бугун муқаддас Ватанимиз мустақиллигининг қутлуғ ўттиз беш йиллик байрамини катта ифтихор ва тантана билан нишонлаяпмиз.

Азиз халқимиз, жумладан, муҳтарам нуронийларимиз, шижоатли ёшларимиз, мўътабар аёлларимизни, юртимиздаги барча миллат ва элат вакилларини, хориждаги ватандошларимизни ушбу айём билан чин юракдан самимий табриклайман.

Энг улуғ байрамимиз Янги Тошкентда ўтказилаётгани тантана шукуҳини янада оширмоқда.

Келгусида илм-фан, таълим ва маданият маркази бўладиган ушбу ҳудудда куни кеча Янги Ўзбекистон университети, Низомий Ганжавий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университети, Ўзбекистон миллий кутубхонасининг муҳташам биноларини ишга туширдик.

Бугун сизларнинг иштирокингизда очиладиган фаввора дунёдаги энг баланд мусиқали фаввора сифатида Гиннеснинг рекордлар китобидан жой олгани ҳам байрам кайфиятига янада баланд руҳ бағишлайди.

Бир неча юз йиллик орзулар рўёбга чиқаётган бу бетакрор маконда бутун халқимиз билан ҳали яна кўплаб қувончли ва тарихий воқеаларга гувоҳ бўламиз.

Аминманки, Янги Тошкент пойтахтимизнинг кўркига кўрк қўшиб, биз барпо этаётган Янги Ўзбекистоннинг куч-қудратини намоён этадиган чинакам тараққиёт марказига айланади!

 

Қадрли дўстлар!

Биз 1991 йилда халқимизнинг хоҳиш-иродаси ва қатъияти билан ўз давлат мустақиллигимизни қўлга киритдик. Аслида буюк истиқлолимиз илдизлари уч минг йилдан зиёд бўлган давлатчилик анъаналаримиз ва қадимий цивилизациямиз тарихига бориб тақалади.

Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврида Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Мир Алишер Навоий каби буюк алломаларимиз башарият тафаккури хазинасини бойитган.

Соҳибқирон Амир Темур бобомиз барпо этган давлат эса адолат ва бунёдкорлик тимсоли сифатида тарих зарварақларидан муносиб ўрин олган.

Ватан озодлиги ва миллий истиқлол йўлида жонини фидо қилган Беҳбудий, Мунавварқори, Фитрат, Қодирий, Чўлпон каби жадид боболаримизнинг ҳуррият ҳақидаги орзу-ниятлари бугун Янги Ўзбекистонда тўлиқ рўёбга чиқмоқда.

Мустақиллик, энг аввало, бизга шону шарафимизни, муқаддас динимизни, она тилимизни, унутилаётган миллий қадриятларимизни қайтариб берди.

Истиқлол туфайли биз ўзлигимизни англадик, номи ҳамиша эъзозда бўлган ота-боболаримизнинг муносиб ворислари эканимизни бутун дунёга намоён этдик.

Ушбу ҳаяжонли дақиқаларда бугунги эркин ҳаёт учун жонини фидо қилган улуғ аждодларимиз, жадидлар хотирасига таъзим бажо келтирамиз.

Мана шу тарихий санада ўтган 35 йил давомида мустақиллигимизни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшган барча марҳум юртдошларимизнинг фидокорона меҳнати ва жасоратини яна бир бор эътироф этишни жоиз, деб биламиз.

Биринчи Президентимиз, атоқли давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг ёрқин хотирасини эҳтиром билан ёд этамиз.

 

Ҳурматли байрам иштирокчилари!

Мустақилликнинг буюк аҳамияти, аввало, инсон қадри ва эркин ҳаётида намоён бўлади. Шу боис, биз ислоҳотларни бошлаган биринчи кунларданоқ халқнинг қалбига қулоқ солдик, аҳолининг дардига дармон бўлишни мақсад қилдик. “Инсон қадри учун!” деган ғояни давлат сиёсатининг марказига олиб чиқдик. Биринчи галда “пахта қуллиги”, “мажбурий меҳнат ва болалар меҳнати”, “конвертация чеклови”, “прописка” каби одамларни йиллар давомида қийнаб келган муаммоларга барҳам бердик.

Энг асосийси, фуқароларимиз юрагидаги қўрқув ва ҳадик ўрнини ишонч ва хотиржамлик эгаллади. Ҳар бир инсон эркин ва фаровон яшайдиган жамият барпо этиш учун кейинги ўн йилда тинимсиз изландик, қаттиқ меҳнат қилдик.

Катта сиёсий ирода кўрсатиб, Ўзбекистонни дунёга кенг очдик. Хусусан, чегара муаммолари ҳал қилинди, қўшниларимиз билан дўстлик ва ҳамкорлик мустаҳкамланди. Валюта, солиқ, божхона ва инвестиция сиёсатида туб ўзгаришлар амалга оширилди. Натижада “Иқтисодий эркинлик индекси”даги ўрнимизни 80 поғона яхшилаб, “иқтисодиёти мўътадил эркин” давлатлар қаторидан жой олдик.

Илгари иқтисодиётимизга йилига 2-3 миллиард доллар хорижий инвестиция олиб келинган бўлса, ҳозирги пайтда 40-50 миллиард доллар чет эл сармояси жалб қилинмоқда. Юртимизга инвестициялар билан бирга илғор технологиялар, замонавий билим ва янги иқтисодий имкониятлар кириб келмоқда.

Биз уч йил олдин 2030 йилда ялпи ички маҳсулот ҳажмини 160 миллиард долларга етказишни режа қилган эдик. Глобал логистикадаги узилишлар, дунёдаги нотинч вазиятга қарамасдан, бу вазифани шу йилнинг ўзида ортиғи билан амалга оширамиз ва даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторига кирамиз.

Эътиборли жиҳати – биз бундай юксак натижаларга халқимизнинг фидокорона меҳнати, интеллектуал салоҳияти ҳамда миллат ва давлат бирдамлиги туфайли эришяпмиз. Ижобий ўзгаришларни ҳар бир инсон, ҳар бир оила ўз ҳаётида чуқур ҳис этяпти, десам, фикримга қўшиласиз, албатта.

Янги даврда замонавий уй-жойга эга бўлган 650 мингдан зиёд оиланинг қувончини сўз билан таърифлаб бўладими?

Минглаб маҳаллаларимизга Янги Ўзбекистон қиёфаси кириб бормоқда.

Камбағаллик масаласини очиқ тан олиб, уни кескин қисқартириш бўйича Янги Ўзбекистон тажрибасини яратдик. Эҳтиёжманд оилаларнинг даромади, касби, саломатлиги, фарзандларининг таълим олиши ва яшаш шароитини яхшилаш бўйича “маҳаллабай” ишлаш тизимини йўлга қўйдик.

Изчил саъй-ҳаракатларимиз туфайли бугунги кунда камбағаллик даражасини 2017 йилдаги 35 фоиздан 4 фоизга туширишга эришдик. Ушбу рақамлар замирида рўзғорига барака кириб, турмуш сифати яхшиланган 10 миллион инсоннинг қувончи ва шукроналик туйғулари мужассам.

 

Муҳтарам юртдошлар!

Дунё ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашимиз учун бизга билимли, келажак касбларини пухта эгаллаган, мустақил фикрига эга бўлган янги авлод мутахассислари керак. Шу боис, таълимга сифат ва мазмун олиб киряпмиз. Муаллимнинг обрў-эътиборини тиклаб, даромадини ошириб боряпмиз.

Ўтган ўн йилда, аҳолимиз 8 миллионга кўпайган шароитда ҳам боғча қамровини 78 фоизга етказдик. Мактабларда 1,5 миллион қўшимча ўқувчи ўрни яратилди. Президент, ижод ва ихтисослашган мактаблар ташкил этилгани фарзандларимизга етакчи хорижий таълим масканларидан кам бўлмаган даражада чуқур билим эгаллаш учун кенг имкониятлар эшигини очди.

Ёшларга хорижий тиллар ва касб-ҳунар ўрганишлари учун муносиб шароитлар яратдик.

Олийгоҳларда ўқиш учун қулай шароитларни кенгайтирганимиз ҳисобига ҳозирги кунда талабалар сони 1 миллион 600 минг нафарга етди. Қувонарлиси, ёшларда билим олишга иштиёқ кучайди. Ота-оналар учун фарзандини олий маълумотли қилиш фақат орзу эмас, эришса бўладиган мақсадга айланди.

Айниқса, талабаларнинг ярмидан кўпини хотин-қизлар ташкил этаётгани – Учинчи Ренессанснинг ўзига хос қиёфаси, десак, тўғри бўлади. Чунки, билимли қизлар – билимли оила, билимли авлод ва маърифатли жамият деганидир.

Биз таълим билан бир қаторда илм-фан, замонавий технология ва инновацияларни ҳам тараққиётимизнинг ҳал қилувчи омили, деб биламиз.

Шу билан бирга, IT, сунъий интеллект, креатив иқтисодиёт каби йўналишлар ривожига янги руҳ бериб, жуда катта ҳаракатни бошлаб юбордик. Бу орқали 10 миллион ёшларимизни рақамли индустрия ва келажак касбларига олиб кирамиз.

Истиқлол байрамимиз арафасида хитойлик ҳамкорларимиз билан “Самарқанд – 2028” сунъий йўлдошини фазога учирганимиз бизга алоҳида ғурур бағишлайди.

Менинг ниятим: Ўзбекистон технология соҳаларида жаҳонга илғор ташаббусларни таклиф қиладиган марказга айланиши зарур.

Ўзбек тили – рақамли дунёда илм ва технология яратиладиган тил бўлиши лозим.

 

Азиз ватандошлар!

Инсон қадри ҳақида сўз юритганда, аҳолимизнинг соғлиғи масаласига алоҳида эътибор қаратишимиз табиий. Сўнгги йилларда ушбу соҳага ажратилаётган маблағни 8 каррадан зиёд оширдик. Энг муҳими, сифатли тиббий хизмат олиш имконияти нафақат марказда, балки ҳудудларда ҳам яратилди.

Ўтган даврда юртимизда 652 та янги тиббиёт муассасаси барпо этилгани, хусусий секторга кенг имконият берилгани туфайли тиббий хизматлар ҳажми 3 карра ошди. Юқори малакали шифокорлар тайёрлашни йўлга қўйиб, уларга шароит яратганимиз

ўз натижасини беряпти. Илгари хорижда амалга оширилган 100 дан зиёд мураккаб диагностика ва даволаш усуллари бугун юртимизда ҳам мукаммал бажарилмоқда.

Умуман, аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги 1991 йилдаги 66,4 ёшдан 2025 йилда 75,4 ёшга етгани, гўдаклар ва оналар ўлими кўрсаткичи 4 баробар камайгани соҳадаги ислоҳотларимизнинг энг муҳим натижасидир.

 

Қадрли дўстлар!

Жонажон Ватанимиз азалдан улуғ мутафаккирлар, азиз авлиёлар, буюк алломалар юрти бўлиб келган. Биз мана шундай бебаҳо меросга муносиб равишда Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Бурҳониддин Марғиноний ёдгорлик мажмуалари каби бетакрор илмий-маърифий даргоҳларни барпо этдик.

Бу муҳташам ва табаррук масканлар бугун нафақат юртимиз ва ислом олами, балки бутун жаҳон аҳлининг ҳақли эътирофига сазовор бўлмоқда. Биз бундай бунёдкорлик ишларини жадал давом эттирамиз.

 

Ҳурматли байрам иштирокчилари!

Бизнинг энг катта бойлигимиз – эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучи бўлган Янги Ўзбекистон ёшларидир. Интилувчан ва тиришқоқ ўғил-қизларимизни қўллаб-қувватлаш, уларга кенг имкониятлар очиш учун ҳар йили 20-25 триллион сўм ажратилмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистондаги бизнес вакилларининг 35 фоизини ёш тадбиркорлар ташкил этяпти.

Токио ва Париж Олимпия ҳамда Паралимпия ўйинларида, дунё майдонларида ёш спортчиларимиз эришган тарихий ютуқлар халқимизга чексиз ифтихор бағишлади.

Футболчиларимиз илк бор жаҳон чемпионатида иштирок этиб, ўзбек спорти тарихида янги саҳифа очди. Улар бошлаган йўл албатта давомли ва зафарли бўлади, деб ишонамиз.

Яқин кунларда Самарқандда катта спорт анжумани – Жаҳон шахмат олимпиадаси бошланади. Ноябрь ойида эса машҳур гроссмейстеримиз Жавоҳир Синдоров жаҳон шахмат тожи учун курашга киришади.

Ушбу мусобақаларда шахматчи ўғил-қизларимга улкан зафарлар тилайман!

Халқаро фан олимпиадаларида, танлов ва фестивалларда юқори ўринларни эгаллаётган ёшларимизни – Янги Ўзбекистон юлдузлари, келажак бунёдкорлари, деб биламан!

Олдинга қараб интилишдан ва доимий изланишдан ҳеч қачон тўхтаманг, азиз фарзандларим!

 

Муҳтарам юртдошлар!

Бугун биз тарихнинг янада масъулиятли ва ҳал қилувчи палласида турибмиз. Мамлакатимиз тараққиётнинг мутлақо янги даврига қадам қўймоқда. Келгуси ўн йиллик – биз учун миллий юксалиш даври бўлади.

Буни фақат ва фақат халқимизнинг ақл-заковати, меҳнати ва бирдамлиги орқали ўзимиз бунёд этамиз. Шу мақсадда келгуси йилларда юртимизда инсон қадрини янада юксалтирадиган 7 та миллий дастурни амалга оширамиз.

Биринчи миллий дастур билим ва малакани келгуси тараққиётимизнинг асосий капиталига айлантиришдан иборат бўлади.

Болаларнинг 6 ёшли тайёрлов гуруҳларига қамровини қисқа муддатда 100 фоизга олиб чиқамиз. Хусусий боғча ташкил қилиш бўйича мавжуд имтиёзлар сақлаб қолинади.

Барча мактаблар халқаро баҳолаш дастурлари билан тўлиқ қамраб олинади.

Юртимиздаги техникумларда халқаро таълим стандартларини жорий этамиз. Уларда ёшларимизни юқори даромадли касбларга ўқитишни йўлга қўйиб, қамровни 1 миллионга етказамиз. Бир сўз билан айтганда, Янги Ўзбекистонда касб эгалламаган бирорта йигит-қиз қолмайди.

Биз келгуси йилларда камида 10 та университетимизни ТОП мингталикка киритишни катта марра сифатида белгилаймиз.

Иккинчи миллий дастур халқимизнинг соғлом бўлиши ва узоқ умр кўришини таъминлашга хизмат қилади.

Шу мақсадда аҳоли саломатлиги билан боғлиқ давлат харажатларини келгуси беш йилда ялпи ички маҳсулотга нисбатан 5 фоизга етказамиз.

Биз тиббиётда профилактикани кучайтириш орқали саломатликни асраш моделига ўтамиз. Давлат тиббий суғуртаси мамлакатнинг барча хонадонларига кириб боради.

Ихтисослашган тиббиётда рақобат муҳитини кучайтириш мақсадида дунёнинг энг нуфузли камида 5 та клиникасини олиб келамиз.

Юртимизни замонавий тиббиёт, фармацевтика, биотехнологиялар ва тиббий таълим тараққий этган масканга айлантирамиз.

Ҳурматли тадбир иштирокчилари!

Учинчи миллий дастур – иқтисодиётимизни юқори технология ва меҳнат унумдорлиги моделига ўтказиш.

Бунинг учун келгуси ўн йилда 450 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қиламиз. Иқтисодиётда юқори ўсиш суръатини сақлаган ҳолда, 2030 йилгача ялпи ички маҳсулот ҳажми 300 миллиард долларга етказилади, саноатда 2 миллионта юқори даромадли иш ўрни яратилади.

Ёшларимизнинг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришда стартап, венчур ва сунъий интеллектни ривожлантириш устувор йўналишга айланади.

Шунингдек, кичик бизнес – ўрта бизнесга, ўрта корхоналар эса йирик компания ва корпорацияларга айланиши учун яхлит экотизимни йўлга қўямиз. Буларнинг ҳисобига келгуси ўн йилда жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажми 10 минг долларлик маррадан ошади.

 

Азиз дўстлар!

Глобал иқлим ўзгариши шароитида сув ва экология масалалари янада долзарб бўлиб бормоқда.

Шу боис, тўртинчи миллий дастур сув ва табиатга муносабатни тубдан ўзгартиришга қаратилади.

Келгуси беш йилда экин майдонларида сув тежайдиган технологиялар қамровини 100 фоизга олиб чиқамиз. Бу – умуммиллий маррага айланади.

Табиатга муносабат – халқнинг маданияти, давлатнинг масъулияти ва тараққиётнинг сифат кўрсаткичидир. Шунинг учун мамлакатимизда “Яшил макон” умуммиллий ҳаракатини янги сифат босқичига олиб чиқамиз. Мактаб, боғча, шифохона ва кўп қаватли уйлар атрофидаги яшил ҳудудлар жамиятнинг дахлсиз бойлиги сифатида муҳофаза қилинади. Яқин йилларда туман ва шаҳар марказларида яшиллик кўламини 30 фоизга етказамиз.

 

Қадрли юртдошлар!

Адолат қарор топган жойда иқтисодий ўсиш ҳам, ижтимоий ишонч ҳам юксалади.

Бу борада бешинчи миллий дастур – суд мустақиллигини кучайтириш ва қонун устуворлигини таъминлашни умумий қадриятга айлантиришдан иборат.

Бунинг учун ҳуқуқий тарбияни мактабдан бошлаб аниқ тизим асосида йўлга қўямиз. Фуқаролар ва тадбиркорларнинг қонуний кафолатларини кучайтириш бўйича ислоҳотларимизни қатъий давом эттирамиз. Кибержиноятчилик, гиёҳвандлик ва одам савдосининг олдини олиш бўйича чораларни янада кучайтирамиз.

“Яширин иқтисодиёт”, уюшган жиноятчилик, аёллар ва болалар ҳуқуқини камситишга қарши курашни янги босқичга кўтарамиз.

Азиз ватандошлар!

Одамларимизнинг кайфияти, оилаларнинг фаровонлиги, ёшларнинг орзу-истаги, тадбиркорларнинг ташаббускорлиги, энг аввало, маҳаллада намоён бўлади.

Шунинг учун олтинчи миллий дастур маҳаллани жамият тараққиётининг асосий буюртмачисига айлантиришга йўналтирилади.

Энди давлат дастурларини ишлаб чиқиш бўйича ёндашув буткул ўзгаради. Туман бюджети, инвестиция дастури ҳамда инфратузилма лойиҳалари маҳалла буюртмаси асосида ишлаб чиқилади. Бунда фуқароларнинг талаб ва эҳтиёжи, маҳалланинг фаровонлиги – энг асосий мезон сифатида белгиланади.

 

Ҳурматли байрам иштирокчилари!

Еттинчи миллий дастур – Ўзбекистоннинг тинчлик ва дўстлик диёри, бағрикенг ўлка сифатидаги нуфузини ҳар томонлама юксалтиришдан иборат.

Юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари, 16 та диний конфессия аъзолари бир оила фарзандларидек аҳил ва иноқ яшамоқда.

Бугунги нотинч замонда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик халқимизнинг олтин фонди, бебаҳо бойлигидир.

Бизнинг очиқ, прагматик ва тинчликпарвар сиёсатимиз узоқ муддатли тараққиётимизни таъминлашга қаратилган.

Марказий Осиёда аҳил қўшничилик, стратегик шериклик ва дўстлик алоқаларини кенгайтиришда тарихий ютуқларга эришилди.

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Европа Иттифоқи, Америка, Осиё-Тинч океани минтақаси ва араб-мусулмон дунёси давлатлари билан муносабатларимиз янада мустаҳкамланди. Шарқий Европа, Африка ва Лотин Америкасида янги ҳамкорлик йўналишлари очилди.

Мамлакатимиз билан дипломатик муносабат ўрнатган давлатлар сони қарийб 170 тага етди.

Ўзбекистонни халқаро дипломатиянинг муҳим марказига айлантириш учун кўпқиррали, вазмин ва мувозанатли ташқи сиёсатни давом эттирамиз. Иқтисодий дипломатия ташқи сиёсатимизнинг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолади.

Мамлакатимиз 2027-2029 йилларда Қўшилмаслик ҳаракатига илк маротаба раислик қилади. Дунёдаги 120 дан ортиқ давлатни бирлаштирган ушбу глобал тузилма самарадорлигини оширишга қаратилган ташаббусларни фаол илгари сурамиз.

Ён қўшнимиз бўлган Афғонистон бўйича конструктив сиёсатимизни қатъий давом эттирамиз.

Фурсатдан фойдаланиб, бугунги тантанамизда иштирок этаётган дипломатик корпус вакилларига, хорижий оммавий ахборот воситалари ходимларига, АҚШ, Туркия ва Сингапурдан келган юқори мартабали меҳмонларимизга самарали ҳамкорлик учун алоҳида миннатдорлик билдираман.

 

Азиз ва муҳтарам ватандошларим!

Бир фикрни ишонч билан айтмоқчиман.

Биз бугун кечагидан кучлимиз. Насиб этса, эртага бундан ҳам кучли бўламиз.

Ўттиз беш йиллик мустақил тараққиёт йўлимиз бизга бир ҳақиқатни ўргатди: халқ ва давлат ягона мақсад йўлида бирлашиб, астойдил ҳаракат қилса, забт этиб бўлмайдиган марранинг ўзи йўқ.

Бундай буюк қудратга эга халқ ва давлатни енга оладиган кучнинг ўзи йўқ.

Биз ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва буюк келажагимизни биргаликда барпо этамиз!

Ишончим комил, матонатли, мард ва олижаноб халқимиз ўз олдига қўйган улуғ мақсадларга албатта етади.

Ватанимизнинг олтин даврини, янги буюк тарихини албатта барчамиз биргаликда яратамиз!

Бизга мустақиллик неъматини берган Парвардигоримизга чексиз шукроналар бўлсин!

Истиқлолимиз ижодкори ва ҳақиқий бунёдкори бўлган халқимизга шон-шарафлар бўлсин!

Сизларни, сизлар орқали бутун халқимизни бугунги улуғ байрам – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги билан яна бир бор табриклайман.

Юртимиз тинч, хонадонларимиз обод ва фаровон бўлсин!

Яшасин Ўзбекистон Республикаси!

Яшасин Ўзбекистон халқи!

Ўзбекистон янгиликлари