Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!” (Аъроф сураси, 199-оят).
Афвни (қабул қилиб) олинг
Афв этиш бирор кишининг айб, ёмон ишларини кечириш, айбдорга нисбатан жазо беришга лойиқ бўлса ҳам лутф кўрсатиб жазолашни тарк этишдир. Кечиримли ва сабр-тоқатли бўлиш динимизнинг асосий тамойилларидан биридир. Айниқса, ўч олишга қодир бўла туриб кечириб юбориш гўзал фазилат, олий хулқ намунасидир.
Оятдаги “афв” сўзининг тафсири манбаларда турлича келган. Баъзи муфассирлар у – бағрикенглик билан ўзгаларнинг узрини қабул қилиш, оғирликни ўзига олиб, бошқаларга енгиллик бахш этиш десалар, бошқалари закот вожиб қилинмасдан олдин бойлардан олинадиган садақалар деб изоҳлаганлар.
Имом Табарий (раҳматуллоҳи алайҳ) бундай дейди: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Жаброил (алайҳиссалом)дан ушбу оятни шарҳлаб беришни сўраганларида У зот: “Аллоҳ таоло Сизга буюриб айтмоқда-ки, Сизга зулм қилган кишини Сиз афв этинг, Сизга бермаган кишига Сиз беринг, Сиздан узилиб кетган кишига Сиз яқинлашинг!” деб шарҳлаганлар”.
Саҳобалар Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)дан: “Гўзал хулқ нима?” деб сўрадилар. Шунда у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!” оятини тиловат қилдилар.
Афв гўзал ва мақталган ахлоқларнинг асосидир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кимки унинг учун жаннатда бинолар қурилишини ва даражалари кўтарилишини хоҳласа, зулм қилганни авф этсин, бермаганга берсин ва орани узганга силаи раҳм қилсин”, дедилар (Имом Ҳоким ривояти).
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)да бу фазилатларнинг барчаси мужассам, сўзлари ва феълларида ҳам бу хулқ ила зийнатланган эди, бошқаларни ҳам кечиримли бўлишга ундардилар.
Убода ибн Собит (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизларга Аллоҳ бандаларининг даражасини нима туфайли баландга кўтаришини айтайми?” дедилар. Саҳобалар: “Айтинг, ё Расулуллоҳ”, дейишди. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Сенга жаҳл қилганга мулойим бўлсанг, зулм қилганни авф қилсанг, сени маҳрум қилганга инъом қилсанг, сендан алоқани узган билан алоқани боғласанг”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Набий (алайҳиссалом) кечиримли, шафқатли ва раҳмдил бўлишда пешқадам эдилар. Макка аҳли у зот (алайҳиссалом)нинг йўлларига тиконлар сочишар, сажда қилиб турганларида туянинг ичакларини ташлаб кетишар ва доимо мазаҳ қилишар эди. Бу ҳол бир ёки икки йил давом этгани йўқ, балки ўн уч йил муттасил давом этди. Лекин Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уларни авф этдилар, ҳақига дуо қилдилар.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг хулқлари билан тарбияланган саҳобалар (розияллоҳу анҳум) ҳам ўзларига зулм қилганларни кечиришда барчага намуна бўлдилар. Бу ҳақда Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Уяйна ибн Ҳиср деган киши Ҳазрат Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу)нинг ҳузурига кириб: “Эй, Хаттобнинг ўғли! Аллоҳ номи ила қасам ичиб айтаманки, сен бизнинг ўртамизда адолат билан ҳукм чиқармаяпсан”, деди. Бундан Умар (розияллоҳу анҳу)нинг ғазаби чиқди, ҳатто энди бир кор-хол бўлади, деб атрофдагилар қайғуга тушиб қолишди. Шунда саҳобалардан бири: Эй, амирал мўминин! Аллоҳ таоло Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га: “Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!” деб буюрмаган-миди, у одам жоҳиллардан”, деди.
Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) Қуръон тиловатини эшитиши биланоқ, ғазабини ютди ҳамда Аллоҳнинг хитобига мувофиқ иш тутди (Имом Бухорий ривояти).
Расулллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хатокорнинг айбини кечиб юборувчиларни Аллоҳ таоло кечириши ҳақида бундай деганлар: “Авф бандага иззатдан бошқани зиёда қилмас. Бас, афв қилинг! Аллоҳ сизни азиз қилади. Садақа молга кўпайишдан бошқани зиёда қилмас. Бас, садақа қилинг! Аллоҳ азза ва жалла сизга раҳм қилади” (Имом Ибн Абу Дунё ривояти).
Бошқа ривоятда эса, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ўч олишга ҳақли бўлатуриб, кечириб юборган киши учун, Мен жаннатнинг ўртасидан бир қаср берилишига кафилман”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
Яхшиликка буюр
Яхшиликка буюриш, ёмонликдан қайтариш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг вазифасидир. Бу ҳақда Абу Саъид Худрий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизлардан ким ёмон, мункар ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин, агар унга ҳам қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин, тили билан ҳам монелик қила олмаса, унда қалби билан қайтарсин, ана ўша имоннинг заифлигидир”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтарувчи умматлари энг яхши уммат бўлди. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Одамларга чиқарилган (маълум бўлган) умматнинг энг яхшиси бўлдингиз, (эй, мусулмонлар!) зеро, сиз амри маъруф, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга имон келтирасиз” (Оли Имрон сураси, 110-оят).
Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий (раҳимаҳуллоҳ) яхшиликка чақирувчида қуйидаги хислат ва фазилатлар жам бўлиши лозим дейди:
Аллоҳ таоло яхшиликка тарғиб этувчи бандаларини мадҳ этади, уларга Ўз раҳмати ва марҳамати нозил бўлиши башоратини беради: “Мўминлар ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар: (одамларни) яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар, намоз(лар)ни баркамол адо этадилар, закотни берадилар ҳамда Аллоҳ ва (Унинг) Расулига итоат этадилар. Айнан ўшаларга Аллоҳ марҳамат кўрсатур. Албатта, Аллоҳ қудратли ва ҳикматлидир” (Тавба сураси, 71-оят).
Жоҳиллардан юз ўгир
Жоҳиллик нодонлик, илмсизликдир. Динимиз илмсизликдан юз ўгиришга, илм, уламоларга эргашишга даъват этади. Қолаверса, жоҳиллардан узоқ бўлиш кишини ёмонликлардан сақлайди, унинг ахлоқини гўзал қилади. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ўзи учун беҳуда нарсаларни тарк қилиши киши Исломининг ҳуснидандир”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Мусулмон киши жоҳилларга эътибор бермайди, уларнинг гап-сўзларидан таъсирланмайди, балки ёмонликка қарши яхшилик билан жавоб қайтаради. Албатта, бундай фазилатга фақатгина сабр-тоқатли, икки дунёда ҳам улуғ насибага эга бўладиган Аллоҳ таолонинг энг сюкли бандалари мушарраф бўлади: «Раҳмоннинг (суюкли) бандалари ерда камтарона юрадиган, жоҳил кимсалар (бемаъни) сўз қотганда “Саломатлик бўлсин!” деб жавоб қиладиган кишилардир» (Фурқон сураси, 64-оят).
Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ) ушбу оят ҳақида: “Бундай зотлар ҳалим, беозор бўлиб, агар уларга жаҳл билан ғазаб қилинса, улар асло жоҳиллик қилмайдилар, ҳалимлик билан жавоб қайтарадилар”, деган.
Аллоҳ таоло барчамизни ушбу гўзал хулқлар билан хулқланиб, Ўзининг розилигини топишимизга тавфиқ ато этсин.
Даврон НУРМУҲАММАД
Ислом шариати талоқни зарурат ҳолатларида қўлланиладиган охирги чора сифатида белгилаб, унинг нотўғри қўлланилишидан эҳтиёт бўлишни таъкидлайди. Асоссиз талоқ қилиш нафақат оилавий ҳаётга, балки жамиятга ҳам салбий таъсир кўрсатади.
Исломда талоқ муҳим масала бўлиб, уни шошқалоқлик билан эмас, балки ўйлаб амалга ошириш тавсия этилади. Қуръонда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бундай марҳамат қилади: “Агар улар орасида низолашишдан қўрқсангиз, унда эрнинг оиласидан бир ҳакам ва аёлнинг оиласидан бир ҳакам тайинланг. Агар улар (ҳакамлар) ярашишни хоҳласалар, Аллоҳ уларнинг орасини тотув қилади. Албатта, Аллоҳ (ҳамма нарсани) билувчи ва (ҳамма нарсадан) хабардор Зотдир”.
Мазкур оятдан англашиладики, шариатимиз низоларни ҳал қилиш учун қадам-бақадам чоралар кўришни талаб қилади ва дарҳол талоққа мурожаат қилишдан қайтаради.
Шу билан бирга шариатимизда талоқ эркакнинг қўлида бўлганлигининг ҳикмати одатда эр кишилар оқилона қарорлар қабул қиладилар. Шунинг учун талоқ иши эр кишини қўлига топширилгандир. Ҳидоя китобида бу борада бундай дейилади: “Талоқ эрнинг қўлида бўлиши унинг оқибатларни кўпроқ тушуниши ва ҳиссиётлардан узоқроқ бўлиши сабабли афзалроқдир”.
Асоссиз талоқ қилишнинг оилавий ва ижтимоий зарарларини қуйидагича изоҳлаш мумкин:
Оила барқарорлигига зарар бўлиши асоссиз талоқ қилиш оилавий барқарорликни йўқотишга олиб келади. Бу ҳақида “Ҳидоя”да бундай дейилади:
“Низо юз берганида, талоқ қилишга фақат далиллар тасдиқлангандан кейин рухсат берилади”.
Талоқ фарзандларнинг руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатади. Болалар учун ота-онанинг бирлиги ҳаётий муҳим омилдир. "Мухтасар"да бундай таъкидланади:
“Ажралиш фарзандлар ва жамият учун жиддий зарар келтиради”.
Ота-оналарнинг ажралиши жамиятда янги муаммоларни келтириб чиқаради. Асоссиз талоқ орқали болаларнинг тарбияси бузилиши ва оилавий қадриятларнинг йўқотилиши кузатилади.
Талоқнинг иқтисодий зарарлари шуки, ажралиш оиланинг иқтисодий барқарорлигига путур етказади. “Иноя”да бу ҳақда бундай дейилади: “Талоқ оиланинг молиявий барқарорлигини йўқотади”.
Ажримда аёлларнинг обрўсига зарар етиши турган гап. Чунки ажралиш кўпинча жамиятда нотўғри тушунилади. “Ҳидоя”да бу борада бундай дейилади: “Аёлни талоқ қилиш уни одамлар орасида гап-сўзларга дучор қилади”.
Ажримларнинг болалар тарбиясига таъсири шуки, болалар керакли тарбиядан маҳрум бўлиши мумкин. “Мухтасар”да бундай дейилади: “Талоқнинг салбий таъсири болалар тарбиясида яққол намоён бўлади”.
Демак талоқни амалга оширишдан олдин вазиятни тўлиқ баҳолаш ва маслаҳатлашиш зарур ишлардан ҳисобланар экан. “Иноя”да бу борада бундай дейилади: “Эр талоқ қарорини қабул қилишдан олдин яхшилаб ўйлаб кўриши лозим”.
Шу билан бирга шариатимиз низоларни ҳал қилишда босқичма-босқич ёндашувни тавсия этади: насиҳат қилиш, вақтинчалик алоҳида яшаш ва ҳакамлар тайинлаш. “Инояда бу ҳақда бундай дейилади: “Талоқ фақат ярашиш имконсиз бўлгандагина рухсат этилади”.
Қолаверса талоқни фақат зарурат ҳолатида амалга ошириш керак. Талоқ фақатгина муҳим сабаблар мавжуд бўлгандагина қўлланилиши керак. Шариат кўрсатмаларига амал қилиш орқали оилани сақлаб қолиш мумкин. Ҳамда оилавий маслаҳатчилар ёрдамидан фойдаланиш ҳам зарурдир. Низоларни ҳал қилиш учун маслаҳатчиларга мурожаат қилиш шариатда маъқулланган амалдир.
Асоссиз талоқ қилиш нафақат оилавий ҳаётга, балки жамиятга ҳам салбий таъсир қилади. Ислом шариати талоқни зарурат ҳолатида ва фақат масъулият билан қўллашни таъкидлайди. Бу борада шариатнинг кўрсатмаларига амал қилиш оилаларни сақлаб қолишда ва жамиятдаги барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Шамсиддин БУРҲОНИДДИНОВ,
Тошкент Ислом институти 4 курс талабаси.