Бизни Ўзининг охирги пайғамбари Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) нинг умматларидан қилган ва «Батаҳқиқ, сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор», деган Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар бўлсин.
Ҳаётларининг ҳар бир лаҳзаси биз учун ибрат манбаи бўлган ҳабибимиз ва шафоатчимиз Муҳаммад мустафо (соллаллоҳу алайҳи васаллам) га батамому мукаммал саловоту дурудлар бўлсин.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг улкан ва ибратли ҳаётларининг ҳар бир лаҳзасини диққат билан ўрганиб, келажак авлодларга ўта аниқлик ила ривоят қилиб қолдириб кетган саҳобаи киромларга Аллоҳ таолонинг розилиги бўлсин.
Тунларни кунларга улаб, омонат ила Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) нинг ҳаёт йўллари–сийратлари ҳақида тайёр китоблар қолдириб кетган сийрат илми уламоларига Аллоҳ таолонинг раҳмати бўлсин.
Маълумки, Рабиул аввал ойининг 12-куни жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) нинг таваллуд топган кунларидир. Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) милодий сананинг 571 йилида Маккаи мукаррамада араблар орасида обрўли саналмиш Қурайш қабиласида таваллуд топганлар. У зотнинг насаблари Иброҳим (алайҳис салом)га муттасил ҳолда етиб борганлиги ҳақида марҳамат қилиб:
«Аллоҳ таоло пайғамбарлик учун Иброҳим авлодларидан Исмоилни, Исмоилнинг авлодларидан Бани Кинонани, Бани Кинонадан Қурайшни ва Қурайшдан Бани Ҳошимни, Бани Ҳошимдан эса мени танлаб олди» – деганлар.
Аллоҳ таоло Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ни ана шундай улуғ кишиларнинг пуштида сақлаб келиб, оталари Абдуллоҳ ва оналари Оминадан туғилишларини ирода қилди. Таваллуд топган кечаларида бир қанча ғароиб воқеалар содир бўлганлиги тарих китобларида зикр қилинган.
Жумладан, у зот туғилганларида бир нур пайдо бўлиб, унинг зиёси Шом диёридаги қасрларни ёритиб юборган. Форс юртидаги мажусийлар сиғинадиган, минг йиллар давомида ёниб турган олов ўчиб қолган. Мушриклар ибодат қиладиган бут ва санамлар юз тубан қулаб тушган. Тўрт ёшлик чоғларида Ҳалима ас-Саъдийянинг уйида яшаган вақтларида “шаққи садр” воқеаси содир бўлиб, икки фаришта у зотнинг кўкракларини ёриб, ундан шайтоннинг насибасини олиб ташлайдилар. Ўн икки ёшларида амакилари Абу Толиб билан Шом сафарига чиққанларида тепаларида бир булут соя солиб борганлиги, Бусро деган жойга етганларида насроний роҳиб Буҳайронинг Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) охирзамон пайғамбари бўлишларини башорат қилиши шулар жумласидандир.
Маълумки, Ислом дини инсониятни гўзал хулқу одобга чорлаш, уларни чин инсоний фазилатлар эгаси қилиб тарбиялаш учун нозил қилинган бўлиб, унинг таълимоти инсоният ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олгандир. Муқаддас динимизнинг ҳаётбахш ва ўлмас қадриятлари мана ўн беш асрдирки, ҳамон бутун башарият назарида ҳурмат ва эътиборга сазовор бўлиб келмоқда. Албатта, бу биринчи навбатда, биз уммати муҳаммадияни ўз динимизга бўлган муҳаббатимизни янада зиёда бўлишига сабаб бўлса, иккинчидан, унинг таълимотларига чин ихлос билан амал қилмоқликка ундайди.
Аллоҳ таоло Ўзининг энг сўнги ва комил динини мукаммал ахлоқи ҳамида соҳиби бўлмиш сарвари олам Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) га нозил қилиши ҳам бежиз эмас, албатта. Зеро, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) динимизнинг ҳар бир замон ва маконга муносиб бўлган, шунингдек, ҳар бир шахснинг иқтидорига қараб таклиф қилинган кўрсатмаларини биз умматлари учун ўзларининг ҳаётларига тадбиқ қилиб кўрсатиб бердилар.
Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) нинг ҳаётлари ҳар бир мўмин-мусулмон учун улкан тарбия мактабидир. У зоти шарифнинг ҳаёт йўлларини қунт билан ўрганиб чиққан ҳар бир инсон албатта, бунга амин бўлмай чораси йўқ. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Қуръони каримда:
«(Эй, имон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир» (Аҳзоб сураси, 21-оят) – деб, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ни барча мўмин-мусулмонларга намуна бўлишга энг лойиқ зот эканликларини баён қилган.
Юқорида зикр қилиб ўтганимиздек, муқаддас динимиз кўрсатмалари асосан, инсониятни гўзал ахлоқли бўлишга, бандага Аллоҳ таолонинг олдидаги ҳамда жамият олдидаги бурчу вазифаларини гўзал суратда адо этишга, инсонлар ўртасидаги муносабатларни самимий ва беғараз амалга оширишга тарғиб қилади. Албатта, Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) буларнинг барчасида мўмин-мусулмонларга ўрнак кўрсатганлар.
Сарвари коинот (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бутун оламларга пайғамбар бўлиб келган бўлсаларда, биринчи навбатда оддий бир инсон эдилар. Оддий кишилар қатори еб-ичар, бозорга бориб эҳтиёжлари учун зарур бўлган нарсаларни ҳарид қилар эдилар. Айнан мана шу жиҳатлари ҳатто баъзи бир жоҳилларни ҳайратга солар эди. Яъни, пайғамбардек зотнинг бундай оддий инсонлар қиладиган ишлар билан машғул бўлиши уларни ажаблантирар эди. Бу ҳақда Қуръони каримда: «(Куфрда бўлганлар): “Бу қандай пайғамбарки, (оддий одамлардек) таом еса ва бозорларда юрса?! - дейдилар...» – деб хабар берилган (Фурқон сураси, 7-оят).
Оиша онамиз (розияллоҳу анҳо) дан ривоят қилинишича: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) га таом келтирилса, иштаҳалари тортса ер эдилар. Агар кўнгиллари тортмаса емасдилар, лекин таомнинг камчилигини айтиб айбламас эдилар» (Имом Муслим ривояти).
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) камтарлик бобида ҳам ниҳоят даражада юксак ўрин тутганлар. Бунинг мисоли тариқасида қуйидаги ривоятни кўриш мумкин: Аллоҳ таоло У зотга пайғамбарлик билан подшоҳликни қўшиб берилиши ёки оддий банда бўлган ҳолда пайғамбар бўлиш ихтиёрини берганда, Он ҳазратлари оддий банда бўлган ҳолда пайғамбар бўлишни танлаганлар (Имом Байҳақий ривояти). Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) нинг дуоларини олиб хизмат қилган Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) У зотнинг тавозеликларини эслаб: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) га ўн йил хизмат қилдим. Лекин, менга бирор марта ҳам «Уф» демадилар. Шунингдек, бирор нарса қилсам “нима учун уни қилдинг?», демаганлар, агар бирор ишни қилмасам “нимага буни қилмадинг?», деб айтмаганлар» – деганлар.
Демак, Он ҳазратлари ҳеч қачон бирор кимсага қўрс ва дағал муомала қилмаганлар. Ширин сўзлик ва мулойимлик билан муомала қилганлари учун ҳам, инсонлар У зотга эргашар, хизматларини қилишга ошиқишар эди. Бу ҳақда Қуръони каримда ҳам:
«Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй, Муҳаммад), уларга (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар...» – (Оли-Имрон сураси, 159-оят) деб хабар берилган.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) оила аҳллари билан хушмуомалада бўлар, уй юмушлари билан ҳам шуғулланар эдилар. Оиша (розияллоҳу анҳу) дан: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) оила аҳллари билан ёлғиз қолганларида ўзларини қандай тутардилар» – деб сўрашганда, у киши: «Жуда мулойим муомала қилар, кулиб, табассум билан боқар эдилар. Шунингдек, оила аҳллари хизматида бўлар эдилар. Ҳеч ким У зотни саҳобалари орасида оёқларини узатиб ўтирганларини кўрмаган» – деб жавоб берганлар.
Кўриниб турибдики, сарвари коинот пайғамбар бўлишларига қарамай оилага нисбатан зиммаларидаги бурчларини бекаму кўст адо этганлар. Уларнинг рўзғор юмушларига кўмаклашар, имкониятлари даражасида аҳли аёлларини нафақа билан таъминлар эдилар. Баъзи бир оила раҳбарлари эса, иш ва тирикчиликни баҳона қилиб ёки тарки дунёчиликка берилиб оиласи, бола чақасини нафақа билан таъминлаш, фарзандларининг таълим-тарбияси билан шуғулланишни унутиб қўймоқдалар. Албатта, бу мусулмончиликка тўғри келмайди. Ҳар бир нарсанинг, жумладан, ишнинг ҳам, ибодатнинг ҳам ўз вақти бор. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Ҳар бир ҳақ эгасининг ҳаққини адо этинг» – деганлар. Шундай экан, аҳли аёл ва фарзандларимиз нафақаси ва таълим тарбияси билан шуғулланишни ҳам унутмайлик. Оиша онамиз (розияллоҳу анҳо) яна:
«Ҳусни хулқда пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дан ўтадиган ҳеч ким бўлмаган, зеро у зот қачон бирор кимса чақирганда доимо лаббай деб жавоб берар эдилар» – деганлар.
Ушбу ҳадисдан Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) нинг ҳушхулқликлари, У Зотга мурожаат қилган кимсага нисбатан ҳушмуомалада бўлишларини кўриш мумкин. Кўришганда саломлашиш, чақирганда лаббай дейиш, хайрлашганда эса, омонлик тилаш биз мўмин-мусулмонлар учун одатга айланмоғи керак. Зеро, инсонлар ўртасидаги меҳр-оқибат, аҳил ва иноқликнинг зиёда бўлиши биринчи навбатда, ҳушмуомала ва ширин суҳанликка боғлиқдир.
Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) саҳобаларига нисбатан яқин дўстдек муомалада бўлар эдилар. Қайси бир инсон билан суҳбатлашсалар унга шундай яқин муносабатда бўлардиларки, ҳатто ҳамсуҳбатлари хаёлида – Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) мени ҳаммадан ҳам кўпроқ яхши кўрар эканлар, деган фикр қолар эди. Саҳобаларини тоқатларидан ортиқ ишга буюрмас, акс ҳолда уларга ўзлари ёрдамлашиб юборар эдилар.
Ривоят қилинишича, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) сафарларининг бирида саҳобаларига бир қўйни сўйиб, таом тайёрлашга буюрдилар. Шунда бирлари: Қўйни мен сўяман деса, иккинчилари, мен эса терисини шилиб, майдалайман деди. Учинчилари, уни пишириб таом тайёрлаш эса менинг зиммамга, деди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «У ҳолда мен ўтин териб келаман» – дедилар. Саҳобалар: «Ё Расулаллоҳ! Сиз қўяверинг, ўзимиз қилаверамиз» – дейишди. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) эса: «Тўғри, бу ишни ҳам ўзингиз уддалайсиз, аммо мен сизлардан ажралиб туришни хоҳламайман. Чунки, Аллоҳ таоло бандасини ўз биродарларидан ажралиб турган ҳолда кўришни ёқтирмайди» – деб жавоб бердилар.
Он ҳазратларининг ушбу сифатлари ҳам камтарлик бобида биз учун ўрнак бўлмоғи лозим. Чунки, баъзи инсонларга обрў ёки бир оз мол-дунё тегиб қолса, ўзини йўқотиб қўяди. Бошқаларга нисбатан беписанд назар билан боқади. Халқимизда «Камтарга камол, манманга завол» – деган мақол ҳам бор. Қолаверса, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Кимки, Аллоҳ учун камтарлик қилса, Аллоҳ таоло унинг қадрини кўтаради» – деганлар.
«Шифои шариф» китобида келтирилишича: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Ҳабашистон подшоҳи Нажоший томонидан келган элчиларга ўзлари хизмат қилганлар. Саҳобаларнинг, бизлар хизмат қиламиз, сиз қўяверинг, дейишларига қарамай, У зот хизматдан тўхтамадилар ва: «Булар менинг Ҳабашистонга ҳижрат қилиб борган саҳобаларимга хизмат қилишган эди. Шунинг учун мен ҳам улардан ўз қарзимни узмоқдаман» – деганлар. Албатта, ўзгаларнинг ҳурматига нисбатан ҳурмат билан жавоб қайтариш ҳам гўзал фазилатдир. Бизлар бу соҳада ҳам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дан ўрнак олмоғимиз даркор.
Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) хайру саховат бобида ҳам барчага ўрнак эдилар. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) дан ривоят қилинадики, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) одамларнинг энг сахийроғи эдилар. Айниқса, Рамазон ойида У зотнинг саховатлари янада ортиб кетар эди. Тонги сабо барчага хуш кайфият бахш этгани каби, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) нинг саховатларидан ҳам барча баҳраманд бўлар эди (Муттафақун алайҳ).
Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) га Ҳиро ғорида биринчи бор ваҳий келганда, Жаброил (алайҳис салом) нинг ҳайбатларидан қўрқувга тушиб, уйларига келиб ўраниб оладилар. Бўлган воқеадан хавотирланиб, уни Хадича онамиз (розияллоҳу анҳо) га айтиб берганларида, у киши Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) нинг гўзал хулқлари туфайли У зотга ҳеч қандай офат ва бало етмаслигини айтиб, кўнгилларини кўтарадилар ва:
«Аллоҳга қасамки, У Сизни ҳеч қачон хорлаб қўймайди. Чунки, Сиз қариндошлик риштасини боғлайсиз, доим рост гапирасиз, муҳтож одамларнинг оғирини енгил қиласиз, меҳмонни иззат-икром қиласиз, ҳақиқатпарварларга ёрдам берасиз» – дейдилар.
Албатта, бу борада ҳам биз Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дан ибрат олмоғимиз даркор. Афсуски, ҳозирги кунимиздаги баъзи кишилар қариндошлар билан силаи раҳм қилиш, муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш, ростгўйлик, инсоф, адолат каби фазилатларга ҳам беэътибор бўлиб қолмоқдалар. Баъзи бир кимсалар ўз ака-укалари билан сан-манга боришиб, ўртадаги қариндошчиликка чек қўйсалар, баъзи бировлар эса, қўни-қўшничилик ҳақларига риоя қилмай, уларга озор етказиб қўядилар. Баъзида кўча-кўйда ёшларнинг катталарга нисбатан ҳурматларини сақламаслиги, кузатилмоқда. Албатта, булар мусулмонлар шаънига номуносиб бўлган ҳолатлардир.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Ислом динининг мазмун моҳиятини ўзларининг кундалик ҳаёт тарзлари, амаллари ва пурмаъно сўзлари орқали намоён қилиб берганлар. У зотнинг:
«Пайғамбар бўлиб келишимнинг асосий боиси гўзал ахлоқни тамомига етказишдан иборатдир» – деган сўзларида Ислом динининг асл моҳияти ифодалаб берилгандир.
Шундай экан, Аллоҳ таолонинг ризосини истаган, дунё ва охиратининг фаровонлигини хоҳлаган ҳар бир мўмин-мусулмон киши Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ни ўзи учун ибрат қилиб олмоғи лозим.
Ҳаётларининг ҳар бир лаҳзаси биз учун ибрат манбаи бўлган ҳабибимиз ва шафоатчимиз Муҳаммад мустафо (соллаллоҳу алайҳи васаллам) га батамому мукаммал саловоту дурудлар бўлсин.
Аллоҳ таоло барчаларимизни гўзал хулқ соҳиби бўлмоқлигимизни насиб қилсин!
Ҳабибуллоҳ АБДУРАЗЗАҚОВ
«Ҳазрати Имом» жоме масжиди имом-ноиби
Инсоният цивилизацияси тарихида айрим даврлар борки, улар фақат муайян халқ ёки минтақанинг эмас, балки бутун жаҳон тараққиётининг йўналишини белгилаб берган. Ислом цивилизациясининг IX–XV асрлардаги юксалиш даври ана шундай тарихий босқичлардан бири ҳисобланади. Бу даврда илм-фаннинг турли соҳалари бир-биридан ажралмаган ҳолда. ўзаро уйғунликда ривожланди. Математика астрономия билан, тиббиёт фалсафа билан, география математика билан, тилшунослик тарих билан, диний илмлар эса мантиқ ва тафаккур маданияти билан мулоқот қилган. Бугун фанлараро тадқиқот, рақамли гуманитаристика, сунъий интеллект ва комплекс илмий ёндашувлар жаҳон илм-фанининг энг муҳим йўналишларига айланган бир пайтда, ўша тарихий тажриба янада қизиқарли аҳамият касб этмоқда.
Мазкур уйғунлик тасодифий эмас эди. У Қуръони каримда илмга берилган юксак қадр, тафаккурга даъват, инсонни борлиқни англашга чорловчи ғоялар билан мустаҳкамланган илмий дунёқараш маҳсули эди. Шу сабабли ўша давр олимларини бугунги замонавий тушунчалардаги қатъий «мутахассисликлар» доирасига жойлаштириш қийин.
Форобий фалсафа, мантиқ, сиёсат, ахлоқ ва мусиқа назарияси билан шуғулланган. Хоразмий математика ва астрономия соҳаларида ишлаган. Беруний астрономия, география, геодезия, минералогия, тарих ва этнографияга оид асарлар яратган. Ибн Сино тиббиёт билан бир қаторда фалсафа, мантиқ ва табиий фанлар ҳақида ҳам кенг тадқиқотлар олиб борган. Улуғбек эса давлат бошқаруви, таълим ва астрономик тадқиқотларни бирлаштирган илмий муҳитни шакллантирган. Бу мисолларнинг умумий жиҳати шундаки, билим соҳалари ўртасидаги чегаралар қатъий бўлмаган.
Бугун «интердисциплинар тадқиқот» деб аталадиган ёндашувнинг айрим тамойиллари айнан ана шу интеллектуал анъаналар билан ҳамоҳанг.
Шунингдек, ислом цивилизациясининг интеллектуал меросини фақат табиий ва аниқ фанлар билан чеклаш ҳам тўғри эмас. Чунки диний илмлар соҳасида ҳам манбаларни йиғиш, текшириш, таснифлаш ва баҳолашга қаратилган мураккаб илмий анъаналар шаклланган.
Имом Бухорийнинг ҳадис илмидаги мероси бунга яққол мисол бўла олади. Ҳадисларни саралашда ровийлар ҳақидаги маълумотлар, ривоят занжири ва бошқа мезонлар ўрганилган. Имом Мотуридий эса ақидавий масалаларни ақл ва нақл уйғунлиги асосида таҳлил қилган. Унинг мероси ислом интеллектуал анъанасида ақлий далиллаш ва диний билим ўртасидаги муносабат масаласида муҳим ўрин тутади.
Шу жиҳатдан Ислом цивилизацияси тарихини фақат диний ёки фақат илмий тарих сифатида эмас, кенг интеллектуал жараён сифатида кўриш мумкин.
Ўзбекистонда илгари сурилаётган Учинчи Ренессанс ғояси тарихий илмий меросни замонавий тараққиёт эҳтиёжлари билан боғлашга қаратилган.
Бу ёндашувнинг марказида илм-фан, таълим, инновация, маданият ва маънавиятни ўзаро боғлиқ тизим сифатида ривожлантириш ғояси туради.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳам ана шу концепциянинг муҳим амалий ифодаларидан биридир.
Марказнинг вазифаси фақат тарихий экспонатларни намойиш қилиш билан чекланмайди.
Унинг концепциясида ислом цивилизациясининг илм-фан, таълим, фалсафа, санъат, меъморчилик ва инсонпарварлик соҳаларидаги меросини комплекс равишда ўрганиш ва намойиш этиш ғояси мужассам.
Нафақат музей, балки интеллектуал платформа
Марказни анъанавий музей тушунчаси доирасидагина баҳолаш унинг концепциясини тўлиқ ифодаламайди. Замонавий музей фақат экспонат сақлайдиган жой эмас. У тадқиқот, таълим, рақамлаштириш ва халқаро илмий мулоқот марказига айланиши мумкин. Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази концепциясида ҳам ана шу ёндашув муҳим ўрин тутади.
Қадимий қўлёзма — шунчаки тарихий буюм эмас. У тил, тарих, матншунослик, кодикология, санъат, материалшунослик ва рақамли технологиялар нуқтаи назаридан тадқиқ қилиниши мумкин бўлган мураккаб манба. Археологик меросни ўрганишда эса геоинформацион тизимлар, рақамли моделлаштириш, 3D технологиялар ва бошқа замонавий усуллардан фойдаланиш имкониятлари кенгаймоқда. Шундай қилиб, маданий меросни ўрганишнинг ўзи фанлараро жараёнга айланмоқда.
Ўтмишни сунъий интеллект билан боғлаш
Технологиялар маданий меросни ўрганиш усулларини ҳам ўзгартирмоқда.
Қўлёзмаларни юқори сифатда рақамлаштириш, матнларни электрон базаларга киритиш, сунъий интеллект ёрдамида матнларни таҳлил қилиш, 3D моделлар яратиш ва виртуал муҳитларда тарихий объектларни қайта тиклаш имкониятлари илмий тадқиқотлар учун янги йўналишларни очмоқда.
Бу ерда муҳим нуқта бор. Технология тарихнинг ўрнини босмайди — у тарихни янги авлод учун тушунарли ва тадқиқот учун янада очиқ қилади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг концепцияси ҳам ўтмишдаги илмий меросни замонавий технологиялар билан боғлашга қаратилган.
Бу ёндашув тарихий билимни архив ва китоблар доирасидан чиқариб, халқаро тадқиқотчилар, талабалар ва кенг жамоатчилик учун очиқ интеллектуал ресурсга айлантириш имконини беради.
«Маърифат билан жаҳолатга қарши»
Ислом цивилизациясининг илмий меросини ўрганишнинг яна бир аҳамияти бор.
Глобал ахборот маконида дин, тарих ва маданият ҳақида турли хил, баъзан бир-бирига зид тасаввурлар юзага келганда тарихий меросни илмий асосда тушунтириш нафақат маданий, балки маърифий аҳамиятга ҳам эга.
Ислом цивилизацияси тарихини фақат диний маросимлар ёки сиёсий воқеалар орқали эмас, балки математика, тиббиёт, астрономия, фалсафа, география, меъморчилик ва бошқа соҳалардаги ютуқлар билан бирга ўрганиш унинг мураккаб ва кўп қиррали табиатини яхшироқ англаш имконини беради.
Шу маънода маърифат тарихий билимни замонавий ахборот муҳитидаги нотўғри талқинларга қарши муҳим воситага айлантириши мумкин.
Ўзбекистоннинг янги халқаро илмий платформаси
Ислом цивилизацияси бир мамлакат ёки бир халқнинг мероси эмас. У Марказий Осиё, Яқин Шарқ, Шимолий Африка, Жанубий Осиё ва бошқа ҳудудларни қамраб олган кенг тарихий ва интеллектуал маконни ифодалайди. Шу сабабли бу меросни ўрганиш ҳам халқаро ҳамкорликни талаб қилади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази олдидаги муҳим вазифалардан бири ҳам турли мамлакатларнинг олимлари, университетлари, музейлари ва илмий-тадқиқот марказлари ўртасида мулоқотни кучайтиришдан иборат.
Бу Ўзбекистоннинг ўз тарихий меросини дунёга танитиш билан бирга, мамлакатни глобал гуманитар тадқиқотларнинг фаол иштирокчиси сифатида намоён этишига хизмат қилиши мумкин.
Учинчи Ренессанснинг асосий кучи
Учинчи Ренессанс ҳақида гап кетганда, масала фақат янги бинолар қуриш ёки янги муассасалар ташкил этишдан иборат эмас. Асосий савол бошқа: Ўзбекистон ўзининг бой илмий меросини замонавий билим ва инновацияларга қандай айлантира олади? Бу саволнинг жавоби илм-фан, таълим, технология, маданият ва инсон капиталининг бир нуқтада бирлашишини талаб қилади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг аҳамияти ҳам шу нуқтада намоён бўлади. У тарихий меросни сақлаш билан бирга, уни тадқиқ қилиш, рақамлаштириш, халқаро илмий мулоқотга олиб чиқиш ва янги авлодга етказиш учун платформага айланиши кўзда тутилмоқда.
Шу маънода Марказни ўтмишга бағишланган иншоот эмас, келажакка йўналтирилган интеллектуал инвестиция сифатида баҳолаш мумкин.
Чунки цивилизациянинг ҳақиқий қиймати фақат унинг ўтмишда яратган мероси билан эмас, балки бу мерос янги авлод учун қандай янги билим ва ғояларга айланиши билан ҳам ўлчанади.
Хоразмийнинг ҳисоблаш усулларидан бугунги алгоритмларгача, Берунийнинг комплекс тадқиқотларидан замонавий фанлараро лойиҳаларгача, Улуғбек расадхонасидан рақамли астрономиягача бўлган йўл бир ҳақиқатни кўрсатади: илм тараққиёти чегаралар эмас, мулоқот ва ҳамкорлик орқали тезлашади.
Эҳтимол, Учинчи Ренессанснинг энг муҳим вазифаси ҳам ана шунда — аждодлар яратган билимларни шунчаки эслаш эмас, балки улардан янги билимлар яратиш учун фойдаланиш. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази эса ана шу ғоя атрофида шаклланаётган янги интеллектуал муҳитнинг муҳим платформаларидан биридир.
Муаллиф: Абулфайз Сайидасқаров, iccu.uz
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати