Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг ижросини таъминлаш, ислом дини ва ҳадис илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк ватандошларимизнинг бой меросини чуқур ўрганиш, улар томонидан асос солинган ҳадис илми мактаблари фаолиятини қайта тиклаш ва ривожлантириш ҳамда соҳага оид олий маълумотли етук мутахассисларни тайёрлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ҳадис илми мактаби фаолиятини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида» қарори қабул қилинган эди.
Қарорга кўра, Ҳадис илми мактаби Ўзбекистон мусулмонлари идораси муассислигидаги олий диний таълим берувчи нодавлат таълим муассасаси ҳисобланади ҳамда мактаб битирувчиларига бериладиган давлат намунасидаги диплом Ўзбекистон Республикасида олий диний таълим соҳасидаги бакалавр даражасини берувчи олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат деб эътироф этилади. Мактабда “Ҳадисшунослик” таълим йўналиши бўйича бакалавр даражасидаги кадрлар тайёрланиши белгиланган эди.
Бугун, 8 ноябрь куни Ҳадис илми мактабига қабул жараёнлари Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида бошланди. Ушбу жараёндан фотолавҳаларни қуйида кузатишингиз мумкин.
Маълуот учун, Ҳадис илми мактабида ўқиш муддати беш йил бўлиб, кундузги таълим шаклида олиб борилади. Мактабга араб тилини пухта ўзлаштирган, ҳадисларни ёд олишга салоҳияти бўлган ўрта махсус диний таълим муассасаларининг иқтидорли битирувчилари саралаб олинади.








ЎМИ Матбуот хизмати
2026 йил 4 ноябрь куни Ўмон Султонлиги пойтахти Масқат шаҳрида «Ўзбекистон — Ўмон: маданий алоқалар. Мовароуннаҳр — асрлар оша таралган ислом цивилизацияси зиёси» мавзусида халқаро симпозиум бўлиб ўтди. Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг муаллифлик лойиҳаси бўлган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг хорижий тақдимотлари туркумини давом эттирди. Ушбу учрашувлар давлатимиз раҳбарининг ислом цивилизацияси меросини халқаро майдонда кенг тарғиб этиш ташаббуси доирасида ўтказилмоқда.
Симпозиум очилишидан аввал фахрий меҳмонлар Марказ томонидан тайёрланган кўргазма билан танишдилар. Экспозицияни биринчилардан бўлиб симпозиумнинг фахрий меҳмони — Ўмон Султонлиги Вақфлар ва диний ишлар вазири доктор Муҳаммад бин Саид бин Халфон Маамарий томоша қилди. У билан бирга Султон Қобус номидаги Олий маданият ва фан маркази бош котиби Ҳабиб бин Муҳаммад Риёмий, Ўмон Султонлиги Давлат кенгаши аъзоси доктор Муҳаммад Саид Амур Ҳажрий, шунингдек, илмий ва маданий доиралар вакиллари ҳам кўргазмани кўздан кечирдилар, хабар бермоқда iccu.uz.
Кўргазмада Ўзбекистоннинг тарихий, илмий, маънавий ва бадиий мероси билан таништирувчи 150 дан ортиқ китоб нашрлари, шунингдек, миниатюралар, ҳайкалтарошлик намуналари ва бошқа экспонатлар намойиш этилди. Марказнинг ноширлик лойиҳалари ҳамда Мовароуннаҳр меросини ўрганиш ва оммалаштириш борасидаги фаолияти меҳмонларда алоҳида қизиқиш уйғотди.
Симпозиум Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон Республикасининг Ўмон Султонлигидаги элчихонаси томонидан Марказ Илмий кенгаши аъзолари иштирокида ташкил этилди. Форумда 250 нафарга яқин иштирокчи, жумладан, сенаторлар, давлат муассасалари, илмий ва маданий ташкилотлар вакиллари, хорижий дипломатик ваколатхоналар элчилари, икки мамлакатнинг таниқли олимлари ва маданият арбоблари қатнашди.
Тадбирда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов, Ўзбекистон Республикасининг Ўмон Султонлигидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Абдусалом Хатамов ҳамда Султон Қобус номидаги Олий маданият ва фан маркази бош котиби Ҳабиб бин Муҳаммад Риёмий қутлов сўзлари билан иштирок этдилар. Дастур доирасида қатнашчиларга Марказнинг илмий-маърифий фаолияти ва лойиҳалари ҳақида видеотақдимот намойиш қилинди.
Илмий сессияда ўмонлик ва ўзбекистонлик олимлар икки мамлакатнинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси ҳамда ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар. Ўмон томонидан маърузачилар қаторида Ўмон Султонлиги Давлат кенгаши аъзоси доктор Муҳаммад Саид Амур Ҳажрий ҳамда Султон Қобус университети профессори, медиа ва интеллектуал дастурлар бўйича маслаҳатчи ва эксперт доктор Саиф бин Солим бин Саиф Ҳодий иштирок этди. Доктор Ҳодий ўз маърузасини Ўмон жамиятида тинч-тотув ҳамжиҳатликда яшаш масаласига бағишлади.
Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов Ўзбекистон ва Ўмон қўлёзма меросини сақлаш, рақамлаштириш ҳамда илмий муомалага киритиш истиқболлари ҳақида сўз юритди. Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров Ўзбекистонда ислом таълими тарихи ва унинг замонавий тажрибасини ёритиб берди. Тошкент давлат шарқшунослик университети профессори Шорустам Шомансуров икки мамлакат олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик истиқболларини тақдим этди.
Симпозиумнинг муҳим амалий натижаларидан бири Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан Султон Қобус номидаги Олий маданият ва фан маркази ҳамда «Байт аз-Зубайр» музейи билан ҳамкорлик меморандумларининг имзоланиши бўлди. Ушбу келишувлар икки мамлакат муассасалари ўртасида қўшма илмий ва маданий лойиҳаларни амалга ошириш, кўргазмалар ташкил этиш ҳамда касбий тажриба алмашиш учун асос яратади.
Симпозиум доирасида китоблар ва эсдалик нашрлари алмашинуви ҳам бўлиб ўтди. Ўмон Султонлиги Вақфлар ва диний ишлар вазири доктор Муҳаммад бин Саид бин Халфон Маамарийга Катта Лангар Қуръони нусхасининг факсимиле нашри топширилди. Султон Қобус номидаги Олий маданият ва фан маркази бош котиби Ҳабиб бин Муҳаммад Риёмийга «Учинчи Ренессанс пойдевори» китоби, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан нашр этилган 120 та китоб учун сертификат ҳамда Марказнинг эсдалик совғалари тақдим этилди.
Марказ нашрлари, шунингдек, Султон Қобус мажмуаси кутубхонаси ҳамда Ўмон Миллий ҳужжатлар ва архивлар марказига топширилди. Миллий ҳужжатлар ва архивлар маркази ҳамда «Байт аз-Зубайр» музейи вакилларига ҳам китоб нашрлари топширилганини тасдиқловчи сертификатлар тақдим қилинди.
Маскат шаҳрида ўтказилган симпозиум Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги кўп асрлик маданий мулоқотнинг давоми бўлди. Кўргазма ва илмий сессия Ўмон жамоатчилигини Мовароуннаҳрнинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси билан таништирган бўлса, имзоланган меморандумлар ушбу мулоқотга амалий мазмун бағишлади.
Шунингдек, ташриф давомида Ўзбекистон делегацияси Ўмон Султонлигининг қатор етакчи маданий-маърифий муассасалари, музей ва кутубхоналари, жумладан, Ўмон Султонлиги Миллий музейида бўлиб, уларнинг фаолияти билан танишди. Учрашувлар давомида музейшунослик, маданий меросни асраш, илмий тадқиқотлар ва икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилиниб, тажриба алмашилди ҳамда қатор ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
Ўмон Султонлиги Вақф вазири ҳамда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази раҳбарияти ўртасида алоҳида учрашув бўлиб ўтди. Унда икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда истиқболда амалга оширилиши мумкин бўлган қўшма лойиҳалар юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати