Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Август, 2026   |   12 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:17
Қуёш
05:42
Пешин
12:25
Аср
17:10
Шом
19:12
Хуфтон
20:32
Bismillah
25 Август, 2026, 12 Рабиъул аввал, 1448

Бағрикенглик- исломий фазилат

16.11.2018   4902   4 min.
Бағрикенглик- исломий фазилат

Юртимизда қадимдан турли эътиқодга мансуб миллат ва элатлар истиқомат қилиб келган. 130 дан зиёд миллат фарзандларининг ҳур ва озод диёрда, тинчлик ва осойишталик кайфиятида яшашлари ватанимизнинг бағрикенглик ўлкаси эканлигининг ёрқин намунасидир. Уларнинг ўзаро ҳамжиҳатликда, аҳил-иноқликда бир-бирларининг эътиқодларини ҳурмат эҳтиром руҳида яшаб келишларининг ўзи Яратганнинг халқимизга берган улкан неъматидир. 

Конституциямизнинг 18-моддасида: "Ўзбекистон Республикасада барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар", деб кўрсатилган. Бу Асосий қонунда шунчаки белгиланмасдан, амалда ҳам намоён бўлмоқда. Буни нафақат жамиятнинг ҳар бир фуқароси ҳис қилмоқда, айни пайтда жаҳон ҳам жамияти эътироф этмоқда, ўзбек моделининг мазкур масаладаги тажрибасидан намуна олмоқда. Бу бежиз эмас. Чунки мамлакатдаги тинчлик ва барқарорликнинг асосий омилларидан бири муроса тамойили бўлган диний бағрикенгликдир.

Минг йиллар мобайнида Марказий Осиё ғоят хилма-хил динлар, маданиятлар ва турмуш тарзлари туташган ва тинч-тотув яшаган марказ бўлиб келди. Этник сабр-тоқат, бағрикенглик ҳаёт бўронларидан омон қолиш ва ривожланиш учун зарур табиий меъёрларга айланди. Ҳатто бу ҳудудларни босиб олганлар ҳам Марказий Осиё халқларининг маданияти олдмда бош эгибгина қолмай, унинг энг қимматбаҳо анъаналарини, шу ҳудудда мавжуд бўлган давлатчилик анъаналарини авайлаб қабул қилганлар". Буларнинг барчаси жуда қадимдан аждодларимиз ўзаро муносабатларда ўзига хос шарқона муроса тамойилларига амал қилганини кўрсатади. "Сўнгги икки аср давомида ҳам ўзларини "маданиятли" ва "маърифатли" хисоблаб келган давлатлар оммавий қирғинлар ва диний таъқиблар билан ўзларига доғ туширган пайтда Ўзбекистон замини халқлар ва маданиятлар тинч бирлашган жойгина бўлиб қолмай, балки қувғин қилинган халқларга бошпана ҳам берди".

Аллоҳ таоло Қуръони каримда мусулмонларни ўзларига тажовуз қилиб, уруш очмаган ўзга дин вакилларига яхшилик қилишга қизиқтириб шундай марҳамат қилади: “Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севади” (Мумтаҳана сураси, 8-оят). 

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бошқа дин ва эътиқод вакилларига нисбатан бағрикенг бўлиш, уларнинг эътиқодини ҳурмат қилиш, ҳақларига риоя этишнинг олий намунасини кўрсатибгина қолмай, умматни ҳамиша ана шу йўлдан боришга даъват қилишдан чарчамадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳадисда: «Халқнинг барчаси Аллоҳнинг измидадир. Уларнинг Аллоҳга маҳбуброғи аҳлига наф берувчироғидир», дейилган (Баззор ривояти). 

 Ислом дини бошқа дин вакилларининг тирикларини ҳурмат қилиш билан чекланиб қолмади, уларнинг ўликларини ҳам эҳтиром қилди. “Саҳиҳи Бухорий”да Жобир разияллоҳу анҳудан қуйидаги воқеа ривоят қилинади: “Бир куни олдимиздан бир жаноза ўтди. Шунда Набий алайҳиссалом бу жаноза учун ўрниларидан турдилар ва биз ҳам (ул зотга эргашиб) ўрнимиздан турдик. Биз: “Ё Расулуллоҳ, бу яҳудийнинг жанозаси!” дедик. Шунда ул зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қачон жанозани кўрсангиз, ўрнингиздан туринг!” дедилар”. 

Пайғамбарнинг саллолаҳу алайҳи васаллам аҳли китобдан қўшнилари бўлган. Улар билан яхши қўшничилик қилар, ҳадя бериб, улардан қабул этардилар. Ҳабашистон насронийларининг вакиллари келганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни масжидга тушириб, ўзлари зиёфат бериб, хизмат қилдилар. У зот шу куни бундай деганлар: “Булар асҳобимизга икромли эдилар, мен ўзим уларни икром этмоқни хуш кўраман”. 

Сохибқирон Амир Темур “Тузук”ларида: “Менинг қўл остимдаги қирқ аймоқ хаммасини тенг кўрдим. Барлосни татардан, татарни наймандан, наймани юздан устун қўймадим. Барча муваффақиятларим гарови шундадир” деб ёзган.

Инсонни, аввало, инсонлиги учун ҳурмат ва эҳтиром қилиш башариятнинг кўп минг йиллик тарихидан мерос бўлиб келаётган олижаноб фазилатларнинг энг муҳимларидан бири ҳисобланган – бағрикенглик, ўзаро тотувлик, динлар аро ҳамжиҳатлик тамойиллари асосида фаолият олиб борган инсон давримизнинг ҳам муқаддас динимизнинг ҳам талабларини бажарган бўлади.

 

Одилжон Нарзуллаев

Зангиота тумани  “Имоми Аъзам”

Масжиди имом хатиби

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Марғилоннинг уч муқаддас қадамжоси

14.08.2026   42736   3 min.
Марғилоннинг уч муқаддас қадамжоси

Марғилон – Фарғона водийсининг энг қадимий ва ўзига хос шаҳарларидан бири. Унинг тарихини фақат меъморий обидалар, қадимий кўчалар ёки машҳур ҳунармандчилик анъаналари билангина эмас, балки асрлар давомида халқ эъзозида бўлиб келаётган зиёратгоҳларсиз ҳам тасаввур этиб бўлмайди, хабар бермоқда ЎзА.

Шаҳардаги Пир Сиддиқ зиёратгоҳи, Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси ва Каптарли мозор ана шундай тарихий-маънавий масканлар сирасига киради. Уларнинг ҳар бири ўз тарихи, ривоятлари ва халқ хотирасидаги ўзига хос ўрнига эга.

Марғилоннинг қадимий зиёратгоҳларидан бири Пир Сиддиқ мажмуасидир. Халқ орасида бу қадамжо билан боғлиқ турли ривоятлар авлоддан-авлодга ўтиб келган. Зиёратгоҳ Пир Сиддиқ номи билан боғлиқ бўлиб, “сиддиқ” сўзи араб тилида ҳақгўй, ростгўй, ҳақиқатга содиқ инсон маъноларини англатади. Шу жиҳатдан зиёратгоҳ номи ҳам халқ тасаввурида эзгулик, иймон ва ростгўйлик каби фазилатлар билан уйғунлашиб кетган. Мажмуадаги меъморий ечимлар, айниқса, гумбазли иншоотлар ва қадимий қабрлар Марғилоннинг ўтмишдаги шаҳарсозлик ва меъморчилик анъаналаридан дарак беради.

Пир Сиддиқ зиёратгоҳи нафақат зиёрат маскани, балки Марғилоннинг тарихий хотирасини ўзида мужассам этган қадамжолардан бири сифатида аҳамиятлидир. Марғилон тарихи буюк аллома Бурҳониддин Марғиноний номи билан чамбарчас боғлиқ. XII асрда яшаб ижод қилган аллома ислом ҳуқуқшунослиги, хусусан, ҳанафий фиқҳи тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган. Унинг бутун ислом оламида машҳур бўлган “Ҳидоя” асари асрлар давомида муҳим ҳуқуқий манба сифатида қадрланиб келган.

Марғилонда аллома номи билан боғлиқ Чиллахона ҳам халқнинг маънавий хотирасида алоҳида ўрин тутади. “Чиллахона” атамаси одатда инсоннинг маълум муддат хилватда қолиб, тафаккур, ибодат ва руҳий тарбия билан машғул бўладиган жойини англатади. Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси билан боғлиқ ривоятлар ҳам алломанинг илм йўлидаги машаққатли изланишлари ва маънавий камолотини тасаввур қилишга ёрдам беради. Бу масканни фақат зиёратгоҳ сифатида эмас, балки буюк алломанинг илмий-маънавий меросини англашга хизмат қилувчи тарихий хотира жойи сифатида ҳам баҳолаш мумкин.

Марғилондаги яна бир ўзига хос маскан – Каптарли мозор. Унинг номи билан боғлиқ халқ ривоятлари турлича. Айрим ҳикояларда бу жойда каптарлар кўп бўлгани, шу сабабли мозор “Каптарли” деб аталгани айтилади. Каптар эса халқ тасаввурида тинчлик, поклик ва эзгулик рамзи сифатида қабул қилинади. Каптарли мозор ҳақидаги маълумотларни илмий жиҳатдан чуқур ўрганиш Марғилоннинг маҳаллий тарихини янада бойитишга хизмат қилади. Бунинг учун архив ҳужжатлари, қадимий хариталар, қабртошларидаги ёзувлар, вақф ҳужжатлари ва халқ орасида сақланиб келаётган оғзаки тарих намуналарини тадқиқ этиш муҳим. Зеро, халқ хотирасида асрлар давомида сақланиб келаётган ривоятлар ҳам тарихий-этнографик тадқиқотлар учун қимматли манба бўлиши мумкин.

Уч қадамжо – бир тарих. Пир Сиддиқ зиёратгоҳи, Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси ва Каптарли мозорни бирлаштириб турган асосий жиҳат уларнинг Марғилоннинг маънавий қиёфасини шакллантиришдаги ўрнидир. Бу қадамжолар халқнинг аждодларга ҳурмат, муқаддас жойларни асраш, эзгулик ва маърифатни қадрлаш каби анъаналарини ўзида мужассам этади.

Уларнинг ҳар бири Марғилон тарихининг турли қирраларини намоён этади: Пир Сиддиқ – диний-маънавий меросни, Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси – илм ва тафаккур анъаналарини, Каптарли мозор эса халқ хотираси ва маҳаллий ривоятларнинг узвийлигини ифодалайди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари