Ҳадис илми мактабига 2018-2019 ўқув йили учун ҳужжатлар қабул муддати 15 ноябрдан 20 ноябрга қадар узайтирилди. Эслатиб ўтамиз, Ҳадис илми мактаби Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий диний таълим муассасаси ҳисобланади. Мактабда ўқиш муддати 5 йил бўлиб, кундузги таълим шаклида олиб борилади. Мактабда “Ҳадисшунослик” таълим йўналиши бўйича бакалавр даражасидаги кадрлар тайёрланади.
Мактабга 2018/2019 ўқув йилида 10 та талаба қабул қилинади. Мактабга араб тилини пухта ўзлаштирган, ҳадисларни ёд олишга салоҳияти бўлган ўрта махсус диний таълим муассасаларининг иқтидорли битирувчилари танлов асосида саралаб олинади.
Абитуриентлар қабул ҳайъатига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
- Қабул ҳайъати раиси номига ариза;
- ўрта махсус ислом билим юртини тугатганлиги ҳақида ҳужжатнинг (диплом) асл нусхаси;
- 086-У-шаклидаги тиббий маълумотнома;
- паспорт нусхаси (асли кўрсатилади);
- 6 дона рангли фотосурат (3,5 х 4,5 ҳажмдаги);
- яшаш жойидаги масжид имом-хатибидан тавсиянома;
- ҳарбий хизматга алоқадорлиги ҳақида ҳужжат (асли).
Ҳужжатлар Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти биносида қабул қилинади.
Манзил: Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Зарқайнар кўчаси 18-берк кўчаси 47-уй. Мурожат учун телефон: (71) 227-42-37. Телеграм манзили: @hadis1440.
Ислом дунёси таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ICESCO) “Имом Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ал-Муснад ас-Саҳиҳ” асари: Уммат китоби. Иснод ва тасдиқ цивилизациясининг илмий тимсоли” номли фундаментал илмий нашрни тақдим этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мазкур китобни тайёрлашда дунёнинг 16 мамлакати етакчи олим ва тадқиқотчилари иштирок этди.
Нашр 2026 йил 9–10 июль кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Имом Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” асари – Уммат китоби” мавзусидаги халқаро илмий конференция материаллари асосида тайёрланди. Анжуман Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда ICESCO ҳамкорлигида ташкил этилган эди.
Ҳажми қарийб 800 саҳифадан иборат мазкур китоб буюк муҳаддис Имом Бухорийнинг бой илмий меросига бағишланган энг йирик замонавий тадқиқотлардан бири ҳисобланади. Унда ҳадисшунослик, ислом илмлари тарихи ҳамда ҳадислар ишончлилигини аниқлаш методологиясига оид долзарб илмий мақолалар жамланган.
Нашрда Имом Бухорий яшаб ижод қилган тарихий ва илмий муҳит, унинг ҳадисларни саралаш ва таснифлашдаги бетакрор услуби, шунингдек, “Саҳиҳи Бухорий” асарига бағишланган замонавий илмий тадқиқотлар, баҳс-мунозаралар ва таҳлиллар ўрин олган.
Мазкур фундаментал нашрнинг эълон қилиниши исломшунослик соҳасидаги халқаро илмий ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилиб, Ўзбекистоннинг Имом Бухорий илмий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш бўйича жаҳон миқёсидаги нуфузли марказлардан бири сифатидаги ўрни тобора мустаҳкамланаётганини яна бир бор тасдиқлайди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати