بسم الله الرحمن الرحيم
ҲАЁ – ИМОНДАН
الحَمْدُ للهِ الذِي جَعَلَ العِفَّةَ وَالحَيَاءَ صِفَةَ الأَتْقِيَاءِ وَالْمُرْسَلِينَ، وَسِمَةَ الأَصفِيَاءِ المُكْرَمِينَ وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى رَسُولِهِ الذِي وَعَدَ المُتَعَفِّفَ أَنْ يَكُونَ فِي كَنَفِ اللهِ وَحِمَايَتِهِ، وعَدَّ الحَيَاءَ شُعْبَةً مِنْ شُعَبِ الإِيمَانِ وَعَلَى آلِهِ وَأَصْحَابِهِ أَجْمَعِينَ
Муҳтарам жамоат! Маълумки, Аллоҳ таоло томонидан инсонга берилган энг буюк ва қимматли нарса имон неъматидир. Ҳар бир мўъмин-мусулмон инсон бу неъматни умрининг охиригача саломат сақлаб, эсон-омон бу фоний дунёдан ўтиб олиши энг катта бахт ҳисобланади. Шундай экан, ҳар бир инсон доимо имони бақувват бўлиши учун сабаб бўладиган барча хайрли амалларда бардавом бўлиши керак бўлади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам имонни қувватли бўлишига сабаб бўладиган омиллар ҳақида тўхталиб шундай марҳамат қилганлар:
الْإِيمَانُ بِضْعٌ وَسَبْعُونَ شُعْبَةً، فَأَفْضَلُهَا قَوْلُ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ، وَأَدْنَاهَا إِمَاطَةُ الْأَذَى عَنِ الطَّرِيقِ، وَالْحَيَاءُ شُعْبَةٌ مِنَ الْإِيمَانِ
(رَوَاهُ الْإِمَامُ مُسْلِمٌ)
яъни: “Имон етмишдан ортиқ бўлаклардан иборатдир. Унинг энг афзали “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимаси бўлса, энг паст даражаси йўлдаги азият етказадиган нарсани олиб ташлашдир. Ҳаё ҳам имондан бир бўлакдир” (Имом Муслим ривояти).
Демак, ҳаё имондан бир бўлак бўлиб, у имонни сайқал топишида муҳим ўрин тутади. Қайси бир кишининг ҳаёси кучли бўлса, демак, унинг имони ҳам кучли бўлади. Муқаддас Ислом динимизда ҳар бир мўмин-мусулмонни ҳаёли бўлишига тарғиб қилинган. Чунки, ҳаё динимизнинг хулқи ҳисобланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
إِنَّ لِكُلِّ دِينٍ خُلُقًا، وَخُلُقُ الْإِسْلَامِ الْحَيَاءُ
(رَوَاهُ الْإِمَامُ ابْنُ مَاجَةُ)
яъни: Албатта, ҳар бир диннинг (ўзига хос) хулқи бўлади. Исломнинг хулқи эса ҳаёдир (Имом Ибн Можа ривояти).
Демак, Ислом динида эканмизми, албатта динимиз хулқи билан хулқланишимиз зарур бўлади. Ҳаё сабабли инсон ўзини кўп гуноҳ ва хатолардан сақлайди, беҳуда ишлардан тийилади. Инсонда ҳаё камайиши билан имони ҳам заифлашиб кетади. Бу ҳақда ҳадисда шундай келтирилади:
"إِنَّ الْحَيَاءَ وَالْإِيمَانَ قُرَنَاءُ جَمِيعًا، فَإِذَا رُفِعَ أَحَدُهُمَا رُفِعَ الْآخَرُ"
(رَوَاهُ الْإِمَامُ الْحَاكِمُ)
яъни: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Албатта ҳаё ва имон бир бирига чамбарчас боғлиқдир. Бири кўтарилса (кетса), иккинчиси ҳам кўтарилиб кетади” (Имом Ҳоким ривояти).
Шуни унутмаслик керакки, инсонпарварлик, тақводорлик, раҳмдиллик ва барча энг юқори инсоний фазилатлар ҳаё орқали амалга ошади. Бунга Оиша онамизнинг қуйидаги сўзлари яққол далилдир: "Гўзал хулқлар ўнтадир: ростгўйлик, хушмуомалалик, омонатдорлик, силаи раҳм, хизматга яраша ҳақ бериш, ҳаммага яхшилик қилиш, қўшнилар ҳаққига муҳофаза қилиш, дўстнинг ҳаққига риоя қилиш ва меҳмонни эъзозлаш. Барчасининг боши эса ҳаёдир".
Имом Абулҳасан Мовардий раҳматуллоҳи алайҳ ҳаё уч қисмга бўлинади деганлар:
Биринчиси Аллоҳдан ҳаё қилишдир. У Аллоҳ таолонинг барча амр ва фармонларига итоат қилиш ва қайтарган нарсаларидан ўзини тийишдир.
Иккинчиси одамлардан ҳаё қилишдир. У одамлар билан чиройли муомала қилиб, тил ва қўл орқали етадиган озорлар билан уларни ранжитмасликдир.
Учинчиси киши ўзидан ҳаё қилишдир. У ҳеч ким кўрмайдиган жойда ўзини ножўя ва ноўрин ҳаракатлардан сақлашидир.
Ҳаёли инсон гапирар экан, оғзидан ёмон сўзлар чиқиб кетишидан, бошқаларнинг сирини ошкор қилишдан ўзини тияди. Ҳаёсизликда ўзгаларнинг инсоний ҳақларини поймол қилиш бор. Ҳаё ўз эгасини жаннатга киришига сабаб бўлади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:
اَلْحَيَاءُ مِنَ الْإِيمَانِ وَالْإِيمَانُ فِي الْجَنَّةِ وَالْبَذَاءُ مِنَ الْجَفَاءِ وَالْجَفَاءُ فِي النَّارِ
(رَوَاهُ الْإِمَامُ أَحْمَدُ وَالْإِمَامُ ابْنُ حِبَّانَ)
яъни: “Ҳаё – имондандир, имоннинг жойи эса – жаннатдир. Беҳаёлик эса – жафодандир, жафонинг жойи – дўзахдадир” (Имом Аҳмад ва Имом Ибн Можа ривояти).
Ҳаё бобида гапирар эканмиз, беихтиёр жаноб Расулуллоҳнинг ҳаёлари ҳақидаги Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳунинг сўзлари ёдимизга тушади:
كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَشَدَّ حَيَاءً مِنْ الْعَذْرَاءِ فِي خِدْرِهَا وَإِذَا كَرِهَ شَيْئًا عُرِفَ فِي وَجْهِهِ
(َروَاهُ الْإِمَامُ الْبُخَارِيُّ)
яъни: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаё бобида чимилдиқдаги келиндан ҳам ўтар эдилар. Агар бирор нарсани ёқтирмасалар, юзларидан (ёқтирмаганлик аломатлари) билинар эди” (Имом Бухорий ривояти).
Ушбу ҳадиси шарифдан маълум бўлдики, имон қанчалик кучли бўлса ҳаё ҳам шунчалик кучли бўлади. Чунки Пайғамбаримизнинг имонлари энг кучли эканида ҳеч шак-шубҳамиз йўқдир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларга қандай ҳаё қилишни ўргатганлар. Бу ҳақда қуйидаги ҳадисда шундай дейилади:
اسْتَحْيُوا مِنَ اللَّهِ حَقَّ الْحَيَاءِ قَالُوا: إِنَّا لَنَسْتَحْيِي مِنَ اللَّهِ يَا رَسُولَ اللَّهِ وَالْحَمْدُ لِلَّهِ، قَالَ: لَيْسَ ذَاكَ، وَلَكِنْ مَنِ اسْتَحْيَا مِنَ اللَّهِ حَقَّ الْحَيَاءِ فَلْيَحْفَظِ الرَّأْسَ وَمَا وَعَى، وَلْيَحْفَظِ الْبَطْنَ وَمَا حَوَى، وَلْيَذْكُرِ الْمَوْتَ وَالْبَلاءَ، وَمَنْ أَرَادَ الآخِرَةَ تَرَكَ زِينَةَ الْحَيَاةِ الدُّنْيَا، فَمَنْ فَعَلَ ذَلِكَ فَقَدِ اسْتَحْيَا مِنَ اللَّهِ حَقَّ الْحَيَاءِ
(رواه الإمام البيهقي)
яъни: “Аллоҳдан чинакам ҳаё қилинглар”, – дедилар. Улар: “Ё Расулуллоҳ, биз ҳаё қиламиз, алҳамдулиллаҳ”, – дейишди. Шунда у зот: “Йўқ, у (намоз ўқиш, рўза тутиш, ҳажга бориш каби амалларингиз) ҳақиқий ҳаё эмас. Ҳақиқий ҳаё – бош вa ундаги (кўз, қўлоқ, бурун, оғиз, тил каби) бaрчa aъзoни (Aллoҳ қайтаргaн нaрсалaрдaн) сaқлaш, қoрин ва ундаги (озуқа, фарж сингари) бaрчa aъзoни (ҳаромдaн) тийиш ҳамда ўлимни ва ундaн кeйинги чириш (aзoб-уқубaт)ни эслашдир. Ким охиратни хоҳласа, ҳаддан зиёда дунёга ҳирс қўймасин. Кимки буларга амал қилсa, Aллoҳдaн ҳaқиқий ҳaё қилибди”, – дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Демак, кўзини номаҳрамларга қарашдан, қулоғини номақул гап-сўзларни эшитишдан, тилини ғийбат, ёлғон, бўҳтонлардан, қорнини ман қилинган нарсаларни истеъмол қилишдан, бошқа аъзоларини эса ҳаромдан тийган ва ўлимни эслаб юрган кишигина ҳақиқий ҳаё қилган ҳисобланади. Ҳаё бобидаги қуйидаги ҳадиси шарифни уламоларимиз Исломнинг мадори яъни, Исломнинг асосий таълимотларини ўз ичига олган ҳадислар сарасига киритганлар. Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:
"إِنَّ مِمَّا أَدْرَكَ النَّاسَ مِنْ كَلَامِ النُّبُوَّةِ الْأُولَى: إِذَا لَمْ تَسْتَحْيِ، فَاصْنَعْ مَا شِئْتَ"
(رَوَاهُ الإمام الْبُخَارِيُّ)
яъни: ““Ҳаё қилмасанг, хоҳлаганингни қилавер”, (деган гап) одамларга етган биринчи нубувват сўзларидандир” (Бухорий ривоят қилган). Ҳадисдаги “Ҳаё қилмасанг, хоҳлаганингни қилавер” деганларини уламолар қуйидагича шарҳ қилганлар: бу жумла огоҳлантириш маъносида бўлиб: “Агар ҳаё қилмасанг, билганингни қил, қилмишингга яраша жазо оласан” деган маънода айтилган. “Нимани истасанг, шуни қилавер” маъносида эмас. Фузайл ибн Иёз раҳматуллоҳи алайҳ: “Бахтсизликнинг нишонаси қуйидаги нарсаларда кўринади деганлар: бешарм ва беҳаё бўлиш, кўнгли қаттиқ ва дағал бўлиш, молу дунёга ҳаддан ортиқ муккасидан кетиш”, – дер эди.
Муҳтарам жамоат! Афсуски, баъзи бир ота-оналар фарзандларини таълим-тарбияси, одоб-ахлоқи ва шарм-ҳаёсига бепарво бўлмоқдалар. Натижада, айрим ёшларимиз ғарб маданиятига тақлид қилиб, ҳаё чегарасидан чиқиб кетмоқда, уларнинг оғзидан чиқаётган сўзларга ўзлари уялмасалар-да, атрофдагилар ноқулай аҳволга тушиб қолмоқда. Зеро, Аллоҳ таоло фаҳшни ҳам, фаҳш сўзни сўзловчини ҳам севмайди. Ояти каримада шундай дейилади:
قُلْ إِنَّمَا حَرَّمَ رَبِّيَ الْفَوَاحِشَ مَا ظَهَرَ مِنْهَا وَمَا بَطَنَ وَالْإِثْمَ وَالْبَغْيَ بِغَيْرِ الْحَقِّ وَأَنْ تُشْرِكُوا بِاللَّهِ مَا لَمْ يُنَزِّلْ بِهِ سُلْطَانًا وَأَنْ تَقُولُوا عَلَى اللَّهِ مَا لَا تَعْلَمُونَ
яъни: “Айтинг: «Раббим, албатта, фаҳш ишларнинг ошкораю пинҳонасини, гуноҳ (ишлар)ни, ноҳақ тажовузкорликни ва Аллоҳ ҳеч қандай ҳужжат туширмаган нарса(лар)ни Унга шерик қилишингизни ҳамда Аллоҳнинг шаънига ўзингиз билмаган нарсаларни гапиришингизни ҳаром қилди” (Аъроф сураси, 33-оят).
Ибн Арафа: “Ҳар бир Аллоҳ қайтарган иш – фаҳшдир”, – деганлар.
Биз фарзандларимизни замон билан ҳамнафас қилиб тарбиялаш билан бирга, шу кунимизда кенг тарқалган, беҳаёликни тарғиб қиладиган воситалар ва йўллардан ҳимоя қилишимиз керак. Сир эмас, айрим ёшларимиз телефон аппаратлари ва бошқа воситаларда порнографик маҳсулот (расм, видео, кино)ларни сақлашмоқда ва бу ҳам етмагандек бошқаларга тарқатишмоқда. Бу нарса давримизда ёшларни ўз домига тортувчи катта балога айланиб улгурди. Хўш, бунга қарши курашга ким масъул? Бизнингча, ҳар бир оила, ҳар бир ота-она фарзандларига, уларнинг фаҳш нарсаларни сақлаши мумкин бўлган асбоб воситаларига эътибор қаратиб, вақти-вақти билан назорат қилиб туришлари ва фойдали машғулотлар билан банд қилиш лозим. Аксарият нохушликлар, жиноятлар бекорчиликдан келиб чиқади. Айниқса, уларни турли фан ва спорт тўгаракларига жалб қилиш фойдали бўлади.
Йигит-қизларнинг кийиниш маданияти ҳам миллий қадриятларимизга тўғри келмай қолмоқда. Бу ҳолат миллатимизнинг маданияти, миллийлиги йўқолиб боришига сабаб бўлаётган омиллардандир. Ёшларни бундай аҳволга солаётган нарса нима бўлиши мумкин? – деб ўйлаймиз. Бунга сабаб оиладаги муҳит. Халқимизда бир гап бор: “Қуш уясида кўрганини қилади”. Ҳақиқатдан ҳам, фарзандлар энг кўп маълумотни ота-онасидан йиғади, ота-она беҳаё сўзларни гапирса, уруш-жанжал қилса, фарзандлар улардан ўрганади. Оиладаги муҳит носоғлом бўлса, фарзандга катта таъсир кўрсатади. Ярим кечаси бола кўчадан кириб келади, бунга ота-она бефарқ қарайди. Айниқса, қиз болаларда бундай ҳолатнинг кузатилиши – жуда оғир масала. Бундай ҳолатлар беҳаёликка, оғир оқибатларга олиб боришини наҳотки ўйлашмайди?! Ота-она “Қаердан келдинг?”, “Ким билан эдинг?”, “Нега кеч келдинг?” каби саволларни бермаса, уларга ким тарбия беради?! Хуллас, “ҳаё” деганда, ҳар бир ҳолатда Аллоҳ таолони кўриб турганини ҳис қилиб яшаш, гуноҳлардан ўзини тийиш билан намоён бўлади. Шу руҳда тарбияланган инсон бировга, гарчи у билмаса-да, кўрмаса-да, хиёнат этмайди, обрўсини тўкмайди, зулм қилмайди, ҳақини топтамайди. Ичи билан таши бир бўлади. Биров бор пайтда – бошқача, йўғида эса бошқача муомала қилмайди ва ҳоказо.
Аллоҳ таоло барчамизни имонда, Исломда собитқадам қилиб, ҳақиқий ҳаё билан зийнатласин! Омин!
ИЛОВА
Ҳурматли имом-домла! 20.08.2018 куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши раиси, муфтий Усмонхон Алимов томонидан тасдиқланган “Ўзини-ўзи турли йўллар билан қасддан ўлдиришнинг оғир гуноҳлиги ҳақида фатво” билан танишиб чиқиб, уни жамоатга етказишингиз сўралади. Фатво матни илова қилинади.
Муҳтарам имом-домла! Масжидларда намоз вақтига қатъий риоя этиб, хусусан, жума намозини белгиланган вақтдан ўтказмаган ҳолда адо этишингиз ва жума иш куни бўлгани учун намозхонларни кўп ушланиб қолишларига йўл қўймаслигингиз тавсия этилади!
И Л О В А
ЎЗИНИ-ЎЗИ ТУРЛИ ЙЎЛЛАР БИЛАН ҚАСДДАН ЎЛДИРИШНИНГ ОҒИР ГУНОҲЛИГИ ҲАҚИДА
ФАТВО
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ
اَلْحَمْدُ لِلَّهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى رَسُولِهِ مُحَمَّدٍ وَعَلَى اَلِهِ وَاَصْحَابِهِ اَجْمَعِينَ. اَمَّا بَعْدُ
Инсон доимо ўзига берилган барча илоҳий неъматларга шукр қилиб, ҳаётда дуч келадиган ҳар қандай мусибат ва қийинчиликларга сабр қилиши ва Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидвор бўлиб яшаши лозим бўлади. Турли шайтоний васваса, тушкунлик ва умидсизликка берилмай, Инсон деган улуғ номга мувофиқ иш тутиш чин мўмин-мусулмонга хос ишдир. Зеро, Аллоҳ таоло бу дунёни имтиҳон дунёси қилиб, унда бандаларини турли хил йўллар билан синашини маълум қилган. Қуръони каримда бу ҳақда шундай деган:
وَلَنَبْلُوَنَّكُمْ بِشَيْءٍ مِنَ الْخَوْفِ وَالْجُوعِ وَنَقْصٍ مِنَ الْأَمْوَالِ وَالْأَنْفُسِ وَالثَّمَرَاتِ وَبَشِّرِ الصَّابِرِينَ الَّذِينَ إِذَا أَصَابَتْهُمْ مُصِيبَةٌ قَالُوا إِنَّا لِلَّهِ وَإِنَّا إِلَيْهِ رَاجِعُونَ
яъни: “Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй, Муҳаммад)! Уларга мусибат етганда: “Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз”, – дейдилар” (Бақара сураси, 155-оят).
Инсон ўзи кутмаган мусибатли ҳолатларга дуч келганда албатта, бу мусибатдан қутулиш чораларини қидиради. Баъзан имон-эътиқоднинг сустлиги, сабр-тоқатнинг озлиги сабабли, шайтон васвасаси ғолиб келиши оқибатида бошига тушган мусибат ёки қандайдир оғир шароитда қолган киши турли хилдаги нохуш ишларга қўл уриб қўйиши мумкин. Шунинг учун, Аллоҳ таоло мусибатларни енгишда сабр-қаноатга суяниш, Унинг тақдирига рози бўлиш энг тўғри йўл эканлигини баён этмоқда.
Афсуслар бўлсинки, кейинги вақтларда айрим кишилар, айниқса, хотин-қизлар билиб-билмай ўзларининг жонларига қасд қилиш орқали, Аллоҳ таоло ато этган ҳаёт нурини бевақт сўндиришга, икки дунёда абадий лаънатга ва дўзах азобига дучор бўлишга сабаб бўладиган оғир гуноҳга қўл урмоқдалар. Инсон ўзига омонат қилиб берилган жонни ўз қўли билан ҳалокатга ташлаши, яъни ўз жонига қасд қилиши нафақат мусибатдан қутулишнинг энг нотўғри йўли, балки унданда каттароқ мусибатга ўзини мубтало қилиш демакдир. Чунки, ўз жонига қасд қилиш Аллоҳ таолонинг унга ато этган неъматларига, хоссатан, берилган умр – ҳоли ҳаётга ношукурлик ҳамда Одилу Ҳаким зотнинг белгилаб қўйган тақдирига нисбатан улкан исёндир.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган ҳадисларда ўз жонига қасд қилишнинг аянчли оқибатлари аниқ баён этилади. Собит ибн Заҳҳокдан ривот қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
عَنْ ثَابِتِ بْنِ الضَّحَاكِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "مَنْ قَتَلَ نَفْسَهُ بِشَيْءٍ فِي الدُّنيَا عُذِّبَ بِهِ يَومَ القِيَامَةِ.
яъни: “Ким бу дунёда ўзини бирор нарса билан ўлдирса, қиёматда ҳам унга ўша нарса билан азоб берилади” (Имом Бухорий ривояти).
Ўз жонига қасд қилишнинг оғир гуноҳ эканлиги, унга тайинланган жазодан ҳам маълумдир. “Саҳиҳи Бухорий” ва “Саҳиҳи Муслим” китобларида келтирилишича:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "مَنْ تحَسَّى سَمًّا فَقَتَلَ نَفْسَهُ فَسَمُّهُ فِيِ يَدِهِ يَتَحَسَّاهُ فِيِ نَارِ جَهَنَّمَ خَالِدًا مُخَلَّدًا فيِهَا أَبَدًا وَمَنْ قَتَلَ نَفْسَهُ بِحَدِيْدَةٍ فَحَدِيدَتُهُ فِي يَدِهِ يَطْعَنُ بِهَا فِي بَطْنِهِ فِي نَارِ جَهَنَّمَ خَالِدًا مُخَلَّدًا فِيهَا أَبَدًا وَمَنْ تَرَدَّى مِنْ جَبَلٍ فَقَتَلَ نَفْسَهُ فَهُوَ يَتَرَدَّى فِي نَارِ جَهَنَّمَ خَالِدًا مُخَلَّدًا فِيهَا أَبَدًا وَالَّذِى يَتَقَحَّمُ فِيهَا يَتَقَحَّمُ فِي النَّارِ وَالَّذِي يَخْنُقُ نَفْسَهُ يَخْنُقُهَا فِي النَّارِ
яъни: Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:“Ким заҳар ичиб ўзини ўлдирса, қиёмат кунида ўша заҳари қўлида, уни ичган ҳолда жаҳаннам оловида абадий қолади. Ким ўзини темир парчаси билан ўлдирса, ўша темир парчасини қорнига суққан ҳолида жаҳаннам ўтида абадий қолади. Ким тоғ тепасидан ташлаб ўзини-ўзи ўлдирса, жаҳаннамда ҳам шу хил азобга гирифтор бўлади. Ўзини бирор нарсага уриб ўлдирган кимса, дўзахга ўзини уриб азоблайди. Ўзини ўзи бўғиб ўлдирган кимса, жаҳаннамда ҳам ўзини бўғиб азоблайди” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Бошқа ҳадисда Расули акрам саллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар:
عَنْ جُندُبِ بْنِ سُفيَانَ رَضِيَ اللهُ عَنهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَليْهِ وَسَلَّمَ: "خَرَجَ بِرَجُلٍ فِيمَنْ كَانَ قَبْلَكُمْ خَرَاجٌ فَلَمَّا آذَاهُ اِنْتَزَعَ سَهْمًا مِنْ كِنَانَتِهِ فَنَكَّأَهُ فَلَمْ يَرقَأِ الدَّمُ حَتَّى مَاتَ
فَقَالَ اللهُ تَعَالَى: "بَادَرَنِي ابْنُ آدَمَ بنَفْسِهِ فَقَتَلَهَا، فَقَدْ حَرَّمْتُ عَلَيْهِ الجَنَّةَ"
(رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ)
яъни: Жундуб ибн Суфён разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Сизлардан олдинги умматдан бўлган бир кишининг баданига тошма тошган эди. Тошма унга озор беравергач камон ўқини қинидан олиб, ярани тирнай бошлади. Ундан чиққан қон тўхтамай оқибатда у киши ўлди. Шунда Аллоҳ таоло: “Бандам шошиб ўзини ўлдирди. Шунинг учун жаннатни унга ҳаром қилдим”, – деди” (Имом Бухорий ривояти).
Динимизда нафақат ўзини қасддан ўлдириш, балки эҳтиётсизлик туфайли ҳаётига зомин бўлиш ҳам қаттиқ қораланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидаги ҳадис ворид бўлган:
عَنْ عَلِيِّ بْنِ شَيْبَانَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ بَاتَ فَوْقَ بَيْتٍ لَيْسَ حَوْلَهُ شَيْءٌ يَرُدُّ قَدَمَيْهِ فَوَقَعَ فَمَاتَ فَقَدْ بَرِئَتْ مِنْهُ الذِّمَّةُ وَمَنْ رَكِبَ الْبَحْرَ بَعْدَمَا يَرْتَجُّ فَمَاتَ فَقَدْ بَرِئَتْ مِنْهُ الذِّمَّةُ
(رَوَاهُ الْحَاكِمُ)
яъни: Али ибн Шайбон разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким уйнинг атрофи ўралмаган томи устида тунаса ва ундан тушиб кетиб ўлса, унга ҳеч ким жавобгар эмас, ким денгизга мавжланиб турган вақтда чиқса ва чўкиб ўлса, унга ҳеч ким жавобгар эмас” (Имом Ҳоким ривояти). Шунга ўхшаш, автоуловнинг тезлигини ҳаддан ошириб ҳайдаш, ёки тамаки ва гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилишга муккасидан кетиш оқибатида инсон ўз ҳаётига зомин бўлиши ҳам ўз жонига қасд қилган билан баробардир. Шундай экан, инсон ҳаётига хавф туғдирадиган ҳар қандай ҳолатлардан ўзини сақлаши лозим бўлади.
Инсон қилган гуноҳларига сидқидилдан тавба қилса, Аллоҳ таоло уни мағфират қилади. Аммо, инсоннинг ўз жонига қасд қилиш ҳолатида, агар унинг бу хатти-ҳаракати амалга ошса, унга бу гуноҳдан тавба қилишнинг имкони бўлмайди. Шунинг учун ўз жонига қасд қилиш инсонга нисбатан шайтон васвасасининг энг авж нуқтаси ва шайтоннинг бир инсон устидан ғалабаси ҳисобланади. Бу дардга аксар ҳолда ёшларнинг мубтало бўлаётганини алоҳида эътироф этиш лозим. Хўш, ундан қандай сақланмоқ керак?
Мазкур иллатни келтириб чиқарувчи энг асосий омиллардан бири ёшларимизнинг ҳаёт ҳақидаги тушунчасининг саёзлиги, ҳаётни енгил-елпи фильмлар орқали тасаввур қилиши, шунингдек, миллий қадриятларимиз ҳамда Ислом дини таълимотларидан йироқлашиб кетиши бунинг бош сабабларидан бири ҳисобланади. Чунки, миллий қадриятларимиз замирида ва Ислом дини таълимотларида, хусусан, Қуръони карим ва ҳадиси шарифларнинг бир неча ўринларида жон эгасининг ўз жонига қасд қилишидан қатъий қайтарилган. Аксинча, Аллоҳ таоло омонат қилиб берган ҳаёт неъматини, умримиз йилларини чиройли солиҳ амаллар ва савобли ишлар билан ўтказишга, кундалик ҳаётий қийинчилик ва муаммоларни ақл-заковат билан ҳал этишга ҳаракат қилиш ва Аллоҳ таолонинг раҳматидан доимо умидворлик билан яшашга интилиш ҳақиқий имонли инсоннинг баркамол фазилати бўлиб ҳисобланади.
Асосий муаммоларимиздан бири руҳий тушкунликка берилаётган бундай тоифа инсонларга яқинлари томонидан ўз вақтида эътибор берилмаслиги, бепарволик, уни қийнаётган, жавобини топа олмаётган масала ечимини ҳал қилиб берилмаслигидир. Шунинг учун барчамиз бир-биримизга нисбатан масъул эканлигимизни унутмайлик. Ўзаро эътиборли, меҳр-оқибатли бўлайлик.
Аллоҳ таолога шукрки, биз – мусулмонлар инсон учун ҳамма ҳаёт шароитлари тўлиқ муҳайё қилинган фаровон жамиятда яшамоқдамиз. Биров-бировни ҳақ-ҳуқуқини камсита олмайди. Бундай адолатли жамиятда яшаш айни саодатдир. Бинобарин, бизнинг Ватанимизда ўзини-ўзи ўлдиришга ҳеч қандай сабаб йўқ.
Ҳар бир инсон, хоҳ эркак ва хоҳ аёл бўлсин, ушбу ҳақиқатни яхши тушуниб олиши ва шундай тўкин, тинч ва фаровон замонда ҳамда адолат устивор бир жамиятда яшаётгани учун Аллоҳ таолога шукр қилиши лозим. Ҳар қандай ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни сабру қаноат ва ҳусни тадбир билан ҳал қилса бўлади. Аммо бесабрлик ила ношукрлик қилинса, оқибати хайрли бўлмайди. Ҳадисларда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ўзини ўлдирган одамга жаноза намози ўқимаганликлари айтилган.
عَنْ جَابِرِ بْنِ سَمُرَةَ أَنَّ رَجُلًا قَتَلَ نَفْسَهُ فَلَمْ يُصَلِّ عَلَيْهِ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ
яъни: Жобир бин Самурадан ривоят қилинади, бир киши ўзини ўлдириб қўйди, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам унга жаноза намози ўқимадилар (Имом Термизий ривояти). Имом Насаийнинг ривоятларида Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам:
أَمَّا أَنَا فَلَا أُصَلِّي عَلَيْهِ
яъни: “Мен унга жаноза намози ўқимайман”, – деганлар.
Шунга кўра баъзи уламолар, ўзини ўзи ўлдирган кишига имом жаноза намози ўқимайди, балки, маййитнинг яқинларидан бири ўқийди, деганлар. Бунинг сабаби, одамлар ўз жонига қасд қилишнинг оқибати ёмон бўлиши, ҳатто унга катта жамоат бўлиб, имом бошчилигида намоз ўқилмаслигини билсинлар ва бундай гуноҳи азимга қўл уришдан қўрқсинлар, деган маъно бор.
Руҳий касалликлар туфайли ўз жонига қасд қилганлар бундан мустасно. Зеро, ақл-ҳуши жойида бўлганларгина мукаллаф ҳисобланадилар. Яъни, шариат кўрсатмаларини бажаришга ва тақиқларидан сақланишга буюрилган бўладилар. Аммо, руҳий касаллиги бор киши ўзининг ҳеч қандай тасарруфидан масъул бўлмайди.
Қуръони карим ва Пайғамбаримиз ҳадисларига амал қилган ҳолда ва мазкур далиллар асосида Ўзбекистон мусулмонлари идораси юртимиздаги барча мусулмонларга мурожаат қилиб, ўзини-ўзи ўлдириш каби ношаръий ҳолатларга қарши кескин чоралар кўришга чақиради. Инсонлар шундай ҳолатларга дуч келган тақдирда уни бартараф этишнинг чора-тадбирларини кўриш барча имом-хатибларнинг энг муҳим вазифаси ва ҳам диний, ҳам инсоний бурчларидир, деб ҳисоблайди.
Барча имом-хатиблар инсон ўзини-ўзи ўлдиришни ёки ўзига ўт қўйиши катта гуноҳ эканлигини мусулмонларга оят ва ҳадислар билан исботлаб тушунтиришлари лозим. Бундай ношаръий ишлар Аллоҳ таолонинг бандаларига берган ҳаёт неъматига ношукрлик эканини батафсил англатиб боришлари зарурдир.
Шу билан бирга имом-хатиблардан ўзини-ўзи ўлдирганларга жаноза намози ўқишдан бош тортишлари, уйларига дуойи фотиҳага, маърака маросимларига бормасликлари талаб этилади. Балки, шундай ҳолат юз берганда жанозани маййитнинг уйида яқинларидан бири ўқишларини тушунтиришлари лозим бўлади. Имом-хатиблар шу йўл билан ўзини-ўзи ўлдирган шахсларнинг гуноҳи қанчалик оғир эканини халққа ошкор қилган ва мусулмонларни бу мудҳиш феълдан асраган бўлишади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши мазкур далиллар ва фатволарга асосланган ҳолда барча имом-хатиблар мазкур фатвонинг мазмун ва моҳиятини мўмин-мусулмонларга батафсил тушунтириб бериб, барчани огоҳликка, ҳушёрликка чақиришларини талаб қилади.
Аллоҳ таоло ҳар бир бандасига ато этган неъматларига шукр қилишга ва синов учун етган мусибатларга сабр қилишни насибу рўзий айласин!
Валлоҳу аълам биссавоб.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Уламолар кенгаши раиси, муфтий
Усмонхон АЛИМОВ
28.08.2018 й.
(2026 йил 28 август, Тошкент ш.)
Ассалому алайкум, қадрли ватандошлар!
Ҳурматли меҳмонлар!
Бугун муқаддас Ватанимиз мустақиллигининг қутлуғ ўттиз беш йиллик байрамини катта ифтихор ва тантана билан нишонлаяпмиз.
Азиз халқимиз, жумладан, муҳтарам нуронийларимиз, шижоатли ёшларимиз, мўътабар аёлларимизни, юртимиздаги барча миллат ва элат вакилларини, хориждаги ватандошларимизни ушбу айём билан чин юракдан самимий табриклайман.
Энг улуғ байрамимиз Янги Тошкентда ўтказилаётгани тантана шукуҳини янада оширмоқда.
Келгусида илм-фан, таълим ва маданият маркази бўладиган ушбу ҳудудда куни кеча Янги Ўзбекистон университети, Низомий Ганжавий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университети, Ўзбекистон миллий кутубхонасининг муҳташам биноларини ишга туширдик.
Бугун сизларнинг иштирокингизда очиладиган фаввора дунёдаги энг баланд мусиқали фаввора сифатида Гиннеснинг рекордлар китобидан жой олгани ҳам байрам кайфиятига янада баланд руҳ бағишлайди.
Бир неча юз йиллик орзулар рўёбга чиқаётган бу бетакрор маконда бутун халқимиз билан ҳали яна кўплаб қувончли ва тарихий воқеаларга гувоҳ бўламиз.
Аминманки, Янги Тошкент пойтахтимизнинг кўркига кўрк қўшиб, биз барпо этаётган Янги Ўзбекистоннинг куч-қудратини намоён этадиган чинакам тараққиёт марказига айланади!
Қадрли дўстлар!
Биз 1991 йилда халқимизнинг хоҳиш-иродаси ва қатъияти билан ўз давлат мустақиллигимизни қўлга киритдик. Аслида буюк истиқлолимиз илдизлари уч минг йилдан зиёд бўлган давлатчилик анъаналаримиз ва қадимий цивилизациямиз тарихига бориб тақалади.
Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврида Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Мир Алишер Навоий каби буюк алломаларимиз башарият тафаккури хазинасини бойитган.
Соҳибқирон Амир Темур бобомиз барпо этган давлат эса адолат ва бунёдкорлик тимсоли сифатида тарих зарварақларидан муносиб ўрин олган.
Ватан озодлиги ва миллий истиқлол йўлида жонини фидо қилган Беҳбудий, Мунавварқори, Фитрат, Қодирий, Чўлпон каби жадид боболаримизнинг ҳуррият ҳақидаги орзу-ниятлари бугун Янги Ўзбекистонда тўлиқ рўёбга чиқмоқда.
Мустақиллик, энг аввало, бизга шону шарафимизни, муқаддас динимизни, она тилимизни, унутилаётган миллий қадриятларимизни қайтариб берди.
Истиқлол туфайли биз ўзлигимизни англадик, номи ҳамиша эъзозда бўлган ота-боболаримизнинг муносиб ворислари эканимизни бутун дунёга намоён этдик.
Ушбу ҳаяжонли дақиқаларда бугунги эркин ҳаёт учун жонини фидо қилган улуғ аждодларимиз, жадидлар хотирасига таъзим бажо келтирамиз.
Мана шу тарихий санада ўтган 35 йил давомида мустақиллигимизни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшган барча марҳум юртдошларимизнинг фидокорона меҳнати ва жасоратини яна бир бор эътироф этишни жоиз, деб биламиз.
Биринчи Президентимиз, атоқли давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг ёрқин хотирасини эҳтиром билан ёд этамиз.
Ҳурматли байрам иштирокчилари!
Мустақилликнинг буюк аҳамияти, аввало, инсон қадри ва эркин ҳаётида намоён бўлади. Шу боис, биз ислоҳотларни бошлаган биринчи кунларданоқ халқнинг қалбига қулоқ солдик, аҳолининг дардига дармон бўлишни мақсад қилдик. “Инсон қадри учун!” деган ғояни давлат сиёсатининг марказига олиб чиқдик. Биринчи галда “пахта қуллиги”, “мажбурий меҳнат ва болалар меҳнати”, “конвертация чеклови”, “прописка” каби одамларни йиллар давомида қийнаб келган муаммоларга барҳам бердик.
Энг асосийси, фуқароларимиз юрагидаги қўрқув ва ҳадик ўрнини ишонч ва хотиржамлик эгаллади. Ҳар бир инсон эркин ва фаровон яшайдиган жамият барпо этиш учун кейинги ўн йилда тинимсиз изландик, қаттиқ меҳнат қилдик.
Катта сиёсий ирода кўрсатиб, Ўзбекистонни дунёга кенг очдик. Хусусан, чегара муаммолари ҳал қилинди, қўшниларимиз билан дўстлик ва ҳамкорлик мустаҳкамланди. Валюта, солиқ, божхона ва инвестиция сиёсатида туб ўзгаришлар амалга оширилди. Натижада “Иқтисодий эркинлик индекси”даги ўрнимизни 80 поғона яхшилаб, “иқтисодиёти мўътадил эркин” давлатлар қаторидан жой олдик.
Илгари иқтисодиётимизга йилига 2-3 миллиард доллар хорижий инвестиция олиб келинган бўлса, ҳозирги пайтда 40-50 миллиард доллар чет эл сармояси жалб қилинмоқда. Юртимизга инвестициялар билан бирга илғор технологиялар, замонавий билим ва янги иқтисодий имкониятлар кириб келмоқда.
Биз уч йил олдин 2030 йилда ялпи ички маҳсулот ҳажмини 160 миллиард долларга етказишни режа қилган эдик. Глобал логистикадаги узилишлар, дунёдаги нотинч вазиятга қарамасдан, бу вазифани шу йилнинг ўзида ортиғи билан амалга оширамиз ва даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторига кирамиз.
Эътиборли жиҳати – биз бундай юксак натижаларга халқимизнинг фидокорона меҳнати, интеллектуал салоҳияти ҳамда миллат ва давлат бирдамлиги туфайли эришяпмиз. Ижобий ўзгаришларни ҳар бир инсон, ҳар бир оила ўз ҳаётида чуқур ҳис этяпти, десам, фикримга қўшиласиз, албатта.
Янги даврда замонавий уй-жойга эга бўлган 650 мингдан зиёд оиланинг қувончини сўз билан таърифлаб бўладими?
Минглаб маҳаллаларимизга Янги Ўзбекистон қиёфаси кириб бормоқда.
Камбағаллик масаласини очиқ тан олиб, уни кескин қисқартириш бўйича Янги Ўзбекистон тажрибасини яратдик. Эҳтиёжманд оилаларнинг даромади, касби, саломатлиги, фарзандларининг таълим олиши ва яшаш шароитини яхшилаш бўйича “маҳаллабай” ишлаш тизимини йўлга қўйдик.
Изчил саъй-ҳаракатларимиз туфайли бугунги кунда камбағаллик даражасини 2017 йилдаги 35 фоиздан 4 фоизга туширишга эришдик. Ушбу рақамлар замирида рўзғорига барака кириб, турмуш сифати яхшиланган 10 миллион инсоннинг қувончи ва шукроналик туйғулари мужассам.
Муҳтарам юртдошлар!
Дунё ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашимиз учун бизга билимли, келажак касбларини пухта эгаллаган, мустақил фикрига эга бўлган янги авлод мутахассислари керак. Шу боис, таълимга сифат ва мазмун олиб киряпмиз. Муаллимнинг обрў-эътиборини тиклаб, даромадини ошириб боряпмиз.
Ўтган ўн йилда, аҳолимиз 8 миллионга кўпайган шароитда ҳам боғча қамровини 78 фоизга етказдик. Мактабларда 1,5 миллион қўшимча ўқувчи ўрни яратилди. Президент, ижод ва ихтисослашган мактаблар ташкил этилгани фарзандларимизга етакчи хорижий таълим масканларидан кам бўлмаган даражада чуқур билим эгаллаш учун кенг имкониятлар эшигини очди.
Ёшларга хорижий тиллар ва касб-ҳунар ўрганишлари учун муносиб шароитлар яратдик.
Олийгоҳларда ўқиш учун қулай шароитларни кенгайтирганимиз ҳисобига ҳозирги кунда талабалар сони 1 миллион 600 минг нафарга етди. Қувонарлиси, ёшларда билим олишга иштиёқ кучайди. Ота-оналар учун фарзандини олий маълумотли қилиш фақат орзу эмас, эришса бўладиган мақсадга айланди.
Айниқса, талабаларнинг ярмидан кўпини хотин-қизлар ташкил этаётгани – Учинчи Ренессанснинг ўзига хос қиёфаси, десак, тўғри бўлади. Чунки, билимли қизлар – билимли оила, билимли авлод ва маърифатли жамият деганидир.
Биз таълим билан бир қаторда илм-фан, замонавий технология ва инновацияларни ҳам тараққиётимизнинг ҳал қилувчи омили, деб биламиз.
Шу билан бирга, IT, сунъий интеллект, креатив иқтисодиёт каби йўналишлар ривожига янги руҳ бериб, жуда катта ҳаракатни бошлаб юбордик. Бу орқали 10 миллион ёшларимизни рақамли индустрия ва келажак касбларига олиб кирамиз.
Истиқлол байрамимиз арафасида хитойлик ҳамкорларимиз билан “Самарқанд – 2028” сунъий йўлдошини фазога учирганимиз бизга алоҳида ғурур бағишлайди.
Менинг ниятим: Ўзбекистон технология соҳаларида жаҳонга илғор ташаббусларни таклиф қиладиган марказга айланиши зарур.
Ўзбек тили – рақамли дунёда илм ва технология яратиладиган тил бўлиши лозим.
Азиз ватандошлар!
Инсон қадри ҳақида сўз юритганда, аҳолимизнинг соғлиғи масаласига алоҳида эътибор қаратишимиз табиий. Сўнгги йилларда ушбу соҳага ажратилаётган маблағни 8 каррадан зиёд оширдик. Энг муҳими, сифатли тиббий хизмат олиш имконияти нафақат марказда, балки ҳудудларда ҳам яратилди.
Ўтган даврда юртимизда 652 та янги тиббиёт муассасаси барпо этилгани, хусусий секторга кенг имконият берилгани туфайли тиббий хизматлар ҳажми 3 карра ошди. Юқори малакали шифокорлар тайёрлашни йўлга қўйиб, уларга шароит яратганимиз
ўз натижасини беряпти. Илгари хорижда амалга оширилган 100 дан зиёд мураккаб диагностика ва даволаш усуллари бугун юртимизда ҳам мукаммал бажарилмоқда.
Умуман, аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги 1991 йилдаги 66,4 ёшдан 2025 йилда 75,4 ёшга етгани, гўдаклар ва оналар ўлими кўрсаткичи 4 баробар камайгани соҳадаги ислоҳотларимизнинг энг муҳим натижасидир.
Қадрли дўстлар!
Жонажон Ватанимиз азалдан улуғ мутафаккирлар, азиз авлиёлар, буюк алломалар юрти бўлиб келган. Биз мана шундай бебаҳо меросга муносиб равишда Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Бурҳониддин Марғиноний ёдгорлик мажмуалари каби бетакрор илмий-маърифий даргоҳларни барпо этдик.
Бу муҳташам ва табаррук масканлар бугун нафақат юртимиз ва ислом олами, балки бутун жаҳон аҳлининг ҳақли эътирофига сазовор бўлмоқда. Биз бундай бунёдкорлик ишларини жадал давом эттирамиз.
Ҳурматли байрам иштирокчилари!
Бизнинг энг катта бойлигимиз – эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучи бўлган Янги Ўзбекистон ёшларидир. Интилувчан ва тиришқоқ ўғил-қизларимизни қўллаб-қувватлаш, уларга кенг имкониятлар очиш учун ҳар йили 20-25 триллион сўм ажратилмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистондаги бизнес вакилларининг 35 фоизини ёш тадбиркорлар ташкил этяпти.
Токио ва Париж Олимпия ҳамда Паралимпия ўйинларида, дунё майдонларида ёш спортчиларимиз эришган тарихий ютуқлар халқимизга чексиз ифтихор бағишлади.
Футболчиларимиз илк бор жаҳон чемпионатида иштирок этиб, ўзбек спорти тарихида янги саҳифа очди. Улар бошлаган йўл албатта давомли ва зафарли бўлади, деб ишонамиз.
Яқин кунларда Самарқандда катта спорт анжумани – Жаҳон шахмат олимпиадаси бошланади. Ноябрь ойида эса машҳур гроссмейстеримиз Жавоҳир Синдоров жаҳон шахмат тожи учун курашга киришади.
Ушбу мусобақаларда шахматчи ўғил-қизларимга улкан зафарлар тилайман!
Халқаро фан олимпиадаларида, танлов ва фестивалларда юқори ўринларни эгаллаётган ёшларимизни – Янги Ўзбекистон юлдузлари, келажак бунёдкорлари, деб биламан!
Олдинга қараб интилишдан ва доимий изланишдан ҳеч қачон тўхтаманг, азиз фарзандларим!
Муҳтарам юртдошлар!
Бугун биз тарихнинг янада масъулиятли ва ҳал қилувчи палласида турибмиз. Мамлакатимиз тараққиётнинг мутлақо янги даврига қадам қўймоқда. Келгуси ўн йиллик – биз учун миллий юксалиш даври бўлади.
Буни фақат ва фақат халқимизнинг ақл-заковати, меҳнати ва бирдамлиги орқали ўзимиз бунёд этамиз. Шу мақсадда келгуси йилларда юртимизда инсон қадрини янада юксалтирадиган 7 та миллий дастурни амалга оширамиз.
Биринчи миллий дастур билим ва малакани келгуси тараққиётимизнинг асосий капиталига айлантиришдан иборат бўлади.
Болаларнинг 6 ёшли тайёрлов гуруҳларига қамровини қисқа муддатда 100 фоизга олиб чиқамиз. Хусусий боғча ташкил қилиш бўйича мавжуд имтиёзлар сақлаб қолинади.
Барча мактаблар халқаро баҳолаш дастурлари билан тўлиқ қамраб олинади.
Юртимиздаги техникумларда халқаро таълим стандартларини жорий этамиз. Уларда ёшларимизни юқори даромадли касбларга ўқитишни йўлга қўйиб, қамровни 1 миллионга етказамиз. Бир сўз билан айтганда, Янги Ўзбекистонда касб эгалламаган бирорта йигит-қиз қолмайди.
Биз келгуси йилларда камида 10 та университетимизни ТОП мингталикка киритишни катта марра сифатида белгилаймиз.
Иккинчи миллий дастур халқимизнинг соғлом бўлиши ва узоқ умр кўришини таъминлашга хизмат қилади.
Шу мақсадда аҳоли саломатлиги билан боғлиқ давлат харажатларини келгуси беш йилда ялпи ички маҳсулотга нисбатан 5 фоизга етказамиз.
Биз тиббиётда профилактикани кучайтириш орқали саломатликни асраш моделига ўтамиз. Давлат тиббий суғуртаси мамлакатнинг барча хонадонларига кириб боради.
Ихтисослашган тиббиётда рақобат муҳитини кучайтириш мақсадида дунёнинг энг нуфузли камида 5 та клиникасини олиб келамиз.
Юртимизни замонавий тиббиёт, фармацевтика, биотехнологиялар ва тиббий таълим тараққий этган масканга айлантирамиз.
Ҳурматли тадбир иштирокчилари!
Учинчи миллий дастур – иқтисодиётимизни юқори технология ва меҳнат унумдорлиги моделига ўтказиш.
Бунинг учун келгуси ўн йилда 450 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қиламиз. Иқтисодиётда юқори ўсиш суръатини сақлаган ҳолда, 2030 йилгача ялпи ички маҳсулот ҳажми 300 миллиард долларга етказилади, саноатда 2 миллионта юқори даромадли иш ўрни яратилади.
Ёшларимизнинг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришда стартап, венчур ва сунъий интеллектни ривожлантириш устувор йўналишга айланади.
Шунингдек, кичик бизнес – ўрта бизнесга, ўрта корхоналар эса йирик компания ва корпорацияларга айланиши учун яхлит экотизимни йўлга қўямиз. Буларнинг ҳисобига келгуси ўн йилда жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажми 10 минг долларлик маррадан ошади.
Азиз дўстлар!
Глобал иқлим ўзгариши шароитида сув ва экология масалалари янада долзарб бўлиб бормоқда.
Шу боис, тўртинчи миллий дастур сув ва табиатга муносабатни тубдан ўзгартиришга қаратилади.
Келгуси беш йилда экин майдонларида сув тежайдиган технологиялар қамровини 100 фоизга олиб чиқамиз. Бу – умуммиллий маррага айланади.
Табиатга муносабат – халқнинг маданияти, давлатнинг масъулияти ва тараққиётнинг сифат кўрсаткичидир. Шунинг учун мамлакатимизда “Яшил макон” умуммиллий ҳаракатини янги сифат босқичига олиб чиқамиз. Мактаб, боғча, шифохона ва кўп қаватли уйлар атрофидаги яшил ҳудудлар жамиятнинг дахлсиз бойлиги сифатида муҳофаза қилинади. Яқин йилларда туман ва шаҳар марказларида яшиллик кўламини 30 фоизга етказамиз.
Қадрли юртдошлар!
Адолат қарор топган жойда иқтисодий ўсиш ҳам, ижтимоий ишонч ҳам юксалади.
Бу борада бешинчи миллий дастур – суд мустақиллигини кучайтириш ва қонун устуворлигини таъминлашни умумий қадриятга айлантиришдан иборат.
Бунинг учун ҳуқуқий тарбияни мактабдан бошлаб аниқ тизим асосида йўлга қўямиз. Фуқаролар ва тадбиркорларнинг қонуний кафолатларини кучайтириш бўйича ислоҳотларимизни қатъий давом эттирамиз. Кибержиноятчилик, гиёҳвандлик ва одам савдосининг олдини олиш бўйича чораларни янада кучайтирамиз.
“Яширин иқтисодиёт”, уюшган жиноятчилик, аёллар ва болалар ҳуқуқини камситишга қарши курашни янги босқичга кўтарамиз.
Азиз ватандошлар!
Одамларимизнинг кайфияти, оилаларнинг фаровонлиги, ёшларнинг орзу-истаги, тадбиркорларнинг ташаббускорлиги, энг аввало, маҳаллада намоён бўлади.
Шунинг учун олтинчи миллий дастур маҳаллани жамият тараққиётининг асосий буюртмачисига айлантиришга йўналтирилади.
Энди давлат дастурларини ишлаб чиқиш бўйича ёндашув буткул ўзгаради. Туман бюджети, инвестиция дастури ҳамда инфратузилма лойиҳалари маҳалла буюртмаси асосида ишлаб чиқилади. Бунда фуқароларнинг талаб ва эҳтиёжи, маҳалланинг фаровонлиги – энг асосий мезон сифатида белгиланади.
Ҳурматли байрам иштирокчилари!
Еттинчи миллий дастур – Ўзбекистоннинг тинчлик ва дўстлик диёри, бағрикенг ўлка сифатидаги нуфузини ҳар томонлама юксалтиришдан иборат.
Юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари, 16 та диний конфессия аъзолари бир оила фарзандларидек аҳил ва иноқ яшамоқда.
Бугунги нотинч замонда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик халқимизнинг олтин фонди, бебаҳо бойлигидир.
Бизнинг очиқ, прагматик ва тинчликпарвар сиёсатимиз узоқ муддатли тараққиётимизни таъминлашга қаратилган.
Марказий Осиёда аҳил қўшничилик, стратегик шериклик ва дўстлик алоқаларини кенгайтиришда тарихий ютуқларга эришилди.
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Европа Иттифоқи, Америка, Осиё-Тинч океани минтақаси ва араб-мусулмон дунёси давлатлари билан муносабатларимиз янада мустаҳкамланди. Шарқий Европа, Африка ва Лотин Америкасида янги ҳамкорлик йўналишлари очилди.
Мамлакатимиз билан дипломатик муносабат ўрнатган давлатлар сони қарийб 170 тага етди.
Ўзбекистонни халқаро дипломатиянинг муҳим марказига айлантириш учун кўпқиррали, вазмин ва мувозанатли ташқи сиёсатни давом эттирамиз. Иқтисодий дипломатия ташқи сиёсатимизнинг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолади.
Мамлакатимиз 2027-2029 йилларда Қўшилмаслик ҳаракатига илк маротаба раислик қилади. Дунёдаги 120 дан ортиқ давлатни бирлаштирган ушбу глобал тузилма самарадорлигини оширишга қаратилган ташаббусларни фаол илгари сурамиз.
Ён қўшнимиз бўлган Афғонистон бўйича конструктив сиёсатимизни қатъий давом эттирамиз.
Фурсатдан фойдаланиб, бугунги тантанамизда иштирок этаётган дипломатик корпус вакилларига, хорижий оммавий ахборот воситалари ходимларига, АҚШ, Туркия ва Сингапурдан келган юқори мартабали меҳмонларимизга самарали ҳамкорлик учун алоҳида миннатдорлик билдираман.
Азиз ва муҳтарам ватандошларим!
Бир фикрни ишонч билан айтмоқчиман.
Биз бугун кечагидан кучлимиз. Насиб этса, эртага бундан ҳам кучли бўламиз.
Ўттиз беш йиллик мустақил тараққиёт йўлимиз бизга бир ҳақиқатни ўргатди: халқ ва давлат ягона мақсад йўлида бирлашиб, астойдил ҳаракат қилса, забт этиб бўлмайдиган марранинг ўзи йўқ.
Бундай буюк қудратга эга халқ ва давлатни енга оладиган кучнинг ўзи йўқ.
Биз ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва буюк келажагимизни биргаликда барпо этамиз!
Ишончим комил, матонатли, мард ва олижаноб халқимиз ўз олдига қўйган улуғ мақсадларга албатта етади.
Ватанимизнинг олтин даврини, янги буюк тарихини албатта барчамиз биргаликда яратамиз!
Бизга мустақиллик неъматини берган Парвардигоримизга чексиз шукроналар бўлсин!
Истиқлолимиз ижодкори ва ҳақиқий бунёдкори бўлган халқимизга шон-шарафлар бўлсин!
Сизларни, сизлар орқали бутун халқимизни бугунги улуғ байрам – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги билан яна бир бор табриклайман.
Юртимиз тинч, хонадонларимиз обод ва фаровон бўлсин!
Яшасин Ўзбекистон Республикаси!
Яшасин Ўзбекистон халқи!